Саводсиз қозиларни ким қанча пора эвазига амал курсисига қўйган?

Саводсиз қозиларни ким қанча пора эвазига амал курсисига қўйган?
26 views
13 April 2016 - 5:39

Зарнигор АЛИМБЕКОВА: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича Олий малака комиссияси раиси Артиқова Светлана Баймирзаевнага биргина саволим бор: САВОДСИЗ ҚОЗИЛАРНИ КИМ ҚАНЧА ПОРА ЭВАЗИГА АМАЛ КУРСИСИГА ҚЎЙГАН? КЎРСАВОД СУДЬЯЛАРИНГИЗГА ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИНИНГ ТАҚДИРИНИ ИШОНИБ ТОПШИРИБ БЎЛАДИМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентига

Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Судьяларни танлаш ва лавозимларига тавсия этиш бўйича
Олий малака комиссияси раиси Артикова Светлана Баймирзаевнага

Ўзбекистон Республикаси Сенатига

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирига

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига

Ўзбекистон Республкаси МХХ раисига

Алимбеков Қодирбек Баҳодирбекович

Алимбекова Зарнигор Авазовналардан

Тошкент шаҳри, Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе,

16-уй, 39-хонадонда яшовчи

Моб. тел:  +99893 5701747

ШИКОЯТ АРИЗА

(Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Учтепа туманлараро суди судьяси Мирзаева Ирода Тахировнанинг судьялик лавозимига номуносиблиги хусусида)

Биз, эр-хотин Алимбековлар юқорида кўрсатилган манзилда яшаймиз. Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе, 16-уй, 39-хонадон қонунан менинг, Алимбеков Қодирбек Баҳодирбековичнинг хусусий мулким ҳисобланади. Табиийки, унинг ичидаги уй жиҳозлари ҳам. Қайнонамиз – онамиз Эшонқулова Малоҳат Худжамовна биз билан бирга истиқомат қилади.

Бироқ, 2016 йилнинг 30 март куни Тошкент шаҳар Учтепа туман суд ижрочиси (кейинчалик шахси аниқланишича) Санжар Абдувалиев битта милиция формасидаги участка нозири ва 8 нафар фуқаро кийимидаги, жами 10 нафар шахслар билан менинг хусусий мулким бўлган хонадонга ҳеч бир огоҳлантиришларсиз, рухсатсиз бостириб кириб, қайнонам М. Эшонқуловага судлар томонидан солинган жарималарни ундириш истагида менинг қаршиликларим ва тушунтиришларимга қарамасдан менга ва рафиқамга тегишли бўлган уй жиҳозлари ва орг.техникаларни мусодара қилиб кетди. Мусодара қилиш чоғида қайнонам М. Эшонқулова менга – Қодирбекка қўнғироқ қилди. Мен ишни ташлаб, уйга етиб келдим. Суд ижрочилари уй ва уйдаги жиҳозлар менга тегишли эканлигини билган ҳолда, далолатнома тузиб, олиб кетишди ва менга “Жиҳозлар ва орг.техникаларни ўзингизга тегишли эканлиги хусусидаги ҳужжатларни олиб, бу мулкларни рўйхатдан чиқаришларини сўраб,  Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига мурожаат қилишингиз мумкин дея тушунтириш бериб кетишди.

Биз эр-хотин – Зарнигор ва Қодирбек Алимбековлар Учтепа туман суд ижрочилари томонидан бизга тегишли бўлган хусусий мулкимиз –уйимиздан ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилган мол-мулкларни рўйхатдан чиқаришларини ва қайтариб беришларини сўраб Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Учтепа туманлараро суди раиси Файзиев Баҳром Махмудович номига даъво аризаси ёздик ва 2016 йилнинг 8 апрель куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Учтепа туманлараро суди биносининг девонхонасига учрашганимизда, девонхона ходималари “Бугун даъво аризалар бўйича қабул 202-хонада бўлмоқда. Қабул судья Ирода Тахировнанинг навбатчилигида. И. Мирзаевага учрашинг” дейишди.

Биз – эр-хотин ва қайнонам М. Эшонқулова билан биргаликда даъво аризамизни топшириш мақсадида 202 – хонада навбатда турдик. Навбат келганида биз судья Мирзаева Ирода Тахировнанинг қабулига даъво ариза топшириш мақсадида кирганимизда, судья И. Мирзаева ўзининг ўта саводсизлиги билан бизнинг ҳафсаламизни ниҳоятда пир қилди.

Гап шундаки, судья Ирода Маҳмудовна бизнинг Даъво аризамизга термулиб турди-да ҳеч нарсани фаҳмламагач, бизга қараб, “Гап нима ҳақида ўзи? Даъво ариза нима хусусида?” деб сўради.

Биз – эр-хотин судьяга муддаомизни айтдик: Учтепа туман суд ижрочилари бизнинг хусусий мулкимиз бўлган уйимиздан бизга тегишли бўлган мол-мулкларни биз билан бирга истиқомат қилаётган қайнонамиз –онамиз Малоҳат Эшонқулованинг суд томонидан солинган жарималарини қоплаш мақсадида  шу йилнинг 30 март куни ноқонуний тарзда мусодара қилиб кетишганди. Мусодара қилинган мазкур мол-мулкларнинг ўзимизга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда мулкларимизни эгаларига – ўзимизга қайтаришларингизни, рўйхатдан чиқаришларингизни сўраб даъво ариза ёзиб келгандик” дея судья Мирзаевага  тушунтириш бердик.

Бизни ҳафсаласизлик билан тинглаётган судья бургут тумшуқ мисол тирноқларига термулганча, энсасини қотирди-да, деди: “Эшонқуловага жарима биз томонимиздан, фуқаролик суди томонидан солинган эканми? Фуқаролик суди Эшонқуловага жарима жазоси тайинлаш хусусида қарор чиқарганми?”

“Йўқ, жарималар Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар  Мирзо Улуғбек, Яккасарой ва Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳар суди томонидан солинган турли муддатларда солинган. Ижро ҳаракатлари эса қарздор Эшонқулованинг яшаш манзилида – бизнинг хусусий мулкимизда, Учтепа туманига қарашли юқорида кўрсатилган манзилда амалга оширилмоқда. У боис биз манзил бўйича мурожаат қилмоқдамиз” дея жавоб қилдик судья И. Мирзаевага.

“Мана, қарздор Эшонқуловага жарималар Жиноят ишлар бўйича судлар томонидан солинганлигини ўз оғизларингиз билан айтиб турибсиз. Демак, сиз фуқаролик судига эмас, мол-мулкларни рўйхатдан чиқариб, қайтаришларини сўраб, Жиноят ишлари бўйича Мирза Улуғбек, ёки Яккасаройга ва ё Қарши шаҳар судига мурожаат қилишларингиз керак бўлади. Сизлардан ноқонуний тарзда мусодара қилинганлиги айтилаётган мол-мулкларни рўйхатдан чиқариш ва эгаларига қайтариш тўғрисида қарор чиқариш фуқаролик судининг ваколатига кирмайди” дея жавоб қилди бизга Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумналараро суди судьяси Мирзаева Ирода Тахировна.

“Мазкур масала юзасидаги даъво аризамизни қабул қилиш ва кўриб чиқиш сизларнинг ваколатингиз доирасига киради-ку. Наҳотки, биз билган шу оддий ҳақиқатни сиз билмасангиз?” деб ажабланишимизга қарамасдан, судья И. Мирзаева “Президент тугул Худосига борган тақдирларингизда ҳам биз қонун доирасидан четга чиқа олмаймиз. Қонунан бу ишни кўриш бизнинг хизмат доирамизга кирмайди. Боринг, жарима тўғрисида қайси жиноят ишлари бўйича судлар қарор чиқарган бўлса, жиноят ишлари бўйича ўша туман судларига бориб даъво аризаларингизни топширишингиз мумкин” дея бизнинг жавобимизни бериб юборди.

Судья Ирода Тахировнанинг саводсизлигидан ғазабланган қайнонамиз –онамиз Эшонқулова Малоҳат 409-хонада ўтирадиган Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суди раиси Файзиев Баҳром Маҳмудовичнинг қабулларига судья Мирзаеванинг ўз хизмат ваколатини билмаслигидан арз қилиб киришга мажбур бўлдилар.

Суд раиси Баҳром Маҳмудович Эшонқуловани эшитгач, “Кўрмайсизми, биз шунақанги саводсиз судьялар билан ишлашга мажбурмиз.  Судьянинг саводсизлиги туфайли сиз менинг вақтимни олмоқдасиз. Боринг, аризани судьяга топширинг, мени айтди денг, қабул қилиб олсин, мен бу ёқдан телефон қилиб қўяман” дея фиғони фалакка кўтарилди.

Бироқ, биз даъво аризамизни кўтариб 202-хонага, судья Мирзаева Ирода Тахировнанинг қабулларига келганимизда навбат тирбанд эди. То бизнинг навбатимиз келгунига қадар тушлик вақти бўлди ва натижада биз даъво аризамизни топшира олмасдан, аросатда қолиб кетдик.

Ҳурматли Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва  лавозимларига тавсия этиш бўйича Олий малака комиссияси раиси ва аъзолари!

Наҳотки туман суди курсисида ўз ваколати, судиянинг вазифаси нималардан иборат эканлигини билмайдиган, англамайдиган судья Мирзаева Ирода Тахировна каби саводсиз хонимлар ўтирса?

Наҳотки, суд ижрочилар томонидан ғайриқонуний мусодара қилинганлиги айтилаётган мол-мулкларни рўйхатдан чиқариш ва ўз соҳибларига қайтариш борасидаги низоли ишларни кўриб чиқиш манзил бўйича фуқаролик ишлари бўйича тегишли туманлараро судлар ваколат доирасида ҳал этилишини билмайдиган И. Мирзаева кабиларга Ўзбек халқининг, фуқароларнинг тақдири хусусида муҳим қарорларни қабул қилишдек масъулиятли вазифани ишониб топшириб бўлса?

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судия судьяси Мирзаева Ирода Тахировна каби саводсиз судьялар қаердан пайдо бўлишган? Ҳуқуқшунослик институтларида судья Мирзаевалар ўқиганми, ёки уларнинг отасини маблағларими?

Наҳотки, суд тизимини бунингдек чаласавод судьялардан тозалайдиган ҳукумат бошқаруви бўлмаса Ўзбекистонимизда?

Ахир, бунингдек чаласавод судьяни ким аттестациядан ўтказган, ким судья лавозимига тайинлаган, ким тасдиқлаган? Қанча поранинг эвазига? Шу каби ҳақли саволлар туғилиши мумкинми, йўқми? Кооррупциялашган тизимнинг тубанлик ботқоғига ботишининг яққол исботи эмасми бу?!

Токи, суд идораларида ўз хизмат вазифаси нималардан иборат эканлигини билмайдиган Мирзаева Ирода Тахировна каби кўрсаводлар ўтирар экан, Ўзбекистондаги суд тизимининг тамом бўлгани шу эмасми?

ИЛОВА:
1) Учтепа туман суд ижрочилари томонидан 2016 йилнинг 30 март куни  бизнинг уйимиздан мусодара қилиб кетилган мол-мулкларнинг рўхати – далолатнома нусхаси;
2) Саводсиз судья И. Мирзаева қабул қилишдан бош тортган даъво аризамиз нусхаси.

Алимбеков Қодирбек
Алимбекова Зарнигор

12 апрель, 2016 йил.