Ҳурлик кутмоқдадир

Ҳурлик кутмоқдадир
104 views
05 May 2016 - 7:00

insent-uzbekistan

Чарчаб кетдим, тоғларга боқиб –
Юрак қўрғонини ҳижронлар ёқиб.
Соғинч кўзёшлари қирғоқдан тошди,
Ватанга отилсам, дарёдек оқиб.

Мен узоқ юртларда эркинман, озод,
Қўлимда тешам бор, руҳимда Фарҳод.
Миллат тутқин бўлса уйида ҳамон,
Менга татирмиди, эминлик, ҳайҳот?

Занжирбанд ўлканинг оҳу фарёди,
Тилса, юрагимни ханжардек сўнсиз –
Етмасми, фарзанднинг кўмак, имдоди?
Бундай чоғда фақат ҳайвондир тилсиз!

Тўрт томони юртнинг девор – тузоқдир,
Раҳбарлари юҳо, очкўз, олчоқдир.
Аросатни байроқ кўтариб, алар,
Ниятлари юртни, топтаб, бузмоқдир!

Неча бор, бузилиб, тўзган ўлка бу,
Ғиротдек охирда, ўзган ўлка бу.
Ўтмишда йиқилди, у неча бора,
Тутзордек ҳар сафар, унган ўлка бу.

Асрлар тунларга тутқун бўлган юрт,
Кўз тутмоқда тонглар, карвон бўлиб, йўрт.
Сени кутмоқдадир, ёрқин келажак,
Ҳурлик кутмоқдадир, кутмоқдадир, Эрк!

Бек Мурод