Туркия манзаралари

Туркия манзаралари
117 views
02 April 2016 - 19:41

12931278_473124009552524_4861849470975137066_n12. “СУЛТОН АҲМАД”ДА АЗОН

Султон Аҳмад жомеида олти минора борлигини бундан олдинги бобимизда айтдик. Тўрт минорада учтадан, иккитасида иккитадан мезана қурилган, ҳар бир мезанага тўрттадан карнай ўрнатилган. Тўртта ўн икки баробар қирқ саккиз, иккита саккиз баробар ўн олти ‒ ҳаммаси бўлиб 64 (олтмиш тўрт) карнай!

Бир мачитдан олтмиш тўрт карнай (овоз кучайтиргич) бир кунда беш маҳал “Оллоҳу акбар!” деб ҳайқириб турса!!!

Бу ҳолатни қандай тасвирлаб бўлади! Минг маҳорат билан тасвирлаганингизда ҳам ёнида эшитганингизда уйғонадиган туйғу каби туйғуни ўқувчида сўз билан уйғотиб бўладими!

2009 йили Истанбулга келганимизда бир кеча Султон Аҳмаднинг шундоқ оёқ томонида ‒ беш дақиқалик масофада ерлашган “Rastr” меҳмонхонасида қўноқ бўлдик. Рамазон эди. Кундузги 12 ларда жойлашган бўлсак, сал ўтмай пешинга азон бўлди. Бунақа муҳташам азонни эшитиб чарчаб ётган одам ҳам шартта ўрнидан туриб мачитга қараб чопади. Айниқса, биз каби азонни соғинган кишилар!

Пешин намозини оилам билан Султон Аҳмадда ўқидик.

Асрга Сулаймония жомеига бордик. У ҳам қадим, у ҳам Султон Аҳмад каби муҳташам мачитдир.

Сўнгра ифторликни Султон Аҳмад майдонида ‒ минглаб оилалардан бири бўлиб қилдик. Умуман, катта мачитлар теварагидаги ифторлик алоҳида мавзу, уни алоҳида эсламасам бўлмайди. Ҳозир бу ерда айтадиганим асосан азондир.

Табиий, хуфтоннинг азонини ҳам шу ерда эшитдик, таровиҳни юз мингга яқин намозхон билан бирга шу майдонда ўқидик.

Оғиз очганимиздан кейин то хуфтонгача, таровиҳдан кейин то яқин тонггача Султон Аҳмад майдонидан одам аримади. Рамазон ичи ҳар куни халқ сайли бўлар экан.

Зикрлар, ҳар-ҳар ерда бир олимнинг илмий суҳбатлари, болаларнинг кўзини қувонтирадиган ўйин-кулгилар, ширинлик улашишлар, икром-эҳсонлар!..

Ҳатто худди ўзимиздагидек “Отўйин”у “Ёғочоёқ”у дор ўйинлар!.. Айниқса, шу уч ўйинни кўриб, биз аслимиз бир бўлган битта халқ эканимизга иқрор бўлворасиз!

Хуллас, меҳмонхонага кеч кирдик. 1997 йили ҳам Рамазонда келганмиз ва қайси шаҳарнинг қайси меҳмонхонасида ётган бўлсак, ҳаммасида саҳарлик қилиб берган эди. Саҳарликка кўпчилик тушарди. Нимагадир “Rastr” меҳмонхонасида саҳарлик йўқ экан. Ўзи янги қурилган, уч ойгина бурун ишга тушган, мақоми беш юлдузли бўлса ҳам, битта шу масалада камчилиги бор экан. Кираверишдаги мутасаддига:

‒ Биз учаламиз ҳам рўза тутамиз, энди нима қиламиз? ‒ деган эдик,

‒ Üzür dileriz, ama bizde böyle, ‒ деди хижолатга тушиб. Тошкентдан бир турк иш одами бу меҳмонхона бошлиғининг отасига тилпон қилиб олдиндан бизга жой банд қилгани учун биз оиламиз билан меҳмонхона хўжайинининг меҳмони саналардик. Шунинг учун тезда ўзини ўнглаб: ‒ Kusura bakmayın, sizin için hazırlarız… ‒ деб сўзини ўнглаб қўйди.

Буларни нимага тафсилоти билан ёздим? Чунки Туркия ҳам ҳар хил. Масалан, “Rastr” эгалари оврупалашганроқ шекилли. Отаси киносенарийчи эканини эшитган эдим, аммо ўғлининг маслаги нималигини билмайман.

Шундай қилиб, саҳарликка турганимизда бизни охирги қаватга олиб чиқишди. Тўғрироғи, бинонинг томига чиқдик. Ярми замонавий хона, ярми ундан ҳам замонавий очиқ айвон (балкўн) шаклида қурилган. Айвонга чиқсангиз, Султон Аҳмад майдони ва жоме тунги чироқларда ёниб-шуълаланиб кўринади. Сал нарида денгиз қоронғида ҳам бор гўзаллигини кўрсатиб кўзга ташланади. Кемалар айримлари сузиб юрибди, айримлари бўғозга кириш навбатини кутиб турибди. Улар ҳам теварак сувга чироқ ёруғларини таратади.

Мўл-кўлчиликда саҳарлик қилдик. Яхши ниятлар билан оғизни ёпдик. Ва айвонга чиқиб… азонни кута бошладик.

Рамазонда азон тонг отиши билан ‒ оғиз ёпадиган вақт кирганини билдириб янграйди.

1992 йили Маккаи мукаррамада Ҳарам сари яёв бораётганимизда кўнглим бир сезгидан бир ғалати бўлиб кетган эди. Ҳозир эсимда йўқ, қайсидир намоз учун азон айтилишидан бир ё ярим дақиқа олдин худди салдан кейин бирнима бўладигандек юрагим ўзидан-ўзи ҳаприқиб кетган ва сал ўтмай Ҳарамнинг буюк азони янграй бошлаган эди.

Ҳозир ҳам худди шунақа бўлди. Қанақадир тайёргарликни туйиб юрагим ҳаприқа бошлади. Худди азон олдидан микрофонлар уланса, қанақадир шарпа товушлари бошлангандек.

Чиндан ҳам тўрт-беш сония ўтмасидан бирдан Истанбул осмонини “Оллоҳу акбар! Оллоҳу акбар!” садолари босиб кетди.

Теваракка қарайман. Ҳаво азоннинг ҳайбатли сасидан зириллайди.

“Оллоҳу акбар! Оллоҳу акбар! Ашҳаду алла илаҳа иллоллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ!..” деб муаззин оламга Буюк Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини, Муҳаммад Оллоҳнинг ҳақ элчиси эканини жар солар, бошқаларни ҳам бу ҳақиқатларга чин кўнгилдан иқрор бўлишга чорлар ва ана шундай Буюк Зотга қуллик қилишга шошилтирар эди.

Азон тугагунча айвонда турдик. Сўнгра ичимиз тўкилиб қаватимизга индик…

…Бу гал Истанбулга мушфиқ опажонимни ҳам саёҳатга бирга олиб келган эдим. Жойлашган еримиз бўғознинг қарши томонида ‒ Султон Аҳмаддан анча узоқ эканига қарамай, келганимизнинг учинчими куниёқ ўша ёққа шошилдик.

Вақт пешинга яқин бўлиб қолган эди. Султон Аҳмад билан Аёсофя мачити ўртасидаги майдонда азонни кута бошладик.

Одатдагидек… гулдурос азон садолари янграй кетди.

Олдинги келганларимда сезмаганим бир ўзгариш бўлибди: Султон Аҳмад муаззини билан Аёсофя муаззини азон сўзларини галма-галдан айта бошлади. Буниси икки марта “Оллоҳу акбар!” деганидан кейин униси ҳам илк “Оллоҳу акбар!”ни икки марта такрорлайди. Сўнг қолган икки шиорни Султон Аҳмад муаззини айтса, кетидан Аёсофя муаззини улаб юборади. Шу тариқа азон шиорлари Султон Аҳмадда бошланиб Аёсофяда давом эттирилиб, галма-гал янграр эди! Муаззинлар келишиб олгани аниқ. Олдинги келганларимда азон бунақа мутаносиб тарзда айтилишини фарқламаган эканман…

Нақадар буюк шиорлар!

Нақадар буюк саслар!

Ўн дақиқача муддат нафақат Истанбул осмонида, балки бутун дунёда бундан бошқа садо қолмагандай бўлди.
Пешинни ўқидик. Намоздан кейин мушфиқ-меҳрибон опажонимга ва оиламга жоме ичини томоша қилдирдим. Бир оз дам олдик. Сайёҳларни кузатдик. Бахтиёр болакайларнинг чопқилаб-чопқилаб ўйнашларига боқиб кўзларимизга ёшлар келди.

Ташқи хонақоҳга чиқиб бирпас тин олдик. Туркияга келганимиздан хабар топган шогирдим Зебунисо Ҳусайн қизи (Истанбул университетларидан бирида докторлик илмий иши қиляпти) уйига меҳмонга айтган, Султон Аҳмад жомеининг таш хонақоҳида аср намози арафаларида кўришишга ваъдалашган эдик. Келди. Биргаликда аср намози азонини кутдик.

Айтишларича, яқин-яқинларгача муаззин тор ва айланма зиналардан чиқиб бориб минора мезанасида азон айтган экан. Энди овоз кучайтиргичлар чиқиб кетиб азонни пастда айтадиган бўлишибди.

Султон Аҳмад майдонида турли давлатлардан келган юзлаб сайёҳ атай азонга қулоқ солиб ўтиради. Айниқса, шом ва хуфтон намозлари пайти турфа рангли чироқлар шуъласида теваракка эртаклардагидек ажиб бир тароват тарқатадиган минораларда янграйдиган азонга қулоқ солиб ўтириш уларга ҳам бошқача бир сурур бахш этса керак.

Шу ўринда яқинда бир фб. дўстимизнинг азон тўғрисидаги фикрларига муносабат билдириб ўтсам. У киши айтишича, турклар азонни жуда қаттиқ бақириб айтишар эмиш. Ҳам чўзиб юборишаркан. Чет элликлар нима деб ўйлайди, деб ёзғирибди мусулмон биродаримиз. Битта ўрис у кишининг ёнларида ҳатто: “Чё он так орёт?” деган эмиш ва бу мусулмон укамиз хижолат бўлган эмишлар.

Қачондан бери азонимизга, намозимизга, исломий турмуш тарзимизга бир ғайридин ёки динсизнинг кўзи билан қарайдиган бўлиб қолдик?! Унга ёқмаса, ёмон деганими бу?!

Аксинча, мен у ўриснинг бу гапини ўқиб, қайтага хурсанд бўлдим. Қаранг, ҳадиснинг ҳақлигини бир кофир исботлаяпти! Бир замонлар: “Азонни баралла айтинглар. Шайтон азон товуши етган ергача ел чиқариб тирақайлаб қочади!” деган маънода бир ҳадис (лафзини хато айтган бўлсам, Оллоҳ кечирсин. Биладиганлар тўғрилаб қўйса, миннатдор бўламан) ўқиган эдим. Демак, азон шайтонга ва шайтонсифатларга ёқмас экан. Азонимиз шайтонга ёқмаяпти деб хижолат бўлиб ўтириш мўмин-мусулмонга ярашадими?! Йўқ!

Ўзича муаззинимизни ва азонимизни ўрисчалаб ҳақоратламоқчи бўлган у шайтонсифатнинг сўзи шу маънода мени шавқлантириб юборди. Шайтоннинг ели унинг оғзидан чиқиб кетибди!

Баланд овозда ва узоқ айтилган азонларимизни баттар яхши кўриб қолдим, Оллоҳга шукр.

Ахир, муаззин айрим тавфиқсизларга ўхшаб бизларни ёмонликка, дискотекаларга, қиморхоналарга ё ишратхоналарга чақирмаяпти, балки фақат яхшиликка чақиряпти, нажотга чақиряпти! Уйларимиз яқинида кечаю кундуз варанглаган ажнабийча шайтонўйинларнинг шовқин-суронига индамасак-да, азоннинг садосига ғашимиз келса, буни қандай тушунса бўлади?! Бундай юрак қанақа юрак?! Бу ҳолимизни нима деса бўлади?!

Танимизга бир ўйлаб кўрайлик, азизлар…

Яна азон борасида кичик бир хотира.

1997 йили рамазонда Туркияга келаётганимизда ёзувчи акамиз Тоҳир Малик учоқда:

‒ Анқарада энг катта жоме мачити бор экан. Ўшанинг муаззини ўтган куни TGRT каналида суҳбат берди (У йиллари Ўзбекистонда Туркиянинг бу канали кўрсатарди. ‒ Н.М.Р.). “Мен ҳар куни беш маҳал азон айтиш учун миноранинг 80 (саксон) метр баландликдаги мезанасига чиқаман!” деб айтди. Анқарага борганимизда эслатинг, ўша одам билан танишайлик, ‒ деб қолди.

Анқарада Кўжатепа мачити (Kocatepe Camii)да ишларкан у муаззин.

Kocatepe Camii қурилиши 1967 йили бошланиб, 1987 йили бошбоқон Турғут Ўзал намозга очган дейишади. Биз борганимизда ишлай бошлаганига энди ўн йил бўлган экан. Ҳар бири 88 метрли 4 минораси бор. Мачит қурилиши ҳам севинарли, ҳам бир оз аламли ўзига хос тарихга эга. Эълон қилинган танловда меъмор Vedat Dalokayнинг лойиҳаси ғолиб бўлади ва шунга кўра иш бошланади. Пойдевор битганидан кейин нимадир сабаб бўлиб лойиҳачи ҳам, лойиҳа ҳам ўзгаради ‒ битган пойдевор бузилади, қурилиш Hüsrev Tayla билан Fatin Uluengin лойиҳаси бўйича давом эттирилади ва ҳозирги шакли Истанбулдаги Султон Аҳмад жомеига ўхшайди.

Vedat Dalokay лойиҳаси ҳам ерда қолмайди ‒ унга Покистон давлати харидор чиқади ва ўша ёқда қурилган бутун дунёга машҳур Файсал жомеи ўша лойиҳа асосидадир. Бугун туркларнинг ўзи ҳам бир оз алам билан эслашади у ажойиб лойиҳани!

Анқарага саҳарлик пайти етиб борган бўлсак, пешин намозини Кўжатепада ўқидик ва мезбонимиз ‒ Туркиянинг Ўзбекистондаги Буюк элчилигида мушовир бўлиб ишлаган Ризо Салим Бош илтимосимизга кўра бизни муаззин билан таништирди. Тоҳир ака муаззиннинг телесуҳбатини кўрганини билдирди ва унда айтган гапини эслатди. Муаззин севиниб кетди ва:

‒ Аср намозига ўн беш дақиқа эртароқ келинглар, мезанага олиб чиқаман! ‒ деди.

Ваъдага кўра Тоҳир ака иккаламизни асрнинг азонини айтишга 80 (саксон) метр баланддаги мезанага олиб чиқди. Хайрият, миноранинг қоқ ўрта ўзагига лифт ўрнатилган экан. Лифт тўсиғи билан минора ташқи девори орасида тепага ўрлаб кетган икки киши сиққулик зина ҳам бор.

‒ Лифт ишламай қолса нима қиласиз? ‒ деб сўрадим мен.

‒ Ўн йил ичида икки марта чироқ ўчиб лифт ишламади, ўшанда ҳам азонни пастда айтмадим, зинадан юриб мезанага чиқдим, ‒ деб кулди муаззин. Кейин қўшиб қўйди: ‒ Ўзи мезаналардаги карнайларни пастдаги микрофонга атай улатмаганман, эриниб қолмаслик учун. Мана шу саксон метр тепадаги мезанадаги микрофондан азон айтаман!

Ўша куни бир умрга эсларимизда қоладиган иш бўлди ‒ аср намози азонини Кўжатепа жомеининг минораларидан бирида, 80 метр тепада, муаззиннинг икки ёнида туриб эшитдик! Оллоҳга шукр!

Лекин, тан олишим керак, бунча баландликка ўрганмаганимданми, пастга қарасам бошим айланди. Минора ҳам қандайдир миқдорда у ён-бу ёнга оғиб турганга ўхшади. Маза қилдим-у, қўрқиброқ маза қилдим.

2009 йили Анқарага келганимизда бир янгиликни эшитдик: Анқарада битта ердан азон айтиладиган ва шаҳарнинг ҳамма мачитида бир пайтда азон садолари янграйдиган бўлибди. Бу янгилик фақат Анқарада қўлланибди, Истанбул бу анъанани қўлламабди.

Эҳ, азон ҳақида яна айтаман десам гап кўп-у, сизларни зериктириб қўймайин дейман-да!

Эртага, иншаоллоҳ, Султон Аҳмадда ўқилган намозлар ҳақидаги таассуротларимни ёзаман.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com