“Илоё Шанхайи ҳам ўлсин, Шанхайни Тошкентга чақирган Каримов ҳам ўлсин!”

“Илоё Шанхайи ҳам ўлсин, Шанхайни Тошкентга чақирган Каримов ҳам ўлсин!”
57 views
17 April 2016 - 16:07

trassa15012010Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)нинг Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган учрашувига ҳозирлик кўраётган Каримов режими пойтахт кўчаларини ўрта мактаб ўқитувчиларининг ҳисобидан безашга киришди.

Тошкент халқаро аэропортидан тортиб, президентнинг Оқсарой ва Кўксарой қароргоҳларигача бўлган кўчаларда жойлашган мактабларда ишлайдиган ўқитувчиларга йўл четларига чим ва гуллар экиш, гултуваклар қўйиш ва мактаб фасадларини янгидан безаш “вазифалари” юклатилган.

Президент девони бошлиғи З. Ҳайдаров ва Президент хавфсизлиги хизмати раҳбари М. Тоҳирийлардан келган топшириқни мактаб директорлари ва ўқитувчиларга етказиш ишларини Яккасарой, Миробод, Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари ҳокимлари амалга оширишмоқда.

Улар президентнинг автокортежи ҳаракатланадиган трасса юзида жойлашган мактабларнинг директор ва ўқитувчиларини йиғиб, уларга зудлик билан ўз ҳисобларидан чим, гул, гултуваклар сотиб олиб, мактаб фасадини қайтадан таъмирдан чиқаришни талаб қилишмоқда.

“Чимнинг бир квадрат метри 100 минг сўм экан. Гултуваклар эса ўртача 150 минг сўм турар экан. Мактабимизнинг олдига шу чимни ётқизиш ва ана шу гултувакларни ўрнатиш учун 3-4 миллион сўм керак. Арз қилайлик десак, ҳокимнинг ёнида ўтирган прокурор билан МХХ ходими: “Фаолиятингизни яхшилаб текширсак, албатта, хато топамиз ва жазолаймиз”, деб пўписа қилишмоқда. Каримовнинг куни биз ўқитувчиларнинг маошига қолган бўлса, тамом бўлибди бу президент”, дейди президент трассасида жойлашган мактабда ишлайдиган ўқитувчилардан бири. Унинг айтишича, “йиғилишларда ҳоким, прокурор, мххчи ва начальник милисалар ўзларини қароқчилардай тутишаяпти” экан.

Масалан, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигида ўтказилган ана шундай йиғилишда туман ҳокими ва прокурори ўқитувчиларнинг: “Ҳали маошимизни олганимиз йўқ. Шунча пулни қаердан оламиз?”, деган эътирозларига: “Ота-оналардан йиғинглар!”, деб жавоб қайтаришган.

“Биз мактабдаги ота-оналар кенгашини йиғиб, ҳокимнинг топшириғини етказган эдик, жаҳли чиққан бир пенсионер: “Илоё Шанхайи ҳам ўлсин, Шанхайни Тошкентга чақирган Каримов ҳам ўлсин!”, деб бақириб кетди. Кекса аёлни зўрға тинчлантирдик”, – дейди мактаб директорларидан бири.

“Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти йилига саккиз фоиз барқарор ўсмоқда”, дея мақтанаётган мустабид Ислом Каримов режими атиги 30 километрлик трассага гул ва чим экиш учун пул топа олмай, мактаб ўқитувчиларининг маошларига кўз тикаётгани режим иқтисодий жиҳатдан нақадар аянчли аҳволга келиб қолганини кўрсатади.

ЎХҲ ахборот бўлими