Бунақа “мустақиллик”ни асло кўзламаган эдик!

Бунақа “мустақиллик”ни асло кўзламаган эдик!
70 views
09 May 2016 - 10:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

(2-қисм)

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

Биринчи кўчат
Мустақиллик…
Шунақасини кўзлаганмидик?

Оллоҳ ҳаққи, биз мустақил бўлишни жуда-жуда орзу қилганмиз, лекин бунақа “мустақиллик”ни асло кўзламаган, мустақиллик бунақа бўлиб чиқишини сира кутмаган эдик! Ота-боболаримиз ва уларнинг кетидан биз болалари қачондир бир кун Ватанимизни озод кўришни, эски шон-шавкатини қайта тиклашни
қанчалар истаганмиз, қонларимиз гупириб бу йўлда курашга кирганмиз, аммо бир куни халқимизнинг бошига мустақилликнинг асли эмас, унинг ўхшовсиз бир масхараси келиши етти ухлаб тушимизга кирмаган.

Сўзим ўзидан ўзи алам ва зарда билан бошланди.

Сабаби бор. Сабабларнинг энг бошланғичи будир:

Мустақилликни қаттиқ истаганлар ҳам, мустақиллик учун курашганлар ҳам бир четда қолиб унга бутунлай бошқалар – мустақиллик йўлида курашиш тугул, аксинча, унга қарши бўлган коммунистлар эга чиқди.

Халқимизнинг ҳамиятли бир қисми ҳуррият истаб майдонларда бошини нақ  дорга тиккан бир пайтда йиллар давомида етиштирилган совет кадрлари Ўрусия мустамлакаси остидан ҳеч чиққиси келмас, СССР давлатини ҳар қандай кўринишда бўлсин сақлаб қолишга тиришиб ётар эди.  Тақдирнинг ажиб жилвасини кўринг: кеча мустақилликка тиш-тирноғи билан қарши бўлганлар бугун унинг жиловига тиш-тирноғи билан ёпишди.

Ҳа, янги “мустақил давлат” тепасида эски коммунистлар қолди. Натижада ҳаётимизда айтарли ҳеч нарса ўзгармади. Соғинч билан шунча кутилган ҳодиса халқимизга – ўрис-совет қўлидан озод бўлишни кутиб яшаган шўрлик ватандошимизга сира-сира татимади.

Бу хил “мустақиллик”дан одамлар ҳатто хижолатда яшаб келяпти ҳалигача:

бир-бирининг кўзига тик қараёлмайди, бир-бирига кўнглини очолмайди; ҳамма ниманидир билади, билганини билдирмасликка тиришади; киприкларини пирпиратади, ерга қарайди, ясама жилмаяди…

Мустақиллик агар миллатимиз кўнгли тусаганидай бўлганида бунақа улуғ ҳодисани халқ кўчаларда, майдонларда кунлаб, ҳафталаб, ойлаб байрам қилиб нишонлаган бўлар эди!

Шу ўринда бир ҳодисани албатта эслаш керак.

Менимча, чинакам мустақиллик сари илк расмий қадам 1991 йил 31 август кунги “мажбурий мустақиллик”дан бир йилу икки ой бурун – 1990 йил 20 июн куни қўйилган эди. Ўшанда миллатвакили Муҳаммад Солиҳ бошлиқ “Эрк” демократик партияси ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Мустақиллик декларатсияси” халқ вакиллари орасидаги соғлом фикрли кучлар қистови ва қатъияти билан Олий Кенгашнинг 1990 йил 20 июн сессиясида қабул қилдирилган эди.

Шу декларатсияни халқ хоҳиш-иродасининг ўша даврга хос ифодаси деса бўлади ва у қабул қилинган кунни байрам қилса арзийди. Лекин у қутлуғ кун бугун эсланмайди, эсланса ҳам, деклератсиянинг чин ташаббусчилари эсланмай ёки бошқаларига алмаштириб эсланади.

СССР бўлиниб кетгани сабаблигина “қўлга киритилган” ҳозирги кўринишдаги “мустақиллик” ясама бўлгани учун халқ ҳатто мустамлакадан қутулганини сезмай, ҳис этолмай қолди. Ҳис эттирилмади! Мустақиллигини
кўчаларда, майдонларда, шаҳару қишлоқларда эркин нишонлашига йўл қўйилмади. Илк йиллардан то шу бугунгача ҳам бунга йўл қўйилмаяпти…

Бугун мустақилликнинг ягона ва бош ташаббусчиси, уста-меъмори деб фақат президент Ислом Каримовгина улуғланиши, юмшоқ қилиб айтганда, адолатдан эмас, тўғрисини айтганда эса, ёлғончилик ва номардликдир.
Ҳа, Олий Кенгаш сессиясида мустақилликни у эълон қилди. Аммо ташаббус халқдан, халқнинг хоҳиш-иродасига суянган мухолиф кучлардан, асосан зиёлилардан чиққан эди! Асло коммунист Ислом Каримовдан эмас! Бу ҳақиқатни Ўзбекистон ичида бугун биров айтмаяпти. Айттирилмайди ҳам!

Яна бир солиштириш: янглишмасам, августнинг 18 ёки 19-чисида, яъни, ҳали “Фавқулодда Ҳолат Давлат Қўмитаси” (ФҲДҚ ‒ ГКЧП) деб аталмиш ярим ҳарбий хунта Горбачёв ҳокимиятини бекор қилиб ўзи давлатни эгалламасидан бир кун бурун ёки эгаллаганининг биринчи куниёқ “Эрк” демократик партияси жасорат кўрсатиб, мамлакатда тўла мустақилликни эълон этиш учун Фавқулодда Қурултой чақириш талабида ҳукуматга ариза топширган. Ислом Каримов бунга рухсат бермади! ФҲДҚ ағдарилганидан кейин 24 август кунигина рухсат берди.

Бу иши нимани кўрсатади? Ислом Каримов шахсан ҳам, у бошлиқ давлат ҳам мустақилликни асло истамаганини, мустақиллик ғоясидан қўрққанини билдиради!

Ислом Каримов ФҲДҚ (ГКЧП) ўртадан кўтарилиб, сиёсат майдонига қайтмас бўлиб тор-мор этилганидан кейингина, яъни, шарт-шароит ўз-ўзидан етилиб қолган бир паллада “халқ вакиллари” ҳузурида бирданига мустақилликни эълон қилиб юборди.

У кунларни унутмаганлар билади: Ўзкомпартиянинг биринчи секретари оғзидан бунақа журъатли таклифни сира кутмаган коммунист “халқ вакиллари” у нимани эълон қилаётганини туйқус англаб етмаган ҳам эди ‒ ҳайрон бўлган, қулоқларига ишонмаган, хато эшитмадикмикан дегандай ҳадикда бир муддат ҳаракатдан ва тилдан қолган эди!

Ахир, тушми бу ё ўнгми ‒ эрталаб уйдан чиқаётганида СССР граждани эди, кечқурун уйига мустақил Ўзбекистон фуқароси бўлиб кириб борса! Бир кун ичида! Бир кун не, ҳозиргина, икки дақиқа олдин СССР деган давлатнинг курсиларида ўтирган “халқ вакиллари” қўлини совуқ сувга урмасдан, бир юмалаб олишга ҳам улгурмай, янги мустақил давлатнинг халқ вакилига айланиб қолса!

Мустамлака шароитида пиширилган ва ея бошлаган бўтқасини мустақил мамлакатда еб тугатса! Етти ухланса тушга кирмайдиган ишлар икки қошиқ бўтқа орасида содир бўлиб кетса! Президент бу карахт “халқ вакиллари”дан ҳатто оддий чапакни ҳам сўраб олди. Шундан кейингина бирдан чапакбозлик бўлиб кетди.

Табиий йўл билан етилиб келаётган, интиқиб кутилаётган ҳомила ярим йўлда қўполларча аралашилиб сунъий туғдирилгани учунми, оддий халқ бу яримжон чақалоқдан ‒ чала мустақилликдан кўнгли севинмади. Ҳатто мустақиллик истаб майдонларда жавлон ураётганлар ҳам мустамлака остидаги кечаги куни билан “мустақиллик” эълон этилган янги кунининг фарқига боролмай, гаранг туриб қолди: воқеа оламшумул, аммо юраклар жиз этмади…

Мана, ўшандан буён шу ясамалик шарпаси яшаб келяпти малакатимизда. Чала ва яримжон туғилган “мустақиллик” она қорнида тўла босқични яшаб ўтмагани аламини, йигирма йилдир, шу онасидан – халқдан олиб келяпти. “Мустақиллик”нинг бутун оғирлиги ва жабри маҳаллий халқ бошига тушган. Бу кун байрамликдан кўра кўпроқ хижолатли кунга ўхшайди. Юзлар “кулади”, кўнгиллар хомуш…

Халқнинг катта бир бўлаги бундай “мустақиллик”дан ҳатто пушаймон. Азиз бошларни тикишга, ҳатто қонлар тўкишга арзирли бу тотли, бу соғинчли, бу жозибали ҳодиса китоб ва матбуот саҳифаларида, радио тўлқинларида, телевизорларда, минбарларда ҳар куни ҳар дақиқада… оёқости қилинаверганидан, эшитса кўнгил озар ҳолатга келди.

“Меъмор” эса йилдан-йилга халқидан узила бориб, теварагига тўплаб олган ишончли одамлари билангина бирга, етти қават зирҳли қўрғон ичида, ҳатто оддийгина чапакка ҳам лойиқ кўрилмаган “мустақиллик”ларини ими-жимида, қўрқа-пуса “нишонлаб олади”.

Кўп рамзлар бор бу ҳолда.

Ҳар йили бирон йиллиги шу тахлит нишонланаётганида “мустақиллик” эълон этилиш арафаларида мамлакатимизда вужудга келган умумий манзара эсимга келаверади. 1991 йил августи. СССР охирги нафасларини олаётган кунлар. Озодлик истаётган халқлар унинг ўлимини истаяпти, аммо у ҳам жон-жаҳди билан тиришиб, яшаб қолиш пайида.

Горбачёв (халқ тилида “Горбач”) бошчилигидаги компартия қайтақурувчилари “Иттифоқ шартномаси” орқали республикаларни ҳарҳолда бир салтанат чегарасида ушлаб қолмоқчи. “Иттифоқ шартномаси”да “қардош” республикаларга олдингидан кўра кўпроқ ҳуқуқ ва кенгроқ ваколатлар ваъда этилаётгани учун компартия ичида ва, айниқса, армия орасида бу ишга қаршилар кўп эди. Натижада мамлакатда ярим ҳарбий, ярим фуқаролик тўнтариши уюштирилиб, 1991 йил 19 август куни ҳокимият тепасига ўрисча қисқартмаси “ГКЧП” (ёймаси “Государственный комитет по чрезвычайным положениям”, ўзбекча ёймаси: ”Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси”, қисқартмаси: “ФҲДҚ”) бўлган тўнтарувчилар келди.

Уларнинг асосий катта нияти:

а) СССР тузумини ҳам, ҳудудини ҳам эски ҳолида сақлаб қолиш;
б) тайёрланаётган “Иттифоқ шартномаси”ни таг-туби билан йўқотиш эди.
Бу йўлда “демократ” деб ном чиқарганлар ва уларга хайрхоҳларнинг ҳаммасини қириб ташлаш режалаштирилди.

Яъни, бу “ФҲДҚ” деганлари яна бир ҳафтача ҳокимият тепасида ўтирганида мамлакат қонга беланар эди!

Августнинг 20-куни ”Халқ сўзи” газети ФҲДҚнинг “Совет халқига мурожаатнома”си (олдиндан тайёрланган шекилли, унга “18 август” деб имзо чекилган) ва бошқа ҳужжатлари билан тўлиб чиқди. Мурожаатнома ва баёнотларда СССР Президенти соғлиғи ёмонлашгани муносабати билан давлатни энди бошқара олмаслиги, қайта қуриш сиёсати туфайли мамлакатда юзага келган бошбошдоқликни тезда ўнглаш лозимлиги, бунинг учун бир неча кишидан иборат “Фавқулодда ҳолат давлат комитети” тузилгани, айрим давлат органлари фаолияти тўхтатилгани, бугундан бошлаб ҳамма шу комитетга сўзсиз бўйсуниши кераклиги, мухолифат ва демократлар бузғунчи экани… халққа билдирилган эди.

Ўзбекистон президенти тўрт кунлик расмий сафар билан Ҳиндистонга (17 август куни) кетган эди, СССРда давлат тўнтариши юз берганини у ёқда эшитди ва сафарни охирига етказмай 19 август куниёқ Тошкентга қайтиб келди.

Ислом Каримов Ҳиндистондан шошилинч қайтган куниёқ давлат устунлари (аркони давлат)ни тўплаб, вазиятни муҳокама қилдирди. Расмий телеканал кўрсатди, бутун республика аҳолиси кўрди.

Диққатни чеккан ҳол: йиғинда президент кўпроқ бошқаларни ва ўша кезлари Бош вазир бўлиб турган Шукрулло Мирсаидовни гапиртирди, республика номидан тайёрланган баёнотни ҳам Мирсаидов ўқигани эсимда. Муҳокама очиқдан-очиқ бўлмаса-да, моҳиятида “Биз ФҲДҚни қўллаб-қувватлаймиз!” деган руҳда ўтди. Ҳатто Ислом Каримов ўзига хос қувлик билан:

“Ўзбекистон сиёсатини ўзгартиришига эҳтиёж йўқ, мана, бугунги муҳокамадан ўзларинг ҳам билдиларинг: биз ўзи анчадан бери бугунги талабга мос тўғри сиёсат юритиб келаётган эдик… Қайта қуриш сиёсатининг ҳамма талабларига биз юравермаганмиз ва ўз вақтида қоралаганмиз… Бугунги вазият бизнинг ҳақлигимизни исботлади”, деди.

21 август куни “Халқ сўзи” газетида “Ўзбекистон Совет Социалистик жумҳуриятининг Президенти, Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий Комитетининг Биринчи секретари Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг республика аҳолисига мурожаати” босилди. Мурожаатда ФҲДҚни тўла қўллаб-қувватлаймиз деган очиқ гап йўқлиги диққатни тортади.

Унда асосан қайта қуриш сиёсати қаттиқ танқид қилинган. Масалан, мурожаатнинг бир ерида: “Бешинчидан, шуни ҳам халқимизга очиқдан-очиқ, рўй-рост айтишимиз керакки, қайта қуришни бошлаганларимизга олти йил бўлди. Қуруқ гаплар, дабдабали ваъдалар одамларимизнинг жонига тегди. Бугун-эрта ҳаётимиз яхши бўлади деган, озгина чиданглар деган гапларга ва ваъдаларга ҳеч кимда ишонч қолмади. Бу ҳам аҳволнинг кескинлашувига, одамларнинг ғазабланишига асос бўлди”, дейилган .

Бу дегани, ФҲДҚнинг давлат тўнтариши зарурий чорадир, деган фатво эди. “…Ўзбекистон жумҳурияти , унинг раҳбарияти қайта қуриш даврида ҳам ҳеч қачон бировнинг гапига кириб иш тутган эмас…” дейиш билан эса маъно маромини “биз ўзи қайта қуриш даврида ҳам бугун ФҲДҚ талаб қилаётган йўлда эдик” деган фикрга бурган.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com