Ҳар биримиз мақсадга етказадиган талабни исташимиз зарур

Ҳар биримиз мақсадга етказадиган талабни исташимиз зарур
186 views
10 May 2016 - 8:00

e6156ccf12d39afd635184b97872c4a3Абдурауф ФИТРАТ

Нажот йўли

(35-қисм)

ВАРАЪ

Нафснинг камоли бўлмиш яхши амалларни бажаришга, талаб қилишга ва нафснинг нуқсони ҳисобланмиш ёмон феъллардан, одатлардан парҳез қилиш (тийилиш, парҳезкорлик) вараъ дейилади. Инсон нафсининг камоли ҳаётининг ғояси бўлмиш икки дунё саодатига етишишдир.

Ҳар биримиз мақсадга етказадиган талабни исташимиз ва бу йўлдан қайтарадиган сабаблардан воз кечишимиз зарур. Бас, вараъ, яъни порсолик ҳар бир одам учун лозим экан. Ахлоқ уламолари яхши ва ёмон амалларни «фозил ва разил хулқлар» номи остида жамлаб тафсир қилганларки, биз илоҳий тавфиқдан уларнинг бир қисмини баён қилдик, иншооллоҳ, қолган қисмини ҳам баён қиламиз.

Шундай қилиб, нафсни фозил хулқлар билан орасталаш ва разил хулқлардан пок тутишга вараъ дейилади. Бусиз икки дунё саодатини эгаллаб бўлмайди. «…(Барча) инсон зиёни бахтсизликлардир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ йўлни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия эттан зотларгина (нажот) топгувчидирлар»239.

«Иймон келтириб, яхши амалларни қилган зотларни эса остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритажакмиз — улар у ерда абадий яшарлар. Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир…»240

Шу маънолар қуйидаги ҳадисда ҳам ўз ифодасини топган: «Дарҳақиқат, эҳсон қилмоқни буюриб, беҳаёлик, бузуқлик ва қайсарлик қилмоқдан қайтарур. Ҳамда насиҳат қабул қиласизлар, деб сизларга насиҳат қилур».

Лекин одамда махлуқлик майли бор, ҳар доим ҳам вараъ соҳиби бўла олмайди. Биноанлайҳ, уларни тарбиялаш керак бўлади. Бир жамоа ислом фидокорлари бу ишнинг уддасидан чиқадилар, улар тасаввуф арбоблари, яъни шайхлардир. Ҳа, шайхлар миллат тарбиячиларидир, бизни тарбиялаб, вараъ соҳиби ва тақводор қилиш айнан уларга лозим. Яна шу нарса муқаррарки, бошқаларни камолга етказмоқчи бўлган одам, аввало, ўз нафсини камолга етказган бўлиши керак, бўлмаса тарбияси фойда бермайди. Масалан, бизни қимор ўйнашдан манъ қилаётган киши ўзи доим қимор ўйнаса, унинг гапи бизга таъсир қилармиди? Ўз нафсидан ғофил юриб, бошқаларнинг тарбиясига ҳаракат қилган одам Аллоҳнинг қаҳрига учрайди: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?»241

Энди шайхларимизнинг вазифалари бўлмиш, яъни бизларни тарбият қилишни эплаяпсизларми ё йўқми, деган масъалани тадқиқ қилсак. Уларнинг тарбияларидан вараъ маъносини қидирмасдан аввал, кўрайлик-чи, илоҳий фармойишларга қай тарзда бўйсунар эканлар. Шайхларнинг умумий ҳайъатини икки қисмга ажратиш мумкин. «Тариқати жаҳрия»242даги шайхлар масжидлару ибодатгоҳларда, ҳатто зиёфату тўйларда ҳам йиғилиб олишиб бесабабу бемуносабат ар-ар қиладилар. «Нима қиляпсизлар?» — деб сўрасак, «Зикр қиляпмиз» дейдилар. Билмайдиларки, бу масхарабозликлари ҳам ақлан, ҳам шаръан ҳаром эканлигини. Унинг ҳаромлигига ҳам ақлий, ҳам шаръий далиллар мавжуд. Ақлий далил шуки, Аллоҳнинг зикрини хотирага келтиришдан мурод илоҳий ғазабдан хавфсираб туриш. Масалан, подшоҳни эсидан чиқармайдиган одам унинг амрига хилоф иш қилмайди. Инчунин, Аллоҳнинг зикрини қилган одам унинг ризосига қарши ҳаракат қилмайди. «Ариллаш» ва «маърашда» бу маънонинг ўзи йўқ. Улар ҳатто Аллоҳнинг номини ҳам тилга олмайдилар. Ақлий далил шудир… Расулуллоҳдан ушбу ҳадисни имом Бухорий келтиради: «Эй одамлар, Аллоҳни оҳиста зикр қилинг, зеро У кар эмас, ғойиб ҳам эмас, У сизларга яқин ва хабардордир».

Иккинчи гуруҳдаги шайхлар «тариқати сиррия»243дагилар бўлиб, уларнинг ҳар бири юз ва минглаб Аллоҳнинг бандаларини атрофларига йиғиб танбал, бекорчилар тўдасига айлантирганлар. Биз юқорида айтган эдикки, шайхлар бизларга солиҳ амалларни ўргатиб, ёмон амаллардан қайтарувчи тарбиячиларимиз деб. Бахтга қарши, бу азизлар атрофларига йиғилганларнинг бирортасига лоақал бир марта бўлса ҳам ахлоқдан таълим берганлари йўқ, бермайдилар ҳам. Зеро, ўзлари фозил ахлоққа эга эмаслар. Шу гапдан четга чиқмай андак олдинлаб кетсак. Агар улардан «Вараъ нима?» деб сўрасангиз, доим рўзадор бўлиш, туну кун минг ракаат намоз ўқиш, дунёнинг ҳеч бир ишига қўл урмаслик, хотин олмаслик, тош ёки кесакка ўхшаб бир жойда ўтиришга вараъ дейдилар», — деб жавоб қайтарадилар. Шулар инсонни икки дунё саодатига етаклар эмишлар?!

Шуниси ажабки, ўзлари айтганларига доимо хилоф иш тутиб, данғиллама ҳовли-жойларда яшайдилар, ясатиғлик от-улов минадилар, хотин оладилар, пул тўплайдилар, рутбаю мансаб кетидан қувадилар… Энди буларнинг феъл-атворидан қатьи назар, улар бизга шарҳлаб берган «вараъ»лари нима ўзи? Шаръан бу жоизми ё йўқми?

Биз буларнинг ҳар бирини жоиз эмаслигини очиқ-ойдин исботлаб, ўтган бобларда айтиб ўтган эдик ва яна такрорлаймиз. Шу ўринда иккита саҳиҳ ҳадисдан далил келтирсак. «Саҳиҳ»нинг муаллифи Имом Бухорий ҳазратлари разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир араб қабиласи Расулуллоҳ ҳузурларига уч кишини элчи қилиб юборади. Жаноби Расулуллоҳ уйда эмасдилар. Улар Расулуллоҳнинг аҳли байтларидан Пайғамбар қай тариқа ибодат қиладилар, деб сўрашади. Аҳли байтлари айтиб беришди. Эшитганлар Расулуллоҳнинг ибодатларини кам деб ўйлаб, Аллоҳ Пайғамбарнинг ўтган ва келажакдаги гуноҳларининг барчасини кечган-да, азбаройи шунинг учун уларга шунча ибодат ҳам етарли, лекин бизга бунақа ибодат кифоя эмас, дедилар. Улардан бири, албатга, мен бутун кечани намоз ўқиб ўтказаман; бошқаси «бир йил рўза тутсам ҳам шу билан кифояланмайман; учинчиси «мен ҳаётдан уйланмай ўтаман», – деди.

Ҳазрати Пайғамбар уйга келиб, улардан сизлар шу гапларни айтдингизми? — деб сўрадилар. Улар «ҳа» деб жавоб қайтардилар. Шунда Расулуллоҳ айтдиларки, мен сизлардан кўра тақводорроқ ва Аллоҳдан қўрқувчироқман. Лекин мен рўза тутаман, ифтор қиламан, намоз ўқийман, ухлайман, уйланаман, бас, менинг суннатларимдан юз ўгирган одам мендан эмас. Суннатимни қабул қилмаганларнинг ва диндан чуқур кетганларнинг ҳоли нақадар ёмондир…», дедилар Расул.

(давоми бор)

239.Қуръони карим, Аср сураси, 1-3-оятлар.
240.Қуръони карим, Нисо сураси, 122-оят.
241.Қуръони карим, Бақара сураси, 44-оят.
242.Тариқати жаҳрия — ошкора зикр қилувчилар тариқати, бу ерда яссавийлик.
243.Тариқати сиррия — хуфия зикр қилувчилар, бу ерда: нақшбандийлик.