«МХХга ишга кириш учун пора бердим»

«МХХга ишга кириш учун пора бердим»
243 views
29 April 2016 - 21:44

MXXСавол: Мен Миллий Хавфсизлик Хизматига ишга кириш учун ҳужжат топширгандим. Мендан 12 минг АҚШ доллари сўрашди. Мен бу пулни бердим, берганим тўғрисида далилим бор: яширинча сёмка қилдим. Ҳали ҳамон ишсиз юрибман. 3 йил бўлди. Мен кимга ва қаерга мурожаат қилишим керак? Бундай ҳолатда қандай иш тутишим керак?

Жавоб: Авваламбор, Миллий Хавфсизлик Хизматига ишга кириш учун пул тўланмайди. Демак, сиздан 12 минг АҚШ доллари сўрашган ва олган бўлишса ва бу ҳаракат ишга олишга ваколатли шахс томонидан амалга оширилган бўлса, бу хатти-ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми билан, масъул мансабдор шахс томонидан пора олиш деб баҳоланиши лозим. Агарда ишга олишга ваколатли бўлмаган шахс томонидан ушбу жиноий қилмиш амалга оширилган бўлса, бу шахснинг жиноий қилмиши пора олиш-беришда воситачилик қилиш сифатида Ўз. Рес. ЖКнинг 212-моддаси 3-қисмининг тегишли бандлари билан ёки фирибгарлик – алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш сифатида ЖКнинг 168-моддаси билан тавсифланиши мумкин.

Орадан уч йил вақт ўтган

“3 йил бўлди” деган ҳолат бўйича шуни айтиш лозимки, аслида порахўрлик бошқарув органлари фаолияти тартибига қарши қаратилган уч мустақил мансаб жиноятларини – пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилишни ўз ичига олади. ЖКнинг 211-м., 4-қ. да пора берувчини жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг икки асоси мавжуд: биринчидан, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса? Иккинчидан, бу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса. Ушбу ҳолатлардан бири аниқланса, пора берган томон жавобгарликдан озод этилиши шарт. Бунда ихтиёрий хабар бериш мотиви ва пора бергандан кейин ўтган вақт аҳамиятга эга эмас (Қаранг: Ўз. Рес. ЖКга шарҳлар. Махсус қисм. 531-бет. Тошкент — “ИЛМ ЗИЁ”- 2006).

Қаерга шикоят қилиш керак?

Бу каби жиноятлар содир этилганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш вазифаси ҳисобланган Ўз. Рес. Бош прокурорига, тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокурорига, вилоят ёки шаҳар прокурорига ўзингиз ариза билан далилларингизни илова қилган ҳолда мурожаат қилишингиз мумкин. Бу ишда адвокат ёрдамидан фойдаланишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. (Қаранг: “Прокуратура тўғрисида»ги Қонун).

Видеотасвир далил сифатида ўтадими?

Пора бериш жараёнини видео ёзувга тушириб олганингиз далил сифатида ўтади. Фақат у қонун талабларига риоя қилинган ҳолда, яъни у тегишли субъект — далилни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатларни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс — суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан олинган бўлса, уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя қилинган бўлса.

Ўз. Рес. Олий судининг 2004-йил 24-сентабрдаги “Далилларнинг мақбуллигига оид жиноят процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Пленум қарорида бу масалалар батафсил баён қилинган бўлиб, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонунни аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келади. Мазкур ҳолат бўйича мавжуд воқеани видеотасвирга олишнинг, албатта, учинчи шахс кўмагида амалга оширилганлигини ҳам эътиборга олиб, терговчи, прокурор ва суд уни иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан солиштириб, жиноят иши бўйича далил сифатида ишга қўшиш мумкинлигини муҳокама қилиши лозим бўлади.

Бу жиноятни исботлаш учун яна қандай далиллар тақдим қилиниши лозимлигига келсак, жабрланувчининг кўрсатуви, видеотасвирга олган ва бошқа гувоҳларнинг кўрсатувлари ҳам тақдим қилиниши мумкин.

Манба: tashabbus.com