Ёлғон йўқолиб, чин сўз майдонга чиқди…

Ёлғон йўқолиб, чин сўз майдонга чиқди…
168 views
12 May 2016 - 5:00

2-madinah-masjid-al-nabawi-4Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 40

(давоми)

Шунинг билан уруш ўтиб, уч кун сўнгида Мадинага қайтгали қасд қилдилар. Йўлга чиқмасдин илгари, суюнч хабарини етказмоқ учун икки киши юбордилар. Бири Мадиналик ансорлардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа, иккинчиси, Пайғамбаримизнинг асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса эди.

Булар келмасдин илгари Мадина мунофиқлари ила Ислом душмани яҳудлар мусулмонларни ғамгин қилмоқ учун, аларнинг зиёнларига турлик ёлғон хабарлар тарқатмиш эдилар. Хабарчилар келгандин сўнгра ёлғон йўқолиб, чин сўз майдонга чиқди. Мусулмонлар қувонишиб руҳлари кўтарилди. Мунофиқлар, яҳудлар шарманда бўлишиб, хафаликда қолдилар. Буни эшитиб, Исломиятни қабул қилмаган бутун араб мушриклари зил кетиб, кўнгилларига қўрқинч тушди.

Бу суюнчилик хабар келган чоғда, Расулуллоҳнинг қизлари, ҳазрати Усмон аёллари Руқияни саҳобалар эндигина дафн қилишиб, қабристондин қайтишмоқда эдилар. Шу вақтда хабарчилар етишиб келиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳа қаттиқ қичқириб: «Эй мўминлар, суюнчи, Расулуллоҳ соғ-саломатлар, мушриклар раисларидан фалони-фалони ўлдирилди, фалон-фалонлар асир олинди», деди. Буни эшитган яҳудлар раиси Каъб ибн Ашраф, «бу сўзлар ёлғондур, агар Муҳаммад буларни ўлдиргани рост бўлса, ер ости бизларга устидан яхшироқ бўлур», деди.

Энди Расулуллоҳдан хабар эхшитайлик. Суюнчи айтиб, Мадинага киши жўнатилгандин сўнгра, ўзлари ҳам йўлга чиқдилар. Сафро деган жойга келганда, қўлга тушган Қурайш раисларидан Назр ибн Ҳарс деган кишини ўлдиришга буюрдилар. Улуғ саҳобалардан Мусъаб ибн Умайр унинг бир туғишган қариндоши эди, уни Расулуллоҳга орачи қўйиб: «Муҳаммадга айтгил, бошқа йўлдошларим қаторида менинг ҳам жонимга омон берсун», деди.

Анда Мусъаб ибн Умайр: «Сен бу ўлимдан омонлик топа олмагайсан. Аллоҳ китоби Қуръон ҳақида, анинг Пайғамбари Расулуллоҳ устида ноянғлиқ (кўп, қанчалар ёмон) сўзламиш эдинг, анга иймон келтирган мўминларга турлик азоблар бериб, қийнамиш эдинг, энди шу қилмишларинг жазосини кўрмакдан бошқа чоранг йўқдур», деб сўзини рад қилди. Шунинг билан, Ҳазрати Алига топширилиб, боши кесилди. Бир оғиз иймон айтишга бўйни ёр бермасдин, дунё ва охиратлик давлатидан ажралди. Бошига қилич келган чоғида иймон айтган бўлса эди, тавбаси қабул бўлиб, ўлимдан қутулур эди.

Сўнгра ул жойдин кўчиб, «Ароқ аз-Зобя» деган манзилга келдилар. Бу ерда Қурайш аскар бошлиқларидан Уқба ибн Муъозни ўлимга буюрдилар. Бу киши ҳижратдин илгари Маккада Расулуллоҳга ҳаддин оша адабсизликлар қилган эди. Бир куни Пайғамбаримизни чорлаб, зиёфат қилгани ўз уйига келтирди, таом ҳозирлаб емакка таклиф қилди. Расулуллоҳ анинг иймонидан умид қилиб, агар иймон келтирмасанг, бу таомдин емайман, дедилар, у ҳам қабул қилиб, шу ҳолда иймон келтирди. Бу сўз халқ ичига тарқалиб, катта-кичик ҳаммага маълум бўлди. Қурайш раисларидан Убай ибн Халаф унинг энг яқинларидан эди. Бу сўзни эшитиб, қаттиқ қайғуланди. Ота-боболаримиз юрган йўлдан чиқиб, аларнинг динини буздинг, деб уни хўп маломат қилди.

Анда Уқба: «Уйимга меҳмон бўлиб, келган Муҳаммадни таом едирмак учун, тил учида айтган бўлдим. Мен бу ишни чин кўнгил билан қилмадим», деб аларга узр айтди. Қанча айтса ҳам мушрик раислари бунинг сўзига ишонмадилар. Анда Убай ибн Халаф: «Муҳаммадни кўрганингда, анинг юзига тупириб, бўйнини босиб, юзини ерга сурсанг, шундагина сўзингга ишонамиз, йўқ эрса, сенинг юзингга боқишни кўзимга ҳаром қилдим», деб онт ичди.

Ҳақиқатда эса, анинг кўнглига иймон нури кирмаган эди. Шунинг учун бир куни Расулуллоҳ Каъба олдида намоз ўқиб, сажда қилган чоғларида, дўсти топширган шу беадабсизликни ижро қилди.

Аммо Расулуллоҳ намозни бузмадилар, намоз ўтаган сўнгида анга қараб:

— Агар сени Ҳарамнинг ташқарисида кўрар бўлсам, бошинг узра қилич кўтарурман, — деб нубуват нури билан, шу кунги ҳолига ишорат қилдилар. Сўнгра у саҳобалардин Осим ибн Собитга топширилиб, бўйни узилди. Сўнгра Расулуллоҳ асирларни соқчиларга топширдилар. Ўзлари бир мунча саҳобалар билан илгарилаб, Мадинага юрдилар. Улардан бир-икки кун илгарироқ Мадина шаҳрига етдилар. Ҳаммадин илгари бошига бир чора кўтарган яҳуд хотини Расулуллоҳни қарши олди. Қарасалар чора ичида қовурилиб, пиширилган қўзи гўшти бор эди. Ул хотун:

— Эй Муҳаммад, алҳамдулиллоҳ, сени саломат кўрдим, агар Муҳаммад шу сафардин саломат қайтса, Худо йўлида бир қўзи сўйиб, пиширайин, эл олди билан қарши олиб, шу таомдин егизай, деб ўзимга назр қилиб қўйган эдим. Мана, мақсадимга етдим, Худо муродимни берди, — деб чораси билан қўзи этини келтириб, Расулуллоҳ олдиларига қўйди.

Тангрининг қудрати билан чорадаги қўзи гўшти шу ҳолда тилга келди:

— Эй Муҳаммад, мен оғуланмуш эрурман, бу хотун заҳар қўшиб, мени пиширди, зинҳор мендин емагайсиз, — деб ўзидан хабар берди.

Аллоҳ амри билан бундоқ мўжиза кўрилгач, у хотуннинг хиёнати маълум бўлиб,Расулуллоҳ анинг таомидан емадилар. Аммо бу тўғрида ул хотундин сўз ҳамсўрамадилар. Шу билан Расулуллоҳ Мадинага яқинлашиб келганларида, катта-кичик бутунхалқ тўсиб чиқишди. Чўрилар, ёш қизлар ўз одатларича, чилдирмалар чалиб, шодликқўшиқлари айтишур эди. Шундоқ бўлиб, табрик маросимлари суюнчилик билан ўтказилди.

Мўминларга қандоқ суюнчилик бўлди эрса, Қурайш мушриклари Бадрда енгилиб, Макка шаҳрига борганларидан сўнгра мотам тутмаган уй қолмай, қаттиқ қайғуришдилар. Жоҳилият одатларича, эру хотин демай, йиғи-зори қилгани туришди. Урушда ўлганларнинг хотинлари, яқин қариндошлари мотам белгиси қилиб, соч-соқолларини кесдилар. Ўлганнинг минган оти ёки туяси қолган бўлса, шуларга қора кийдириб, ёпуғлаб ўртага қўйилур эди. Қоп-қора мотам либосини кийишган хотун-қизлар булар атрофида айланиб, новҳа бирлан йиғлашур эди. Мана шундоқ қаттиқ мотам тутишиб, бир ой ўтказдилар. Сўнгра ўзаро бумотам йиғисини қилмасга маслаҳат қилишди. Чунки Муҳаммад ва унинг йўлдошларибуни эшитур бўлсалар, аларга суюнчилик бўлғай, энди бизлар қонга қон, жонга-жон олиб,ўлганлар ўчини олмагунча, аларга йиғламагаймиз, деб қарор қилдилар. Шунинг биланйиғилари тўхтатилди.

Расулуллоҳ бўлсалар, Мадина шаҳрига кириб, ором олдилар.

(давоми бор)