Мен Сенга етдим…

Мен Сенга етдим…
66 views
20 April 2016 - 12:35

Rauf Parfi - 1Рауф Парфи Ўзтурк

ТАВБА

1.
Додимни эшитгил, қодир Аллоҳим,
Ишқ сенсан, ошиқ ҳам сен, мен қулингман.
Лойиқман қаҳрингта, дўзахим-боғим,
Омонат деворман, ўтман, қулингман.

Рубъи маскун ичра сайёд, ўзим сайд,
Ортиқ мадорим йўқ, воқифсан ахир.
Манглайда ёзилган фармонингни айт,
Даъват қил, гуноҳкор бандангни чақир.

Иймон бер руҳимга, жисмимга жон бер,
Лойимни қориштир, поклаб бер менга.
Ожиз томиримга покиза қон бер,
Равшан қил, қорамни оқлаб бер менга.
Охират илмидан қил мени огоҳ,
Муродим шаъмини сўндирма, Аллоҳ.

2.
Мозийга урилиб синар овозим,
Умр ўтиб борар бенафъ, бенаво –
Наҳотки бу – қўлим? Бу менинг созим?
Аллоҳдан сўрайман – Нечун бу жафо?!

Жами жудоликлар жонимга етди,
Ол, дейман, Аллоҳим, омонатингни.
«Тавба» қил, – деди Ул, бир Китоб тутди –
Муродинг мустажоб, мингил отингни,
Уммонлар йўлингда, жангал йўлингда,
Номаълум ҳар жойда қурилган доринг.
Оламнинг калиди сенинг қўлингда,
Жафо ҳабибингдир, хиёнат – ёринг».

Аллоҳим, лаҳза – мен, сен эрса мангу,
Таскин берганингаи, шафқатингми, бу?!

3.
Семурғ қушим, подшо қушим, хуш келдинг,
Етти гумбаз, етти водий сарвари.
Васлинг неъматидан баҳравар қилдинг,
Интизор жонингман, йўлсиз, сарсари.

Нола айлаб Семурғ деди: – Эй, бедор,
Чорлар сени бир уборим. Бор. Ишон!
Сен фано водиси, Ҳақ қошига бор,
Еру осмон чўкмакдадир бенишон,
Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот.
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора, дея сўрдилар нажот…

Аллоҳим, билурсан қай сори кетдим,
Аллоҳим… мен ўлдим… Мен Сенга етдим…

22.11.1994