Каримов ва Путин нутқлари таҳлили

Каримов ва Путин нутқлари таҳлили
40 views
29 April 2016 - 16:41

236328771Шу кунларда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Москвада Россия президент билан музокарлари сўнгида берилган матбуот анжуманидаги нутқи таҳлилчилар эътиборини ўзига тортмоқда.

Шу жумладан Каримовнинг Президент Путиндан деярли беш баробар узунроқ нутқ қилганигина эмас, унинг оҳанги, кўтарган мавзулари, дипломатик нутқ доирасидан не қадар қолгани ва коса остидаги ним коса маъноларини қидириш уринишлари ҳам бор.

Лондон университетларидан бирида Марказий Осиё ва Қавқоз марказидан таҳлилчи Алишер Илҳомов кузатувлари билан танишинг.

Мен Президент Ислом Каримовнинг нутқларини ҳамиша катта қизиқиш билан эшитаман.

Каримовнинг аввалдан бошқалар томонидан тайёрлаб берилган нутқлари матнидан чиқиб кетиш одати туфайли, унинг нутқлари турли мазмунларга бой бўлади. Бу борада кузатувчиларниг аксари мен билан ҳамфикр бўлсалар керак.

Мен Каримовни дипломатик нутқларнинг джазмени, дея атаган бўлардим.

У аввалдан ёзилган ноталар ва берилган мавзудан четга чиқиб кетишга мойил, импровизацияларга берилиб кетувчи, ўзига хос мусиқачидир.

Албатта, бу джазменча нутқ уқувини Ислом Каримов унга эътибор ҳамиша таъминланган Ўзбекистонда Вазирлар маҳкамаси, парламент аъзолари, турли омма ўнгидаги чиқишлар ва форумлардаги нутқлари натижасида эгаллаган.

Бу каби нутқлар мобайнида бир эснаб кўринг-чи, кунингизни кўрасиз.

Каримов ҳақида – мамлакатдаги ягона сиёсатчи – деган таъриф юради. Мен бу таърифга ягона джазмен, ягона актёр ва ўз фикрини изҳор этувчи ягона шахс деган таърифларни ҳам киритган бўлардим.

Лекин агарда Ўзбекистондаги бошқаларга ҳам бу каби ўз фикрларини изҳор этиш имкони берилганда эди, албатта буюк келажак воқеликка айланган бўлурди.

Мана Москвадаги Президент Путин билан музокаралар ниҳоясидаги матбуот анжуманида Каримов яна серқуёш мамлакатга мадҳиясини ижро этди. Мадҳияни ўта берилиб, ўзига хос илҳом билан ижро этди.

Президент Путин қўлидаги қоғоздан кўзини узмай 4 дақиқадаёқ нутқини юмалоқ ёстиқ қилган бир пайтда, Каримовнинг бу мадҳияни ижро этиши 20 дақиқдан кўпроқ вақтни олди.

Бу икки нутқнинг усули мутлақо ўзгача эди.

Бу албатта ташқи, расмий кўриниш.

Мазмунига келсак, маэстро Каримов қандай мавзуларга тўхталди.

Мавзулар бир неча эди. Лекин бу мавзуларни илғаб олиш таҳлилчи учун мушкул вазифа. Путин ва Каримов нутқларининг «сўз булутига» назар ташлайлик, булар қайси сўзларни энг кўп ишлатишган экан?

Владимир Путин “сўз булути”:

160429122929_putin_speach_976x549_bbc_nocredit

Кўриб турганингиздек, Путин энг кўп ишлатган сўзлар – “ҳамкорлик”, “алоқа”, “сармоя ётқизиш”, “миллиардлар”, “долларлар” ва ниҳоят “Ўзбекистон”. Бу сўзларнинг пайдо бўлиш даражаси тушунарли ва музокаралар мавзусига мос тушади.

Ислом Каримов “сўз булути”

160429123214_karimov_speach_976x549_bbc_nocredit

Энди Каримов нутқида энг кўп ишлатилган сўзларга назар ташлайлик.

Истеҳзоли ери шуки, бу сўзлар ҳеч қандай маълумот ўзида тутмайдиган сўзлар: “бу, нима, фақат, биз”

“Афғонистон” ва ШОС каби маънодор сўзлар анчайин камроқ ишлатилган. Ё, дейлик, Ўзбекистон ҳамда Россия сўзлари қани?

Буни мен ўз молини сотмоқчи бўлган савдогарнинг йирик ҳарфлар билан молининг афзалликларини ёзиб, кичик ҳарфлар билан сотиб олиш шартлари ва чекловларини ёзишига ўхшатдим.

Лекин бир фарқи бор, олмош ва кўмакчи сўзлар сотмоқчи бўлган молнинг афзалликлари ҳақида маълумот бермайди.

Демак савдогар сифатида Каримов ўз вазифасининг уддасидан чиқмади. Ҳар қалай бу галги нутқи давомида.

Албатта, шунга қарамай, унинг нутқи мазмундор эди. Лекин бу мазмунни қидириб топиш лозим. Чунки биз истабми ёки истамай кам маънога эга бўлган сўз ва фикр ортига мазмунни яшириш ҳаракатига дуч келмоқдамиз.

Ҳудди у ўз сўзини айтмоқчи бўлгану, лекин айни вақтда адаштиришга ҳам ҳаракат қилган. Яъни унинг айтар сўзини фақатгина танланган бир ҳовуч инсон тушунса.

Бу эса ўз навбатида унинг Путин билан “очиқчасига суҳбатлашиб олингани” ҳақидаги даъвосига мос келмайди.

Ёки у олмош ва кўмакчи сўзларга бой бўлган нутқи билан, яширин мазмунли мафҳум нутқи билан фақатгина кенг оммани адаштирмоқчи бўлдими ва Путин билан суҳбати мобайнида аниқ, ошкор ва мазмундор бўлганмикан? Балки шундайдир…

Хўш, Каримовнинг импровизацияларида қандай мавзулар янгради?

Биринчидан, фақатгина унинг ўзи президент Путин билан очиқчасига ва ишонч билан гаплаша олиш имконига эга бўлгани.

Бундай бўлса, кимга бу имкон берилмаган? Эҳтимолки, Путинниг Овросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бўйича ҳамкорлари назарда тутилгандир…

Бу ерда айниқса яқинда ўзбек-қирғиз чегара ҳудудида бўлиб ўтган ҳодисалар манзарасида бошқа марказий осиёлик раҳбарлар билан муқояса, айниқса Атамбоев ва Раҳмон билан муқояса қилинган бўлса ажаб эмас.

Шундан сўнг Каримов ўзини ташвиш ва хавотирга солаётган, кечалари уйқу бермаётган нимадир ҳақида узоқ чайналди.

Лекин бу ташвишли мавзу нима эди, фақат тахмин қилишимиз мумкин. Балки кейинроқ тилга олган Афғонистон борасидамикан…

Каримов Афғонистондан АҚШ ва НАТО кучларининг олиб чиқилиши туфайли у ердаги вазият барқарорлашмаслигидан анчадан бери хавотирда.

Агарда Толиблар яна Ўзбекистон чегараларига яқинлашиб келсалар, унинг ўз кучи билан уларга қарши чиқа олишига ишончи йўқдек.

Лекин хавотирга асос борми? Ўзбекистон қуролли кучлари Марказий Осиёдаги энг қудратлиси деб кўрилади. Лекин қуролли кучларнинг режимга содиқлиги савол остидадир.

Мусулмонлар ва фуқаро жамиятига нисбатан оммавий тазйиқ содиқликнинг ўсишига олиб келмайди ва буни Каримов ҳис қилаётган бўлиши мумкин.

Каримов, кўринишича, Россияни минтақадаги йирик қудрат бўшлиғини яна тўлдириши тарафдори.

Афтидан, Президент Каримов афғон муаммосини жаҳоннинг ва минтақанинг йирик кучларисиз ечилишига ишонмайди.

Балки Каримовнинг минтақа аҳамиятини кичрайтириб кўрсатувчи иборларни ишлатгани ҳам шундандир. Масалан, бир вақтлар Солженицин томонидан киритилган ва Марказий Осиёдаги зиёлиларнинг қаҳрига сабаб бўлган “Россия қорни остидаги ҳудуд” каби ибора каби… Эндиликда гўёки Каримовнинг ўзи ҳам маҳаллий ватанпарварларнинг ғазабини қўзғаган иборани қабул қилишга тайёр бўлгандек…

Шундан сўнг Каримов нутқида Россия томон ҳамду-санолар ҳам янгради. Россиянинг минтақадаги манфаатлари долзарб ва қонуний эканлиги тан олинди.

Мана шу масалага келганда, президент Каримов ҳақиқатан ҳам аниқликни касб этди. Эҳтимолки, бу каби ошкоралик минтақадаги қўшниларни, ва нафақат уларни ҳатто ҳайратга солса.

Президент Каримовнинг даҳанаки содиқлиги қандай натижаларга олиб келиши ҳозирча номаълум.

Шу вақтгача бўлгани каби, бу Кремлнинг неоимпериал сиёсати даражасини тушириш шунчаки оғзаки лаганбардорлик ва адаштириш уруниши бўлса ҳам эҳтимол.

Лекин шу билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг янги даврасига ҳам олиб келиши мумкин.

Бироқ иш Ўзбекистоннинг Овросиё Иттифоқи ёки Коллектив Хавфсизлик Шартномасига аъзо бўлиб киришига қадар бориб тақалади, деб ўйламайман.

Айни вақтда Каримовнинг келгуси нутқларини кутиб қоламиз ва семантик маънони чақиш қобилиятимизни кучайтиришга ҳаракат қиламиз.

Манба: www.bbc.com