Малоҳат Эшонқулова: Ўз ватанингда Ватангадо бўлишдан ҳам ортиқ ситам бормикин?…

Малоҳат Эшонқулова: Ўз ватанингда Ватангадо бўлишдан ҳам ортиқ ситам бормикин?…
25 views
11 May 2016 - 19:56

Malohat-EshonqulКеч соат 21.00 дан ўтганда эшик тақиллади.

Очсам, 3 киши бўлиб маҳалладан чиқишибди. Қўлларида катта дафтар.

– Паспортингиз? Бу уйда кимлар билан яшайсиз? – сўроққа тутишди.

– Қизим билан?

– Ҳатто вақтинчалик ҳам пропискангиз ҳам, ижара шартномангиз ҳам йўқ эканку? Уй эгасининг паспортини кўрсатинг? Хонадон соҳиби сизга ким бўлади?

Чақирилмаган меҳмонлар менинг, қизимнинг, қуёвимнинг паспортларимизни олиб, журналга маълумотларни қайд қиларкан:

– Биласиз, биз маҳалладанмиз. Қонунга мувофиқ пропискасиз яшаш мумкин эмас. Доимий, бўлмаса, лоақал вақтинча пропискага қўйишингиз шартлигини эслатиб ўтамиз. Кейин ижара шартномаси ҳам тузишингиз керак бўлади. Акс ҳолда ноқонуний тарзда истиқомат қилаётганлигингиз учун сиз ҳам, уй эгаси ҳам жаримага тортилади. ИИБдан, паспорт столидан, милиция таянч пунктидан ҳар дақиқадан текширувчилар келиб қолишлари, жаримага тортишлари мумкин. Биз қонунни фуқароларга эслатиб юрибмиз. Мана, марҳамат қилиб мана бу ерга имзо қўйсангиз? – деди ўзини “подъездком” деб таништирган оғироёқ рус миллатига мансуб аёл. “Маҳаллаком”, “Домком… “Подъездком”…. Буларнинг барчасига дақиқасига неча маротаба нафас олаётганлигинг хусусида ахборот беришинг шарт. Акс ҳолда туғилганингга пушаймон қилдиришади…..

Бахтга қарши “маҳаллаком”га қўшни бўламан, “домком” ва “подъездком”дан баландда – тепа қаватда тураман. Хуллас, ҳар қадамим ўлчовда. Камига, “дом”нинг тагида эшикдан неча бор чиқиб, неча бор кирганингни, қадамингни қаричлаб, қайд қили-ииб, кўзга чиққан кескандек бўлиииб ўтирадиган сегаретфуруш ҳам бор… Қани буларнинг кўзини шамғалат ҳам қилиб кўрчи!… Бир имзо чеккунимга қадар кўнглимдан минг битта уй ўрмалади….

– Тушундингиз-а, огоҳлантирилдингиз. Бундан кейин доимий, ёки вақтинчалик пропискага қўймасдан яшасангиз, қонунни бузганингиз учун сиз ҳам, уй эгаси ҳам жаримага тортилади, – давом этди “подъездком”.

– Менга қолса, аллақачонлар қилардим… Вақтинча рўйхатдан ўтиш учун паспорт столига бирамас, уч бордим ҳам…. Лекин…Ҳеч қаерда ишламайдиган фуқароларни вақтинча прописка қилиш ҳам таъқиқланган экан-да. Куёвимнинг номидаги уйда яшайман. Куёв яқин қариндош саналгани учун нотариусдагилар ижара шартномаси қилиш шарт эмас дейишди. Нима қилишга ҳам ҳайронман…, – дедим ташвишланиб.

– Қонун-қонун-да…. Бўйсунишимиз шарт…., – маъноли жилмайиб хайирлашишди….

Ҳа, ҳукуматнинг қуйи идорасидан келиб огоҳлантиришдими, демак, “счётчик” кетди. Энди кўп кечиктирмасдан “Законни билиб туриб бузгансан” дея ҳиcоб талаб қилиб келишади, бу аниқ….

Оила рўзғорини тебратиш илинжида вилоятлардан ватани похтахтига иш излаб келганларга ниҳоятда қийин бўлди.

Ўз овулларидан иш топа олмасдан Тошкентда қандолатчилик, тикувчилик цехларида, ўқув марказларида, бир сўз билан айтганда, хусусийман деган корхоналар борки, барининг вилоятдан келган ишчи-хизматчилари вақтинчалик пропискаси тугагач, қишлоқларига қайтиб кетишга мажбур бўладиган бўлди. Негаки, “ Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун ва Ички ишлар вазирининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги 2012 йилнинг 1 май кунги №71-сонли буйруғига асосан хусусий корхоналарда ишлаётган вилоятлик фуқароларнинг ҳатто вақтинчалик прописка қилиш ҳам таъқиқлаб қўйилган. Қонун ва қонун ости ҳужжатларига кўра фақат давлат ташкилотларида ишлайдиган фуқароларгина Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига вақтинчалик прописка қилиш ҳуқуқига эга.

“Ўрикзор”, “Отчопар”, “Бек-Барака”, “Абу Сахий” каби бозорларда арава сураётган йигитларнинг ҳам прописка деганлари бошларига битган бало бўлди. Негаки, аравакашларнинг “вақтинчалик прописка қилиш” ҳуқуқлари мамлакатнинг “пропискага” оид ҚОНУНи ва қонун ости ҳужжатлари – фармон, қарор ва бўйруқлари ортидан топталганлиги сабабли бечоралар бозор участка нозирлари билан ҳар кунлик топган насибаларини бўлишишга, “қистир-қистир” қилишга мажбур. Акс ҳолда кетларига тепиб юборишади…

Хўрликлар аламида: аравакаш ака-укалар ҳатто қўшиқ учун ашъор ҳам тўқиб юборишган:

Арава ҳайдаш фахрми, орми?
Мардикор пулига Мент ака зорми?
Пропискага “разрешение” борми?
“Временка” бўлмаса, Тошкентлар торми?
Пропискасиз нетаман энди?
Қишлоғимга кетаман энди-и-и-и…
(нақорат)
Пропискасиз нетаман энди?
Қишлоғимга қайтаман энди-и-и-и…

дея қайғули қўшиқларини куйла-ааб юришибди.

Ўзбекистонимизнинг 12 та вилоят фуқаролари учун пойтахт Тошкент ҳорижий мамлакат, қўл етмас қитъа – “Биз орзу қилган Америка” бўлиб қолди!

Бундан кейин энди ростдан ҳам вилоятликларга Тошкентга кириш учун “золотая” виза керак бўлади.

Қандай кунларга қолдик-а? Ўз киндик қонимиз тўкилган юртда ўгайдек яшасак!

Қонунлар қўли билан ҳуқуқимиз, эркимиз, ихтиёримизни кишанлаб ташлашса-я!

Ўйлаб қоламан: ҳатто ҳорижий мамлакатларда нолегал яшаётган миллатдошларимиз ҳам бизнинг каби хўрланмаса, бизнинг каби ҳуқуқлари топталмаса керак?….

Ўз Ватанингда ватангадо бўлишдан аламлироқ ситам бормикин?

Бунингдек бедодликларнинг адоғичи, бўлармикин?

Бирор бир ёруғлик чиқмаслигини билсам-да, шу бугун “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг Рўйхати тўғрисида”ги мамлакат Конституциясига мутлақо зид бўлган қонунни “ижод” қилган ва ҳаётга тадбиқ этган мамлакат раҳбарларига талабнома ёзиб жўнатдим:

Ўзбекистон Республикаси Президенти
И.А.КАРИМОВга
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг раиси
Ниғматулла ЙЎЛДОШЕВГА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори
Ихтиёр АБДУЛЛАЕВга
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири
Адҳам АҲМАДБОЕВга
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳорижга чиқиш-кириш
ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи
ШОРИХСИЕВга
Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси
ХЧК ва ФРБ бошлиғи Б.Сайфуллаевга
Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан
Доимий прописка манзили: Тошкент вилояти, Зангиота тумани,
Қатортол ҚФЙ, Қоракўса маҳалласи, Ҳабиб Нуъмон
кўчаси, 7-проеъзд, 10-уй. Тел: +99893 5701747

А Р И З А

Мен, Эшонқулова Малоҳат Худжамовна 1966 йилнинг 25 декабрида Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилганман.

Икки нафар қизим бор. Никоҳим бор, бироқ турмуш ўртоғим мен билан истиқомат қилмайди. Самарқанд туманида яшайди.

Мен 1989 йилда, ҳали талаба эканлигимда Тошкентга ишга келганман ва Тошкент вилоятининг Зангиота тумани, Қатортол ҚФЙ, Қоракўса маҳалласи, Ҳабиб Нуъмон кўчаси, 7- тор кўча, 10-уйга узоқ қариндошимизнинг уйига доимий пропискада турганман.

Ўзим 1990 йилдан то 2010 йилнинг 9 декабрь кунига қадар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида муҳаррир сифатида фаолият олиб бордим.

ЎзМТРКда авж олган порахўрликка қарши курашиш ортидан ишдан ҳайдалганман ва шу-шу ишсизман.

Мен 1989 йилдан то шу кунга қадар гарчи Тошкент вилоятининг Зангиота туманида доимий пропискада турган бўлсам-да, у ерда эмас, мана, 27 йилдирки Тошкент шаҳрида, турли манзилларда, ижарада истиқомат қилиб келдим.

Шу йиллар давомида 2 нафар қизим Тошкент шаҳрида болалар боғчасига борди, ўрта мактабни ўқиб битирди, лицейда ҳам Тошкентда ўқишди.

Мен 27 йилдирки Тошкент шаҳридан хусусий мулк, уй сотиб олишга уринаман, Тошкент шаҳрига доимий пропискага ўтиш мақсадида Тошкент шаҳар хокимияти қошидаги комиссияга ҳам ҳужжатлар билан бирга ариза тақдим этиб, рад жавобини олганман.

Хуллас, прописка масаласида ҳеч қандай олди-бердига, порага аралашмаганлигим сабабли ҳалигача доимий пропискага ўтолмасдан, қийналиб келдим.

Айни дамда тўнғич қизим Ҳакимова Зарнигор Авазовна 2015 йилнинг 10 ноябрь куни оилали бўлди. Турмуш ўртоғи Алимбеков Қодирбек Баҳодирбековичнинг фамилиясини олди.

Шу кунларда мен Алимбеков Қодирбекнинг номидаги уйда – Тошкент шаҳар, Учтепа тумани, Чилонзор, 23-мавзе, 16-уй, 39-хонадонда истиқомат қилмоқдаман.

Тошкент шаҳридан энди ўлсам ҳам доимий пропискага ўта олмаслигимни яхши биламан.

Бироқ, вақтинчалик прописка олиб, қизимнинг- куёвимнинг уйида истиқомат қилсам дегандим.

Вақтинчалик пропискадан ўтиш мақсадида Учтепа туман ХЧК ва ФРБ га бориб учрашдим.

Паспорт столидаги масъул мутасаддилар оғзаки мурожаатимга “Сиз ҳеч жойда ишламас экансиз. Шу сабабли ҳатто вақтинча ҳам пропискада туриш ҳуқуқига эга эмассиз” дея жавоб беришди.

Ўзбекистон Репсубликаси Президентининг “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ПАСПОРТ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА”ги фармонининг 34-моддасида:

“34. Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқаролари, шунингдек белгиланган тартибда берилган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар уй-жой майдонининг қанчалигидан қатъи назар доимий қайд эттириш ҳуқуқига эгадирлар:

— эр-хотин — бир-бирининг уй-жой майдонига;…

… — ота-оналар — фарзандларининг уй-жой майдонига;…” дея қатъий қилиб белгилаб қўйилган.

Бас шундай экан, мен Ўзбекистон Республикаси Президентининг “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ПАСПОРТ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА”ги фармонига асосан куёвим ва қизимнинг уйига лоақал вақтинчалик пропискадан ўтишга ва болаларим билан бирга истиқомат қилиш ҳуқуқига эгаман деб ҳисоблайман.

Бироқ, И. А. Каримовнинг фармонига қарамасдан, Учтепа туман Паспорт столи мутасаддилари менга лоақал вақтинчалик пропискага рухсат беришмаётир.

Мен бир умр Тошкент шаҳрида яшадим. Самарқандда манзил-маконим, бошпанам йўқ. Тошкент вилоятининг Зангиота туманида узоқ қариндошимнинг уйида доимий пропискада тураман. Мен доимий пропискада турган манзил Тошкент шаҳридаги ҳозир истиқомат қилаётган куёвимнинг номидаги хонадондан нари борса 12-15 км масофа узоқликда. Бор-йўғи 15 км. холос.

Демак, менга Тошкент шаҳридан 15 км. олисда истиқомат қилиш мумкину, Тошкент шаҳрининг ўзида мумкин эмас. Савол туғилади: менга куёвимнинг номидаги уйга вақтинчалик пропискага рухсат берилса, мен Тошкент шаҳар аҳлининг осойишталигига қандай таҳдид солишим мумкин?

Тошкент шаҳридан бор-йўғи 15 км. олисда бўлган Тошкент вилоятидаги доимий прописка жойимда истиқомат қилсам, мабодо Тошкент шаҳрига хавфу хатар солишдек бад истагим бўлса, мен тўрт қадам нарида туриб Тошкент шаҳрига зиён етказа олмайманми, 15 км. келолмайманми, шаҳарга етаолмайманми?

Буниннгдек “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий ва вақтинчалик прописка қилиш тартиби”-ю, “Тоифалари” тўғрисидаги қонунлару меъёрий ҳужжатларда мутлақо мантиқ йўқ. Бунингдек мужмал қонун фуқароларнинг ҳукуматга бўлган хурмат ва ишончига соя солмоқда холос.

Аслида, мен учун Самарқанддами, Тошкент вилоятидами, қаерда яшашнинг бугунги кунда аҳамияти йўқ. Гап менинг қаерда истиқомат қилишни исташимда эмас, қаерда беминнат бошпанам, жигарбандларимнинг борлигида.

Бугунги кунда менинг қизим шу ерда, Тошкентда, беминнат бошпанам ҳам пойтахтда.

Самарқандда кимларнингдир хонадонида сиғинди бўлиб, ёинки ижарада умргузорлик қилолмайман-ку. Ишсиз бўлсам, ижара ҳақи фалон сўм бўлса?…. 50 ёшимда мен нима қилишим, қаерга, кимнинг уйига бош уриб боришим керак?

Илтимосим, мени И.А. Каримовнинг фармонига мувофиқ Тошкент шаҳридаги куёвимнингт номидаги уйга лоақал вақтинчалик прописка қилишга рухсат этишларингизни сўрайман.

Эшонқулова Малоҳат
10 май, 2016 йил