Йиртқичлардан қутилдик…

Йиртқичлардан қутилдик…
220 views
02 April 2016 - 6:00

v13_03-nk3Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 25

(давоми)

Умрим ичида қанчалик оғир ишларни, кўп қўрқинчлик кунларни бошимдан кечирдим. У чоғда кўнглимдаги иймон эътиқодим, Аллоҳга ва унинг ҳақ пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган муҳаббатим, мен учун энг кучлик ишончим ва энг ортиқ суянчим эди. Начора, бу каби диний ишлар сирларини ўзи татимаган бечоралар қайдин била олсинлар? Иймонлик кишиларга ҳар вақт бу улуғ давлат насиб бўлгусидир.

Таниган билган одамлар учун бу йўлдан қайтмасга маслаҳат берган бўлсам ҳам, ҳеч қайсилари бунга журъат қилолмадилар. Улардан ажрагач, хаёл суриб уйдан ташқари чиқишим билан, тарақлаб келаётган уч тўрт бўш аравага кўзим тушиб, уни тўхтатдим. Қарасам, биз юрар йўл устидаги қишлоққа борадиган ўрислар экан. Улар билан келишиб, аравага тушгандан сўнгра, кичкина юриб, бир катта саройга етдик. Бу эса неча томонлаб, айниқса, Олмота улуғ йўлининг келиб қўшилган жойида қурилиб, ўз вақтида кўп обод кутилган бўлса ҳам, инқилоб бузғунлигида уни эгалари ташлаб қочган эканлар.

Олмота, Челак, Норин, Талғар, Қўром қишлоқларидан уй жойларини ташлаб, бола чақалари билан кўчишиб чиққан мусулмонлар билан шу ерда кўришдим. Лекин бола чақалари билан кўчканларнинг кўпчилиги консул орқали Хитой паспортини олганликдан уй асбоб, аравалар билан чиққан эканлар. Бу сарой ичига кирганимдан кейин энг ачинарлик, оғир бир манзара кўзимга кўрина бошлади. Шундоқки, кун қаттиқ совуқ, ўт ёқилмаган, сарой кутган ҳеч ким йўқ, ичига похол тўшалган бўлса ҳам, оёқ остида пайхон бўлган. Узундан узун қоронғу уй ичида юзлари қайғулик кишилар ётмиш эдилар. Совуққа чидаёлмаганлари уй ичида ўт ёққанларидан эса, бурун ёрғудек аччиқ тутун билан уй тўлмиш эди. Айниқса, бир ёш хотин ўзи касал, оёғ остида ётган икки касал боласи устида термилиб йиғлаб ўлтирғанини кўргач, унга қаттиқ ачиндим. Бало тушганда бари киши ўзлари билан бўлишиб, раҳм шавқат каби фазилатлик ишлар ҳам ҳақиқий мусулмондан бошқа кишилар кўнгилларидан бутунлай кўтарилар экан.

Йўлхат текширувчи тўсқовул олдимизда бўлиб, бошқа йўл билан ўтиш мумкин бўлмағанликдан баримиз қўрқинчда қолдик. «Садақа балони қайтарур», деган пайғамбаримиз сўзлари хотирамга келди эрса, икки боласи билан очлик яланғочликда касал ётган шу хотинга таом ва акчадан бериб, уни суюнтирган ҳолда шундай кўчага чиқсам, бир юк машинаси келди. Унга қараб: «Бизни Олтиниман довони остига элтиб ташла, сенга мунча ақча берамиз», десам, у ҳам «Бир шартим бор, икки той юким тоғдан сойга қулаб кетган, шуни чиқариб берсанглар, сизларни олиб кетар эдим», деди. Биз ҳам буни ғанимат билиб, дарҳол машинага чикдик. Бироқ, ўзимизни ишчиларга ўхшатиш учун сафар белгиси хуржун халашларимиз кўринмаслиги керак эди. Шунинг учун қўлларида йўл хатлари бор, бола чақалари билан аравалик кетаётган, Олмота атрофидан чиққан таранчиларга тўсқовул олдидан ўтиб олганимизча шу нарсаларни аравангларга солиб қўяйлик деб илтимос қилсак, қабул қилмадилар. Сўнгра, шу ёққа ҳукуматнинг молини юклаб кетаётган рус аравакашларига 5-6 сўм ақча беришимизни айтиб, хуржунларимизни уларга топшириб, йўлга тушдик. Шу билан бизни тўсқовуллар олдидан тарақлаганича ўтказиб, беш ўн чақирим юргач, тоғ белида тўхтади. Ваъдамиз бўйича, сой ичида ётган икки той юкни минг машаққатлар билан юқорига чиқаргач, машинасига солишиб қўйдик. Аллоҳнинг ёрдами, садақанинг шарофати билан бу балодан қутулиб, Олтиниман ошувини ошгандан сўнгра, Бошчи саройига тушдик.

Бу ерда Сўқулуқ тунгонларидан Ханжар ҳалпа деган киши бола-чақа, от аравалари билан бир саройда ётган экан. Олтиниман довонида қорбўронда қолишганликдан, икки қўлини совуқ олдириб, ишга ярамай ҳайронликда турмиш эди. Мен учун бу иш кўп қулай келгани устига, булар ҳам мен каби ишонимли бир ёрдамчига муҳтож эдилар. Шунинг учун баримиз биргаликда ишимиз ўнгланиб, аравачи хизматини бажарган ҳолда йўлга тушдик. Орада икки қўниб, Бўриғужур қишлоғига етганимизда қарасак, бу ерга юқоригилардан ҳам қаттиқроқ тўсқовул қўйилмиш экан. Шундай бўлатуриб, ич ора аравачиларидек қамчини судраганимча, қоровулхона олдидан ўтиб 15 чақиримча юргач, саломат Ёркент шаҳрига етдик.

Бу ердан Хитой чегараси Қўрғос 46 чақирим йўл бўлиб, Шарқий Туркистонда бўлган Жунғория ўлкасининг ғарбий чегараси ҳисобланганликдан, бу шаҳар илгари, айниқса, чор ҳукумати даврида обод бўлиб, яхшигина безатилмиш эди. Тарихий ва сиёсий аҳамиятга ҳам эга эди. Бу ердаги кўпчилик турғун халқ бу тарихдан тахминан 200 йилларча илгари Олтишаҳардан келтирилган, асли уйғур бўлса ҳам, ўзаро таранчи деб аталадилар. Буларнинг келиб чиқиш таряхлари вақти келгач ўз ўрнида ёзилғусидир.

Бу шаҳар юқорида айтилгандек ўз даврида яхшигина ривожланган эди. Айниқса, буларнинг энг буюк, обрўйлик бойлари хайр-саховатлик давлат эгаси, марҳум Валибой эдиким, энг сўнгги оқ подшоҳ чақириғига борганида унга ҳурмат либоси кийдирмиш эдилар. Бу киши Хитой пойтахти Пекин шаҳридаги аждарҳо суратида ясалган хон саройи нусхасида қилиб, Ёркент шаҳрида бир масжид бино қилдирмиш эди; ҳозирги кунларда эса уни ҳукумат ўз қаромоғига олмишдир. 1931 йили биз ўтканимизда шаҳар шундайин ҳаробаликка келмиш эдиким, ҳуқуқ эгалари бўлган энг тубанги баъзи ишчилардан бошқа бутун шаҳар халқи қочиб, чегарадан ўтмиш эдилар. Илгари кенг боғу-бўстон жойлари эса, биз келар кунлари бахтсиз мазлумлар кўнгиллари каби синдирилган ҳолда култепаларга айлантирилмиш эди. Биз дағи бой ўғли қушларидек бўлиб, шу чолдевор ҳароба уйларнинг бирига тушиб жойлашдик.

Мана шу ерда минг ташвиш остида худога сиғиниб, зўрға икки кун турған сўнггида, Осомуслим деган бир таранчи болани йўлбошчи қилиб, шаҳардан чиқдик. Ўз ишида моҳир бўлгани учун бизни ҳамманинг овқат ейиш вақти қоқ тушда олиб чиқмиш эди. Шаҳар четига чиққач, мозор олдидаги қалин қамиш ичида укки қушдек оқшом қоронғуси тушганича шу ўринда чиркайга таланиб ётдик. Кўз қоровлашиб қоронғу тушган чоғда, йўлбошчимиз яёв, биз икковлон отлиқ йўлга тушдик. Чегарага еткунча қишлоқ ораламай, ёширин йўллар билан юра-юра, Оқтом қишлоғи сиртида бир чақиримча ердан ўтаётганимизда ҳуриб турган бир ит товуши йирокдан эшитилиб турмуш эди. Бу ердан 15 чақирим чамали йўл юрганимиз сўнггида чуқурроқ бир сойлик ерга келгач, бироз дам олмоқчи бўлиб тушдик.

Сўнгра йўлбошчимиз: «Қани юрайлик», деб турди эса, биз дағи орқасидан эргашганимизча юравердик. Бир икки соат йўл юрганимиздан кейин йироқдан қалин дарахтлик қишлоқ кўриниб эди, икки соат илгари ҳуриб турган ит товушини яна йироқдан эшитиб қолдим. «Адашган ўхшаймиз, пайқаб қарайлик», деб йўлбошчимизни тўхтатдим. Синчиклаб қарасак, орқамизга қайтиб, тўппа тўғри яна Ёркентга кетаётганимизга аниқ ишонгач, йўлбошчимиз қаттиқ қўрқинчга тушди.

Йўлсиз тўқайларнинг ичи билан юрганимизча, қум тоғи этагига етдик. Қум тепаликларидан оша оша, тўрт томони тоғдек баланд қумлар билан ўралган, саксавуллик бир чуқурга тушгач, кучлик бўрон бўлиб, қор ёға бошлади. Ичар сувимиз йўқлигидан қорни эритиб ичдик. Ёққан саксавул ўтида ҳўл бўлган усти бошларимизни қуритиб, ўт ости қизиган қум устида ётдик. Кеч билан шу қум тоғлари ичидан оралаб юрганимизча эртаси шом вақти билан чегара Қўрғос сойи устига етдик. У вақтлар 1931 йили, тикон сим тўғри тўсилмаганликдан, ҳар бир соатда чегара соқчиларидан икки отлиқ аскар узулмай қатнаб турар эди. Отларимизни далдароқ бир чуқур ичига бойлаб қўйиб, ўзимиз эса, буларнинг ўтиб кетишларини юқоридан пайқаб турдик. Утишлари билан тўхтовсиз юқоридан тушганимизча Қўрғос сувини кечиб, Хитой чегарасига ўтдик. Аллоҳ ёрдами билан бу йиртқичлардан қутилдик. Энди иккинчи Хитой йиртқичларига йўлиқмаслик чорасини қилишимиз керак эди. Йўлбошчимиз киши билмас ёширин йўллар орқали юрганимизча, тун ярими яқинлашганда белгиланган ерга етказди. Шу билан ҳаёт оламини азоб зиндонига айлантирган коммунистлар зулмидан вақтли бўлса ҳам қутилгандек бўлиб қолдик.

(давоми бор)