Ҳавойи гап-сўзлар ўлкаси

Ҳавойи гап-сўзлар ўлкаси
29 views
02 May 2016 - 10:04

chinor-Karimov-e1455969443564.jpgҲаволарга совурилган йигирма уч йил…

(11)

Болани боқчага жойлаш учун ҳам, мактабга қўйиш учун ҳам пора талаб қилинади. Бу ишларга порасиз эришилса, боғча опалар ва ўқитувчилар томонидан бола очиқчасига маломатларга ёхуд кимса билмас силтовларга учрайди. Ота-онаси пора бераётган болалар тарафидан у пора бермагани учун камситилади. “Бер-бер”ларда фаол қатнашмасликнинг касрига бегуноҳ ва бокира жонлар ёниб кетадилар. Уларнинг иқтидори ва юксак зеҳнлари поранинг олдида бир чақага арзимайди. Пора берган кимсаларнинг ўғил-қизлари ҳар жойда ўзларини эркин тутадилар, алифни калтак десалар ҳам билимли ва одобли ўқувчилардан кўпроқ қадр-қимматга эга бўладилар. Мактаб ўқувчисига хос бўлмаган кийимлар кийиб, турли-туман тақинчоқлар тақиб юрсалар ҳам ҳеч ким уларнинг мушугини, “пишт” демайди. Келажакда миллатнинг Берунийси, Фарғонийлари бўлишга арзугулик фарзандларнинг ота-онасининг пули бўлмаса, уларга ҳеч ким эътибор бермайди. Уларнинг устидаги бироз эскирган ёхуд охирги модада бўлмаган кийим-кечагига қараб, акси уларни масхаралайдилар. Майна қилиб, устиларидан куладилар. Каримовнинг орқасидан кулган каби дамини ичларига ютиб кулмайдилар, кўзларини бақанинг кўзидек бақрайтириб, асл фарзандларнинг кўзларига қараб туриб безбетларча ишшаядилар, масхаралайдилар.

Мустақиллик  миллатининг, мамлакатининг бахти-саодатига айланиши мумкин бўлган истеъдодларни ҳали мактаб партасида ўтирган пайтидаёқ, руҳан ўлдирилиб, маънан мажруҳ қилади. Ўзлари таълим-тарбияга муҳтож ўқитувчилар Каримов сиёсатига қоришиб, жиноят қилаётганларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Уларнинг қўли билан тузум ҳали етти ёшини тўлдирмаган боладан “полни бўяш учун бўёққа”, “томдан чакки ўтди” ёхуд “фарош учун” дея ҳар хил баҳоналарни уюштириб минг бир бало-баттарга пора ундиради. Ўқитувчини ўқувчиларнинг кўзига муттаҳам, очкўз-юҳо қилиб кўрсатади. Болалар мактабни тугатгунларича пора бериб-бора олишнинг ҳаддисини оладилар. Кейинги умр йўлларида ҳам яхши мутахассис бўлиш ёки илм чўққиларини эгаллаш учун юрак-юракларидан тиришиб ҳаётлари мазмунини бойитишга интилмайдилар. Каримов режими она қорнидан бошлаб ўргатганидек, улар бутун муаммоларни пора бериш йўли билан осон ҳал этишга урунадилар. Барча-барчаси ҳайвон каби еб-ичиш ва ҳаром-ҳариш бойликларни эгаллашга қаратилади.

Шундай қилиб президент Каримовнинг – Бойқушалининг чорак асрлик заҳматлари ўз мевасини бера бошлайди.

Симёғоч атиргул каби яшил япроқлар чиқариб, қирмизи гуллар очади. Шохига қўнган қарғалар Мустақилликнинг висолида булбул каби маст бўлиб, чах-чах уриб сайрайди. Булбуллар бойқушга, чаманзорлар қизил саҳрога дўнадилар. Ҳамма нарсаларнинг оёғи осмондан келиб, Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон тинмасдан тараққиёт этаётгандек кўринади. Бутун дунё иқтисодий инқирозлар домида қолганда ҳам, Ўзбекистондан балолар айланиб ўтади. Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистонда йигирма беш йилдан буён қонли жанглар кетаётган бир пайда, Ўзбекистоннинг зилол осмони – беғубор, юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган бўлади.

Аммо, ичкарида “Ўзбек модели” Соғликни сақлаш тизимидаги сингари Халқ таълими тизимини ҳам Мустақиллик қолипига урган, мактабларга ажратилган пуллар ҳар бир соҳадаги сингари ҳеч қачон охирги манзилга беталофат етиб келмайди. Олган мояналари бир ойлик тушлигига етмайдиган ўқитувчилар шу учун ҳам уй-рўзғорлари ғамида мактабга ишга кирадилар, шу учун ҳам боласи, невараси тенгилардан пора оладилар, шу учун ҳам пора бермаганларни унча ҳам ёқтирмайдилар.

Ёш авлодга таълим-тарбия бераман, шу йўл билан миллатимнинг, мамлакатимнинг тараққиётига ўз ҳиссамни қўшаман, деган ўйловни улар етти ухлаб тушларида ҳам кўрмайдилар. Шу ният билан мактабга ишга кирганларида ҳам тайинли бир дастур ишлаб чиқилмаган, моянаси арзимас мактабда виждонли ва ўзини таниган кимсанинг ишлаши мумкин эмас.

Мустақиллик мафкураси доирасида дастурланган билимлар миллатнинг кўз қорачуғи ва жигари аржуманди бўлган азиз фарзандларни ёлғончига, сотқин ва ватанфурушга айлантиради. Улар бир умр ёлғон-яшриқлар, ҳавойи гап-сўзлар ўлкасида яшаб, бу дунёдан Манқурт Каримовга ўхшаб, ҳаётга нима учун келиб, нима учун кетаётганларини билмасдан ўтиб кетадилар.

Бу барчаси сиёсий майдонда мухолифат йўқлигидан, рақобатнинг ўлганидан пайдо бўладиган иллатлар. Мухолифат – рақобат бўлганида эди, президент Каримов бу қадар аянчли аҳволга тушмасди. Йигирма беш йиллаб у катта бир халқни аросат майдонида адаштириб юримасди…

(давоми бор)

Эргаш Сулаймон