“Биздан ватанимизни тортиб олиб қўйишди-ку, битта уй нима бўлибди бунингдек кулфат олдида!…”

“Биздан ватанимизни тортиб олиб қўйишди-ку, битта уй нима бўлибди бунингдек кулфат олдида!…”
24 views
14 April 2016 - 5:15

malokhat1Тошкент шаҳар, Учтепа туман суд ижрочилари шу йилнинг 30 март куни 10 нафардан иборат тўда бўлиб босқинчиларча мен истиқомат қилаётган қизим ва куёвимга тегишли мол-мулкларни ноқонуний тарзда мусодара қилиб кетишгач, Ўзбекистон ҳукумат бошқарувидаги ҳақсизликларга қарши президент девони биноси олдида ўзимга ўт қўйиб қурбон қилиш орқали исён қилиш тўғрисидаги қарорим хусусида баёнот бергандим.

Яхшиямки, дунёда яхши одамлар бор. Яхши одамларнинг қўллови билан қароримдан қайтдим. Менга, ва оиламга маънавий ва моддий жиҳатдан кўмак қўлини чўзган яхшилардан беҳад миннаддорман.

Аммо бугун гап бу ҳақда эмас.

Мен “Каримов “қироллиги”нинг кирдикорлари” деган бир асар устида ишлаяпман.

Мабодо, асар ёзиш қўлимдан келса, Каримов салтанати ўз фуқароларини қандай қонқақшатиши, таҳқирлари, айбсиз айбдор қилиб Жаслиққа элтишлари…. барча-барча ёвузликларинини кўрган-кечирганларимни, бу тузумнинг жирканч, мунофиқ қиёфасини тасвирлаб, очиб беришга уринаман….

Мушоҳада қилиб кўрсам, бу тузум Мамадали Маҳмудовдек миллатпарвар адибнинг 17 йиллик умрига зомин бўлди, Мурод Жўраевнинг навқирон 23 йиллик ҳаётини оғулади, Муҳаммад Бекжонни айбсиз айбдорлик гирдобида қаритди, журналист Дилмурод Сайид, Солижон Абдураҳмонов, Аъзамжон Фармонов каби ўнлаб мустақил журналист ва ҳуқуқбонларнининг бебаҳо умрини сувга оқизди ва оқизмоқда…

Кўп узоққа бормайлик, яқингинада жиззахлик ҳуқуқбон Ўктам Пардаевни икки ой ноҳақ қамоққа олиб, қийнашди. Ҳуқуқ фаоли Дмитрий Тихоновнинг уйини кулини кўкка совуришди, таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаевани мажбурий тарзда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизишди…. Мана-ман деган миллат фидоийларини ўз ватанларидан бадарға этишди…. Бу ҳукуматнинг адолатпарвар одамларга қўллаган зуғуми, ёвузлиги ҳақида санасанг саноғига етмайсан киши….

Танишларимдан бири менга: “Каримовчилар ҳалиям сизни аяшибди. Шунча одамнинг жонига жабр этган, умрини увол қилган бир пайтда, сизнинг биргина молингизга зиён етказишибди. Ўзгаларнинг ғами, андуҳи, қайғуси билан ўзингизнинг ташвишларингизни бир тарозига солиб кўрингчи, қай бир палласи тош босиб кетар экан?” деб қолди….

Ҳукуматнинг “тала-тала”лари талотўпида ҳорижга бадарға этилган Ўзбек мухолифат лидерига “Эшитишимча, ҳукумат сизнинг ҳам Тошкентдаги уйингизни ноқонуний тарзда тортиб олганмиш?” деб савол берганимда, ундан қандай жавоб келганини биласизми?: “Биздан Ватанимизни тортиб олиб қўйишди-ку, битта уй нима бўлибди бунингдек кулфат олдида…” деган мазмундаги жавобнинг ўзи менга жуда катта сабоқ бўлди….

Энди ўйлаб кўрсам, бу ғирром тузум ўз фуқароларини кабоб қилиш ишқида тўрт томондан ўт пуркаётган оловлар тафтидан куймай, жизғанак бўлмай, ўлмай, омон қолганимнинг, тирик юрганимнинг ўзи манфур ҳукуматга нисбатан менинг энг улкан ИСЁНИМДИР!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист ва ҳуқуқбон