Янги йўлми, янги динми?

Янги йўлми, янги динми?
22 views
12 May 2016 - 6:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(5-қисм)

Иккинчи кўчат
Янги йўлми, янги динми?

Бу мавзуни ёритишга киришар эканмиз, дин эскидан бор эканини эътиборга олиб, йигирма йил оралиғидан сал орқароққа, ҳатто жудаям орқа замонларга бир-бир кўз ташлашимизга тўғри келади. Ҳамда тарихан солиштирма усулидан фойдаланишга мажбурмиз. Акс ҳолда, масала қийин тушунилади ёки умуман тушунилмайди.

Ислом динида ҳақда тургувчи битта катта йўл (мазҳаб) бор – суннат ва жамоатга эргашганлар йўли. Бу йўлга эргашганлар ўз ичида тўрт машҳур мазҳабда бирлашади: ҳанафийлик, моликийлик, шофиъийлик, ҳанбалийлик.

Ҳанафийлик асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, моликийлик асосчиси Имом Молик, шофиъийлик асосчиси Имом Шофиъий, ҳанбалийлик асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбалдирлар (эй Оллоҳ, бу йўлбошчиларимиз устларига мўл-мўл раҳматингни ёғдир).

Бу тўрт йўл айрим фиқҳий масалалардагина, ниҳоятда арзимас даражада бир-биридан бошқачадир. Асосан ўзаро кесишиб-чирмашиб кетган, айрилган нуқталари ҳам бир-биридан унча узоқламаган. Лекин ҳозир гап неча асрлардан буён амалда яшаб келаётган ушбу машҳур йўллар ҳақида эмас, уларнинг ёнида (балки ўрнига) Ўзбекистонда “мустақиллик” йиллари – атиги йигирма йил ичида ўртага чиққан янги бир йўл (“дин” деса ҳам бўлаверади) ҳақидадир.

Биров билди, биров билмади, бу янги йўл ўзининг антиқа-антиқа ақидасию ғалати-ғалати фиқҳий ҳукмлари билан ҳаётимизга сездирмай, аста-секин ва устма-уст бостириб кириб кела бошлади. Бу янги йўлни қураётганлар ҳали тирик, ўз йўлларини қуриш ишлари ҳам ҳануз давом этяпти, ҳали тугал ҳолга келмаган. Лекин ҳозиргача амалга киритган ақида ва ҳукмлариданоқ анча-мунча оралиқ хулоса чиқарса бўлади.

Биринчи хулоса: ақидаси ва фиқҳи синчиклаб ўрганилса, бу янги йўл мазҳабдан кўра кўпроқ динга ўхшайди. Ислом ақидасини маҳкам ушлаб, амали бошқачароқ бўлганида уни янги мазҳаб деса бўларди. Ҳолбуки, сал ўтмай пастда ўқийсиз: уларнинг ақидаси том бўлакчадир.

Иккинчи хулоса: янги йўлни чиқарганлар йўлини асло янги демайди. Бундай деса, эл улардан юз буриб кетиши мумкин. Шунинг учун улар нуқул “Аҳли сунна ва жамоаданмиз, мазҳабимиз ҳанафий!” деб жар солади. Қўйиб берсангиз, адашган “баҳоий” гуруҳи ҳам ўзини Ислом динида санайди, лекин аслида Исломга боғлиқлиги қолмаган ясама бир “дин”дир. Асло алданмаслик керак: ақидаси бузуқлар қанақа қилиб ҳанафий бўлади?!

Учинчи хулоса: бу “дин” мамлакатда Ислом дини қайта уйғониши юз бера бошлаган паллаларда кўздан пана ерларда пайдо бўлди. Бошида сал орқароқда юрди, сўнг қадамма-қадам изидан қувиб етиб олди, кейин ёнбошга ўтди, ниҳоят ўзиб кета бошлади. Ўзгани сайин Исломдан узилиб-узоқлашиб бораверди.

Тўртинчи хулоса: бу янги “дин”нинг кўзга энг ташланиб турган томони асосан “Девон (бошлиқлар) дини” ўлароқ туғилгани ва бирданига “Давлат дини”га айланганидир. Бу дегани, у ҳаётга давлат кучи билан жорий этила бошлади.

Бешинчи хулоса: бу янги “дин”ни чиқарган ҳам, шогирдларию эргашувчилари ҳам “дин”ларида самимий эмас, улар аҳоли орасида очиқ ишламайди, Ислом динига ниқобланиб ишлайди. Тухумини эси йўқ бошқа қушлар тагига бостириб зотини кўпайтириб ётган майна (лўли қуш)га ўхшаб, ақида ва ҳукмларини ҳушёрлигини йўқотган мусулмонларнинг ақидаси ва ҳукми остига бостириб, суннат ва жамоат аҳли мазҳабига йўғириб-сингдириш йўли билан тобора ёйилиб боряпти…

Яна бошқа хулосалар ҳам бор албатта, лекин ҳозирча билишимиз лозим бўлгани шулардир. Демак, янги “дин” яқин йигирма йилдан бери мамлакатимизда расман яшаб, тобора куч тўплаб келяпти. Насоро миссионерлари мусулмонлар орасига “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” деб кириб келганидек, бу янги “дин”ни ёйувчилар ҳам орамизга “Биз мусулмонлармиз, суннат ва жамоат аҳлиданмиз, ҳанафиймиз” деб суқилиб кириб олди ва ҳамон шу ниқоб билан асл башарасини яшириб келмоқда. Ўзлари чиқарган янги “дин”га ҳали-бери биронта от қўймагани шундан. От қўйса, одамлар у йўлнинг Исломдан бошқа эканини билиб қолиши ва эргашмай қўйиши мумкин-да.

Майли, ўзини танитмаса танитмасин, отини яширса яширсин, уларга муносиб отни биз қўяқоламиз. То юзларидаги ниқоб тушсин, халқ уларни танисин. То бу жинси бўлаклар мусулмонлар жинсига аралашиб кетмасин. Албатта, янги “дин”га уни ўртага чиқараётган зотнинг отини қўйсак айни адолатдан бўларди, лекин айрим мулоҳазалар (қанақа мулоҳазалар эканини ҳар ким ўзи кейинроқ билиб олади) бунга тўсқинлик қилди. Ҳозирча жўнроқ бир от қўйилгани яхши кўринди.

Ақидасида ҳам, фиқҳий масалаларида ҳам турли дин ва фалсафалар аралашиб-қуралашиб кетгани учун уни “Бўтқа дини” деб атай қолдик. Ҳозирча шу от ярайди. Охирги ҳукмлари “тушиб” мукаммал ҳолга келганидан кейин ўзига муносиб бошқа от чиқиб қолар…

Нимага бугунга келиб янги “дин”га эҳтиёж туғилди? Ўн тўрт асрдан бери яшаб келаётган ўзимизнинг динимиз бирдан эскирдими? Ё “мустақиллик” ўртага қўйган талабларга жавоб бера олмай қолдими? деган каби саволларни ҳозирча қўзғамай турганимиз яхши. Бунинг кетидан росмана тушсак, гап чўзилиб кетади.

Битта китоб ёзсак, унинг ҳам бетлари етмайди. Яхшиси бу ишни кейинги билағонларга қолдирсак-да, биз бу ерда асосий масалага ўтсак. Хўш, бу янги “дин”нинг ақидаси ва фиқҳи Ислом келтирган ақида ва фиқҳдан нимаси билан ажралади? Солиштиришда Ислом ақидасини ва фиқҳини “асл ақида”, “асл фиқҳ” деб олдик. Демак…

I. Ақидада бошқачалик ва янгиликлар

1. Асл ақидада: Оллоҳ бордир, Бирдир, шериги йўқдир. Қуллик фақат Унга қилинади. Ҳамду санога фақат У лойиқ. У ўзи яратган нарса, кимса ва ҳодисалар устидан Мутлақ Ҳокимдир. Ислом охирги ва ҳақ дин бўлиб, бутун инсониятга туширилгандир.

“Бўтқа дини” ақидасида: “Бўтқа дини” гарчи дунёнинг жуда кўп мусулмон мамлакатларида анча илгари “яратилган” ўзи каби “дин”ларнинг қардоши бўлса-да, бу кўринишда Ўзбекистонгагина хослаб туширилган охирги ва ҳақ диндир.

Йигирма йил ичида “истиқлол”, “мустақиллик” номларида яратилган янги бир илоҳ, янги бир динга сўзсиз ва шубҳасиз ишониш вожибдир. Ҳар дақиқа ва ҳар нафасда қуллик (ибодат) бу янги илоҳ (дин)га, “бўтқа дини”нинг мутлақ эгасига қилинади. Ҳамду санога ҳам фақат шу янги динни ўртага чиқарган Зот лойиқ. Ҳар бир гап ва ҳар бир ишни “истиқлол” илоҳига бир таъзим қилиб олишдан бошлаш фарз. Бусиз ҳеч бир гап, ҳеч бир иш “ҳузури илоҳияи мустақиллия”да қабул этилмайди. Сўзини ё ишини шу илоҳлар номи билан бошламаганлар жазога тортилади.

“Истиқлол” ва “мустақиллик” илоҳларига тинимсиз ҳамду сано ва зикр йўллаб турувчиларга улуғ-улуғ савоблар бор, “ҳузури илоҳияи мустақиллия”да юксак мартабалар ато этилади. Оллоҳ жамият ҳаётига аралашишга ҳаққи йўқ, У фақат Унга ишонган одамларнинг қалбида, юрагидагина яшайди. Зотан, “бўтқа дини”нинг имон калимаси будир: “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда”.

2. Асл ақидада: Ҳар бир иш Оллоҳнинг хоҳиши, илми, тақдири билангина бўлади. Оллоҳнинг хоҳиши барча хоҳишлардан устундир. Одамларнинг хоҳишлари Унинг хоҳишига боғлиқдир. Яъни, У нимани хоҳласа, бўлади, хоҳламагани бўлмайди. Хоҳлаган бандасини ўз фазли билан гуноҳлардан сақлаб, ҳидоят йўлига солиб қўяди, хоҳлаган бандасини ўз адли билан адашган ҳолича қўйиб, ёрдамсиз қолдиради…

Оллоҳнинг қазо ва қадари барча ҳийла ва тадбирлардан ғолибдир. Оллоҳ ўзи хоҳлаган ишни қилади, лекин ҳаргиз зулм қилмайди. У ҳар қандай ёмонлик, айбу нуқсондан покдир. “У (Оллоҳ) қилаётган ишидан ҳеч кимга ҳисобот бермайди, балки Унга ҳисобот берилади…” Оллоҳ таолонинг ҳукми қатъий ва амри ҳамиша ғолибдир. Буларнинг ҳаммасига имон келтирамиз.

“Бўтқа дини” ақидасида: Ўзбекистонда ҳамма нарса давлатбошининг хоҳиши, белгилаган тақдири билан бўлади, унинг хоҳиши ҳамиша ва ҳар бир ишда устундир, одамларнинг хоҳишлари давлатбоши ва оиласининг хоҳишига боғлиқдир. Улар нимани хоҳласа, бўлади, хоҳламагани бўлмайди. Хоҳлаган (яъни, ўзига “имон” келтирган) қулининг бошини силаб мансаб-мартабалар бериб қўяди, хоҳлаган (яъни, ўзига имон келтирмаган, “дини”ни хато деган) бандасини адашганга чиқариб, ёрдамсиз қолдиради, қамоқларга ташлайди…

Зулми ҳаргиз зулм саналмайди, яхшилик дейилади ва бу “яхшилик” эвазига халқидан ҳар куни ҳар соат ҳар дақиқада шукрона истайди…

Давлатбоши ҳеч кимга ҳисобот бермайди, ундан бундай ҳисобот сўрашнинг ўзи катта гуноҳ. Боз устига, у ҳатто Оллоҳни тергашга ҳақли. Мас., “Нега айрим нарсаларни ‒ ичкилик, фоизхўрлик… сингари яхши ишларни ҳаром қилдинг?”;

“Нега жиҳодни фарз қилдинг?” каби…

Давлатбошининг ҳукми қатъий ва амри ҳамиша ғолиб. Етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма ёппасига буларга имон келтиришга мажбурдир.

3. Асл ақидада: Ҳазрати Одамдан тортиб то охирги пайғамбар Ҳазрати Муҳаммадгача ўтган ҳамма пайғамбарга (уларга Оллоҳнинг саломи ва салоти бўлсин) умумий имон келтирамиз – улардан айримларининг исмлари Қуръони каримда келган.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Оллоҳнинг танлаган қули ва охирги пайғамбаридир. У зотдан кейин қилинган ҳар қандай пайғамбарлик даъвоси ёлғондир.

“Бўтқа дини” ақидасида: Пайғамбарларга имон келтириш ҳақида қатъий кўрсатма йўқ. Бунга давлатбоши оғзидан бирда “Оллойи таолло”, бирда “Худойи таолло” каби сўз чиқиб турганига қарамай, “Пайғамбаримиз Муҳаммад” деган каби эътироф чиқмагани энг ишончли ҳужжатдир. (У ер-бу ерда оғзаки айтилган бўлса бордир, аммо “мўътабар манбалари”да бу ифода учрамади.) Зотан, янги дин келаётган экан, унинг пайғамбари ҳам бошқа бўлиши табиий. Яъни, ҳали пайғамбарлик тугамаган.

4. Асл ақидада: Қуръон Оллоҳнинг Сўзи, инсониятга Тўғри йўлни кўрсатиш учун Расулуллоҳга ваҳий йўли билан сўзма-сўз туширилган. Олдин юборилган ва одамлар уларни бузиб-қўшимчалар киритиб илоҳийлик мақомидан тушириб юборган барча “илоҳий” Китоблар Қуръони карим тушгач бекор бўлган…

Қуръон Сўзига тенг келадиган сўз йўқ.

“Бўтқа дини” ақидасида: Қуръони каримнинг бир (одоб-ахлоқ) қисмига истиснолар билан “имон” келтирилади, бир (эътиқодий) қисми кўрмаганга-билмаганга олинади, яна бир (фиқҳий, м., ҳалол-ҳаромга, жиҳодга бағишланган) қисмини айтиш ё унга амал қилиш тақиқланади. Қуръон сўзига ва кўрсатмаларига янги динбоши сўзи ва кўрсатмалари терс келиб қоладиган бўлса, Қуръон сўзи ва ҳукми ташланиб, янги динбоши Сўзи ва Ҳукми олинади. “Бўтқа дини”нинг ўз муқаддас Китоблари бор 26 , ҳамма мактаб ва олий ўқув юртларида ўшалар ўқитилади.

5. Асл ақидада: Охиратга имон келтирилади; жаннат бор, дўзах бор, бу дунёда Оллоҳга ишониб, яхши ишлар қилган кишилар жаннатга, кофир бўлиб ёмон ишлар қилган кимсалар дўзахга тушади. Дўзах азоби эса, қаттиқдир.

“Бўтқа дини” ақидасида: Жаннат ‒ Ўзбекистондир. Динбоши Сўзида “Оллоҳнинг назари тушган диёр” дейилади. Дўзахни тилга олиш, у билан одамларни қўрқитиш ҳаром. Дўзахни эслайвериш жамиятни безовта қилади – одамларни ўз истаги ва майлича яшашга қўймайди. Умуман, охират ҳаёти ҳақида индамаслик вожиб.

6. Асл ақидада: Оллоҳ таоло изни ила қиёматда Пайғамбаримиз (у Зотга салот ва салом бўлсин) гуноҳкор умматларига шафоат қилиб мағфират сўрашлари ҳақдир.

“Бўтқа дини” ақидасида: Президент якка ўзи ўз иродаси билан ўзининг гуноҳкор, адашган ва қамоқларда ётган фуқароларига шафоат қилиб, гуноҳларини кечириши ҳақдир.

Бунда, худди насронийликдаги поплар каби, имом-домлалар орачи вазифасига ёлланадилар – гуноҳ қилиб қамалган фуқаро билан президент ўртасига тушиб, президентга тавба қилдирадилар ва уларнинг ҳақига президентдан мағфират сўрайдилар.

Қамоқхонама-қамоқхона юриб, гуноҳлиларни президентга тавба этишга зўрлаш, мажбурий тавбаларини қабул этиш ҳалол ва вожибдир. Президентга тавба қилганларга нажот берилади, тавба қилмаганлар сурункали қамоққа ҳукм этилади.

7. Асл ақидада: Барча ишлар оқибатига ва натижасига қараб баҳоланади.

“Бўтқа дини” ақидасида: Барча ишлар янги динбошининг кайфиятига, муносабатига қараб баҳоланади.

8. Асл ақидада: Оллоҳ таоло яратганларида бўладиган барча ишларни олдиндан билади ва уларни узил-кесил белгилаб қўйган. Унинг белгилаганини ўзгартириб қўядиган бирон куч йўқ.

“Бўтқа дини” ақидасида: Тақдир мутлақ эмас, нисбий тушунча, уни давлатбоши белгилайди ва у ўзгартира олади. Бутун мамлакатнинг тақдири унинг қўлида.

9. Асл ақидада: Бизнинг қиблага қараб намоз ўқиганлар (қибла аҳли)ни мусулмон санайверамиз. Шарти – Муҳаммад (алайҳиссалом) келтирган барча хабар ва аҳкомларни эътироф этган бўлсин. Қибла аҳлини, агар улар гуноҳ ишлар қилсалар ҳам, аммо бу ишнинг гуноҳ эканини кўр-кўрона инкор этмасалар, кофир санамаймиз. Имонли кишига қилган гуноҳи зарар бермайди ҳам демаймиз.

“Бўтқа дини” ақидасида: Танаси билан ҳам, руҳи билан ҳам Оқсаройга эгилувчилар “Оқсарой аҳли” дейилади ва булар биринчи тоифа жаннатилардир. Танаси қиблага сажда қилса-да, руҳи Оқсаройга юзланганларга ҳам Олий Даргоҳ оёқостларидан жой ато этилади.

Аммо “бўтқа дини” фарзу вожиботларига юрмаган, бу динни ва динбошисини инкор этган ёки қайсарлик қилиб тан олмаган ҳар қандай одам инкори даражасига қараб ё кофир, ё осий, ё боғий, ё муртаддир. Уларнинг жойи қамоқ (дунё дўзахи)дир, тавба қилмасалар, абадий ўша ерда қолдирилади ё бирон баҳона билан ўлдириб юборилади. Бу динга кўра, қамоқхоналарда ишловчи азоб чиновникларига уларнинг танаси ҳам, қони ҳам, жони ҳам ҳалолдир.

10. Асл ақидада: Мусулмон жамоасига қарши бўлмаймиз.

“Бўтқа дини” ақидасида: Чинакам жиҳод “мусулмон жамоаси”га қарши
курашдир.

11. Асл ақидада: Оллоҳ таолодан мўмин гуноҳкорларнинг гуноҳларини кечиришини сўраймиз. Уларга Оллоҳнинг азоби бўлишидан хавфсираймиз, аммо уларни Оллоҳнинг раҳматидан умидсиз ҳам қилмаймиз. Солиҳ мўминларнинг тавбаларини қабул этиб, гуноҳларидан ўтади ва жаннатга киритади деб Оллоҳдан умид қиламиз.

“Бўтқа дини” ақидасида: Давлатбоши-президентга сўзсиз бўйин сунмаслик катта гуноҳларга киради ва бу гуноҳни ишлаганларга шафқатсиз азоб бўлиши муқаррар. Аммо улар президент марҳаматидан умидсиз ҳам қилинмайди. Тавба фақат президентгадир. Даллоллар гуноҳкорлар билан президент орасига тушиб, гуноҳкорларни тавбага кўндиришади, президентнинг бағрикенглиги ва кечиримлилигига ишонтиришади. Худди насроний поплари сингари президент уларнинг тавбасини қабул этиб гуноҳидан ўтади ва қамоқхоналардан чиқазади, деб умид қилинади. Президентга тавба қилмаганлар абадий қамоқ (дўзах) азобига лойиқдир.

12. Асл ақидада: Расулуллоҳ (у Зотга салот ва салом бўлсин) орқали бизга етказилган шариатнинг барча аҳкомларини ҳақ деб биламиз.

“Бўтқа дини” ақидасида: Янги динбоши келтирган ва келтираётган барча ҳукмлар сўзсиз ва шубҳасиз ҳақ деб билинади. Буларда заррача камчилик бор деган ё уларга амал қилмаса ҳам бўлаверади деган кимса бу дунёда ҳам у дунёнинг дўзахи азобини тортади.

13. Асл ақидада: Подшоларга ва раҳбар амалдорларга, агар улар гуноҳ-маъсият ишларга буюрсалар, итоат этилмайди.

“Бўтқа дини” ақидасида: Президент буюрган ҳар қандай иш гуноҳ ҳисобланмайди, текшириб ўтирмасдан сўзсиз итоат этилади.

14. Асл ақидада: Ҳаж ва жиҳод то қиёматгача мусулмонларнинг солиҳ ёки фожир раҳбарлари бошчилигида давом этади. Уларни ҳеч нарса бекор қилмайди.

“Бўтқа дини” ақидасида: Ҳаж бекор этилмаса-да, унга айрим чекловлар қўйиш керак. Ҳаж давлат рухсат берган кишиларгагина фарздир. Жиҳод ҳукми мутлақо бекор бўлган. Унинг вақти ўтган ‒ ҳозирги замонга тўғри келмайди. Жиҳодни фарз деб чиқувчилар экстремист ва террорчилардир. Жиҳодни амалда қўллаш тугул, уни фарз дейиш ва бу сўзни тилга олишнинг ўзи катта гуноҳ, кечирилмас жиноятдир.

15. Асл ақидада: Оллоҳнинг дини ерда ҳам, осмонда ҳам бир, яъни Ислом динидир.

“Бўтқа дини” ақидасида: Ислом дини осмонда, “Бўтқа дини” ерда амал қилади. “Бўтқа дини”нинг энг улуғ ақидаси диний бағрикенгликдир. Бағрикенглик фақат Ислом динидан талаб этилади, давлатдан, динсизлардан, дунёвийлардан ёки бошқа дин ва конфессиядагилардан бағрикенглик талаб этиш бағрикенглик йўриқларига зиддир.

16. Асл ақидада: Динда зўрлаш йўқ.

“Бўтқа дини” ақидасида: Ислом динига зўрланмайди, зўрлаб чиқазилади. “Бўтқа дини”га зўрлаш бор. Давлат бутун куч-қудратини ишга солиб бу янги “дин”га ҳаммани ёппа ўтишга чорлайди.

Бу йўлда ҳатто айёрлик ишлатиш ҳам ҳалол. Яъни, “бўтқа дини”нинг барча йўл-йўриқ ва ҳукмлари жоҳил эл орасига “ҳанафий мазҳаби” деб киритилади-сингдирилади…

Эскартма: 1. “Асл ақида” деганда Имом Таҳовийнинг Абдулазиз Мансур таржимасида 1992 йили чоп этилган “Ақоид” китобига суянилди. Иқтибос чоғи айрим жумлалар бошқа ўринга – маъноси яқин жумлалар ёнига кўчирилганини билдириб қўймоқчимиз.
2. Солиштиришда давом этилса, “бўтқа дини” ақидасида яна бошқа ўзгачалик ва янгиликлар ҳам чиқаверади, лекин биз бу ерда энг асосийлари деб ўйлаганларимизни келтирдик, холос.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com