Ташқи олам ўзгариб қолгандай туюлади…

Ташқи олам ўзгариб қолгандай туюлади…
220 views
13 May 2016 - 6:00

TuzoqСафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБи
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.

Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

 (2-қисм)

Биринчи боб

467-камера. Йигирмадан қирқ тўрт дақиқа ўтиб бормоқда.

Камерага киритилган олтинчи тутқун темир скамейка четига омонат ўтирди. Унинг чўкиб қолган елкалари бошидан кечирган кўргуликларни сўзсиз сўзлаётгандек… Тароқ тегмаган сочлари, шамолдан йиқилган буғдойзорга ўхшаб, бетартиб, битта-яримта оқ оралаган соқолига бир неча кундан буён устара тегмаган. У даҳлизда уч дақиқа олдин икки қўлини энсасига чамбарак қилиб, чўнқайиб ўтирар экан, юқоридагилар хусусида бош қотирарди. Соқчи зил-замбил темир эшикни шақир-шуқирлатиб очиб, уни ичкарига киритгач, у ҳамма нарсани унутди. Боя нималар тўғрисида фикр юритаётганини сўрасалар у энди айтиб беролмас, оғзингни кўрсат десалар бурнини кўрсатадиган аҳволда эди. Уч кунлик азоб-уқубат уни гангитиб қўйган, камситишлар, кесатиқлар, ўринсиз силталашлар суяк-суягидан ўтган эди…

Тутқун кирган камерага “п” шаклидаги икки қаватли учта шконка[1] ўрнатилган. Бу сўзсиз камеранинг олти маҳбусга мўлжалланганини кўрсатади.

Ичкаридагилар ҳар янги кириб келган маҳбусни ҳар сафар “қулоқ эмасмикин” дея лабда ясама табассум, ичда ҳадик билан қаршиламасинлар, унинг кўчадан келаётганини, ичкарига бир тутам бўлса ҳам тоза ҳаво олиб киришини, ўзлари билмаганлари ҳолларида жону диллари билан истайдилар. Албатта, уларнинг ораларида қовоғини очмайдиган, пешонасини тириш босган ўпкасини қўлтиқлаганлар ҳам учраб туради. Ҳатто, ўшанақалар ҳам кун бўйи темир эшикка термулиб, юраги сиқилиб ётганлиги боис, камерадаги гап-сўзларга ўхшамаган бир оғиз сўзга зориққан бўладилар. Бунақа палла ичкаридагилар ташқаридан бирон гап эшитгиси келади.

Шунинг учун ҳар келган янги маҳбусга эскилар парвосиз бўла олмайди.

Улар тўрт девор орасига тушиб қолгач, назарларича, ташқи олам ўзгариб қолгандай туюлади. Оёқлари кўчадан  узилиб, йўллари тўрт девор билан кесилгач, иложсизлик уларни фикрлашга мажбурлайди. Улар хира идроклари билан, сезмаган ҳолларида, озодликни соғина бошлайдилар, ҳиссиз ва жонсиз деворлар ухлаб ётган шуурларини силкитишга тушади.

Бу аслида вақтинчалик ҳолат, улар кўчага қанча тез чиқсалар, ўзларини шунчалар тез унутадилар. Тутқинликда қолсалар, ички тартиб-қоидаларга кўникиб, маҳдудликка чуқур кириб бораверадилар, чунки ҳаётларига қўйилган асос ўла-ўлгунларича уларни аросатда ушлашга мўлжалланган.

Уларнинг кўпчиликлари ҳеч бир замонда шахс бўлолмайдилар. Юз йиллардан буён берилаётган нотўғри таълим-тарбия, анъаналар ва хурофотга ботган урф-одатлар шуни тақазо этади.

Темир эшик кўксидаги наззорага кўз тикиб, аквариумдаги балиқлардай ўтирган маҳбуслар камерага янги кирган маҳбусдан тайинли гап эшитмаганларида ҳам, муҳокомага мавзу топилади. У миқ этмаганда ҳам, камерадаги муҳит ўзгаради. Унинг оғзига талқон солиши ўзи турли шубҳаларни уйғотади. Ундан “чақимчи – қулоқ” деб хавфсираш муносабатларни чигаллаштиради, бадгумонлик камерадаги ҳавони булғатади. Маҳбуслар имо-ишоралар воситасида мулоқотга киришадилар…

“Чақимчи” гумон қилинган кимса деб, маҳбуслар нуқтаи назарича, тезкор гуруҳлар томонидан ораларига ташланган хуфияга, яъни хоинга, қулоққа айтилади. Маҳбуслар ёки маҳкумлар ичидан танланган “чақимчи” хизматлари эвазига баъзи бир енгилликларга эга бўлади. Тезкор вакил маълумот олиш учун ҳузурига чақирганда, уни бир-икки қути сигарет, қуруқ чой, нос билан сийлайди, билиб-билмай содир этган қоидабузарликларидан кўз юмади, очилмай қолган аввалги жиноятларини яширади.

“Яширади” дейиш унчалик ҳам тўғри бўлмас. Чунки бу махсус кўрсатма асосида амалга ошади. Қуйи поғонадаги ишлар хусусида юқоридагилар тинимсиз ахборот олиб турганлари боис, чақимчи тезкор вакил қўлидаги жиловга айланади. Шундай бўлгач, у мулло минган эшакдай ювошиб, буйруқларни амалга оширишга шай туради. Истаса, ўзи ҳам арзимас бир маълумот билан ўзгалар тақдирини ўзгартириш даражасигача ўрмалайди.

Хавфсизлик идоралари ёлғон маълумотларни таҳлил этишни ўйламайди. Эҳтиёж йўқлиги улардаги майлни ўлдиради. Майлсизлик эса ҳис-туйғуларни емиради. Чунки ҳукуматнинг фуқаро ёхуд қонунлар манфаатидан келиб чиқиб иш кўрган ходимни душман деб ҳисоблаши ҳеч кимни виждони олдида ҳисоб беришга мажбурламайди. Баъзилар қўрқоқлиги, иродасизлиги, ожизлиги ёки оч юҳолиги орқасида чақимчига дўнади. Улар табиатан шундай яралган бўлиб, улардан ортиғини кутмоқлик нодонликдир. Шундайлар ҳам бўладики, улар ўта худбин ва разил бўлиб туғилганлари ёки бузуқ муҳитда тарбия топганлари боис, айтиб ўтганимиз жирканч ва тубан ишларга ихтиёрий ёлланадилар. Бу тоифадагилар озгина кайфу сафо ва роҳатлари учун ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдилар.

Олтинчи тутқун бир қарашда кўзга тундроқ ташланадиган ва индамас кимсага ўхшарди. Чарчоқдан киртайган кўзларига, бирор ифода англатмайдиган сўниқ юзига қараб у ҳақда хулоса чиқариш қийин эди. Боз устига, англаш мушкуллиги унинг фойдасига ўйнаётганди. Агар у юраксизроқ туюлганда, ёндашув бошқача кечарди. Беш маҳбус ҳар хил усуллар қўллаб, қуёнюракни ваҳимага солардилар, алвиратиб, устидан кулардилар.

Ташхис қўёлмаган беш маҳбус ахири уни чойга таклиф этди. Бу вазиятни йўлга солишнинг қулай ва алдамчи усули эди. У сирланган кружкадаги қайноқ чойга қурқшаган лабларини теккизар экан, кўзларида ёш қалқиди. Икки қултум чой бутун вужудини илитиб, минг йиллардан буён қуёшнинг бешафқат алангасидан қақраб ётган ерга ёмғир ёққандек, борлиғини яйратди. У кўз ёшларини кўрсатмаслик учун бошини қоронғи бурчакка бурди.

Бу жимжитлик чўзилиб, сукунат давом этганида, у ҳўнграб юбориши ҳам ҳеч гап эмас эди.

– Исмингиз? – дея сўради кимдир шунда.

– Баҳром! – деди у кўзёшларини ичига ютиб.

– Ёшингиз нечада?

– Қирқ олтида.

– Меники қирқ еттида, исмим Иршод, деярли тенгдош эканмиз…

Беш маҳбус ичидаги энг ёши улуғ бу кимса баланд бўйли, оқ-сариқ юзли, ашаддий кашанда эди. У шконканинг биринчи қаватида оёқларини чалиштириб, кетини-кетига улаб сигарет тутатар, бурни тескари қурилган мўри сингари бўралаб тутун қайтарарди. Тутунга тоқати йўқ Баҳром, бўғилаётган бўлса ҳам, вужудига бироз тафт югуриб, нафаси сиқилаётганини унутди.

Айтганимиздек, камерага икки қаватли учта шконка ўрнатилганди. Хонанинг эни икки қулоч ва узунлиги беш қулочдан сал ошарди. Барча жиҳозлар эшикка қарата жойлаштирилганди. Эшик кўксидаги ўймоқдек тешикдан, яъни наззорадан мўралаган соқчи ичкаридаги барча нуқталарни кафтидагидек кўра оларди. Ўнг томонда, шконка билан ҳожатхона ўртасида  овқатланишга мўлжалланган темир шотахта,[2] ёнида темир скамейка бор эди. Шотахта билан эшик томондаги девор орасида бир киши зўрға чўнқайиб ўтира оладиган яшил салафан билан ажратилган томи очиқ ҳожатхона бўлиб, унинг деворига сувузатгич жўмраги қотирилган эди. Хуллас, инсон ўзини ораста тутиши ва зурурий эҳтиёжини қондириши учун нима лозим бўлса, барчаси бир қулочгина ерда эди. Иршод ўтирган шконка юқорисидаги бир қулочга ярим қулоч келадиган дарича ташқи олам билан камера ўртасидаги қизил чизиқ эди. Панжараланган даричадан боқиш учун иккинчи қаватга чиқиб, кейин мўралашга тўғри келарди. У ёруғ оламдаги тўқсон фоиз нарсани камерадан тўсиб турар, термулган кўзга тўрт юз қадам наридаги кўп қаватли уйларнинг юқориги қаватлари кўринарди, холос. Тағин бир парча осмон ва ҳибсхона ҳовлисидаги баъзи бир нарсаларни илғаш мумкин эди. Кундузлари қуёш, кечалари ой ва юлдузлар даричадан сузиб ўтарди…

Камера яна шахсий буюмлар – овқатланиш анжомлари, тўшаклар ва олти маҳбусдан таркиб топганди. Кўричакка ўхшатиб қурилган зорманда олти бахтиқоранинг бори дунёси эди. Таҳқирлаш, азоб-уқубатда, қўрқув ва аросатда ушлаш учун неки зарур бўлса, барчаси унда муҳайё эди. Тутқунликка мослашмаган кимса ўзини қудуқ тубидаги бақа каби ночор ҳис этарди.

– Бу йигитнинг исми Паша! – деди Иршод иккинчи қаватда китоб ўқиётган маҳбусни. Унинг пастида ўтирган, паканароқ бўлса ҳам мушакдорроқ йигитни Воқиф, чап ёнида ўтирган икки маҳбуснинг бирини Аллан, иккинчисини Ташан деб таништирди.

Аста-секин гап-гапга қовуша бошлади.

[1] Шконка – икки қаватли темир каравот.
[2] Шотахта – стол.

(давоми бор)