Ўзбекистонда матбуот эркинлиги қай даражада?

Ўзбекистонда матбуот эркинлиги қай даражада?
149 views
20 April 2016 - 14:07

1276c92303f29b3aa3f99e0636a73346“Чегара билмас муҳбирлар” халқаро нодавлат ташкилотининг бутун жаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон 180 мамлакат ичида 166-ўринда.

Матбуот эркинлиги индекси – бу ҳар йил жаҳон давлатларидаги вазиятни тадқиқ қилиб, муассасаларда матбуот эркинлигига тегишли маълумотлар бўйича ташкилотларни баҳолашга асосланган, “Чегара билмас муҳбирлар” ташкилоти томонидан тузиладиган ва эълон қилинадиган маълумотдир. Баллар қанчалик кам бўлса шунчалик матбуот эркинлиги ҳақида гувоҳлик беради.

“Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан буён президентлик қилиб келаётган Каримов ўз мамлакатини қатъий цензура остида ушлаб келмоқда. Камида 9 та журналист жуда ёмон шароитларда қамоқхоналарда азоб чекишмоқда. Улар қаторида 2013 йил “Чегара билмас муҳбирлар” мукофоти билан тақдирланган Муҳаммад Бекжон ҳам бор. Оммавий ахборот воситалари устидан ўрнатилган тўлиқ назоратдан кўнгли тўлмаган ҳукумат, охирги йилларда интернет цензураси борасида ҳам ўз услубларини  такомиллаштирди, оқибатда яширин равишда чет эл ОАВлари билан ҳамкорлик қиладиган шундай ҳам оз сонли мустақил журналистларга нисбатан босимни янада кучайтирди”,- деб таъкидаланади ташкилот ҳисоботида.

Ўрта Осиё мамлакатларидан шунингдек: Туркманистон 178 ўринда, Қозоғистон 160, Тожикистон 150-поғонани эгаллаган (34 поғона пастга тушган), Қирғизистон 85-ўринда (ўз ўрнини 3 поғона яхшилашга эришган).

Матбуот эркинлиги рўйхатида одатдагидек скандинавия давлатлари етакчилик қилишмоқда: Финландия, Голландия ва Норвегия. Рейтингнинг сўнгги поғоналарини Туркманистон, Шимолий Корея ва Эритерия эгаллаган.

“Кўплаб давлат раҳбарлари мустақил журналистлар томонидан қилинадиган қонуний танқидга деярли параноик муносабат кўрсатишади. Автократик президентлар ва ҳукуматлар қонунлар кўмагида ўзларини ҳар қандай танқиддан ҳимоя қилишса, бу барча сиёсий муҳокамаларни бўғади ва ўз-ўзини цензура қилишга йўл очиб беради, ваҳолангки фаол, полемик ОАВлар айнан муаммолар энг жиддий жойларда керак ва жамият келажак учун энг қулай йўлни танлай олиши лозим”,- дея таъкидлади “Чегара билмас муҳбирлар” ташкилоти вакили Михаэль Редиске (Michael Rediske).

Ушбу индекс у ёки бу мамлакатда қўлланиладиган матбуот, намойиш ва жонли узатиш оммавий ахборот воситалари, журналистлар ва ахборот ташкилотлариниг эркинлик даражасини, ҳамда ҳукуматларнинг ушбу эркинликни ҳурмат қилиши ва ҳурмат қилинишини таъминлаш учун ҳатти-ҳаракатларини баҳолайди.

Ушбу ҳисобот “Чегара билмас муҳбирлар” ташкилоти ва унинг дунё бўйлаб 130 нафар муҳбирларига, шунингдек журналистлар, тадқиқотчилар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги юрист ва фаолларга жўнатилган сўровномаларга асосланган.

Сўровномада, оммавий ахборот воситалари ва журналистларга уюштирилган бевосита ҳужумлар, ҳамда матбуот эркинлигига билвосита манбалар томонидан ўтказилган босимлар ҳақидаги саволлар мавжуд.

ЎХҲ хабарлар бўлими