Қамоқхоналарга узликсиз ўринбосарлар тайёрлаш

Қамоқхоналарга узликсиз ўринбосарлар тайёрлаш
170 views
21 April 2016 - 5:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpgҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(10)

Врачлар пора бера олмаган кимсадан, пора берган кимсани яхши даъволайди, деган гап-сўз аслида бир афсона. Шифокорларнинг ҳирси-дили пул бўлгач, пора берганларга керак бўлса-бўлмаса, нинани кўпроқ санчиб, кўпроқ таблетка берилса, бўлар-бўлмасга суҳбатлашиб, кулгуси келмаётган бўлса ҳам, тез-тез табассум улашиб қўйилса олам гулистон.

Пора бермаган мижозга эътибор оз бўлади. Оқибат, қўлида беришга пораси йўқ хаста заҳарланишдан қутулади.

Нинага ўрганган мижоз касалхонага ётмаса, яшай олмайдиган бўлиб қолади.

Пора берган мижоз билан пора бермаган мижознинг фарқи, мана шунда. Уларнинг бир-бирларидан бошқа фарқлари йўқ.

Албатта, бу масаланинг бир томони. Таг замир олиб қараладиган бўлса, бутун мамлакатни ҳаракатга келтириб турган пора олди-бердисининг минг битта қирраси бор. Тадбиркорлик қилиш қўлидан келмайдиган жамиятларда, поранинг гуллаб-яшнаши ҳам бор гап.

Соғликни сақлаш соҳасидагилар, яхши шифокор бўлгандан кўра, Мустақиллик шароитида ёмон руҳшунос бўлган минг марта афзал эканини жуда ҳам яхши биладилар. Тиббий саводи йўқ халқ билан ёлғон-яшириқлар орқали тиллашилмаса, оч қолиб кетишлари ҳам, уларга яхши аён.

Каримовнинг “Ўзбек модели” асосида, муттассил пастга қараб ривожланаётган мустақил Ўзбекистонда, ҳар бир соҳада ва ҳар бир жабҳада, мана шу руҳ мана шу усул устивор. Каримов ўзи тан олиб айтганидек, унинг: ўзига хос ўзига мослиги ҳам, мана шунда…

Врач пора олмаса, иложи борича беморнинг олдига кирмасликка ҳаракат қилади. Дори-дармон тақчиллигини писанда қиладиган ҳамшира қош-қовоғини уйиб, ҳар сафар ичбуруққа учраган кимса сингари унинг олдига, буралиб кириб чиқади.

Иккинчи томондан, бюжеддан ажратилган дори-дармонларнинг ҳам камида 40 фоизи шифохонага етиб келмайди. Юқоридагилар “юзинг-кўзинг” демай, ўнг қўли билан бериб, чап қўли билан ўмариб турганидан кейин, пастдагилар ҳам етиб келган дори-дармоннинг қолган 30 фойизининг гўрини кавлайдилар. Ундан ҳам пастдагилар, турли-туман усуллар ишлатиб, яна 20 фоиз дори-дармонни ҳазм қилиб юборадилар. Шунда, ажратилган дори-дамонларнинг 90 фойизи ҳар хил йўллар орқали қайтиб сотувга чиқади. Президентдан тортиб, токим ҳамшираларгача бўлган тизимда, бошқа соҳалардаги сингари халқни очиқчасига кундузнинг куни чув туширадилар.

Ўзбекистон президенти ўзининг ёлғон-яшриқлари, хиёнатлари, миллатфуруш-ватанфурушлиги, худосизлиги ва фиръавинланиш каби гуноҳларига бутун миллатни – хавфсизлик ташкилотлари, маориф, маданият ва ҳаказоларни… шерик қилгани сингари Соғликни сақлаш соҳасидаги барча қинғир ишлари туфайли кўз очадиган мудҳиш жиноятларига ҳам соҳа ходимларини шерик қилади. Бу билан у қамоқхоналарга узликсиз ўринбосарлар тайёрлаш сиёсатини амалга оширади. У ҳам энидан, ҳам бўйидан урар экан, кечагина унинг номини фахр-ифтихорга тўлиб айтиб кўкрагига муштлаб юрганлар, бугун ўзларини Тоштурмада кўрадилар.

Аммо, бирор-биттаси бу кўргуликлар замирида президент Каримов турганини билса ҳам, адолатсизликдан, “дод” демайди, юрак-бағри куйиб кетаётган бўлса ҳам, “…уйимни куйдирдинг, уйинг куйгур, Бойқушали” демайди. Гўё, у туғулмасидан олдин ўзининг шунга маҳкум қилинганини башорат қилар экан, “Пешонада бор экан, тақдирдан қочиб қутулишнинг иложи йўқ”, дея алломалик қилмоқчи бўлади. Ўзини замонанинг тушунган кишиси кўрсатиб, ўзгаларга: ота билан ўйнашиб бўлмайди, Мирсаидов билан Қўқоновга ўхшаганларни тирик ўлдирди. Ер юзини сўраб турган бой билан графни, “гаҳ” деса, қўлига қўнадиган қилиб қўйди. Кўча ҳам, бозор-ўчар ҳам ўзи, дея панд-насиҳатлар беради.

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон