Ўзаро бирлик…

Ўзаро бирлик…
122 views
23 April 2016 - 7:00

Уйгурла,_1930-е.1Алихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 32

(давоми)

Жанг Жун ҳукуматига Шинг Дубаннинг бош қўмондон бўлиб келиши, Масковнинг режаси билан бўлгани учун, шу кундан бошлабоқ Жанг Жун ҳукумати ўлим тахтасига тортилиб, кўмилишга тайёрланмиш эди. Шинг Дубан Урумчига келиб, ўзига тегишли ишларни қўлга олгач, 1932 йили совет ҳукумати 20 мингдан ортиқ хитойни (хунхўзони) ўтказиб, Шинг Дубан қарамоғига топширди. Бу маккор хитой Урумчидаги совет элчихонасидан илҳомланиб, бир ёқдан қўзғолончиларга қарши ҳаракат кўрсатган бўлса ҳам, асосий топшириқ Жанг Жун ҳукуматини туб томири билан ағдариб ташлаб, ўрнига Хитой раҳбарлигида ёширин «Қизил Уйғуристон» қурмоқчи эди. Шунга кўра икки томонлама иш кўрсатиб, ҳукумат маркази атрофида ёширин инқилобий сиёсат юргизган бўлса; казак руслари аралаш хитой қочоқларидан кучлик қўшин тузиб, сурбетларча қўзғолончиларга қарши юборди. Лекин, булар бўлаётган бу ишнинг туб негизини халққа тушунтириш ўрнига, хитой аскарлари, айниқса оқлардан тузилган рус аскарлар гуноҳсиз халқни қириб, уларга қаттиқ жабру зулм кўрсаткали турди.

Ташкилий равишда очиқ бир мақсадни олдига кўйиб, бир ерга суянган ҳолда кўтарилмаган қўзғолонларда, албатта, шундай кўнгилсиз ишларнинг бўлиши табиийдур. Шунинг учун Кўнатурпонли Аламохун, Момутохун, Хилимҳожилар бошлиқ бир неча обрўйлик одамлар, мусулмонлар томонидан элчи бўлишиб, Шарқий Туркистонга чегарадош Гансу ўлкасининг ҳокими, хитой мусулмонларининг энг улуғ раисларидан Хўжу, Солар волийси Мобуфанг жанобларидан ёрдам сўрашиб борадилар.

Шундоқким, «Сизлар билан бизлар ҳаммамиз бир мусулмонлармиз, кофирлар қилған жабр  зулмларига чидаёлмай сизлардан ёрдам сўраб келдик. Қуръон ҳукмича бутун мусулмонлар дин қардош, бир жон, бир тан бўлғанликдан ҳар тўғрида, айниқса, босқинчи кофирлар зулмидан қутқазиш учун бирбирларига ёрдам етказишлик шариатда фарз бўлмишдур. Агар бизларга ёрдам бериб, шу билан босқинчилардан қутилар эканмиз, албатта, келгусида сизга байъат берамиз», деб ваъда берадилар. Буларнинг сўзини онглағач, ўзаро кенгаш ўтказган сўнггида, ўз иниси ёки акасининг ўғли жияни, 25-30 ёшдан ўтмаган Гасилинг отлиқ йигит қўмондасида тўрт беш минг аскар чиқаришга тўхтам қилди.

Бу қаҳрамон қўмондон оз бўлса ҳам Япония ҳарбий мактабида тарбия топганлигидан, бутун аскарларини энг сўнгги япон ҳарбий тизимида тайёрламиш эди. Бунинг устига бу аскар қўшини хитой мусулмонлари ичида диндорлиқ ва қаҳрамонлиқда атоғи чиққан Хўжу, Солар тунгонларининг фидойи йигитларидан қурилмиш эди. Ўзларининг бу сафарларини диний жиҳот деб ишонганликлари учун, бутун мусулмонлар ва диний олимлар томонидан бу қаҳрамон аскарларга: «Худо йўлида жонфидолар» номи берилмиш эди. Шунга белги бўлсин деб, катта ҳарфлар билан ўчмас сиёҳда, ҳар бир аскарнинг кўкрагига арабча «Фийсабилиллоҳ» деган сўз ёзилмиш эди. Бу қаҳрамонлар руҳоний диний томонларидан қандай чингитилиб тўлиқланган бўлсалар, жисмоний томонлари ҳам шу каби тарбият топиб, чингитилмиш эди.

Манжурия майдони бўйлаб японларга қарши қўйилган Чан Кайши аскарлари кўп жойларда улардан мағлубиятга учраб, орқага чекинмиш эдилар. Лекин, ислом номусини сақлаган ёлғиз шу қаҳрамон бир неча ўринларда қарши душманлари японларга қаттиқ зарба бериб, шонлиқ ғалаба қозонмиш эди. Мана, шундоқ кўтаринки руҳ билан турган бу қаҳрамонга Мобуфанг жанобларидан фармон бўлғач, зулм кўрган Шарқий Туркистондаги мусулмон дин қариндошлари ёрдамига чиқмишдур. Элчилар бошлиғи Аламохун, Хилимҳожимлар қоловузлиги билан 8 кунлик ўзан Шин Шишо қисиғидан ўтиб, бир неча кўналғулиқ кенг майдондан кесиб ўтар чоғида; бу ишдан хабар топиб, қаршисида кутиниб турган Шинг Дубан аскарлари ҳеч қандай қаршилик қилолмасдан, биринчи тўқинишдаёқ орқага чекиниб, бош оломон қоча бошлайдилар. Шу каби қаттиқ зарба еб, мағлубиятга учраган Хитой аскарлари Қумулдан ўтиб, Гужунгга келгунча бирор жойда қарши туролмадилар. Қочган душманни ўз уйида қувиб, Қумулда Хўжаниёз билан кўришиб, у билан иттифоқ тузиш энг зарур бўлғанликдан, Қумулга кирмиш эди.

Эшитишимизча, иккови кўришиб, асл мақсад айтилган сўнггида, бирлик иттифоқлик тузишганлар; ваъда бузилмаслиги учун қасам ичиб, Куръон кўтармиш эканлар. Лекин Гасилингнинг бу қадар интизомлик, замонавий усуллар билан тайёрланган қўшини тўсатдан чиқиб қолиши, Кремлни анча ташвишга туширмиш эди. Айниқса, бу икки қўмондон иттифоқи, бутун мусулмонларнинг ислом йўлида қўзғалишлари учун сабаб бўлиши мумкинлиги, уларда айримча қўрқинч туғдирмиш эди. Шунга кўра, бу алдамчи маккорлар бутун кучларини сафарбарликка келтириб, бунга қарши чора кўришга кириштилар. Буларнинг энг биринчи қилган ишлари эса, мусулмонларни қайси йўл билан бўлса ҳам бирлик иттифоқларини бузиб, бу икки қора ботирларни бирига бирини қарама қарши кўйиш эди. Ҳар икки томоннинг қора нодонлигидан фойдаланиб, кўп қийинчилик кўрмасданоқ бу мақсадларига тезда эришдилар.

Шундоқки, ислом руҳида қўшилган бирлик иттифоқлари орқали, икки қўмондон қўл остидаги мусулмон аскарлари Қумулдан чиқиб, Урумчидан 3-4 кунлик шарқ томонда бўлган сапиллик Гужунг шаҳрини келиб қамал қилдилар. Қалъабузар қуроллари, тўплари бўлмаса ҳам, сапил устига еткудек қилиб, бир икки юз чамали шоти нарвон тайёрламиш эдилар. Оз бўлса ҳам ислом руҳида тарбият топган, шаҳидлик ишқида ўлимни ўйламаган жон фидо мусулмон аскарлари, иш кўрган қаҳрамон Гасилинг қўмоқдасидаги тунгон аскарлари бошлиқ, кўпчилик оломонлар «Оллоҳу акбар» садосини кўкка кўтариб, душман қалъасига ёпишғали турдилар. Қалъа устидаги душман аскарлари тарафидан отилган тўп тўфонгларга, улар томонидан кўрсатилган ҳар турлик қаршиликларга қарамай, тўрт беш соатлик қаттиқ жанг сўнггида Гужунг шаҳрини олдилар.

Ўз вақтига кўра қўзғолончи мусулмонларининг бу каби улуғ ғалаба қозонишлари ўлка бўйлаб яшаган ерлик халқнинг руҳини анча кўтарди. Бунинг устига бу икки қўмондон Гасилинг, Хўжаниёз қаҳрамонлиғи эл оғзида достон бўлиб, душманларни анча қўрқитмиш эди. Ҳақиқатда эса, бу урушда иш кўрсатиб, энг қаҳрамонлиқ қилғонлар низомий аскарлар бошлиғи Гасилинг ва ҳам унинг иниси Шусилинг бўлиб, булар фармонидаги фидойи тунгон аскарлари эди.

Илгаридан бери бу ерда сақланиб келган эски қурол яроқ, уруш ускуналари ва ҳам Жанг Жун ҳукумати қисилиб қолган вақтда советдан олган янги қуроллардан, эскиси янгиси бўлиб 25 мингдан ортиқроқ қурол яроқ ўлжа олинмиш эди. Замонавий урушларда эса, кўпинча ҳужумчи аскарлардан ортиқроқ чиқим бўлиши табиийдур. Шунга кўра ёғдириб турган ўққа қарамасдан Шусилинг қўмондасида сапил устига ҳужум бошлаган тунгон фидойиларидан, қўмондонлари бошлиқ кўпгина аскарлар қурбон бўлмиш эди. Ҳеч нарсага тушунмаган, жаҳолат балчиғига бутунлай ботган Қумул, Турпон қўзғолончилари бошлиғи Хўжаниёз, Момутсилинг ўзлари қарши урушаётган Жанг Жун байроғи остида ва унинг ортида кимлар мўралаб ётқанини қайдин билсинлар! Маккорлар тарафидан атайин ташкил қилинган фитначи иғвочиларнинг сўзларига тездан алданиб, «Гужунг урушидан олинган ўлжа мол, қурол жабдуқларни ўртада баробар бўлмади, эскиларини қолдириб, янгиларини ўзлари олишди», деган фитна сўзлар баҳона бўлиб, уйғур тунгон мусулмонларининг иттифоқлари бузила бошлади.

Ҳақиқатда эса, болани отадан ажратқудек бузғунчи сеҳрчилар илҳоми билан Хўжаниёз, Момутсилингларнинг мияларига мансабпарастлик ўрнатилмиш эди. Бирлик иттифоқлик устида ичган қасамлари, кўтарган Қуръонлари қаёқларда қолди? Шунга қараб ҳурматини сақламадилар.

Англашимизча Гасилинг ўртага киши қўйиб, «Улар келсунлар, кўришиб сўзлашайлик, орамиз бузулғудек бизлардан бирон иш ўтгани йўкдир, атрофимиздаги кофир душманларимиз бутунлай ўраб турган шундай оғир кунларда биз мусулмонлар ўзаро бирлик, иттифоқимизни йўқотсак, Қуръон ҳукмини бузиб динимизга хиёнат қилиб, ўз қўлимиз билан ўзимизни ҳалокат чуқурига ташлаган бўламиз», демишдур.

Шу ўхшаш сўзлар билан ораларидаги қасам ичишиб, Қуръон кўтариб қилишган аҳду паймонларининг бузулишини эскартиб, буларнинг ортидан қандай ёмон кўнгилсиз ишларнинг келиб чиқишини кўрсатиб чақирса ҳам, улар қабул қилмаганлар.

Сўз шу ерга етганда, ўтмишдаги ислом уламоларимиз ўрталарида мунозара майдони бўлган ҳақиқий иймон, тақлидий иймон масаласи кўнглимга келмиш эди. Тақлидий иймон Тангри олдида мақбулми, ё мақбул эмасми? деган савол устида тўхталишиб, бу ҳақда кўп баҳс-мунозара қилмиш эдилар. Узун текширувлардан сўнг, «Тақлидий иймон зоҳир шариат олдида дунёлик ҳукмлар учун қабул қилинса ҳам, ҳақиқий иймон бўлмаганликдан Аллоҳ қошида мақбул эмас», дедилар. Ҳақиқий иймонлик одам худо ва расулни ўртага қўйиб онт ичиб, Куръон кўтариб ваъда берган бўлса, бундай улуғ аҳдни бошига ўлим қиличи келса ҳам бузмайдур. Агар бузар экан, ундақ одамнинг иймони юзаки, ҳали кўнглига кирмаган, тил учида бўлиб, мунофиқлик аломатидур.

Агар ҳақлик киши кўнглига киргани рост бўлар экан, ботиллик белгилари ул одамдин, албатта, йўқолгусидир, чунки иймон нури ёритган кўнгил ичида куфр қоронгусининг туриши кундуз ёруғи билан кеча қоронғулигининг бирга бўлиши демакдир. Улар нифоқ ва жаҳолатлик касофатидан душманларига алданиб, арзимаган, бўлмаган ишлар баҳонаси билан ўзаро бирлик иттифоқларини буздилар. Шунинг натижасида бўлаётган озодлик инқилобий ишларига ҳам қаттиқ зарба етмиш эди. Булардан халқнинг кутган тотлиқ хаёлий умидлари ҳам узилди.

(давоми бор)