Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)

Совет империяси қулаши арафасида Ўзбекистонда пайдо бўлган «Эркин ёшлар уюшмаси” тарихига бир назар (давоми)
140 views
07 April 2016 - 12:18

IKA(11-бўлим)

Ўша замонларда, асил келиб чиқиши қозоқлардан бўлган Зокиржон Алиматов Ички ишлар вазири бўлиб, у ҳар доим “кўча” билан оғиз-бурун ўпишиб келгани учун, унинг табиатида жиноят йўли билан иш юритишга мойиллик ўта кучли эди. У вазир лавозимини эгаллаганга қадар жуда кўп жиноятларни содир қилган, қанчадан-қанча инсонларни армани мафияси буюртмаси билан асфиласофилинга жўнатиб, не-не бегуноҳларни қилмаган айби учун қаматтириб юборган эди. У билан армани мафияси ўртасида, Салимбой билан Гафур турарди.

У “Тракторний”да участка нозири бўлиб ишлаганда, бир одамни уриб ўлдириб қўяди. Салимбой билан Гафур орага тушиб, Аъло деган кимса жиноятни ўз бўйнига олади, ва у Россия минтақасидаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаб, озодликка чиқади.

Шу ўринда, бир нарсани қистириб ўтиш лозим. Гап-сўзларга қараганда, Гафурни еталаб мол-дунё топишни ўргатган тоғаси Аъло билан бу Аълонинг бир-бирига алоқаси йўқ, улар бошқа-бошқа одамлар, дейишади…

Аълонинг Зокиржон Алиматовни орқа қилиб, ҳар хил хурмача қилғиликларни амалга оширганини, биз ҳам ўз кўзимиз билан кўрганмиз.

У учун Тошкент шаҳрида қизил-сариқ чироқлар йўқ эди. Ширакайф шериклари билан машинада кезишни хуш кўрадиган вазирнинг эркатойига кўчалар, овқатланиш ва олди-сотди муассасаларининг фақат яшил чироқлари ёниб турарди. Яъни, Ўзбекистонда сариқ билан қизил ҳам у учун яшил ҳисобланарди.

У бировнинг кўнглига тегиб, бировга дўқ-пўписа қилиб озор етказадиган одам эмасди. Дўконлардан сўрамай яшиги билан ароқ ёхуд шунга ўхшаш нарсаларни кўтариб кетар ёки чойхоналарда бир неча улфатларини йиғиб, тонготар базму жамшид уюштириб, пулини тўламасди. Бир сўз билан айтганда, у майда безориликларни содир этиб, ўзининг кўнглини ўзи овлаш билан хуморини ёзарди. Вазирнинг махсус бир-икки шотири, ҳар ерда унинг қарзини тўлаб, орқасидан кетини тозалаб юрар, улар Аълонинг кўп еб бўкиб, ёхуд маст-аласт сувга шўнғиб, чўкиб ўлиб қолмаслиги учун масъул эдилар.

Ички ишлар вазирлиги идораларининг юқори мансабларни эгаллаб турган мулозимлари Республикада расман қароқчилар тўдабошиси бўлган Зокиржон Алиматовнинг ўтмишдаги ёпиқлиқ қолган жинояти очилмаслиги учун Аълога ҳар ерда сажда этишга мажбур эдилар.

Зокиржон Алиматовнинг бу жинояти, унинг ҳеч ким билмас жиноятлари олдида, аслида дарёдан бир томчи эди, холос…

Зокиржон Алиматов учун Аълони гумдон қилиш қийин иш эмасди. Аммо, Аълонинг бурни қонаса, Салимбой билан Гафурдан у балога қоларди…

Юқоридаги сингари кўп сирлардан воқиф бўлган Баҳодир Чиғатой Зокиржон Алиматовнинг “Бирлик” ичидаги хос жосусларидан бири эди. У билан вазир ўртасида, ўша йилларда вазирнинг адютанти бўлиб ишлайдиган Дилшод Бобожонов турарди. Шавқиддин Жўраев, Садриддин Қурбоновлар сингари Баҳодир Чиғатой Дилшод Бобожоновга қўнғироқ қилиб, истаган соатида Зокиржон Алиматов билан учраша оларди.

Кейинроқ, вазирликнинг “Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш” бўлимини бошқарган Дилшод Бобожонов билан Баҳодир Чиғатойнинг алоқаси токи Баҳодир Чиғатой ўлган кунга қадар давом этди.

Сиёсий онгги жуда хира Зокиржон Алиматов президент Каримовни фавқулотда маълумотлар билан таъминлаб туриши учун ҳам, унга Чиғатою Шавқиддинлар сув билан ҳаво сингари зарур эди. Уларнинг маълумотларисиз, у вазирликка ўтирган илк йилларида курсисини сақлаб қололмасди.

Ёлғон-яшриқ маълумотларга кашанда каби ўч президентнинг кўнглини овлаш учун ёлғоннинг ростини топиб сўзлаш лозим бўларди. Ҳақиқатни эшитишни хушламайдиган президенга ростнинг ёлғонини ҳам сўзлаб бўлмасди. Шунинг учун оғиз-бурун ўпишиб турганда ҳам, тўнини терс кийиб оладиган Ислом Каримовни ювоштириб туриш учун вазирлар – арслонларни ўйнатадиган цирк артистлари каби ўзларини тутишга мажбур бўлардилар. Уларнинг цирк артисти каби бир қўлларида қамчи ва иккинчи қўлларида ҳамиша колбаса ушлаб туришларига тўғри келарди. У ўзи хушлайдиган ёлғонлардан безганида қутурмаслиги учун ҳар замонда, таёқнинг учига колбаса (алдамчи маълумот) санчиб, аввал ҳидлатиб, сўнгра луқма оғзига тутиб турилмаса, у ўйнатувчиларини тап тортмасдан ғажиб, паққос тушириши ҳеч гапмасди. Вазирларнинг юздан тўқсони, айнан шу каби ўйинларга  қурбон бериларди. Яъни, унинг луқмаси – кўнглига хуш ёқадиган маълумот бўлиб, маълумотнинг чин-ёлғонлиги кейинги масала эди. Қизиғи, ўйинчиларни президент Каримовнинг ўзи ихтиро этар, ёлғон-яшриқ, риё ва мунофиқликка йўғирилган маълумотларсиз, у фаолият юрита олмасди.

Ишнинг охирини ўйлайдиган Рустам Азимов ва Муллажоновга ўхшайдиган ўйнатувчилар, маълумотнинг охир-оқибат чуви чиқиб қолмаслиги учун обдон бош қотирмаса, балога қолишларини яхши билардилар.

Совет колхозининг калласи катта буқасидан унчалик ҳам фарқ қилмайдиган Ички ишлар вазири Зокиржон Алиматовнинг орқасидан эса, ҳеч кимсага сездирмасдан Салимбой билан Гафур зарур нарсаларни шипшитиб турарди. Жиноий шериклари уни қўллаб-қувватлаб турмасалар, у вазирликни бир соат ҳам эплай олмасди…

Президент кўзига яхши кўринишга астойдил киришган Зокиржон Алиматов учун, ўша замонлар фитна ва иғво санътини ўрганиш йиллари бўлди. Аммо, у бу масалада ҳеч қачон Шавкат Мирзиёев, Рустам Азимов ва Аброр Усмонов кўтарила олган чордоққа кўтарила олмади.

Баҳодир Чиғатойнинг Шавқиддин Жўраевдан фарқли жиҳати, у ҳар икки томонга ҳам тўғри маълумот етказарди. У шалдур-шулдир, оғзидан боди кириб шоди чиқадиган шалақ бир кимса бўлса ҳам, зеҳни балонинг ўқидай кескир эди. У орқали хавфсизлик ташкилотларига етиб борган маълумотлар асосли ва ноҳақ-туҳматдан холи бўларди. Шавқиддин Жўраевнинг маълумотлари эса алдамчи, шахсий манфаатлари билан ўта боғланганлиги сабаб кўпроқ ёлғон ва уйдирма, Зокиржон Алиматовнинг руҳиятидан келиб чиқиб, унинг кўнглини овлашга мослаштириларди.

Икки томонга ишлайдиган бу икки жосуснинг иш усуллари ва мақсад чегаралари бир-бирлариникидан кескин фарқланарди.

Ҳукуматдаги баъзиларнинг ношудликлари ва хиёнатга мойилликларини ҳаракат фаоллари даврасида фош қиладиган Баҳодир Чиғатой, мухолифат сафларида туриб, ҳукуматдагиларга дум булғайдиган Аҳмад Аъзам  кабиларни ҳам аёвсиз танқид қиларди. Шавқиддиннинг ҳам ҳар бир қадамидан, бизлар у туфайли воқиф бўлиб турардик.

Муҳаммад Солиҳнинг Миллий Озодлик курашига қаттиқ бел боғлаганини, ўлка ҳуриятни қўлга киритмаса, бу дунёда халқнинг ҳеч нарсага эриша олмаслигини ҳам у чуқур англарди. Ва, бу фикрларини хавфсизлик идоралари мулозимларининг юзига у очиқчасига гапира оларди. Унинг сиёсий онги юксак даражада эди.

Шавқиддин Жўраевнинг эса, на миллат тарихидан, на-да сиёсатдан хабари бор эди. У учига чиққан бир авантюрист иғвогар эди. Унинг мантиқсиз фикрлаши, ҳаётга қарашлари, вазиятдан келиб чиқиб иш кўриши, ўзининг мустақил қараши йўқлиги, аҳмоқона ишларни амалга ошира туриб, ўзини ёруғ оламдаги энг ақлли киши деб ҳисоблаши – президент Каримовга ҳамоҳанг эди. Шон-шуҳрат учун ҳар қанақа пасткашликдан қайтмаслиги, елкаси бўлмаса, давлат тизимларида ишлайдиган кимсаларнинг ортидан кириб, оғзидан чиқиши, лавозимдан мосуво бўлган одамни босиб-янчиб, балчиққа қориши – Шавкат Мирзиёвга менгзарди.

Муҳаммад Солиҳ, унинг ҳар икки томонга ишлашини жуда яхши биларди. У Муҳаммад Солиҳга “девор ушлатиб юрипман” дея хато ўйларди.

Абдираҳим Пўлатовнинг ҳақиқий башарасини очиб берган Баҳодир Чиғатой эса, бутунлай бошқа бир одам эди…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон