Сенга манфаат берадиган ҳар бир нарсанинг талабида бўл…

Сенга манфаат берадиган ҳар бир нарсанинг талабида бўл…
153 views
01 May 2016 - 6:30

1860d46e9eda8bd4711e0cfee91c4a10Абдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(32-қисм)

НИФОҚ

Нифоқ сидққа қарама-қарши ҳолатдир. Мунофиқларга бу дунё, у дунёда роҳат ва нажот йўқ. Аллоҳ Қуръони каримда уларни кофирлардан ҳам баттар маломат қилган.

Қуръон мутолааси шарафига мансуб бўлганлар яхши биладиларки, Қуръон саҳифалари бу жамоани таънаю мазаммат қилган сўзлар билан тўла. Биз шу бир оятни келтириб кифояланармиз: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар…»227.

Бу шум ва ёмон сифат турли хил шаклларда кўринади. Бошқача қилиб айтганда, нифоқнинг бир неча томонлари бор. Аҳд-паймонни бузиш, хиёнат, ёлғончилик шулар жумласидандир. Бу ҳақда Имом Бухорий Пайғамбаримиздан ривоят қиладиларки: «Мунофиқ уч нарсада билинади: гапирса ёлғон гапиради, ваъдасига хилоф иш қилади, омонатга хиёнат қилади».

Ислом дини бизни булардан қатъиян манъ қилади: «…Аллоҳ сизларга омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради»228.

«Улар (яъни, мўъмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилгувчи зотлардир… Ана ўшалар жаннатда ҳурмат- иззат кўргувчилардир»229.

Аммо нифоқнинг энг ёмон томони ёлғончиликдир. Ёлғончилар етказган зарар хоин ва аҳдбузарларникидан ҳам кўпдир. Мунофиқлар ўз мақсадларини тезроқ амалга ошириш учун кўпинча ёлғон сўзлайдилар ва бу ёлғонлари жамоа орасида фитна солади. Уларнинг ёлғончиликлари бир қавмнинг саодат биносини қулатишгача боради.

«Улар (мунофиқлар) Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар… Улар учун қилган ёлғонлари сабабли аламли азоб бордир»230.

«Мусулмонларни фитна қилгувчилар (яъни, уларни ёлғон ишлатиб хайр йўлидан тўсганлар) бу ёмон кирдикорларидан қайтмасалар, дўзахга равона бўладилар ва оташда куйиб-ёнадилар». Ҳазрати Аҳади Карим, бир тарафдан, бу бадфеъл кимсаларга азобни ваъда қилса, иккинчи тарафдан, бизга бу жамоадан ҳазар қилишмизни ва уларнинг йўлдан уришларига эътибор бермаслигимизни буюради: «(Эй Муҳаммад), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчию гап ташувчи, яхшиликни манъ қилгувчи бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган… кимсага итоат этманг!»231

«Эй мўъминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб, текшириб кўринглар!»232

МАЛАҚ

Малақ хушомад дегани, хушомадга учган кимсалар дўстни душмандан, яхшини ёмондан фарқ қилолмай, ҳар кимни ўзларига дўст-ёр ва сирдош билиб, оқибатда мунофиқларни бошларига чиқариб қўядилар. Бу сифатнинг зарари маълум ва тажрибада исботланган. Юқорида мисол келтирган оятларимиздан бу сифатнинг манъ этилганлиги яққол кўринади.

ҚАНОАТ

Биз мусулмонларда, хусусан, биз туркистонлиларда ажиб бир хислат борки, ахлоқий фазилатларни ва шаръий амрларни ё билмасдан, ё билиб, яъни қасддан хато, ғалат тушунамиз.

Масалан, бугун уйда ўтириб, ҳеч ерга чиқмай, сайъ-ҳаракат қилмай, қотган нонга рози бўлишликни қаноат деб ўйлаймиз. Шу сабабдан на бугун учун, на эрта учун ғам емаймиз. Аҳли аёлимизни дунёвий лаззатларнинг бир қисмидан маҳрум қолдирамиз, очликдан жонимиз оғзимизга келсагина зудлик билан фалон бир қозининг ёки фалончи ҳокимнинг хизматига бориб, усталик билан гадойлик қилиб кун кечирамиз, яна бу ишимиздан Аллоҳ рози бўлади, деб ўйлаймиз. Буни ҳаргиз қаноат деб атамайдилар ва бунга сабаб ҳам йўқ, Аллоҳ ҳам бу ишимиздан рози бўлмайди. Агар бир бурда нонга рози бўлишлик, молу мулк талабида ҳаракат қилмаслик яхши ва тўғри бўлганда эди, Аллоҳ осмону заминни бизнинг фойдамизга яратмаган бўлар эди… «У Зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди…»

«Аллоҳ (денгиздаги) кемалар ўзининг амри билан жорий бўлиши ҳамда сизлар (у кемаларда) Унинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) исташларингиз учун ва шукр қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйсундириб қўйган Зотдир»233.

Шукр нима? Илоҳий неъматларнинг ҳар биридан ўз қадру қиммати учун фойдаланиш шукрдир. Бас, Аллоҳ само ва ердаги жамики нарсаларни биз учун яратган бўлса ва шу тариқа тижорат сафарларига чиқишимиз учун денгиз-дарёларни бизга бўйсундирган бўлса, бу илоҳий неъматларни оёқ ости қилиш куфрони неъматдир, гуноҳдир, буни қаноат деб бўлмайди.

Унда, қаноат нима? Қаноатни ҳазрати Пайғамбар қуйидаги ҳадиси шариф билан очиқ-ойдин баён этган: «Сенга манфаат берадиган ҳар бир нарсанинг талабида бўл (яъни, ҳаракат қил) ва Аллоҳдан мадад тила. Агар шу нарсанинг талаби асносида сенга кароҳат234 етадиган бўлса (яъни, агар шу нарса қўлингга кирмаса ёки озроғига эришсанг), «Эй воҳ, агар фалон тариқа йўл тутсам, мақсадимга етардим» деб ғам чекма, балки «Аллоҳнинг ризоси шу экан, хоҳлаганини қилади», — дегин». Бу ҳадисни Имом Муслим «Китобул-қадр»ида ривоят қилган. Шу ҳадисдан маълум бўладики, биз мусулмонлар ўзимиз учун фойдали нарсаларнинг талабида саъй-ҳаракат қилишимиз, шу ҳаракат орқали топганимизнинг озу кўпига хурсанд бўлиб, ношукрлик қилмаслигимиз лозимдир. Қаноатнинг маъноси шунда экан.

(давоми бор)

227.Қуръони карим, Нисо сураси, 145-оят.
228.Куръони карим, Нисо сураси, 58-оят.
229.Куръони карим, Маориж сураси, 32—35-оятлар.
230.Куръони карим, Бақара сураси, 9-оят.
231.Куръони карим, Қалам сураси, 10—13-оятлар.
232.Куръони карим, Ҳужурот сураси, 6-оят.
233.Куръони карим, Жосия сураси, 12-оят.
234.Кароҳат — нохушлик, ёқимсизлик.