Қирғизистон Азимжон Асқаровни озод этадими?

Қирғизистон Азимжон Асқаровни озод этадими?
114 views
28 April 2016 - 4:00

Azimjov-AskarovЖорий йилнинг 21 апрелида, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси Қирғизистондан, ҳозирда умр бўйи қамоқ жазосини ўтаётган таниқли журналист, ҳамда ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни зудлик билан озод этишни талаб этган.

Ёйинланган баёнотда: “Азимжон Асқаров” қонунга хилоф тарзда қўлга олинган, қамоқда ғайри инсоний шароитларда сақланган, қийноқларга солиниб, шавқатсиз муносабатларни бошидан кечирган ҳамда суд тингловлари давомида ўзини ҳимоя қилиш учун керакли тарзда тайёргарлик кўриш имкониятидан маҳрум этилган, – дейилади

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси жаноб Асқаров томонидан Қирғизистон устидан ёзган шикоятини кўриб чиқиб, унга қўйилган айблов ҳукмини бекор қилишга чақирмоқда.

Қўмита қарори

“Таркибига инсон ҳуқуқлари бўйича 18 нафар мустақил эксперт кирган Қўмитанинг аниқлашича, Қирғизистон Асқаровнинг иши бўйича фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактнинг бир нечта моддаларини бузган”, – дейилади БМТ Қўмитаси хабарномасида (Қирғизистон ушбу ҳужжатга қўшилган давлатлардан бири саналади).

Қўмита қайд этишича, жаноб Асқаровни аввал ҳалок бўлган ходим ишлаган милиция бўлимида сақладилар, бу ерда унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳеч қандай чора кўрмадилар. “Мустақли экспертлар томонидан ўтказилган суд-медицина экспертиза натижалари ҳамда бошқа далиллар унинг (жаноб Асқаров) қийноққа солинганини кўрсатмоқда”, – деб ёзадилар Қўмита аъзолари ўз хулосаларида.

Қирғизистон, шунингдек, Асқаровнинг қийноқлар тўғрисидаги шикоятларини тез ва самарали текшируви ўтказилишини таъминламаган, – дейилади Қўмита ўз хулосасида. 2013 йилда ўтказилган кейинги текширув “кенг қамровли бўлгани билан, холислик тамойилига риоя қилиниши таъминланмаган, негаки 100 дан зиёд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, судьялар, суд котиблари ва прокуратура ходимлари ўртасида сўров ўтказилган бир пайтда, (жаноб Асқаров) қамоқда ўтирган пайтда уни бориб кўриб юрган адвокатлари, ҳуқуқ ҳимоячилар ва қариндошларининг фикри олинмаган”, – дея маълум қилади Қўмита.

Қўмита маълум қилишича, жаноб Асқаров сақланаётган шароит ғайриинсоний ҳолатда бўлган, унинг оғир касалини даволашга зарур шарт-шароит яратилмаган.

Қўмита қайд этишича, Асқаров ўз адвокати билан ёлғиз учраша олмаганин, ўзининг ҳимоясини тайёрлаш учун зарур маълумотлар тақдим эта олмаганини маълум қилган. Ҳалок бўлган милиция ходимининг қариндошлари бир неча бор унинг адвокатига ҳужум қилганида, милиция ва прокуратура бу ҳолатга бепарволик билан қараган.

Қўмитага кўра, бу аҳвол “адвокатнинг ўз профессионал вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи ёппасига қўрқув муҳитини вужудга келтирган”. Шунингдек, 2010 йил 2 сентябрда бошланадиган суд мажлиси тўғрисида адвокатга кечиктириб хабар берилган. Ушбу суд тингловлари давомида айблов томонидан 16 та гувоҳнинг кўрсатмалари кўриб чиқилган. Қўмита аъзоларининг таъкидлашича, “айбланувчи ва адвокат томонидан самарали ҳимояни таъминлашни амалга ошириш учун” гувоҳларни чақириш ва уларниг кўрсатмаларини кўриб чиқиш кафолати ўта муҳимдир.

Қирғизистон Асқаровни зудлик билан озодликка чиқариши ва унга етказилган барча зарарларни қоплаши шарт, дея таъкидлайди Қўмита ўзининг хулосасида. Зарур бўлса, “объектив ва холис текширув, айбсизлик презумпцияси ва бошқа процессуал кафолатлар тамойилларига риоя қилган ҳолда” янги суд процесси ўтказилиши лозим, – дея билдирдилар Қўмита аъзолари.

askarov

Қирғизистон расмийлари муносабати

Қирғизистон Олий судидан билдиришларича, таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқишлари мумкин.

“БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасидан Олий судга келиб тушган қарор муносабати билан Қирғизистон Конституциясининг 41-банди бизни Азимжон Асқаровнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш чораларини кўришга масъулиятли қилади. Бундан олдин Асқаров милиционерни ўлдиргани учун ҳукм қилинган. Жиноий-процессуал қонунчиликка мувофиқ БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг юқорида номи тилга олинган қарори Олий суд томонидан жиноят ишини янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқишга асос бўлади”, деб айтган Қирғизистон Олий суди раисаси Айнаш Токбаева.

Токбаева сўзларига кўра, Азимжон Асқаровнинг ишини кўриб чиқишда БМТ қўмитаси тақдим этган важлар маҳкама томонидан инобатга олинади.

Мутахасислар фикри

“Азимжон Асқаровни шахсан танийман. У билан бир ташкилотда узоқ йиллар давомида ишлаганман. Қонли воқеаларда ҳам жанубда бўлганман. Асқаровни маҳаллий милиция ва прокурорлар ўйинининг қурбони бўлди дея ишонч билан айта олишим мумкин. Кимки Азимжон Асқаров фақат ўзбекларни ҳимоя қилган деса, ғирт аҳмоқ ёки атайлаб миллатчилик қилаяпти. Асқаров миллатига қарамасдан барча учун бирдек муомала қилган” – дейди Бишкеклик журналист Улуғбек Бобоқулов.

Унинг фикрича, Қирғизистон ҳукумати Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси қарорини бажариш учун ҳалқаро ҳамжамият олдида кўзбўямачилик қилиши мумкин.

“Қирғизистон қатор ҳалқаро ҳужжатларни имзолаган. Ҳукумат БМТ талабини бажариш давомида, ўз позициясида туришга, халқаро ҳамжамият олдида ўз обрўсини сақлаб қолишга, шунингдек ўзлари тарбиялаб, вояга етказган миллатчиларига нишон бўлмасликка ҳаракат қилади. Ишни қайта кўриб чиқиш давомида, умр бўйи қамоқ жазосини қандайдир шартли қамоқ жазога ўзгартиришлари мумкин. У ердан одам тирик чиқадими ёки йўқ, ҳеч ким билмайди” – дея ўз тахминларини олға суради журналист Улуғбек Бобоқулов.

Собиқ ҳуқуқ фаоли, ҳозирда Қирғизистон Жўғўрқу Кенгаши депутати Чолпон Жақупова Қирғизистон Азимжон Асқаровнинг ишини қайта ўрганиб чиқишига ишонмаслигини айтади.

“Ушбу қарор БМТнинг биринчи қарори эмас. Бунгача ҳам шу мазмундаги тўрт қарор бўлган. Улардан бири Андижон воқеалари ортидан Қирғизистонга қочиб ўтган қочқинларни қайта Ўзбекистонга берманганлар деган қарорга қарамасдан, Қирғизистон қочқинларни қўшни давлатга ўтказиб берган ва ҳеч қандай жарима тўлаган эмас. Шунинг учун БМТнинг бу каби қарорлари Қирғизистонга ҳеч қандай таъсир бера олгани йўқ. Менинг фикримча Азимжон Асқаровни қамоқдан озод этиб, унга товон пули тўланиши амримахол. Сабаби бизда охирги пайтларда судлар юридик қарор эмас, сиёсий қарорларни бажараяпти. Ҳозир судлар тўлиқ қарам. Барчаси 7 қаватни қараб қолишган. Унинг устига президент ўзи ҳам судларга ишонч йўқ деганидан кейин ишни якунлангани шу” – дейди депутат Чўлпон Жақупова.

Азимжон Асқаровнинг қамоққа олиниши

Таниқли журналист ва ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йил 16 июнда Қирғизистон жанубидаги фожеавий июн воқеаларидан кейин қамоққа олинган.

Уни июн воқеалари жараёнида оммавий тартибсизликлар ташкил қилишда ва маҳаллий милиция зобитини ўлдиришда шерикликда айблашган.

2010 йил 15 сентябрида Қирғиз маҳкамаси Асқаровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Азимжон Асқаров ўзига қўйилган айбловларни ҳамиша инкор этиб келган.

АҚШ ҳамда Оврўпо Иттифоқи Азимжон Асқаровга чиқарилган маҳкама ҳукмидан ўз норозиликларини билдириб келганлар, Азимжон Асқаровнинг дастлабки ҳибс пайти шафқатсиз қийноқларга тутилгани маҳкама томонидан инкор этилгани қайта-қайта таъкидланган.

АҚШ Давлат департаменти 2015 йил июлида Азимжон Асқаровни “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти билан мукофотлагани Қирғизистон расмийларини ғазаблантирди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги таниқли ўзбек инсон ҳақлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг АҚШ Давлат департаменти мукофоти билан тақдирланганини қоралаб баёнот эълон қилди.

“Азимжон Асқаровнинг бундай юксак мукофот билан мукофотланиши Қирғиз Республикаси томонидан бизнинг мамлакатимизда миллатлараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга қарши қаратилган атайин амал деб баҳоланади. Қирғиз томони буни мамлакатда халқлар бирдамлигини мустаҳкамлашга қаратилган жараённи қўпоришга қаратилган омил сифатида кўради”, дейилади Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Азимжон Асқаров мукофотланганига жавобан Қирғизистон АҚШ билан 1993 йилда имзоланган ҳамкорлик битимини бекор қилган эди.

ЎХҲ ахборот бўлими