“Ўйингизга уч аёлни жонига қасд қилган хавфли жиноятчини яширган бўлишингиз мумкин…”

“Ўйингизга уч аёлни жонига қасд қилган хавфли жиноятчини яширган бўлишингиз мумкин…”
82 views
02 May 2016 - 14:15

malokhat1Амалдаги ҳукумат бошқарувининг миясида  қандай ўй бор, билмайману, оёққа турганимдан бери ваҳима касаллари хуруж қилиб – шайтонлаб қолган.

Нима бўлса-да мен истиқомат қилаётган уйни тинтув қилиш илинжида минг бир баҳонани ўйлаб топишади.

2016 йилнинг 30 март куни “Суд ижрочилар” ниқоби остида мен яшаётган хонадонга бостириб кириб орг. техникаларимга чанг солишганди.

Бундан ҳам бирор бир иш чиқмади чамаси, куни кеча эшик тақиллаб қолди. Қарасам, ИИБ формасидаги нотаниш одам турибди.

-Хизмат?, – дедим ўзимни хотиржам тутишга уриниб.

– Биз паспортларни текшириб юрибмиз. Бу уйда кимлар яшайди, қаерда пропискада туришади, аниқлик киритишимиз керак. Паспортингизни беринг? – деди.

– ОВИРда, афсуски нусхаси ҳам йўқ эди, – дея ўзимни таништирдим.

“Доимий пропискада қаерда турасиз? Бу ерда кимлар билан яшайсиз? Оилангиз борми? Қаерда ишлайсиз? Ишламасангиз ниманинг ҳисобига яшайсиз?….” каби адоғсиз саволларига берган жавобларимни ҳафсала билан ёзиб олгач:

-Уйингизни кўздан кечиришим керак, – деди-да қоғозлари орасидан униқиб кетган, ўта хира, бош қисми ён томонидан олинган, таниб бўлмайдиган эркак кишининг суратини кўрсатди, – Мана бу шахсни танийсизми?

– Таниб бўлмайди-ку? Танимайман? Нима эди?

– Бу ўта ашаддий жиноятчи. Уч нафар аёлни шафқатсизларча ўлдирган. Қотиллик жиноятини содир этиб, қочиб қолган. Жиноятчини қидирмоқдамиз. Эҳтимол, у сизнинг уйингизга яшринган бўлиши ҳам мумкин. Шу сабаб уйингизни кўздан кечиришим керак, -деди ўзини Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходими Илғор Умаров деб таништирган милиция формасидаги шахс.

Унинг сўзларидан фиғоним фалакка чиқиб кетди.

– Бу нима деганингиз? Жиноятчи, қотил мен яшаётган уйда нима қилади? Мен журналист бўлишим мумкин, мухолифатчи бўлишим мумкин, инсон ҳуқуқлари фаоли бўлишим мумкин. Лекин қотиллар билан шерикчилик жойим йўқ. Мен ҳукуматдан қонунийликни талаб қиламан. Ўзим ҳам қонунга амал қиламан. Манзилда адашдингиз…

– Ихтиёрингиз, уйни кўздан кечиришга қаршилик қилсангиз “наряд” чақираман. Участка нозири, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, “Домком” гувоҳлигида қаршилик кўрсатаётганлигингиз ҳақида “АКТ” тузиб, мажбурий тарзда улар иштирокида уйни кўздан кечирамиз. Ким билсин, балки уйингизда жиноятчи борлиги сабаб ҳам кўздан кечиришимга қаршилик қилаётгандирсиз?  Хавотирингиз нимадан? Сизга қай бири маъқул, гувоҳлар иштирокида кўрганимми, ёки ўзим кўздан кечирганимми? Истасангиз, ҳозир қўнғироқ қилишим мумкин…., – Тошкнет шаҳар ИИБ ходими Илғор Умаров чўнтагидан мобил телефонини олди.

Унинг гапларини эшитгач, азборойи ғазабланганимдан кўзларимдан ўт чиқиб кетди. Зарб билан эшикни очдим:

-Киринг!

Йўқ, мен ИИБ ходимидан “Уйимда тинтув ўтказишга ордеринг борми? Сангциясиз ҳам одамларнинг уйига бош суқаверасанми?” дейишим мумкин эди. Бироқ, бунингдек эътирозларимга жавобни элдан бурун эшитиб олганлигим сабаб ҳам чурқ этмадим, қаршилик қилмадим.

И.Умров уйга кирди. Кирди-ю:

– Бу аёл ким? – деб сўради.

Уйимга ярим соатлар аввал Сурхондарё вилоятининг Музробот туманидан ҳуқуқлари топталган, ери ҳоким томонидан ноҳақ тортиб олинган фермер аёл – Дилором Зайниева арз-ҳол қилиб келганди. Улардан интервью олаётган эдим.

-Сурхондарёдан. Бугун Олий судга, қабулга келганлар, – дедим.

ИИБходими Дилоромнинг паспортини сўради, олгач, диққат билан кўз югартирди-да чўнтагига солди:

-Дилором опа, “землаячка” экансиз. Мен ҳам Шерободданман. Паспортингизни мен олиб кетишим керак. Сизнинг шахсингизни аниқлагач, паспортингизни компютердан текшириб кўргач, муаммолар бўлмаса, қайтариб бераман, – деди-да меҳмонимнинг паспортини чўнтагига солди. Кейин ҳожатхона – ванна, зал, ошхона, ётоқларни кўздан кечирди. Дераза пардаларини кўтариб, ташқарига синчиклади. “Балкон”га чиқиб, бир зум серрайиб турди-да қайтиб кириб, компьютер столининг ғаладонига қўл чўзди.

-Қотилликка кўл урган жиноятчи стол ғаладонига сиғмаса керак? – киноя қилдим, – одам қидираяпсизми, игнами?

“Қидирув” ишлари ярим соатча давом этди, кейин кетди. Бу пайтда соат 11.00 лар эди.  Кейин биз Сурхондарёлик фермер Дилором Зайниевага “земляк” бўлган Илғор Умаровни қидириб у ўтирган кабинетга равона бўлдик.

Сурхондарёлик фермерни савол-сўроққа тутиб, ҳеч бир сабабсиз соат 16.00 га қадар ушлаб ўтиришди.

Паспорти қўлида, шахси аниқ аёлнинг “Шахсини аниқлаш” мақсадида асабларини роса арралашди….

Шу куни “дом” ҳовлисига кечки “прогулка”га чиққан қўшнилардан “ИИБ ходими қандайдир қотилни сизларнинг уйларингиздан ҳам қидиришдими?”деб сўрадим.

ИИБ ходими биргина мен истиқомат қилаётган уйдан ташқари бирорта бир фуқаронинг эшигига бош суқмаганини билардим, билсам-да, гумонимни тасдиқлаб олиш учун атай сўрагандим. Шубҳаларим тасдиқланди.

Буни қарангки, Тошкнет шаҳар ИИБ ходими Илғор Умаров мени  уч аёлни шафқатсизларча ўлдирган ашаддий жиноятчи билан шерикликда гумонлаб биргина камина яшаётган уйни тинтув қилган экан…..

Ҳарчанд уринмай, амалдаги ҳукумат, қонун идоралари корчолонлари Тошкент шаҳар ИИБ ходими И. Умаровни менинг уйимга “командировка” қилишларининг асл моҳияти нимада эканлигини ҳали ҳамон англолмай ҳалакман….

Ниҳоятда катта куч, енгиб бўлмас қудратман шекилли, (бундан ўзим бехабар), амалдаги ҳукумат юрт тақдири, халқ ғами, дунё ташвишлари қолиб, менгина билан кураш-ла овора-ю сарсон….

Ортимдан махсу хизматларнинг қанча ходимлари халак…. Қанча одамнинг оиласи менинг ортимдан рисқли бўлаётганидан мамнунман… Шунча шаввозларнинг рўзғорини тебратишларига асос бўлаётганлигим боис, аслида, менга ҳам маош ажратишлари керак эмасмикин?

Йўқ, мен тушунмайман, амалдаги ҳукумат мендан нима истайди, уйимдан, компютеримдан нима излайди?

Ахир мен журналистман. Ҳеч кимдан, ҳукуматдан ҳам яширадиган сирим йўқ. Нимаики бўлмасин, кўнглимдан қандай ўй ўтмасин, ипидан-игнасигачадовур Бахтиёр Ҳасан айтганларидек интернетда “валтираганим-валдираган”….

Мендан ҳадиксираш керак эмас, мамлакатни иқтисодий инқирозга  рўпару қилган коррупционерлардан – порахўр корчолонлардан кўпроқ қўрқиш керак эмасми?…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли