Бабақо дунёда қанча турарсан…

Бабақо дунёда қанча турарсан…
176 views
03 May 2016 - 7:00

old-khiva-painters-rendition-khivaМАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Кўзим тушди

Шукур, алҳамдулуллоҳ,
Жанатга кўзим тушди,
Майхонада май ичдим,
Мастона кўзим тушди.

Эй, зулфу сочи анбар,
Меҳробий юзинг минбар,
Эй, лаълу лаби гавҳар –
Уммона кўзим тушди.

Эй, жонимнинг жаллоди,
Кўзи – ишқим сайёди,
Эй, кўнглимнинг эҳроми –
Имона кўзим тушди.

Эй, жоду жайрон кўзли,
Эй, шаҳду шакар сўзли,
Эй, шамсу қамар юзли –
Тобона кўзим тушди.

Орзуда кезар эллар,
Хизматга келар қуллар,
Тоза очилган гуллар –
Бўстона кўзим тушди.

Сиё сочлари сунбул,
Гўёки манам булбул,
Жаннат боғида бир гул,
Ризвона кўзим тушди.

*****

Бу ишни

Банда, ёмон ишга ботирлик қилма,
Олдингга қўярлар ул кун бу ишни!
Нафсга уйма, шайтон йўлига кирма,
Хижолатга қўяр, билгин, бу ишни.

Нафсинг айтар: “Ургин, бу иш ҳузурдир!”
Жонинг айтар: “Ҳай-ҳай, Тангри ҳозирдир!”
Сен кўрмассан, Ул ҳамиша нозирдир,
Уялгин, иймангин, қўйгин бу ишни!

Бир йўлда гуноҳ бор, бир йўлда савоб,
Аросатда сендан сўрарлар жавоб.
Ҳалолга ҳисоб бир, ҳаромга – азоб,
Шак-шубҳа йўқ, ёдга солгин бу ишни!

Умрингнинг кечгани ёздир ҳар соат,
Не бўлар бу ёзда айласанг тоат?
Савобга шодлик бор, айбга – хижолат,
Бўйнингга олмагин, келгин, бу ишни!

Бошинг кўкка, кўксинг елга кўтарма,
Кўнглингнинг кўркига чўлни еттирма,
Юракда йўқ сўзни тилга келтирма,
Ихлос қулоғига чалгин бу ишни!

Мусофирсан, муқим ишинг қурарсан,
Бабақо дунёда қанча турарсан,
Бунда не иш этсанг, анда кўрарсан –
Яхшидир, ёмондир, ул кун бу ишни.

Шайтон айтар: “Ширин ишдир азагўй!”
Раҳмон айтар: “Нафс умидин узагўй!”
Махдумқули: “Тур, қўлингни кўзга қўй,
Агар туза билсанг, қилгил бу ишни!”

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди