Бу урушда зафар топишга ишорат қилдилар…

Бу урушда зафар топишга ишорат қилдилар…
131 views
30 April 2016 - 6:00

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 36

(давоми)

Энди бу ғазотнинг бошланиши шундоқ эдиким, юқорида айтғанимизча, Макка мушрикларининг катта карвони Расулуллоҳга тутқич бермасдин, Шом вилоятига ўтиб кетган эди. Бир неча кундан кейин уларнинг Шомдан қайтган хабарини эшитдилар. Анда саҳобаларга айтдилар: «Бу келаётган карвонни агар қўлга туширсак, биз улуғ ўлжага эга бўлурмиз. Энди шунинг чорасига киришайлик, кимнинг от-улоғи олдида ҳозир бўлса, биз билан чиқсин. От улоғи йўқ кишиларни кутиб туришга вақт сиғмайди», деб йўлга чиқдилар.

Бу воқеа ҳижратнинг иккинчи йили, Рамазон ойининг тўртинчи куни эди. Бу муборак ғазотга тайёрланиб чиққан саҳобаларнинг сони уч юз ўн учга етди. Бунинг икки юз қирқтачаси ансорлар бўлиб, қолганлари эса муҳожирлар эди. Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни Мадинага вақтлик волий қилиб қўйдилар. Бу аскарнинг борлик кўруклари икки от, етмиш туя бўлганликдан, йўл бўйи гезаклашиб (алмашиб) минишдилар.

Расулуллоҳ йўлга чиққанларида Шом томондан келаётган карвоннинг бошлиғи Абу Суфён эди. Бу киши Ҳижоз тупроғига ўтгандан сергакликка бошлаб, зағизғондек соқлик ила йўл тутди. Ҳар қўнолғуга бориш олдидан тингчилар юбориб, Мадина тарафидан сақланиб келар эди. Илгарилаб карвон олдидан юборган тингчилари Пайғамбаримизнинг йўл тўсгали чиққани хабарини келтирдилар. Буни онглашиб карвон аҳлига қаттиқ қўрқинчлик тушди. Замзам ибн Амр деган кишини йўлдан йигирма мисқол олтинга ижара олиб, тезда Маккага хабар қилгали юбордилар. Бул киши эрса елмаён туяга миниб, бир неча кун ичида Маккага етди. Шаҳар ўрталиғига келиб, туя устида тикка турди, кишилар қарасалар, тескари қўмлаган туяга минган, туяни қулоқ-бурни кесилиб, қони оққан, кийган кўйлагининг орқа-олди йиртилиб, ёқасига етган. Мана шундоқ киши сесканурлик ҳолда туриб: «Ҳар кимга молу жон керак бўлса, илдамлик билан Абу Суфён ёрдамига етсун, Муҳаммад йўлдошлари билан қофила карвонни босмоқчи бўлиб, Мадинадан чиқди», деб жонининг борича қаттиқ қичқирди.

Душман томондан қўрқинчлик хабар етказган кишиларнинг шундоқ даҳшатлик сифатда келишлари араб одатларидан эди. Бу даҳшатлик хабарни эшитган Қурайш халқи бутунлай қўзғалдилар. Абу Жаҳл бошлиқ бутун қабила бошлиқлари Расулуллоҳга қарши халқ ғазабини қўзғашга қаттиқ киришдилар. Қурайш раисларидан Абу Лаҳабдан ўзга бу сафарга чиқмаган киши қолмади. Бу бўлса, ўз ўрнида Ос ибн Ҳишом деган кишини тўрт минг тангага ёллаб юборди.

Олдирашлик (тезлик) билан тайёрлик кўришиб, икки кун ичида йўлга чиқдилар. Аскар қўшинида тўққиз юз эллик киши бўлиб, етти юз туя, юзтача совутланган югурик отлари бор эди. Чилдирма чалиб уруш қиздирмоққа, шеър ўқиб, ўзларини мақтаб, мусулмонларни ёмонламоққа канизаклардан бир неча қўшиқчи олдилар.

Пайғамбаримизнинг Макка мушрикларининг бунчалик қилган ишларидан хабарлари йўқ эди. Бу чиқишларидан кутилган мақсад карвон молини қўлга тушириш эди. Шунинг учун вақт ўтмасун деб тездан ҳозирлик кўриб, шул куниёқ Мадина ташқарисига чиқиб, қўшин туздилар. Шул жойда кўрик ўтказиб, урушга ярамлик аскар тайёрланди, ёши етмаган болалар, кучсиз қари-қартанглар қайтарилди. Шу ердан икки кишини тингчи қилиб кайтган қофила қайерга келганини билмак учун юбордилар. Мадинадан икки-уч кун юриб, Равҳо деган жойга келганларида Қурайш қўшинларнинг келаётган хабари билинди.

Тингчиликка кетган икки киши келиб, бир-икки кун ичида алар Бадр водийсига етиб келишларини билдирдилар. Буни англаб, Расулуллоҳ аскар бошлиқларини йиғиб: «Эй мўминлар, икки тоифанинг бирини бизга бермакка Аллоҳ ваъда берди: ёки Шом томонидан келаётган Қурайш карвони бизга ўлжа бўлғусидур, ёки буларни тўсиб чиққан қўшинлари билан тўқнашсак, зафар топкумиздур», дедилар.

Анда баъзи саҳобалар: — «Ё Расулаллоҳ, шошқунлик билан карвон тўсмоққа чиққанлигимиздан, яроқ-жабдуқларимизни тўлуқлаб олмаган эдик, қандай бўлур экан?» — деб Қурайш аскарларига тўқнашликни тиламаганликларини сездирдилар. Анда Миқдод ибн Асвад ўрнидан туриб айтди: «Ё, Расулаллоҳ, Аллоҳ таоло сизни қайси ишга буюрган бўлса, шунга қараб юриш қилинг. Мусо қавми — Бани Исроил айтган сўзни бизлар айтмайдурмиз (Пайғамбарлари аларни ғазотга чақирганда: «Эй Мусо, биз уруш қилмасмиз, Тангринг билан сен борғил уруш қилиб шаҳарни душманлардан бўшатгил, сўнгра биз кирайлик, ул чоғлик биз ўлтириб турайлик», деган эдилар). Аллоҳ оти билан онт ичарман, агар бизни олиб, Баракал Ғамод шаҳрига юрар бўлсангиз (арабларнинг айтишларича, дунёнинг бир четидаги шаҳар), олди-орқангиздан, ўнг ва сўл ёнингиздан чопа-юриб, сиз айтган жойингизга еткурурмиз».

Яна ансор саҳобаларидан Саъд ибн Муъоз айтди: «Ё, Расулаллоҳ, бизлар сизга иймон келтирдик, сизга Аллоҳ юборган (элчи) деб ишондик. Сизнинг буйруғингизда бўлмоққа, ҳар тўғрида сизни ҳимоят қилмоққа ваъда бериб, байъат топширдик, қайси ишга Аллоҳ амр этган бўлса, бошланг, биз тайёрмиз. Сизни пайғамбар қилиб юборган Аллоҳ оти ила онт ичурманким, агар бизни бошлаб қай денгизга кирар бўлсангиз, ортингиздан қолмай, бизлар ҳам кирармиз, сув денгизи эмас, ўт денгизи бўлса ҳам сиздан ажралмаймиз, ҳар қанча кўп душман қаршисида бизни қўйсангиз, уни кўп кўриб, оғир олмаймиз. Уруш майдонида бизлар чидамликдурмиз. Душман қаршисида эрлик билан туриб, қаҳрамонлик кўрсата олурмиз. Ё, Расулаллоҳ эртага кўрасиз, душман олдида қилган баҳодирлик кўрсатган ботирликларимиз. Сизни албатта, суюнтиргай, албатта, шундай бўлур деб Аллоҳдан умид этамиз», деб сўзини тўхтатди.

Бу сўзларни эшитиб Расулуллоҳ суюнганларидан муборак юзлари ялтираб кетди. Сўнгра айтдилар: «Сизларга башорат бўлғайким, душманларимиз бу урушда биздан енгиладилар. Уруш майдонида аларнинг йиқилиб ётган жойлари Худо тарафидин кўзимга кўрсатилди». Яъни, Аллоҳ таоло икки тоифанинг бирини берурман, деб Пайғамбаримизга ваъда қилган эди. Шу ваъда Қурайш қўшинига тўғри келиб, аларнинг бу урушда учрайдурган воқеалари кўрсатилди. Абу Жаҳл бошлиқ бир қанча Қурайш раисларининг бу майдонда ўладурган жойларини белгилаб, бир кун олдин саҳобаларга кўрсатдилар. Қайси ерни кўрсатган бўлсалар, худди ўшал ерда деган кишилари ҳалок бўлди. Бундай ғойиб ишлардан хабар беришлари Пайғамбаримизнинг мўжизалари эди.

Энди сўзни Абу Суфёндан эшитамиз. Абу Суфён Пайғамбаримизнинг йўл тўсиб чиққанларини англагандан сўнгра, юрган йўлини ташлаб, йироқ бўлса ҳам денгиз бўйи йўлига тушиб карвонни қутқазди. Дарҳол хат ёзиб, келаётган Қурайш қўшинига киши юбордиким, бизлар қутулдик, энди бошқа ҳожат йўқ, сизлар қайтинглар, деб ёзган эди. Бу юборилган киши аларга йўлда йўлиқди. Хатни ўқигандин сўнгра Абу Жаҳлдан бошқа барча Қурайш раислари Абу Суфён сўзи билан йўлдан қайтиб кетишни маъқул кўрдилар.

Ёлғиз Абу Жаҳл бу ишга розилик бермади: «Биз йўлимиздан қайтмаймиз, Бадр майдонига бориб, ул жойда уч-тўрт кун турайлик, атрофдаги араблар бу ишимиздан хабар топсинлар, туя сўйиб, чағир ичиб аскарга улуш берайлик, араб элига бизнинг отимиз тарқалсин, бу йўлни шундоқ қилиб қайтсак, халқ ичида обрўйимиз ошиб, ҳайбатлик бўлурмиз», деди.

Бунинг бу сўзига қарши чиқувчилар бўлса ҳам, аларнинг сўзлари рад қилинганликдан, баъзилари ўзларига қарашлик бўлган кишиларни олиб, йўлдин қайтдилар. Қолган Курайш қўшинлари шу юрганларича, Бадр водийсининг Макка томонидаги четига келиб қўндилар. Бу жой бўлса, Макка билан Мадина оралиғидаги, Мадинага яқинроқ бир ердур. Қўнишлари юмшоқ тупроқлик, кенг кетган текислик эди. Мушриклар бу ўринга етганда, у томондан Пайғамбаримиз ҳам яқинлашиб келдилар. Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом, бу икковларини душмандин хабар олиб, тил тутмоққа аскар олдидан юборган эдилар. Булар Қурайш аскарларининг сувчиларига йўлиқиб, алардин икки кишини ушлаб, Расулуллоҳга келтурдилар. Шу вақтда Расулуллоҳ намоз ўқиб турмоқда эдилар. Намоздин бўшагунча буларни сўроққа олишди. Алардин ким эканликларини сўраб эдилар, «Қурайш аскарларининг сувчиларимиз», деб ростини айтдилар. Бунга ишонишмай: «Сизлар Абу Суфён кишилари бўлгайсиз», деб аларни қаттиқ урдилар. Қийноқдин қутулмоқ учун, ёлғон бўлса ҳам: «Абу Суфён ғуломларимиз», деб турганда, Расулуллоҳ намозларини ўқиб бўлиб, аларга айтдиларким: Ростини айтганда буларни урдинглар, ёлғон айтсалар қўйдинглар. Қурайш сувчиларимиз, деганлари тўғридур. Қани улардин бизга хабар беринглар, раислари кимлар, аскар сони қанча?» — деб сўрадилар.

Анда сувчилар: «Биз Қурайш аскарларини анави кўринган эгиз қумтепа ортида қўндириб келдик. Аммо аскар сони қанча эканини билмаймиз», дедилар. «Андоқ бўлса, ҳар куни аскарнинг овқатига неча туя сўйилади?», дедилар. «Бир кун ўн, бир кун тўққиз туя сўйилади», дейишди. «Бу сўзинглар рост бўлса, аскар сони тўққиз юз билан минг оралиғида бўлғай», дедилар. Иккинчиси, бу аскар ичида Қурайш раисларидан бир қанча атоқлик кишиларнинг борлигини билдирди. Буни эшитганларида, Пайғамбаримиз саҳобаларига қараб: «Макка шаҳри сизларга жигарпораларини тақдим қилмишдур», деб бу урушда зафар топишга ишорат қилдилар.

 (давоми бор)