Ҳасад ўтини ўчиришга энг ўткир дори…

Ҳасад ўтини ўчиришга энг ўткир дори…
86 views
27 April 2016 - 6:00

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 35

(давоми)

ЗАКОТНИНГ ФАРЗ БЎЛИШИ

Яна шу йили бой кишиларга нисоби етган молларидан закот бериш фарз бўлди. Закот фарз бўлиши ҳақида шу оят тушган эди:

«Ақимус солата ва атуз заката», яъни «Намоз ўқинглар ва закот беринглар», демакдур. Агар бир кишининг ўз ҳожатидан ортиқча кумуш ақчаси икки юз тангача, олтин бўлса, йигирма тиллога етса, ёки тижорат савдо қилиш учун сақлаган молининг баҳоси ўшанчалик бўлса, бунинг устига йил айланиб ўтган бўлса, мана шул молнинг қирқдан бирини закот нияти билан фақир, мискин, етим-есирларга бермак фарздур. Закот — беш бинои Исломнинг бирисидур.

Шунга ўхшаш, агар бир кишининг қўйи қирққа етса, сигири ўттизга, туяси бешга етганида, буларнинг устига йил айланиб ўтганда, шулардан шариат буюрганича закот чиқармоқ ва чиққан деҳқончилик унумларининг ўндан бирини Худо йўлига топширмоқ барча мусулмонларга фарздур. Буларни йиғиб олиш, шариат кўрсатган ўринга топшириш ишлари подшоҳ ёки ҳукуматнинг ҳаққидур. Агар бу ушур закотларни олиш-беришда Қуръон кўрсатганича иш қилсалар, мусулмон фақирларининг ҳожатсиз бўлишларида ҳеч шак йўқдур. Касбдан ожиз қолиб, ҳожатга тушган кишиларнинг турмушларини тўлиқ таъмин қилишга албатта бу иш кафилдур. Бошқаларга ўхшаб, бу ҳақда турли тадбирлар ўйлаб чиқаришга ҳеч ҳожат йўқдур. Агар инсон оламининг оқил донишмандлари инсоф юзасидан чуқур назар қилсалар, дунё йўқсулларини таъминламоқ учун энг биринчи чора шулдур. Бой-чоғойлар орасида яширин ётган ҳасад ўтини ўчиришга энг ўткир дори шулдур. Нечук шундай бўлмағайким, Аллоҳ таоло бандаларининг дунё ва охиратлик ишларини тузатиш учун ўз ҳикмати билан чиқарган энг улуғ бир тадбирдур. Бу ҳикматлик ҳукмни амалга ошириш бутун ҳожатлик инсонлар ҳаққини ҳимоя қилиш демакдур.

БАДР ҒАЗОТИ

Бу ғазот эрса, бутун Ислом оламида бўлган ғазотлар ичида энг улуғ аталмишдур. Бунинг улуғлиги моддий жиҳатдан, яъни аскарнинг кўплиги, яроқ-жабдуқнинг мўллигидан эмас, балки маънавий-диний томондан қаралганда, бек улуғ ғазотдур. Юқори олам, яъни етти қат осмон, то Лавҳу Қалам, Арши аъзам фаришталари олдида ҳам бу ғазотнинг шуҳрати бордур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келишлари билан, ҳидоят қуёши янгидан туғилган бўлса ҳам, лекин бу қутлуғ ғазот натижасида ҳидоят аҳллари зафар байроғини кўкка кўтариб, бутун залолат оламига майдон ўқидилар. Улуғ фаришталардин Жаброил, Микоил, Исрофил алайҳиссалом, бу учовлари уч туғ кўтарган уч минг фаришта билан майдонга ҳозир бўлдилар. Бу сирни Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга Қуръонда бу оят билан хабар берди:

«Ала якфиякум ан юмиддакум раббукум бисаласати алафин минал малаикати мунзалин».

Маъноси: «Кифоя қилмасму, Раббингиз сизларга мадад берса ўз тарафидан туширилган уч минг фаришталар билан», деган бўлур.

Юқориги уч улуғ фаришталар туғ-байроқлари билан бу майдонга ҳозир бўлганларидек, буларга қарши Иблис малъун, Бани Кинона қабиласининг раиси Суроқа ибн Молик суратига кириб, бу ҳам ҳозир бўлди. Шу қабила кишиларининг суратларига кирган бир қанча кофир жинлардан қўшин тузиб, туғ-байроқлар кўтарган ҳолда Бадр майдонига келдилар. Қурайш мушриклари буларнинг келганларини кўриб, кўнгиллари таскин топди. Йўқ эрса, бу икки қабила орасида эскидан қолган адоватлари бор эди. Бундоқ вақтда аларнинг қарши ҳаракат қилиб қолишлари мумкинлигидан қўрқар эдилар. Суроқа суратига кирган иблис мушрикларга айтди:

«Биздан кўнглинглар тинч бўлсин, мен сизларга ёрдам бериш учун келдим. Энди бу урушда сизларга душмандан енгилмоқ йўқдур», деб Абу Жаҳлнинг укаси Ҳарс ибн Ҳишом қўлини тутди. Бироқ шу чоғда Жаброил алайҳиссаломга Иблиснинг кўзи тушди. Тани симобдек ларзага тушиб, дарҳол тутиб турган киши қўлини силтаб ташлаб, орқасига қарамай қочди. Кофирлардан бирови туриб: «Эй Суроқа, ёрдамга келдим, деб бизни қувонтирган эдинг, энди ўз сўзингга вафо қилмай, қаён борурсан?», деди. Суроқа айтди: «Сизлар кўрмаганларни мен кўрурман, энди бу жойда турмоққа тоқатим йўқдур», деб аскарлари билан кўздан ғойиб бўлди.

 (давоми бор)