Қирғизистондаги сиёсий ўйинлар…

Қирғизистондаги сиёсий ўйинлар…
69 views
11 May 2016 - 16:06

KGСўнги пайтларда давлатда олиб борилаётган сиёсатдан норози тарафларнинг бирлашуви кузатилаётган бўлсада, лек улар тарафидан аниқ бир дастурнинг йўқлиги сезилмоқда.

Жорий ойнинг бошида ҳукумат бошчиси этиб тайинланган оғир вазнли 5 йил давомида Ўш вилояти губернатори бўлиб ишлаган Сўрўнбай Жээнбеков, аввалги бош вазирлар эплай олмаган ишларни уддалай оладими деган савол, сиёсий доираларнинг асосий мавзуларидан бирига айланган.

Сўнги 5 йилда Қирғизистон Жўғўрқу Кенгашини спикер сифатида бошқарган укаси Асилбек Жээнбеков, ўз акасини ҳукумат бошчиси этиб тайинланиши ортидан лавозимидан четлашга мажбур бўлди.

Ака-ука Жээнбековларнинг юқори лавозимларга президент Алмазбек Атамбаев билан яхши муносабатлари ортидан эришилгани айтилади.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловлари натийжасида Жўғўрқу Кенгашга депутат бўлиб сайланган халқ вакиллари ҳам иқтидордаги президент ва ҳукуматни танқид қилиш у ёқда турсин, ўз фикрларини тўғри ифода эта олмаётганликларини кузатиш мумкин.

Собиқ президентлар Асқар Ақаевнинг “Олға Қирғизистон” ва Қурмонбек Бакиевнинг “Оқ йўл” партиялари ҳукуматнинг барча тармоқларини эгаллаб, халқ манфаатидан кўра, шахсий манфаатларини устун қўйган бўлса, бугунги кунда ҳам президент Алмазбек Атамбаев бошчилигидаги “Социал Демократлар” партияси аъзолари давлатни ўзлари хохлагандай бошқариб келмоқда.

Давлатдан бир сўм олмасдан, ўзларининг кучлари билан хорижий ўқув юртларида билим олган ва халқаро ташкилотларда ишлаётган ёш, иқтидорли мутахасисларни давлат идораларига ўрта босқичдаги лавозимларга ишга таклиф этиб, уларни кўп ўтмай раҳбарларининг турли хил порахўрлик ишлари билан айбдор қилиб қамашлари табиий холга айланган.

Аввал ҳукуматнинг турли поғоналарида ишлаган инсонлар, собиқ давлат расмийларининг аксарияти, ҳозирда давлатга мухолифат сифатида иш олиб бормоқдалар. Улардан: Собиқ вазир ва депутат Қамчибек Ташиев, собиқ давлат котиби, парламент спикери, депутат ва ҳавфсизлик кенгаши раиси Адахан Мадумаров, собиқ депутат Равшан Жээнбеков ва бошқалардир.

Вақти-вақти билан президент Атамбаевнинг олиб бораётган сиёсатини танқид қилиб чиқадиган ушбу мухолифат вакиллари, давлат инқорозга юз тутиб, жар ёқасига келиб қолганидан бонг урадилар.

Кечаги давлат “арбоблари”нинг бу ҳатти-ҳаракатидан безор бўлган ҳокимият ўз оппонентларини йўқотишнинг турли хил баҳоналарини ўйлаб топадилар. Кимларнидур “порахўрлик”да айблаб, узоқ муддатга қамасалар, яна кимларнидур Оқ уй панжарасидан ошишга мажбур қилади.

Шунингдек, сўнги йилларда республикадаги мавжум мустақил оммавий ахборот воситаларини ҳам Атамбаев ҳокимияти ўз назоратига олаётгани кузатилади. Аввалига давлат билан ҳамкорлик қилиш, кейинчалик маълум пул эвазига мустақил ОАВсини сотиш таклифи, иккаласига ҳам кўнмаган журналистларни эса овозини ўчириш мақсадида уларни судлаб, йирик миқдорда жаримага тортиш одатий холга айланган.

Бундай кўнгилсизликлар билан дуч келишни истамаган “мустақил” журналистлар, кеч бўлмасдан аввал давлат билан ҳамкорликка бормоқдалар ва табиий улар президент Атамбаев тарафидан “Сўз эркинлигига хисса қўшгани учун”тақдирланмоқдалар.

Мустақил дея аталувчи “сариқ рўзномалар” қирғиз сиёсатчиларининг бир-бирларини кирдикорларини ошкор этишдаги маълумот ҳуружи воситасига айланган. Ваҳоланки, уларда ёзилаётган маълумотлар маълум вақтдан кейин ўз тасдиғини топмоқда.

Сўнги пайтларда қатор халқаро ташкилотларнинг йиллик хисобот ва рейтингларида Қирғизистон бир неча қуйи поғоналарни эгаллаганини кузатса бўлади. Жумладан Америка Давлат Департаментининг йиллик ҳисботида Қирғизистон “Инсон ҳақлари паймол этилаётган” давлатлар қаторига қўшилган.

Россия Давлат Думаси қабул қилган “Ҳорижий агент” қонунини кўчириб олган Қирғиғистон Жўғўрқу Кенгаши депутатлари ҳар замон уни қабул қилишга ҳаракат қиладилар. Ҳалқаро ва нодавлат ташкилотлар танқиди натийжасида ҳозирча қабул қилинмаётган бу қонун лойиҳаси маълум вақтдан кейин қабул қилиниши мумкин.

Икки йил аввал Америка Қўшма Штатлари билан 1993 йилда имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномаси қирғиз ҳукумати тарафидан бир тарафлама тўхтатилгани ортидан, Қирғизистон Россияга батамом яқинлашгани маълум. Ва бунинг салбий оқибатлари натийжасида бугунги кунда оддий халқ жабрланмоқда. Асосан иқтисодий инқироз туфайли силласи қуриган аҳолининг аксарияти, кундалик хаёт кечириш билангина чекланмоқдалар.

Юқоридаги салбий кўринишларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўрилиб, ислоҳотлар олиб борилмас экан, халқнинг сабр косаси тўлиши натийжасида Қирғизистонда навбатдаги ҳокимият алмашинуви юз бериш эҳтимоли йўқ эмас.

ЎХҲ ахборот бўлими