Барча офат балолар иттифоқсизликдан бошимизга келди…

Барча офат балолар иттифоқсизликдан бошимизга келди…
74 views
02 May 2016 - 6:00

e5776d576c39539e7a826d478ff_prevАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 35

(давоми)

2.Бундан ҳам ёмонроқ, инсоният оламида кўрилмаган, ваҳшат оламида ҳам сийрак учрайдирган ваҳшийлар қилиғини Пишпекдан қочиб борган тунгон Юсуфҳожи устидан ўтказдилар. Шундоқки, уруш кунлари унинг Учдарвозадаги қўрасида куппа кундузида ўт қўйдириб, бутун мол мулки, катта кичик бола чақалари билан 13 жонлик бир оилани куйдириб юборишди. У кунлари кўча куйларда аскар кишилардан бошқаларга юриш туриш ясақ (маън бўлганликдан, рухсат бўлмаганликдан) бўлганликдан, буларга ёрдам етказиш мумкин эмас эди.

Шу қилган ваҳшийликларини топширувчилари олдида исботлаш учун, ичида инсон авлоди аланга олиб ёнаётган ўтнинг чиркин манзарасини ҳар ёқлама расмга тушурмоқда эдилар. Лекин Юсуфҳожи ўзи 11 ёшлардаги ўғли билан, нима бўлиб шу куни уйда йўқ экан; ажали етмаганлиги учун бу каби кўрилмаган ачинарлик фожиадан омон қолмишдур. Бироқ бу даҳшат ваҳшатлик хабарни онглаб, югурганича етиб келса, бутун оиласи, ҳолимоли билан қип қизил ўт ичида ёниб ётканини кўради; сўнгра, бу фожиали бало қаёқдан келиб чиққанини тушунгач, бирданига эси оғиб йиқилади. Шундай бўлиб, ажали етмай ўлимдан қолган бўлса ҳам, умри ичида шу ўтган фожиани эскариб, қолмиш ҳаётини бутунлай ғам қайғу, ҳасрат билан ўтказиб турмоғдадур. Бу оғир мусибатга чидаёлмаганидан Шинг Дубан даврида, 1935 йили ҳаж йўли очилиши билан ўлимдан қолган ўғлини олиб ҳажга кетмишдур.

3.Бу воқеа Ахтамбой авлоди устида бўлиб, улар Ғулжада совет элчихонасининг рўпарасидаги қўраларида турар эдилар. Қизил аскар шаҳарга кирган кунлари ГПУ жаллодларидан бир нечталари ярим кеча, тун қоронғусида девордан ошиб кириб, катта-кичик бир уй тўла оилани бирини қўймай отиб чопиб ўлдириб чиққанлар.

Нима бўлиб, 12 яшар бир ўғил ёширинган жойида бу ваҳший қонхўрлар қўлидан қутулиб қолмиш экандур. Мана бу динсиз, худога ишонмаган инсон cуратлик йиртқич ваҳшийларнинг зулмларидан кўрсаткич бўлғудек бир озини, балки юздан, мингдан бирини ибрат учун бу ўринда ёзиб қолдирдим.

Шундай бўлиб, қўзғолончиларга қарши ўн баробар кучлик совет аскарлари киргач, бошқаларнинг умидлари бутунлай узилиб, жон қутқазишга киришдилар. Қиш кунлари ҳаво совуқ, жануб томондан бошқа ҳамма томон душман аскарлари билан ўралмиш эди. Шундай бўлса ҳам тоғ йўллари, ошувлари қор музлар билан қопланганига қарамай, бошқа йўл йўқлиги учун Юлдуз довони орқалик Кучар, Қора шаҳар томонига қочишга мажбур бўлдилар. Лекин у бечораларнинг бу қочишлари эса ўлим қиличи бошига келган киши, бошқа ҳеч илож тополмаганликдан, қилич мизига (тиғи, юзи, ўткир томони) қўлини тўсгандек бир иш эди. Эшитишимизча, бу кетганлар қиш кунлари тоғ тош, қор музларнинг орасида совуқда қолишиб, кўплари ҳалок бўлмишдур.

Шу билан Жанг Жун тарафдорлари эски хитойлар ва Гасилинг тарафдорлари тор мор бўлиб, совет Русияси сиёсатига мослашган Шинг Дубан ҳукумати ўрнашди. Ерлик халқнинг ҳуқуқлари бутунлай оёқ ости қилиниб, яна бутун ишлар хитой босқинчиларининг қўлига топширилди. Идора ишлари хитойча юргизилди. Ғулжа шаҳри бўлса, булар олдида сиёсий жиноятчилар ҳисобланган биз каби кишилар билан тўлмиш эди. Ҳозирча, бу жаллодлар ўз зарур ишларидан бўшанолмай турганлари учун, бошқалар буларнинг қонлик қўлларидан вақтинча омонлик олиб турган бўлсалар ҳам, навбати келганда буларнинг чангалидан қутулиш имконияти йўқ эди.

Бошимиздан минг турли меҳнат машаққатлар кечирган ҳолда, бу жаллодлар қўлидан қочиб, чегарадан ўтмиш эдик. Иккинчи булар қўлига тушар бўлсак ҳолимиз нима кечишлигини яхши билар эдик. Шу сабабдан бу ердан кетмакка ният қилдим. Сафар йўлдошим марҳум Илёс домла ўғли марҳум Абдусаттор маҳсум икковимиз отчи эшакчиларга қўшилиб, муз довон орқали Олтишаҳар томонга ўтиб, у ёқдан бошқа томонга кетмоқчи бўлдик. Лекин сафар жамолғамиз тайёр бўлгунча, сиримиз ёширин тутинганликдан уй оила, ёр дўстларимизнинг бу ишдан хабарлари йўқ эди. Йўлга чиқишимиздан икки уч кун илгари оилаларимиз ва бошқа оғайни туққанларимиз хабар топишиб, ҳаммалари йиғи сиғи қилғали турдилар. Кечагина суюклик она Ватанимиздан, уруғ-аймоқ, элюртимиздан мажбурият орқасида ажрашиб, тўкилган чочилган ҳолда ёт эл, ёт ерларга келган эдик. Ўзимиз олган жабр жафо жароҳатларимиз, фироқ кунларидан эсталик қолган кўнгил доғларимиз ҳали соғайиб кетмаган эди.

Бунинг устига ҳаёт оламида энг оз учрайдиган бу каби бир улуғ воқеа яна бошимизга тушди. Худо раҳмат қилсин, Муҳаммадёрнинг (Алихонтўранинг ўғли) аяси: «Сизни қараб туриб душманлар қўлида кўрганимиздан, Аллоҳ омонатига топширганимиз яхшироқ, худо буюрганича, кундалик кунимизни кўрармиз», деган бўлса ҳам, қизимиз Азиз пошшо: «Кечагина биз келиб, бугун Сиздан тириклай ажраб қолсак бунга қандоқ чидағали бўлур. Жўжалардек ёш болалар ичида биз нима қиламиз», деб қайғулик кўз ёшини тўккали турди. Бунинг таъсиридан оталик меҳрим қўзғалиб бормасга ваъда бериб, кўнгилларини тинчитдим.

Энди икки оғиз сўзни Гасилинг устидан айтишга тўғри келади. Шундоқки, бу қаҳрамон Урумчига яқин Қутубий, Санжий қайрағачлиғида 40 кунга яқин жон-фидолик билан совет аскарларига қарши турган бўлса ҳам, ғалаба асбоби душман қўлида бўлгач, ночор орқага чекинмиш эди. Қуръон кўтарган, ваъдага вафо қилмаган қора жоҳил Хўжаниёзга ярашмоқ учун яна бир мартаба элчи юбориб қараса ҳам, ул қабул қилмагач: «Ҳай бу кофир кишиси экан», деб унга қарши ҳужум бошламишдур. Биринчи ҳужумдаёқ, бош-оёққа қарамай, Хўжаниёз, Момутсилинг аскарлари бошаламон бўлиб, Кучар томонга қараб қочгали турди. Гасилинг эрса аскарларига қўмонда бериб, орқадан қувлаганича из боса юриб ўлтирмишдур.

Буни кўрган қизил сеҳрчилар, бу ишни бўлдириш учун неча ойлаб илгари қурган режалари тўғри чиққач, бу ҳақдаги мақсадларини тезроқ қўлга келтириш чорасига қаттиқ киришкали турди. Шундоқки,фитна оловига аланга бериш учун тили бир, дили бошқа виждонсиз бир неча мунофиқлар доим Хўжаниёз аскарлари ичида топшириқ хизматларини бажармоқда эди. Шунга кўра, бу қора жоҳиллар Кучар шаҳрига кирганда, узундан бери бу ерда турган, жаллодлар қўлидан қочиб жилой (Ватанидан ҳайдалган) ватан бўлган, Наманганлик дўстимиз Маҳаммадхон маҳсум ўзи иш кўрган, ҳамма нарсага тушунган киши эди. Мусулмонларнинг ўзаро бирлик иттифоқлари бузулғанлигини кўргач, буни ислоҳ қилмоқчи бўлиб, Момутсилинг олдига келмишдур.

Билганича насиҳат юзасидан ҳар ёқлама сўзлар келтириб: «Қуръон ҳукмича, бирлик иттифоқлик мусулмонларга фарз бўлмишдур. Туркистон мусулмонлари устига илгари кейин барча офат балолар эса шу иттифоқсизлик шумлигидан бошимизга келди. Илгаридан бери уйғур ўзбек мусулмонлари қон қариндош ва дин-қариндош бўлганлигимиз учун, ҳар даврнинг аччиқ чучугини, меҳнат машаққатларини бирга ўртоқлашиб тортишгандурмиз. Ўз вақтида илм маркази бўлиб қуввати ислом аталган Бухоро, етти иқлимга эга бўлган Амир Темур пойтахти Самарқанд, бундан бошқа Фарғона ва бутун Туркистон мусулмонлари динсиз босқинчиларнинг зулми остида, молмулкидан, дунёларидан ажраган ҳолда куйиб, куллари кўкка соврилмоқдадур.

Бу дин душманлари кофирлар, айниқса, инсон оламининг оғуси фитна фасод, маданий макр ҳийлакор болъшевиклар Туркистон мусулмонларини инсоний ҳуқуқларидан бутунлай ажратиб, ҳайвонлар қаторида эрксиз мажбурий ишлатаётганлигини кўрган билганлардан эшитгандурсиз. Бизга ўхшаш ўз ватанларидан жудо бўлган қочқунлар атрофингизда уймаланишимиздан бирор яхшилик чиқарму деган умид билан термулиб турибмиз. Энди бу ишнинг бирдан бир чораси шулки, Гасилинг билан келишиб, бутун мусулмонлар бир иттифоқда бўлиб, душманга қарши ҳаракат қилсак, шундагина, биз учун яхшилик йўли очилур эди», демишдур.

Бу сўзни онглаши билан Момутсилингнинг нимадандур ғазаби қўзғалиб, «Ҳай, бу андижонлик ўзи тунгон тарафдори бўлғони учун бизни ҳам у жоҳилларга тобун қилмоқчи бўладур. Бу сўзидан қайтгунча қулоғидан туврукқа (устунга) михлаб қўйинглар», деб буюрмишдур. Шунинг билан бечора Маҳаммадхон маҳсум бу қора нодонларга насиҳат қиламан деб, қулоғидан устинга қадалган ҳолда бир неча соат азоб тортмиш эди.

Шу орада булар орқаларидан қувиб келаётган Гасилинг аскарлари етиб келиши билан Хўжаниёз, Момутсилинглар 6у ерда ҳам туролмасдан Оқсув томонга қараб қочгали турдилар. Урумчида Жанг Жун ҳукумати йиқилиб, ўрнига совет ёрдами билан Шинг Дубан ҳукумати қурулгач, бу ўрнашиб олғунча, Олтишаҳар Уйғуристон ўлкаси бўйлаб, қўзғолончилар ҳар жойдан бош кўтармиш эди. Совет Русияси Или ўлкасида ўз сиёсатига мослаштириб, Шинг Дубан ҳукуматини қуришга киришган бўлса, нақ у фурсатда яна ўз тарафидан тайёрланган Андижон қирғизларидан Исҳоқбек Кошғар томонига кирғизилмиш эди. Хўтан халқи 1933 йили атрофи билан қўзғолон кўтаришиб, хитой бошлиқларини қолдирмай ўлдиришган сўнггида, ўз ичларидан бир кишига Шоҳмансур лақабини бериб, уни аскар бошлиғи қилиб, шу орада хаж сафаридан келган Собит домлани ҳукумат раиси сайламиш эдилар.

(давоми бор)