Ўзбекистондаги “янги дин” – миракизм ҳақида нимани биласиз?

Ўзбекистондаги “янги дин” – миракизм ҳақида нимани биласиз?
100 views
06 April 2016 - 5:00

How-Accountants-Can-Keep-up-With-TechnologyФитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(8)

Бугунги ўзбекларнинг ақли ва руҳига ҳукмрон бўлган ҳақиқий дин – ислом эмас, мустақилликнинг ижод намунаси, миракизмдир. Миракизм тушунчаси мустақиллик йилларида пайдо бўлди. Ақли ноқис, тили дудуқ бир кимса, телевизирда президентни кўриб қолса, нуқул, “брак” деб айтолмасдан, “мирак” деркан. Имомларнинг маърузасини тинглаб ҳам шундай деявераркан. Охир-оқибат “яроқсиз” ибораси оммалашиб, миракизмга айланиб кетди.

Шубҳасиз, юртда ҳозир ҳам дину диёнатни ўйлайдиган, ҳис қиладиган, ўз эътиқодини ўз тамаддуни руҳи билан келиштиришга астойдил интилувчан кишилар бор, аммо улар кўпчиликни ташкил этмайди. Марказий Туркистоннинг ўртамиёна одами, демократми ё фашист, капиталистми ёки болшевик, ишчими ёхуд интеллектуал, у ёлғиз битта ижобий “дин”ни тан олади, яъни моддий “миракизм”га сиғинади, ягона мақсади – ҳаётни янада енгиллаштириш, ўзбекона айтганда, кўзим кўрмаса, кетимни бўри емайдими, нақлига суянадилар… Шунинг учун ҳам уларнинг ҳаёти ва турмуш тарзи кун-кундан қийинчиликларга дуч келиб, маънавиятлари қашшоқлашиб бораверади. Уларнинг бугунги сиғинадиган муқаддас жойлари – йирик ва ҳашаматли ҳовлилар ва тўйхоналар, фаҳшни ва зўровонликни тарғиб этадиган кино филмлар томошаси, шўролардан қолган саноат корхоналарини бузиб сотиш эвазига орттирилган пуллардан тикланган емакхоналар, рақс заллари, мажлисхоналар, барчанинг кўз ўнгида миллатннинг қонини канадек сўраётган жиноят олами отамонларининг ҳар ердаги соялари, банкирлар, кино ва спорт юлдузлари, қўшиқчилар, ҳаромдан бойлик ортириш илмини пухта эгаллаган фирибгарлар…

Шу йўсинда ҳокимиятга ва роҳат-фароғатга тинимсиз интилишнинг бугунги натижаси – бир-бирига душман бўлган, тиш-тирноғигача фитна билан қуролланган гуруҳларнинг пайдо бўлишию уларнинг ўзаро манфаатлар тўқнашувига туртки бераркан, улар бир-бирларини қириб ташлашга ҳамиша ҳозир-нозир турадилар. Маданият соҳасида эришилган натижа шу хилдаги инсон шахсининг шаклланиши бўлдиким, унинг учун ахлоқ амалий фойда доирасидан нарига ўтмайди. Яхшилик ва ёмонликнинг олий мезони – қозонилмаган моддий муваффақиятдир.

Ўзини танитишни хоҳламаган бир профессор ҳикоя қилади, унинг назарида, бу ёшлар орасида ортиб бораётган ўз-ўзига ишончсизлик касалига аниқ мисолдир.

“Мен яқинда ёшлари йигирма атрофида бўлган йигирмата йигит-қиздан, ораларингда ким ўзини у ёки бу маънода мусулмон ҳисоблайди, деб сўрадим. Фақат уч кишининг жавоби ижобий бўлди. Етти киши бу ҳақда умуман ўйлаб кўрмаган. Қолган ўн кишининг миракизм турганида исломга тобу тоқати йўқ”. Мен бу жавобларда акс этган келажакка ишонч ва ишончсизлик нисбатини шунчаки бир тасодифий ҳолат деб айтолмайман. Бундан эллик, ҳатто йигирма йил илгари энг қаттол бўлган атеистлар замони – шўролар даврида ҳам бу нисбат бошқача эди.

Пулга сиғиниш миракизм эътиқоди билан ғалати йўсинда қовушади. У дин камбағаллик ва уруш келтиради, давлатмандлик эса чексиз бойликлар ва лавозимларни эгаллашга зинапоя бўлади, дейди. Бунинг устига, бой кишининг Тангрининг марҳаматига етишуви мушкул, камбағалга жаннатнинг эшиги очиқ, дейдида, ўзи ва атрофидагиларнинг бойишидан ташқари, бегоналарга йўл бермайди. Аммо, ажабки, Тангри йўлида хизмат қилганлар камбағал, фақир бўлишади ва улар албатта жаннатга боришади, дейилишига қарамай, инсонлар у дунёнинг роҳатидан бу дунёнинг давлатини афзал кўришади. Афтидан, улар ҳам униси, ҳам бунисини қўлга киритишга умид бойлашади. Миракизм атрофидагилар пул-маблағлари воситасида бу дунёда эришганларига орқа бериб, сўнгги дамда Азроилнинг қўлига тушиб қолсалар ҳам, пора эвазига тавба-тазарру этиш билан у дунёда Яратганнинг ишончига эришмоқчи бўлишадилар. Улар Батлер “Қайдлар дафтарчаси”да баён этган фикрни қўллаб-қувватлашади. “Ёмон ниятли муаллифлар бир вақтнинг ўзида ҳам Тангрига, ҳам Иблисга хизмат қилиб бўлмайди, дейишади. Тўғри, бу осон иш эмас, яхши ишни бажариш ҳеч қачон осон бўлмаган”, – деб ёзган эди у.

Назарияларимиз қандай бўлишидан қатъи назар, амалиёт шуни кўрсатадики, биз аксарий ҳолларда миракизмчилармиз. Бойлик, молу давлатга майлу иштиёқимиз шу қадар баланд, инсонга қадру қиймат, давлатга улуғворликни фақат бойлик бахш этади, деган ишончимиз шу қадар кучлики, ана шу асосда шаклланган икки назария бугун дунёни тебратиб турибди.

Улардан бири XIX асрда ҳукм сурган иқтисодга аралашмаслик – Laisser faire назарияси.[1] Унга кўра, одамлар ҳамиша энг кўп иқтисодий фойда келтирадиган йўлни танлашади, уларни эҳтирослар эмас, гедонизм, яъни чўнтак ташвиши бошқаради.

Иккинчиси – йигирманчи асрда ҳукм сурган Маркснинг иқтисодий детерменизм назариясидир. Унга кўра, жамият ўз иқтисодий эҳтиёжларини қондириш учун маълум усул билан иқтисодий система яратади. Ана шу усул унинг санъати, ахлоқи, дину динёти, ҳаттоки мантиқи, бошқарув шаклини белгилаб беради. Бу назариялар ҳақиқатга ўхшаб кўринади, бунга сабаб асосан – бойлик орқали якка шахсларга келадиган қадру қиймату давлатлар касб этадиган улуғворликдир” (Жоуд, II жилд, 338-340).

(Муаллиф фикри осон тушунилиши учун замонга муқояса этиб, ўзгартишлар, ўринлар алмашишлари билан беришга ҳаракат қилдик).

 Қуръони каримда айтиладики, бутпарастлар, мажусийлар бошларига офат-фалокат ёғилганда, Тангри таолога сиғинишган. Аммо миракизмчи материалистлар моддий манманликка шу қадар мубтало бўлишганки, улардан бу нарсани кутиб бўлмайди. Қуръони каримда дейилади:

“Сиздан олдинги умматларга ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Кейин зора тавба-тазарру қилсалар деб, уларни бало, офатларга дучор қилганмиз. Уларга Бизнинг бало-офатимиз ёғилганда тавба-тазарру қилсалар бўлмасмиди?! Лекин диллари қотган ва шайтон уларга қилиб юриган ишларини чиройли қилиб кўрсатди” (6:42-43).

“Мана, Биз уларни азобга дучор этдик. Улар эса на Парвардигорга бўйин эгдилар ва на тавба-тазарру қилдилар” (23:76).

Чуқур бўҳрон, офат-фалокат, масалан, уруш юз берганда уларда диний қўрқув ёхуд илоҳий ихлос, эҳтиромдан асар ҳам кўринмайди. Миракизмнинг ақлий ва ахлоқий раҳнамолари завқу шавқ туйиб, буни сабот ва жасорат деб аташади. Ҳолбуки, бу мусулмон ёки бошқа художўй киши назарида диний тушкунликдан бошқа нарса эмас.

[1]
Laisser faire (истаганларини қилишсин) – иқтисодий таълимот; унга кўра давлат иқтисодга ниҳоятда оз даражада аралашмоғи керак.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон