Мол бермаслар муҳтожга…

Мол бермаслар муҳтожга…
117 views
16 April 2016 - 6:00

Vasilyeva_Ekaterina_Old_KhivaМАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Оя дўнди  

Юзи моҳитобоним,
Кун янглиғ оя дўнди,
Чарх бўлибдир норвоним,
Кўк иниб пойга дўнди.

Ошиқ завқ-шавққа тўлди,
Ғам-ғуссаси йўқ бўлди,
Киприклари ўқ бўлди,
Қошлари ёя дўнди.

Ошиқни солдинг ўтга,
Қўйдинг, кетдинг уятга,
Кунўрта бердинг ваъда,
Вақт кечди, соя дўнди.

Жон қолмади баданда,
Ёнарман, “оҳ” этганда,
Кўзим ёрнинг изида,
Ҳар куним оя дўнди.

Минг савдом бор, бир бошим,
Қўйдим элим, қардошим,
Йиғламоқдан кўзёшим,
Жўшқин бир соя дўнди.

Ёрнинг кўнгли чоғ бўлди,
Ошиқлар тузоқ бўлди,
Ҳар томоним тоғ бўлди,
Туз ер қояга дўнди.

Истарман ёрни кунда,
Йиғларман қора тунда,
Зулфининг ҳар бир банди,
Тортилган ёя дўнди.

Шиғил боғлар эгилди,
Шўх булбуллар тийилди,
Оқар сувлар ёйилди,
Чўл ерлар сувга дўнди.

Даво йўқ юкли бошга,
Мол бермаслар муҳтожга,
Бойлар дўнди қаллочга,
Фақирлар боя дўнди.

Махдумқули, кезганда,
Ҳалаб, Қайсар тузинда,
Гўзал ёрнинг изида,
Умримиз зоя дўнди.

Қаллоч – оч-ялонғоч, камбағал.

*****

    Булутга қорди мени  

Ишқ юрагимда қайнаб, ёндирди дарди мени,
Тутуним елга бериб, булутга қорди мени,
Фалак қўлимни боғлаб, чархина солди мени,
Бир марднинг кўзи бирлан ким келиб кўрди мени,
Ҳижрон ёмғири ёғиб, ғам селга берди мени.

Ғам сели билан оқиб, ишқ ўлкасига бориб,
Хаёлим ўйдан толиб, ақлимни ел совуриб,
Таажжуб майдонида, мен ғариб қолдим ориф,
Ишқ ханжарини чекиб, ҳижрон юрагим ёриб,
Оламга достон этиб, офтобга ёйди мени.

На жасад ичра жон бор, на мадор қолди танда,
Ҳам саркашта, ҳам ҳайрон, бу ишга бўлдим банда,
На хастаман, на бемор, на мурдаман, на зинда,
Ғам ҳужум айлаб кўкдан, замин сари инганда,
Фалак қўлимдан тутиб, ҳавога берди мени.

Оғир аҳволга тушдим, ғам хуружи ўлдирди,
Бу ишнинг сариштасин ишқ ўқитиб билдирди,
Яратган раҳм этиб, офатлардан қолдирди,
Жамоли жилва берди, ичим шавққа тўлдирди,
Сўзламайин найлайин, ёронлар, ёрди мени.

Махдумқули, беклигим, ёр жамоли қул этди,
Висол умидин бериб, юз тилли булбул этди,
Айрилиқ ўтга солди, фироқ турди, ел этди,
Ишқ тортиб забонимдан, ёқиб, ўртаб, кул этди,
Ҳижрон фаромуш қолиб, елга совурди мени.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди