Каримовнинг ночор дунёси

Каримовнинг ночор дунёси
39 views
04 April 2016 - 10:42

chinor-Karimov-e1455969443564.jpgҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(8)

Ўзбекистондаги санъат аҳли ва ўзларини зиёли деб кўрувчилар йўлларини йўқотганларига аллақанча замонлар кечди. Яратганни унутиб, улар президент Каримов ишқига тушиб қолганлар. Шон-шуҳрат касаллиги уларни адо этиб, барчалари ялтоқланиш маразига гирифтор бўлганлар.

Каримовнинг рус империясини парчалаб, ўзбек халқини озодликка эриштирганлиги хусусидаги куракда турмайдиган чўпчаклар болалайвериб, шу каби бемаъно иддаоларга қулоқ тутиб яшаш халқнинг кундалик турмуш-тарзига айланиб қолди. Гўё, унинг собиқ республиклар орасида ўзини биринчи бўлиб “президент” деб эълон қилгани, СССРнинг парчаланишига ва ўн беш республиканинг мустақиллик олишига сабаб бўлган эмиш…

Бошқа собиқ Совет республикалар каби Ўзбекистонга ҳам Горбачев Ошкоралиги – русларнинг ўзлари озодлик берганини ҳеч кимнинг тан олгиси келмайди. Бугун ҳар тарафдан: “Бизни Каримов озодликка эриштирди. Мустақиллик туфайли бахтимизни топдик. Муҳтарам президентимиз бизлар учун ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўйганлар. Осмонимиз мусаффо, ҳушёрлик ва огоҳлик – давр талаби! Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам ҳам бўлмаймиз, ўз уйингни ўзинг асра!” деган овозлардан бошқа ҳеч нарса эшитилмайди.

Барчанинг тилида, Шўролар давридаги нисбатан “тўкин-сочин” ҳаёт ҳақидаги эътироф бўлса ҳам, улар Мустақилликнинг бедодликлари туфайли русларнинг навбатдаги босқинини қўмсаётган бўлсалар ҳам, ўзларини Аллоҳ берган буюк неъмат – Мустақилликдан бездирган Каримов – тешик тоғора хусусида, лом-мим демайдилар. Қўрқоқликлари ва бир-бирларига ишонмасликлари боис, бутун фуқаро ёлғонлар ва риёлардан тикланган сароблар мамлакатида яшаяпдилар. Улар, “ҳолва” деган билан оғиз чучимаслигини англасалар ҳам, доғули кечадаги шамнинг учқуни каби умид ёғдуси ила ўзларини авраб, ёруғ кунлар ишончи билан овунадилар.

Шижоат ўлгач, ҳар куни ичдаги душман билан озодлик ва ҳурлик учун кураш ва қонли жанглар олиб борилмагач, Каримов каби ношуд душман ҳам, ҳар бир шахснинг руҳий чегараларини ишғол этиб, зоҳирий оламини вайрон, ичдаги тирик хотиранинг тарихий захираларини гумдон этаверади. Миллат ҳар куни ўтмишда бино бўлган бир неча маънавий қасрларини ўзи билмас қўлидан бой бериб, келажагини суистеъмол қилиб кунини ўтказиб юраверади…

Барчаси касрига аёллар ва болалар талофат берадилар…

Она юраги остидаги ҳомила тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соатни ўтказгунча она билан бирга изтироб тортади, она билан очқаб, замонанинг бедодликлари жабридан она билан қўшилиб йиғлайди. Каримов режими адолатсизликлари ва ёлғон-яшриқлари – оҳанграбога ёзилган каби унинг шуурига бир умр ёзилиб қолади. Аросат деб аталмиш Каримовдан юққан машҳум бир касаллик, уни ўла-ўлгунча таъқиб этади.

Биз уч-тўрт аср илгари ҳам, Каримов каби хонлар ва амирларнинг жоҳиллиги ва очофатлиги касридан дунё тамаддунидан айро тушгандик. Мана шу кабилар жабридан бўри каби бир-биримизни ғажиб, ўзимиздан паст халқларга мустамлака бўлган эдик. Қарам бўлиб дину диёнатимиздан, касби-кор, сарватимиздан айрилган эдик.

Бугун Горбачев Ошкоралиги туфайли елкамизга офтоб тегиб, Мустақиллигимизни қўлга киритганимизда, у даврлардаги шох ва султонлардан ҳам бешбаттарига дучор бўлдик.

Демак, биз ўзимизни тузатмасак, бизни на Аллоҳ алқайди, на шоҳлар йўлга сола олади.

Икки қизини эплаб, тузук таълим-тарбия бера олмаган Каримовдек бир кас хусусида, оғиз очмаса ҳам бўлади. Биз унинг касрига бугун бутун дунёга тариқ каби сочилиб кетган эканмиз, ўзга миллат вакиллари ва ғайридинларнинг эркакларининг аёллари ва болаларига қанақанги меҳрибон ва жонкуярлигини кўриб турипмиз. Уларнинг президентлари, уларнинг оилаларига ва жамиятларига, дину диёнатларига Каримовнинг мингдан бир талофатини етказса, улар президентларини ўша куннинг ўзида, чавақлаб, тилка-пора этиб ташлайдилар.

Бизларнинг хотинларимиз ва болаларимизнинг сочлари супурги, қўллари касов, қора меҳнатга гирифтор бўлган шу кунларда, уларнинг хотинлари ва болалари тоза кийинган, таълим-тарбияси жойида, боғдаги қизил гулдек ял-ял очилиб-сочилиб юрганини ҳар кун кўрамиз. Ўшаларнинг рулда ўтириб, болаларини боғча ёхуд мактабга олиб кетаётганини кўриб, хўрликдан ичимиздан бир ниманинг узилиб кетганини ҳис қиламиз. Чунки, барчаси Каримов истибдоди ва ўзимизнинг жоҳиллигимиз орқасидан эканлиги аён бўлгач, юрагимиз оғриб, борлиғимизни ҳамиятмиз қурт каби кемиради.

Кўча-кўйда ўзга миллат аёлларининг оқ пахтададек қўлларини, ойдек юзларини кўриб, ичимизда шаҳват ўти бош кўтаради… Аслида, бу ишларнинг бариси уят, бариси шармандалик эмасми?! Бизларнинг хотинларимиз, аслида дунёдаги энг гўзал аёллар эканлигини билмаймизми? Уларни Каримовнинг балосига, оғир меҳнатга, турмуш инжиқликларига ташлаб қўйиб, хору зор қилганлар, биз эркаклар эмасмизми?!

 Каримовнинг фожеаси, унинг аёл зоти гўзаллигини умри бино бўлиб ҳис қилмаганида намоён бўлади. Аёл муҳаббатига қониб, унинг васли шаробидан ақли-ҳушидан айрилиб ичганида эди, у мамлакатни жаннатга айлантирарди. Ўзгаларни бахти-соадатли қиларди.

У аёл зоти билан ҳам шаҳвоний ҳирсини қондириш учун ҳайвоний муносабатда бўлиб келган, холос. Аёлнинг кўнгил кечинмалари, аёллик эҳтиёжлари билан у ҳеч қачон келишишни истамаган.

Эркак зотига гўзалликлар ато қилгувчи, роҳат ва фароғатлар ҳадя этгувчи кўнгил малаги – аёл билан дунёни бўлашишни хоҳламаган бир нодон, бошқалар билан шодлигини бўлашармиди?! Бир тўшакда ётадиган аёлига, наслидан дунёга келган қизларига балонинг ўқидек душман бир кимса, бошқаларга яхшиликлар улашиб, бошқаларга дўсту биродар бўлармиди?!

Шу учун ҳам у рисоладаги эр ёхуд ота сингари хотини ва қизларини ҳеч қачон юрак-юрагидан севмаган. У хотини ва қизларини инсоний туйғулар билан севганда эди, инсониятни ҳам, ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳни ҳам таниган бўларди. Касби-корига, мамлакатига, миллатига хиёнат қилишга шижоати етмасди. У ўзини шайтоннинг измига топшириб, ҳокимиятини бир умр қўлида ушлаб туриш учун инсон зотига хос бўлмаган мудҳиш жиноятларни содир этмаган бўларди…

У ўзини ҳурмат қилмаса ҳам, ўлиб-тирилиб ўзини яхши кўради. Унинг ўзидан ўзгани кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ. Бутун оиласи билан у йиллар асносида, бир дастурхон атрофида жамбул-жам бўлиб ўтирмайди, қизларига меҳр кўрсатмайди. Невараларини йиллаб кўрмаса ҳам, уларни соғинмайди. Бир-бири билан ўн йиллаб юз кўрмас бўлиб кетган қизларини бир жойда йиғиб, уларни яраштириб қўйишни ўйлаб ҳам кўрмайди. Ўзининг оиласи тақдирига бепарво кимсанинг ўзгалар оиласига яхшиликлар улашишига, икки қизининг бошини бириктира олмаган кимсанинг миллатни бир ғоя атрофида бирлаштира олишига шунинг учун ҳам ишониб бўлмайди.

Аёлини, фарзандларини севмаган кимса қўлига шу учун ҳам мамлакат ва миллат тақдирини топшириш, жуда хатарли ва аҳмоқона бир иш.

Биз эса, унинг измига бутун борлиғимизни – хотинларимизу қизларимизни, ота-онамиз, ўғилларимиз, ўтмишу келажагимизни, умри-жонимизни икки қўллаб бериб қўйганимизга чорак аср бўлди.

У ўттиз милёнли катта бир миллатнинг ўзи каби яшаб, ўзи каби тутруқсиз ҳаёт кечиришини истайди. Бу учун халқ дин-диёнатию имон-эътиқодидан, қадим урф-одатлари ва миллий ўзлигидан кечиб, унинг ночор дунёсига кириши керак. Унда, на дину диёнатга, на миллий бирликка рағбат бор. Ҳайвон каби яшаб қолиш учун зўравонликлар содир этиш, ўзбекнинг танасида ноинсоний қийноқларни амалга ошириш ва уюшган жиноятчилар каби ўз мавқейини ушлаб туриш учун раҳм-шафқатсиз бўлиш, унга хотиржамлик ато қилади. Бузғунчиликлар содир этиб туриш қалбига ҳузр-ҳаловат бағишлайди. Тажовузкор бўлиш учун у ўзини ҳар кўйга солади. Олдидан келганни тишлайди, орқасидан келганни тепади. Бировни ҳеч қачон эшитмайди. Ўзиники, ўзига маъқул.

У шу усул билан курсисини ушлаб турганига амин бўлиб яшашга кўникиб қолди. Унинг дардига ўлимдан бошқа даво йўқ.

Унинг аҳмоқона шартларига сўзсиз рози бўлганда ҳам, у билан бир малакатда бир ҳаводан нафас олиб, у сингари маъносиз яшашнинг иложи йўқ…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон