Ҳайф этиб сотилган…

Ҳайф этиб сотилган…
280 views
22 April 2016 - 7:00

untitledМАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Ошиқ бўлмишам

Эй, ёронлар,  бир юзи гул оя ошиқ бўлмишам,
Барчалар мақсуди – гул, раънога ошиқ бўлмишам,
Булбулам боғ ичра бир, ғовғога ошиқ бўлмишам,
Ўзи ғойиб, зулфлари ялдога ошиқ бўлмишам,
Манзилим тоғ ичрадир, саҳрога ошиқ бўлмишам.

Чун фалак солди мени ул кун фано тупроғига,
Тушди сайрим доимо Макка, Мадина тоғига,
Булбул бўлдим, сайрадим, кирдим Эрамнинг боғига,
Оёғимдан илиндим, ғам аҳлининг тузоғига,
Юз бало – меҳнатли бир совдога ошиқ бўлмишам.

Кўнглим ичра ёр ғамидир, манзилим саҳрода, ҳай,
Тортишим ғам-ғуссадир, мен дўнмишам Фарҳодга, ҳай,
Солди ишқинг, дилбар-о, жону жигарим ўтга, ҳай,
Водариғо, ўтди умрим, зоя бердим бодга, ҳай,
Оҳи кўп, афғони кўп, бир кўя ошиқ бўлмишам.

Билманам, ул на баҳрдир, на муаззам тоғидир,
Олди кўнглим, кетди ақлим, тан мудом не чоғидир,
Ани нисбат этмак бўлмас, қумри, булбул, зоғидир,
Ой, ғараз, ҳар зулфида етмиш минг эр тузоғидир,
Қадди-қомати баланд, зебога ошиқ бўлмишам.

Дўст, ҳавойи васлингни, мен чину чандон истарам,
Дому зулфинг қасдига ўзимни зиндон истарам,
Дема: “Ғамдан бир замон кўнглимни  хандон истарам”,
Бир ғариб ошиқманам, ёр, сени сендан истарам,
Кечаю кундуз, билинг, “ҳу-ҳо”га ошиқ бўлмишам.

Ёрнинг васлидан ўзгага интизорим йўқ менинг,
Қолмишам ҳайрон бўлиб, ғайри мадорим йўқ менинг,
Олди жоним ишқинг ўти, ихтиёрим йўқ менинг,
Келса, ақлимни олар, кетса, қарорим йўқ менинг,
Ғамзаси ўқ, қошлари ол ёя ошиқ бўлмишам.

Айтадир, Махдумқули, мен анда конга учрадим,
Сайр этиб бордим, фалакка, ламаконга учрадим,
Чун мени расво қилибдир, ишқ – танҳога учрадим,
Етмиш икки шаҳр ичида, минг бир дўконга учрадим,
Шунча саргардон-сабилу, зоя ошиқ бўлмишам.

*****

Улашдим

Саҳар чоғи сайрон этиб кезардим,
Ажаб манзил, ажаб жойга улашдим.
Ҳолим билмай, йўлдан-йўлга озардим,
Хўп макона, хўп сароя улашдим.

Устозсиз ушланган, кирмай қотилган,
Ҳайф этиб сотилган, элсиз тутилган,
Қўл тегмай тортилган, ўқсиз отилган,
Чилласиз қурилган ёя улашдим.

Неча дўстлар билан сайронда, сайр,
Хатардан беписанд карвонда, хайр,
Жондан умид узиб, ҳайронда, охир,
Юлдуздан йўл ясаб, оя улашдим.

Кўнглим кетди дўстлар ичган шарбатда,
Улар юз сафода, мен минг ҳайратда,
Айрилиб, нолада, қолдим ғурбатда,
Чашмадан сув истаб, чоя улашдим.

На танда қувват бор, на ичда жон бор,
Бу ишда на суд бор, билмам, зиён бор,
На ҳисоб, на ҳосил, наинки сон бор,
Киши билмас, не савдога улашдим.

Бошга боғлаб девоналик камандим,
Сакратиб етишдим ишққа самандим,
Ол шаробга қўл узатдим, иймандим,
Дурустин ичмишлар, лоя улашдим.

Махдумқули дерлар менинг отимни,
Дунё қўлин тортар, кўрса ўтимни,
Эй, ёронлар, кимга айтай, додимни,
Бошим чиқмас, не ғавғога улашдим.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди