Омадсиз тиланчилар

Омадсиз тиланчилар
124 views
14 April 2016 - 5:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpgҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(9)

У ўзгача фикрларга тоқат қилолмайди. Янгича қарашларга эга кимсалар каби, фикрлашда, ўзидан орқадаги кимсалар ҳам, гўё унинг мувафаққиятларини кўролмаётган туюлади. У ҳар қанақа фикрдан нуқсон топишни, ўзининг бошқалардан илғорлигида кўради. Ўзидан бошқа ҳамма унга душман. У ўзидан ўзга душмани йўқлигини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Ҳукуматдагилар, унинг феъл-атворидан келиб чиқиб, у билан ҳисоблашадилар. Унинг атрофида, халқнинг, мамлакатнинг манфаатини ўйлайдиган бирор кимса йўқ.

Рустам Азимов, Аброр Усмонов ва Шавкат Мирзиёевга ўхшаган буқаламун вазирлар ўзбекона мулозаматни ҳийла билан омухта қилиб, унинг кўнглидагини уқишга ўрганганлар. Улар ёсуман кампир каби фол очиб, унинг эътиборига нозил бўлишга интиладилар. Шу учун ҳам неча-неча кимсалар, унинг на боши, на оёғи бор бошқарувига чувалиб, расвойи радди бало бўлиб кетганда ҳам, улар йўлини йўқотмасдан келяптилар.

На ўтмишдаги билимларга, на келажакка бўлган ишончга ихлоси бўлмаган Каримов, сиёсатни бир гурруҳ лўттибозларнинг ҳокимиятни қўлга киритиши учун қўлланадиган шунчаки бир ғиром ўйини деб ўйлагани учун ҳам, сиёсат майдонида коптокка айланиб қолди. Ҳукуматдагилар бир тўп каби унинг ўзини бир-бирларига ошириб, бехосдан қўзийдиган тажовузидан жон сақлаб турганларини, у билмайди. Ёхуд у инжиқликларини, ҳар бир айтган сўзини бошқаларга бекаму кўст ўтказаётган кучли ҳукмдор, деб санайди. Тескариси содир бўлаётгани хаёлига келмагани каби, у ёғи уни қизиқтирмайди ҳам. Унинг шаклсиз ва маъно-мазмунсиз феъли, шуни тақазо этгани учун ҳам ҳукуматдагилар боши кесилган улоқ каби уни оёқлари остига олиб, қора тупроққа қоришга мажбур бўладилар. Шунда ҳам унинг жаҳолат лойига қорилган вужудидан бир томчи қон сизмайди. Он қадар безбетлиги боис на уялади, на изза тортади. Солимга ташланган улоқ каби ўзининг бетийиқ ҳислари орасида талон-тарож бўлса ҳам кетига бармоқ кирган тўтиқушга ўхшаб, безрайганча ўзини билмасликка солиб, битта сўзни такрорлайверади.

Вазирлари ҳам уни копток қилишни, ўзларининг азбаройи ботир қаҳрамонликлари учун амалга оширмайдилар. Қўрқоқ ва пасткашликлари сабаб, унинг хоҳиш-истагидан келиб чиқиб, эҳтиёжмандликлари учун амалга оширадилар, вассалом.

У сиёсатни санъат – ҳақиқий эркаклар иши деб тушунганда эди, эл-оламга бу каби очиқ-ойдин кулгу бўлмасди. Ҳар ким уни ҳар ерда масхаралаб, устидан кулмасди.

Унда заррача фаҳм-фаросат бўлганда, қонунларга қулоқ тутарди, мамлакатда сиёсий мухолифларнинг етишиб чиқишига тўсқинлик қилмасди. Ва пировардида, ўзбекнинг миллий қаҳрамонига айланарди. Ўзбек миллатининг янги тарихига таъмал тоши қўйган президент сифатида, элнинг ҳурмат-иззатига сазовар бўларди. Ҳеч бўлмаганда, ўзбеклар учун туркларнинг Камол Отатурки каби янги давр қаҳрамони шарафига эришарди.

Аслида, у шу бўлишида ҳам ўзбек халқининг миллий қаҳрамонига айланиб улгурди. У атторнинг қутисида йўқ беъмано ишлари билан ҳам, энди Ўзбекистон тарихида қора бир шахс сифатида, абадул-абад қолади.

У учун ижобий қаҳрамон билан салбий қаҳрамон ўртасида тафовут йўқ. Унга така бўлсин, сут берсин, дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайди. Бутун ўзбек қирилиб кетаётган бўлса ҳам кўзини лўқ қилиб, Ўзбекистон эришган буюк ютуқлар ва фаровон ҳаёт кечираётган ўзбеклар хусусида, тўлқинланиб ёлғонларни гапираверади. Барчаси, у ишлаб чиққан “Ўзбек модели” ва Мустақиллик шарофатидан эканлигини айтиб, шайтонлайверади…

Ҳаётда эса, умуман бошқа ишлар содир бўлаётган бўлади. Бутун мамлакатда чорак асрдан буён инқирозлар ҳукмбардорлик этиб, тинкаси қуриган халқнинг сара ўғил-қизлари уй-рўзғор ташвиши билан дунёга сочилиб кетган. Мамлакат ичкарисида қариялар, аёллар ва болалар ночор ҳаёт кечириб, минг машаққат ва юз азобда умргузаронлик қилиб юрган бўлади…

…Чақолоқ дунёга келмасидан бир-икки ҳафта аввал, туғруқхонага пора берилади. Қорнида боласини тўққиз ой кўтарган она, “бер”-“бер”лардан адо бўлган эсада, боласининг соғ-омон ёруғ дунёга келиши учун охирги кучини муштига йиғиб, қарз кўтариб бўлса ҳам, ҳеч нимадан қайтмайди.

Олдиндан пулини тўлаб қўймаса, бўшаниш учун келган аёлни энг исқирт, энг ночор палатага ётқизадилар. Замон талаблари даражасида қурилган шифохонанинг бир чеккасида, ҳар доим алмисоқдан қолган, шарти кетиб парти қолган бир-иккита палата топилади.

Ўзбекистондаги қонунлар: бизда шоҳу гадо тенг, ҳамма нарсалар инсон учун, унинг бахт-саодати учун, ҳамма яхши нарсалар болалар учун дея, кеча-кундуз бутун матбуотдан чиранмасин, улар ўзларини ҳимоя қила олмайдилар. Уларнинг кунидан, Каримов томонидан хўжа кўрсинга номига тузилган мухолиф партиялар куни авло. Халқ томонидан президентнинг “чўнтак партия”лари деб, аталадиган шотир партиялар, ҳар ҳолда, омадсиз тиланчилар эканликларини яшириш учун устиларига эски-туски кастум-шим кийиб, бўйинларига галустук тақиш имконига эгалар. Ҳукуматнинг оёғига пайтава сингари чувалишдан бошқасига ярамайдиган “амалдаги мухолифат” – “борми, бор” учун хизмат қилади.

Пўрим кийинган жандармларга ўхшаш қонунларнинг совуқ ва ҳиссиз ҳайкалдан  бошқа нарса эмаслигини халқ яхши билади.

“Ўзбек модели”нинг бош мақсади – жон билан тан каби мутаносиб бўлишлари жоиз бўлган фуқаро билан қонунларни бош бириктиришга қўймаслик. Бу йўлда, президент Каримов ҳеч бир нарсани қонун чиқарувчи органлардан аямайди. Қонунлар ва фуқароларнинг бир-бирларини танимаслиги, диктаторнинг умрини чўзади, жиноятларини хаспўшлашга баҳоналар топиб беради.

Аслида эса, биз замон талабларига жавоб беради, деётганимиз шифохоналарнинг ўзлари ҳам, юзи ялтироқ, ичи қалтироқ бўлиб, уларнинг ҳолати – Каримов Мустақиллигининг руҳий ҳолатидан умуман фарқ қилмайди.

Ҳар бир айтилаётган сўз, ҳар бир амалга оширилаётган ишнинг натижаси руҳий ҳолат ва инсоннинг ўзини ўраб турган дунёни қанчалик идрок этиши билан боғлиқ эканлигини англасак, ҳар қандай пурвиқор бино ҳам, энг сўнгги андозаларда жиҳозланган шифохоналар ҳам ҳеч нарсани англатмаслигини дарров тушунамиз.

Барчаси марказида, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмайдиган, сиёсий саводи ночор фуқаролар тургач, юлдузларни бенарвон урадиган асбоб-ускуналарнинг темир-терсакдан фарқи қолмайди. Улар халқни алдаш ва уларнинг чўнтакларига тушиш учун қўшимча куч сифатида қўлланилади. Қадр-қимматини, ихтиёрини бой бериб қўйган миллат ҳар бир соҳадаги каби соғлигини тиклаши учун ҳам умри-жони ва моли-дуёнси ҳисобидан товон тўлаб юраверади. Эр кулмаган кеч кулмас, кеч кулмаган ҳеч кулмас, деганлари сингари, қўлларида мўмай пули борлар ҳам врачларнинг ширин муомиласи ва риёкорликлари боис, ўзларини-ўзлари алдаб умри-жонлари ва инсонийлик шаънига зид туриб, бутнинг кармонини ўмарган маймун сингари шифохонадан бир қучоқ бўлиб семириб чиқадилар.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон