Бош вазир ўринбосари вақтинча ишдан четлатилган

Бош вазир ўринбосари вақтинча ишдан четлатилган
20 views
10 May 2016 - 10:55
Ўзбекистон Бош вазир ўринбосариУлуғбек Рўзиқулов

Ўзбекистон Бош вазир ўринбосариУлуғбек Рўзиқулов

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Бош вазир ўринбосари, айни пайтда “Ўзавтосаноат” АК бошқарув кенгаши раиси, 46 яшар Улуғбек Рўзиқулов ўтган жума куни вақтинча ишдан четлатилган. Ўзбекистон вазирлар маҳкамасидаги манбага кўра¸ “Рўзиқулов GM Uzbekistan ширкатида олиб борилаëтган тергов иши давомида сўроқ бераëтгани боис ўз аризасига кўра¸ вақтинча ишдан озод қилинган”.

Бош вазир ўринбосари терговга тортилгани ҳақида гапирган яна бир манба ўтган ҳафта МХХнинг махсус гуруҳи тарафидан қўлга олиниб, тергов қилинаëтган GM Uzbekistan Бош директори Тоҳир Жалилов ўзидан юқори мулозимларга қарши кўрсатма бера бошлаганини ҳам иддао қилди.

Айни манбанинг айтишича, тергов кетаëтгани боис Рўзиқуловнинг дипломатик паспорти олиб қўйилган.

Материал чоп қилинаётган 9 май куни Рўзиқулов исми Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари сифатида хукумат Интернет порталидан олиб ташланмаганини қайд этиш лозим. Унинг ҳибс килингани ҳакида расмий маълумот йуқ.

“Ўзавтосаноат” идораси матбуот хизмати “Улуғбек Рўзиқулов лавозимидан четлатилгани ва GM Uzbekistan Бош директори Тоҳир Жалилов қамоққа олингани” тўғрисидаги “Озодлик” радиоси сўровига жавоб қайтармади.

Бундан олдин Ўзбекистонда GM Uzbekistan иши бўйича ширкат бош директори Тоҳир Жалиловдан ташқари яна камида 10 одам ҳибсга олингани ортидан “Ўзавтосаноат” бошқарув раиси¸ Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Рўзиқуловнинг ҳам терговга чақирилгани ҳақида “Озодлик” радиоси манбалари ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб, билдирган эди.

ЎХҲ хабарлар бўлими