Кўнгил тахти…

Кўнгил тахти…
68 views
13 April 2016 - 6:00

khiva12МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Дард бўлди

Кўнгил бердим бир бевафо маҳбубга,
Чиқди элдан, доғи жонга дард бўлди,
Ошиқ дер: “Боқмасман энди ул хўбга”,
Устидан йўл тушди, кўзим тўрт бўлди.

Кибр билан этдим ишимни зоя,
Иқболим эшкагин ботирдим лоя.
Ё бир мардга йиқил, ё-да Худоя,
Банда иши бош тутмади, орт бўлди.

Мушкулим кийикдек қочди сайёддан,
Бошим ғамга тўлди, юрак ҳам дарддан,
Қўрқаман, ёр бизни чиқарар ёддан,
Айри ерда маскан тутди, юрт бўлди.

Сўнам қўл бермади, солдим бозимни,
Лочин қувди, қарға олди ғозимни,
Шунда фақирликка солдим ўзимни,
Тулкиланиб кездим, шаштим қурд бўлди.

Махдумқули, юрагимда дард тўрар,
Ким кўрибди, қўй ичидан қурд тўрар,
Эй, ёронлар, мард йигитдан мард тўрар,
Ким эшитибди: номард ўғли мард бўлди.

Қурд – бўри.

*****

Тошмоқчи бўлдим

Ишқ дарёси тўлди, шошди, қайнади,
Тоза хуруж айлаб, тошмоқчи бўлдим.
Кўнгил тахти мавж устида ўйнади,
Анда ғаввос бўлиб, сузмоқчи бўлдим.

Ётардим туш кўрдим, сескандим, турдим,
Ишқ бир мушкул ишдир, ўқидим, кўрдим,
Шавқин ширин билдим, бу йўлга кирдим,
Энди чора йўқдир, тўзмоқчи бўлдим.

Ёрнинг ели эсди, ўзи гизланди,
Умид ғунча очди, боғлар кўзланди,
Ҳижрон қувватланди, ишқ тозаланди,
Ул қозонда қайнаб, тошмоқчи бўлдим.

Йўлимда учратдим кўзи жодуни,
Ўлчадим юракда ишқнинг ўтини,
Кўнгил кўзгусида ёрнинг отини,
Уюрдан айириб, кезмоқчи бўлдим.

Бу фикрдан, бу хаёлдан дош бўлиб,
Нафси-ҳаво, кибр, киндан бўш бўлиб,
Бозорида талонига дуч бўлиб,
Ишқ деб жондан умид узмоқчи бўлдим.

Қона-қона ичдим дўстнинг заҳрини,
Заҳрин шифо билсам, солмас меҳрини,
Дилимда қурилган кўнгил шаҳрини,
Ишққа навкар бўлиб, бузмоқчи бўлдим.

Махдумқули, ул манзилга, диёрга,
Кирган қайтиб чиқо билмас канорга,
Эй, ёронлар, борми бу дардга чора,
Ўртаниб, жавраниб кезмоқчи бўлдим.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди