Туркия манзаралари

Туркия манзаралари
55 views
05 April 2016 - 6:00

namaz1.2013080810080313. “СУЛТОН АҲМАД”ДА НАМОЗ

Султон Аҳмад жомеи ҳақида ёзарканман, ҳар келганимда бу ерда ҳеч бўлмаса бир марта намоз ўқишга ҳаракат қиламан, деган эдим. Бу орзуимни тўғри тушунилсин.

Мен Султон Аҳмадга одатусти бирон мақом бераётганим йўқ. Намоз ҳар ерда намоз. Дунёда икки Ҳарам ва Ақсо мачитидан бошқа барча мачитда жамоат билан қилинган намозга бирдай ‒ 27 (йигирма етти) баробар савоб ваъда қилинган. Ортиқ-ками йўқ. Бундан ташқари, Оллоҳ таоло мўмин-мусулмон учун бутун ер юзини сажда ўрни қилган. Ҳожатхона, ҳаммом ва қабр устидан бошқа ҳамма ерда намоз ўқиса бўлади. Ният ва ихлос бирламчи, жой эмас.

Савоб боқимидан қаралса, Деҳқонободнинг чекка бир қишлоғидаги бир лойсувоқ мачитда ёки Тошкент ‒ Қўқон довонидаги жимитдайгина мачитда ўқилган намоз билан Истанбулнинг “Султон Аҳмад”ида ўқилган намоз ўртасида заррача фарқ йўқ.

Қабул бўлиши боқимидан қаралса, яна ҳам кенгчилик ‒ Каъбанинг тап-тагида пешонасини Байтуллоҳ деворига ургудай қилиб ўқилган намоз балки қабул бўлмаслиги, аммо Қизилқум саҳроси ўртасида кетаётган бир йўловчининг намоз вақти кирган заҳоти уловини тўхтатиб қумга сажда қилиб ўқиган намози қабул бўлиши мумкин. Тепада айтганимдек, ният ва ихлос бирламчи, жой эмас.

Демак, Султон Аҳмадда ўқиган намозларимни алоҳида тилга олишим мачит мартабаси ё ҳурмати маъносида ҳам, намознинг қабул бўлиш-бўлмаслиги маъносида ҳам эмас. Асло! Шунчаки, туркистонлик бир мусофир тарихлар қаърида босилиб ётган сўнгсиз бир соғинч ва армонга ҳеч бўлмаганда хаёлан ва вақтинча қовушгиси келганидандир деб билгайсизлар.

Хуллас, Истанбулга бу гал келганимизнинг учинчи куни Султон Аҳмадга шошилдик.

Одатдагидек, майдон маҳаллий ва чет эл сайёҳларига тўла эди. Кимлардир дам олиб, атрофни томоша қилиб, жомега узоқдан боқиб, балки намоз вақтини кутиб ўтирибди, кимлардир Султон Аҳмад билан Аёсофя орасида кезинади.

Жоме ҳовлиси янада гавжум. Намозга келгандан кўра сайёҳ кўп.

Табиий, дунёдан оқиб келадиган меҳмон биринчи галда Истанбулга, Истанбулда эса Султон Аҳмадга келади.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак: кўп йирик мачитларда ҳам бор-у, аммо айниқса сайёҳ кўп келадиган жомеларда кираверишда рўмол ва лунгига ўхшаш чиройли мато албатта туради. Шу иш билан вазифаланган одам бошялангларга рўмол, калта шим кийган эркакларга лунги-этак улашиб туради. Ҳатто аёлларга махсус кийим ҳам бор ‒ бошни тўсадиган қалпоқли кенг кўйлак. Четэллик аёл сайёҳлар шунақа кўйлакларни кийиб, бошларига рўмол ўраб, кўйлаклари калта бўлса, этак ўраб сўнгра жомега киришади.

Маҳаллий ёки, ажнабий бўлса-да, намозхон аёллар ҳам кўчада бир оз очиқ юргани билан намозга кираётганларида ўша кўйлаклардан кийиб олишади ёки бошларини рўмол билан ўрашади.

Аёлларга махсус жойлар ажратилган. Султон Аҳмадда меҳмон кўп бўлганидан аёллар учун ҳам кўпроқ ер ажратилган. Улар хонақоҳ этагида тўсиқ билан бўлинган бўлмаларга кириб ёки иккинчи қаватга чиқиб намозларини ўқиб олишади.

Аёлим айтишича, бу ерда хотинлар жума намозларида ёки кунлик намозларда айримлари имомга эргашиб, айримлари ўзлари алоҳида намоз ўқишаркан.

Туркия мачитларининг бир ўзига хослиги ‒ муаззин алоҳида ажратилган бир ерда ўтиради. Султон Аҳмад ва бошқа йирик қадимий мачитларда жоменинг ўртароғида махсус баланд сўри-супа қурилган, кунлик намозларда уч-тўрт киши муаззинга қўшилиб ўша ерда ўқийди, жума кунларида супа ҳам одамга тўла бўлади. Ўртача йигирма кишилар сиғади у супага. Сўри-супа баланд бўлгани учун бемалол тагида ҳам одам намоз ўқийверади.

Кичикроқ ва маҳалла ичидаги мачитларда муаззин жойи хонақоҳнинг этагидан жой ажратилади. Ажабланарлиси, кунлик намозларда одам бир ё икки саф намоз ўқиса ҳам, муаззин ва шериклари ўша орқада ‒ ўзига тахта панжара билан ажратилган бўлмачада туриб такбир айтади, намозини ўқийди, тасбиҳоту зикрларини қилади.

Бундай ажралиб олишнинг бирон фиқҳий асоси бўлмаса керак. Ўзимча буни илгариги замонлардан қолган анъана деб билдим. Овоз кучайтиргичлар бўлмаган, жамоат доим тўла бўлган замонларда имомнинг такбирларини орқадагиларга етказиб туриш учун муаззинлар ёки махсус тайинланган кишилар ташқарига яқин ерларга жойлаштирилган ва улар ичкаридаги ҳар бир такбир ва тасбиҳни ташқарига эшиттириб турган. Ҳозир мирофонлар чиқиб кетди, жамоат ҳам мусулмонобод замонлардагидай катта эмас, лекин анъана сақланиб қолган. Муаззин сафдан ажраб қолган бўлса ҳам ўша эски анъана бўйича орқада намоз ўқиш давом этяпти. Шу холос, менимча.

Иккинчи яна ўзига хослик ‒ имом салом бериши билан “Оллоҳумма антас-салам ва минкас-саалам, табарокта, йа зал-Жалали вал-Икром”ни муаззин айтади. Жамоат тасбиҳотини ҳам муаззин бошқариб ўтиради. Баъзида, агар имом ўқимаса, намоз охиридаги Қуръон тиловатини ҳам муаззин қилади.

Учинчи ўзига хослик ‒ дуолардан кейин ҳам, Қуръон тиловатидан кейин ҳам имом овозини сал баландлатиб: “Ал-Фатиҳа!” деб қўяди ва ҳамма ичида ўзининг дуосини, саловатини айтади. “Ал-Фатиҳа” дегани учун мен бундай пайтлари ичимда Фотиҳа сурасини ўқийман.

Айтганча, Туркиядаги мусулмонлар қабристонида исмлар ёзилган тошларга деярли юз фоиз “Ruhına Fatiha” (“Руҳига” ёки: “Руҳимга Фотиҳа”) деб ёзиб қўйилибди. Балки эскидан бундай пайтлари “Алҳамду…”ни ўқиш одат бўлгандир. Бизнинг Қўқон томонларда ҳам (балки бошқа вилоятларда ҳамдир) таъзия билдириш учун бораётган киши “Фотиҳага бориб келай” дейди. Ёки бўлмасам, шевада: “Юр, пата’a қипкелейк”, дейди. Шундан ўйлаб қолдим: балки бизда ҳам илгари таъзияларда ёки қабристонларда Фотиҳа сурасини ўқиш урф бўлгану бу атама ўшандан қолганмикан?

Султон Аҳмаддаги, умуман Туркиядаги мачитларда жамоат намозларидан олдин ва кейинги ўзига хосликларни “биринчи”, “иккинчи” деб санай бошлаб бекор қилибман, чунки биздан бошқачаликларнинг ҳаммасини айтаман десам саноқ чўзилиб кетаркан. Бу масалага махсус бир боб ажратсак арзийди. Ўшандай қилақоламиз ва бу ерда шу айтилган учтаси билан тўхтатамиз.

Султон Аҳмадда бир ажиб руҳ бор. Хонақоҳ жуда катта бўлгани учун сафлар узун, меҳмон кўп бўлгани учун эса, жамоат доим катта бўлади. Балки шу ҳолат одамга қўшимча бир илҳом ҳам берар. Ҳарқалай, мен ҳар гал шу ерда намоз ўқисам, маза қилвораман!

Бу сафар ҳам пешинда жуда катта жамоат бўлди. Опажоним билан аёлимни хотинлар (бу ерда “Kadınlar” ёки “Bayanlar” дейишади) бўлмасига киритиб юбориб, ўзим сайёҳлар оралаб бориб, тўсиқдан ўтиб, олд қаторлардан бирига, минбар ёнига жойлашдим.

Жума кунлари Султон Аҳмад мачити (ҳамма тарихий мачитлар ҳам) намоз вақти шунчаки томоша учун ёпилади, фақат намоз ўқийдиганлар киритилади, сайёҳлар киритилмайди. Бегим кунлари хонақоҳнинг киравериш қисми асосий қисмидан тахта панжара-тўсиқлар билан ажратилади. Эркагу аёл четэлликлар шу тўсиққача киришларига рухсат, ичкари томонига ўтказилмайди. Мусулмонларнинг намозларини, дуоларини тўсиқнинг бу ёғида туриб томоша қилишади.

Шу ўринда 1997 йилги сафарим чоғи Султон Аҳмад жомеига боғлиқ бўлган бир-икки ажиб хотирам жонланди. Биттаси мана шу четэлликларнинг жоме ичини тўлдириб юриши ҳақида эди.

Ўзимча билағонлик қилиб, бу ғайридинлар мачитни оёқости қилмаяптимикан, деган хаёлга борганман. Кирмаса, киритилмаса бўларди деб ўйлаганман.

Эсимда, ўтган аср 89 ёки 90 йили СССРда қайта қуриш ва ошкоралик сиёсати туфайли юртимизда минглаб мачит ва мадрасалар очилиб, диёримиз мусулмонобод бўлиб қолган паллаларда бир гал Қўқонга бордим. Қайсидир намозни ўқиш учун Чорсудаги Жоме мачитига кирдим. Қуббали дарвозахонадан ўтаётиб йўлакка қўйилган эълонга кўзим тушди. Бир қоғозга йирик-йирик ҳарфлар билан: “Бу ер музей эмас, мачитдир. Бу ерда намоз ўқилади!” деган маънода (лафзи айнан қандай бўлгани ҳозир эсимда йўқ, лекин мазмуни шунақа эди) ёзиб қўйилибди.

Ёши катталар билади, совет пайти бу Жоме илгари ташландиқ бир омбор эди, кейинчалик Қодиржон Ҳайдаров бошлиқ усталар ҳовли тўрига қадим миллий услубда бир чойхона қурган, кирганда ўнг томондаги серминора Жоме эса маълум бир вақт музей ҳам қилиб қўйилган эди. 10 (ўн) тийинга патта олиб кириларди.
Қайта қуриш даврида музей мачитга айлантирилганидан кейин эл орасида “Махсим” ёки “Махсим ака” деб тилга олинадиган Муҳаммад Ражаб домла имом бўлди ва Жоме намоз ўқувчи билан тўлди. Жума кунлари гулдиратиб мавъизалар қилинар, Жомега теварак қишлоқлардан ҳам одамлар ёғилиб келар эди. Мен ҳам онда-сонда Тошкентдан ота юртимга борганимда кўпинча намозларимни шу мачитда ўқирдим.

Ўша гал мачитга кираверишда ҳалиги эълонни ўқиб, тўғриси, кўксим кўтарилган, “Бу ер сенга музей эмас!” дея олиш, бир томондан, намозга чақириқ бўлиб, иккинчи томондан, мусулмонларнинг жасорати бўлиб туюлган эди менга.

Орадан олти-етти йил ўтган бўлса ҳам, бу масалада ҳамон ўшанақа фикрда эдим. Бунинг устига, унча-мунча китоб ўқиб, аёллар ҳайз ҳолатида мачитга киришлари мумкин эмаслигини ҳам билиб олганман. Туркияда эса деярли барча тарихий мачит сайёҳлар учун очиб қўйилибди. Бир қисмига киради, лекин ўша қисми ҳам мачит-ку, ахир!

Ўшанда сафар дастуримизга кўра, Тоҳир Малик иккимиз бизни кездираётган мезбон йўлдошлигида Истанбул муфтийи билан учрашишимиз керак эди. Кўришдик. Анча гаплашиб ўтирдик. Баҳонада мен Султон Аҳмад жомеида хаёлимга келган “Жоме оёқости бўлаётгани” ҳақидаги андишамни муфтийга айтдим.
‒ Ахир, аёллари бор, улар айрим (касал) ҳолларида мачитга кирмаслик мумкин эмаслигини билмайдилар-ку! ‒ деб қўшиб ҳам қўйдим.

Муфтий жилмайди.

‒ Биринчидан, шу ҳолатни ҳисобга олиб хонақоҳни катта ва кичик икки қисмга бўлганмиз, ўртага тўсиқ қўйилган, тўсиқдан у ёғига ўтиш уларга мумкин эмас. Иккинчидан, мана, сенга бир мисол: бугун бир олмон оила ҳузуримга келди ва Исломни қабул қилишга қарор қилганини айтди. Кеча бир япон аёли келган эди. Ундан олдин яна бир амрикалик… Хуллас, ишонсанг, Истанбулда бир четэллик сайёҳ Исломни қабул қилмаган кун йўқ! Деярли ҳар куни биттаси ёки уч-тўрттаси имонга киради! Нимага? Улар азонларимизни эшитади, намозларимизни кўради! Бунақа муҳташам ибодатни ўз юртларида кўрмаган! Ораларидан қайсидир бирининг юрагига ҳидоят нури тушади. Энди ўйлаб кўр: улар мачитларимизга киргани яхшими ёки кўкракларидан итарганимиз яхшими?!

Тўғриси, бир оз уялдим. Менга турк биродарларимизнинг бағрикенглиги ёқди. Албатта, шуниси маъқул! Минглаб сайёҳ ичидан ҳеч бўлмаса биттаси ҳидоятга эришиб қолса, яхши эмасми!

Шундан кейин қачон сайёҳ тўла мачитга намоз ўқигани кирсам, уларнинг ҳолатини кузатадиган, кўзларига боқадиган бўлдим. Уларнинг мириқиб азон тинглаётганларини ёки намоз ўқиётганларга тикилиб ўтирганларини кўриб, ичимда уларга ҳидоят тилайдиган бўлдим.

Шу воқеа сабаб ўзимнинг Қўқондаги хотирамга ҳам ғойибона тузатиш киритдим. Бугунги кўз билан боқсам, у иш унча тўғри бўлмаган экан, дейман ҳозир.

Иккинчи ажиб хотира аср намозини кутиб ўтирганимиздаги бир ҳолат ҳақида эди.

Биздан олдинги сафда, имомга яқинроқ ерда ўтирган бир йигит диққатимни тортди. Соч узун, чўзма билан боғлаб олинган. Туришидан ўта олифта…

Тоҳир акани секин туртиб унга ишора қилдим ва: “Намоздан кейин айтаман”, дедим шивирлаб.

Намоздан кейин ташқарида Тоҳир ака ҳалиги болани эслатди.

‒ Нима демоқчи эдингиз? ‒ деди.

‒ Ҳа. Кўринишини эслаб қолдингизми? Кўчада кўрсак, нима деб ўйлаймиз бунақаларни… Лекин бу йигит мачитда ўтирибди! Намоз ўқишга келган! ‒ дедим ҳайратимни яширолмай. ‒ Демак, ташқи кўринишига қараб хулоса чиқаришга шошилмаслигимиз керак экан…

Тоҳир ака тасдиқлади.

Умуман, дунёқарашим бир оз қолоқми, деб ўйлаб қолдим. Чунки бунақа қиёфани қабул қила олмасдим. Юрагига кириб кўрмаганман, албатта. Аммо мўмин-мусулмон бунақа бўлмаслиги керак деган тасаввурда улғайганман мен.

Икки қарама-қарши туйғу ичида қолдим. Мен уни ёмон кўрайми ё чинакам мўмин ўлароқ кўрайми?! Ота-онадан мусулмон бўлиб туғилган ҳамма ҳам ўзини мусулмон санайверади, ҳаётда кўплар ўз билганича яшайди. Аммо бу мен “ёқтирмаган қиёфали” йигит шунчаки анъанавий мусулмон эмас, амал қиладиган мусулмон чиқиб қолди!..

Мана, орадан яқин йигирма йил ўтди, ўша воқеа сира эсимдан чиқмайди. Қайтага бу йигирма йил ичида қиёфатдаги урфлар яна ҳам ўзгарган, ёшлар ҳам бу кунимизга мос кўринишда. Аммо мен ўзимни анча босиб олганман ҳозир. Чунки кейинги замонларда ўзбекларимиз орасида ҳам ўта оврупача кийинган, энг янги урфга кўра соч-соқол қўйган ёшларимизни Тошкент мачитларида тез-тез кўрадиган бўлиб қолдим. Ичимда севинчга ўхшаган бир туйғу туяман. Масалан, кўчада кўрсангиз урворгингиз келадиган бу каби қиёфадаги айрим ёшлар… мачитга келяпти, намоз ўқияпти, имомга қулоқ соляпти, рамазонда кечалари икки соатлаб Қуръон хатмларида туришяпти! Завқу шавқ билан яна! Нима деб тушунтирса бўлади бу ҳолатни?!

Ичимдаги қарама-қарши туйғу ҳозиргача ҳам тўласича бартараф бўлмаган бўлса-да, бундай ҳолатларга бора-бора унча парво қилмайдиган бўлиб қолдим. Парво қилсам ҳам, орқаларидан ҳавасга ўхшаган бир туйғу билан парво қиламан. Ахир, шу бола айрим тенгқурларига ўхшаб дискотекаларда, бузуқхоналарда юриши ҳам мумкин эди-ку, дейман ва у мачитга келгани ва намоз ўқигани учун Оллоҳга шукр қиламан.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Манба: Facebook.com