Қирғизистон Ўзбекистондан ўч олаяптими?

Қирғизистон Ўзбекистондан ўч олаяптими?
45 views
06 April 2016 - 17:05

issiq ko`l oromgohlari

Собиқ совет иттифоқи даврида дам олиш масканларига қурилган оромгоҳлар, давлатлар мустақилликка эришилгандан кейин қай бирининг ҳисобида қолиши ҳал этилмаган.

4-апрелда қирғиз ҳукумати қабул қилган қарорга кўра, Иссиқ-кўл соҳилида жойлашган Ўзбекистоннинг “Роҳат”, “Дилором”, “Олтин қум” ва “Бўстон” оромгоҳлари Қирғизистон қарамоғига қайтарилади.

Бу масканлар собиқ совет иттиффоқи даврида Ўзбекистондаги корхоналар маблағига қурилгани айтилмоқда. Агар ҳақиқатан ҳам юқоридаги оромгоҳлар Қирғизистон қарамоғига ўтса, у холда қўшни давлатга товон пули тўланадими ёки йўқ ҳозирча номаълум.

Қирғиз ҳукуматини тасофидан бу қарорга келишига нима сабаб бўлди? – деган савол турли фаразларни олға сурилишига туртки бўлмоқда.

“Биз аввал Ўзбекистонга газ ва электр энергияси бўйича қарам эдик. Давлатимиз собиқ раҳбарлари ушбу масалалар сабаб қатъий сиёсий қарорлар қабул қилаолмаган. Биласизлар, “Датқа Кемин” электр станцияси қурилиб, ишга тушди. Газ бўйича ҳам, Россиянинг “ГазПром” корхонаси муаммоимизни ҳал этиб берди. Энди бизни Ўзбекистонга қарамлигимиз йўқ. Шундан келиб чиққан холда, кеча ҳукуматимиз Иссиқ-Кўлдаги қўшни давлат оромгоҳларини ўз ҳисобимизга ўтказишга қарор қилди” – дейди Қирғизистон иқтисод вазири Арзибек Қўжўшов.

“Тоқтўғул” ГЭСидан ишлаб чиқариладиган электр энергияси республиканинг жанубий вилоятларига Ўзбекистоннинг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари орқали етказилар эди. Ўтган йил қурилиши якунланиб, ишга туширилган “Датқа Кемин” электр станцияси давлатни қўшнидан мустақил қилган.

Шунингдек, икки йил аввал Россиянинг “Газпром” ширкати Қирғизистоннинг “Қирғизгаз” ширкатини умумий қарзларини ҳисобга олган ҳолда, бир долларга сотиб олиш билан, Ўзбекистондан келувчи газ маъсулиятни ўз зиммасига олган.

Ҳақиқатан ҳам бу қарор иқтисод вазири айтганидек, Ўзбекистондан қарамсизлик муносабати билан қабул қилиндими ёки яқинда чегара ҳудудларида бўлиб ўтган низолар учун ўч олишнинг бир йўлими?

Маълумки, жорий йилнинг март ойи ўрталарида Ўзбекистон ҳарбийлари “Наврўз” байрами арафасида ҳавфсизлик кучайтирилгани бахонаси билан Қирғизистоннинг Жалол-Обод вилоятига қарашли Ақси туманидаги бахсли ҳудудга бостириб кирган эди. Бундан ғазабланган қирғиз тараф ҳам ўз ҳарбийларини қўшни давлат ҳарбийлари қаршисига олиб келиб қўйган. Қарийб бир ҳафталик музокаралардан сўнг Ўзбекистон ўз ҳарбийларини бахсли ҳудуддан олиб чиқиб кетган.

Қирғизистондаги қатор мухолифат вакиллари ва тахлилчилар, қирғиз ҳукуматининг Иссиқ-кўлдаги Ўзбекистон оромгоҳларини ўз ҳисобига олишини, қўшнига нисбатан ўзининг “ўткир тишларини” кўрсатишлик дея бахоламоқдалар.

Минтақада авторитар тузум билан бошқариладиган Ўзбекистон, қўшнисининг бу қароридан кейин, уни яна ҳам кўпроқ “бўғиш”га ўтади дея хавотир билдираётганлар ҳам йўқ эмас.

Фарғона водийсида жойлашган Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари Қирғизистоннинг Ўш, Жалол-Обод ва Боткен вилоятлари билан чегарадош бўлиб, вақти-вақти билан бу ҳудудларда турли хил низолар юз бериб туради.

Эрта баҳордан бошлаб қўшни давлатга арзон дала-полиз экинлари, мева-чеваю, хомашё молларигача етказиб берадиган Ўзбекистон, у ердаги ўз таъсир доирасини сақлаб қолишга ҳаракат қилади.

“Қирғизистон ҳар қанча Ўзбекистондан мустақил бўлишга ҳаракат қилмасин, барибир, бу давлатдан батамом юз ўғириб кетаолмайди. Сабаби, географик жойлашув бунга йўл қўймайди” – дейди тахлилчилар.

Асосан, республика жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларини шарқ давлатлари билан боғловчи йўллар Ўзбекистон орқали ўтиши маълум.

2010-йилда Ўш ва Жалолободда юз берган қонли воқеалардан сўнг Ўзбекистон, Ўш вилоятидаги чегараларини бир тарафлама ёпган. Чегаранинг икки тарафидаги одамлар бир-бирларини кўришлик учун юзлаган километр айланиб ўтишга мажбур бўладилар.

Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги чегаралар ҳам тўлиқ бўлмасада, ҳозирги кунда одамларнинг ўтиши учун очиқлигича қолмоқда. Унда ҳам ўзбекистонликлар томонидан қирғизистонликларга юбориладиган ташриф қоғизи билан ўтиш мумкин.

ЎХҲ ахборот бўлими