Тарих такрорланяпти

Тарих такрорланяпти
27 views
13 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(6-қисм)

II. Фиқҳда бошқачалик ва янгиликлар

1. Асл фиқҳда: Ислом динининг устуни бешта – имон (иқрор калималарини айтиш), намоз, рўза, закот, ҳаж.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Бешала устун ҳам узил-кесил эмас. Динбоши раъйига кўра, айрим истиснолар қилиниши мумкин (бу истиснолар кейинги моддаларда келади). Янги диннинг устуни битта: президентга ва
“мустақиллик”ка имон – президентни мутлақ гуноҳсиз, хатолардан пок, қуллик қилишга лойиқ ягона зот деб сўзсиз ишониш; “мустақиллик” ҳукмларига тўла бўйин суниш.

2. Асл фиқҳда: Амалда кишилар имонга мажбур этилмайди, лекин ҳукм ўлароқ бутун инсоният имонга келишга чақирилган. Намоз, рўза, закот ва ҳажда айрим узрлар бор, лекин имонсизликнинг узри йўқ, у ҳаммага бирламчи фарздир.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Одамларга енгиллик бўлиши учун фарзлардан кўра кўпроқ узрлар айтилиши ва тарғиб қилиниши керак. Шундан келиб чиқилса, имонда ҳам узр бор. Имонсиз бўлса-да, зино қилса-да, ҳаром-ҳариш еса-да, “кўнгли тоза бўлса бўлди”.

3. Асл фиқҳда: Намоз балоғатга етган, ақлан соғлом ҳар бир мўмин ва мўминага фарздир. Балоғат ёши мамлакатларда иқлимига қараб: мас., Марказий Осиё давлатларида қизларга 9 ёш, ўғил болаларга 12 ёш қилиб белгиланган. Иссиқ иқлимли ўлкаларда болалар бундан ҳам эртароқ, совуқ иқлимли ўлкаларда кечроқ балоғатга етиши мумкин.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Намоз ҳеч кимга бирламчи фарз эмас, ихтиёрийдир, нари борса, фарзи кифоядир. Яъни, айримлар ўқиса, бошқа ҳаммадан соқит бўлади. Янаям тўғрироғи айримларнинг (кексаларнинг) ўқишига рухсат, аммо айримларнинг намоз ўқиши умуман тақиқланади. Мас., мактаб, коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, аскарлар, амалдорлар, бирон жойда ишловчилар намоздан озоддирлар. Боз устига, булар намоз ўқиса, жазоланади. (Аслида, намоз ўқиш “қарта ўйнаш ва гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш” қаторидаги зарарли ишлардандир, аммо қолоқ жамият ҳозирча бу ҳукмни кўтара олмаслигини ҳисобга олиб сиёсат учун вақтинча бу ҳукм мамлакат бўйлаб жорий этилмай турибди.)

“Бўтқа дини” шариатига кўра Ўзбекистонда тахминан балоғат ёши деб 19-20 ёшлар белгиланган, аммо бу ёш ҳам фақат рўзғор қуриш учундир, асло ибодатларни бошлаш учун эмас.

3. Асл фиқҳда: Ҳожатхона, ҳаммом ва мозор устидан бошқа бутун ер юзи намоз ўқиладиган жойдир.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Мачит ва уйдан бошқа жойларда намоз ўқиб бўлмайди. Ишхона, ўқув юрти ва бошқа турли муассасаларда намоз ўқиган киши қамоққа отилади.

Бир деворга “Намоз ўқиш тақиқланади!” деб ёзилгани каби мамлакатнинг  ҳамма деворига шу ёзувни катта ва қуюқ ҳарфлар билан ёзиб чиқиш керак. Олдидан ва кетидан “Огоҳ бўлинг!” битиги ҳам тиркаб қўйилса, нур устига нур. Кўчаларда, ошхонаю ишхоналарда намоз ўқилса, аяб ўтирилмайди. Ҳатто ишхоналардан, шахсий автомошиналардан жойнамоз топилса, қаттиқ жиноят ҳисобланади, шафқатсизларча жазоланади, телевизорда кўрсатиб, оламга шарманда қилинади.

4. Асл фиқҳда: Намозни соқит қиладиган узрларга балоғат ёшидан кичиклик, жиннилик, ҳушсизлик, аёлларда ҳайз ё истиҳоза (яъни, белгили кунлар) киради. Қолган (ўлимдан бошқа) ҳолларда намоз ўқилиши шарт. Ҳатто қимирлашга мажоли йўқ кекса ё касал киши ҳам ишора билан намоз ўқийди.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Намозни бўйиндан соқит қиладиган сабаблар кўп ва ҳаммаси шаръийдир. Ўқувчилик, талабалик, аскарлик, амалдорлик, муҳим ишлар билан бандлик… каби ҳолатлар махсус узрлардир. Бу ҳукмга эргашмаганлар ваҳобий, ҳизбчи, ёт оқимчи, сохта тариқатчи, экстремист, террорчи, кофир ва ҳ.з.

5. Асл фиқҳда: Балоғатга етган, ақлан ва жисман соғлом ҳар бир мўмин эркак кишига, агар у сафарда бўлмаса, жума намози вожибдир.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Ҳаммага вожиб эмас. Мактаб, коллеж ва олий ўқув юртлари талабаларига жума намозини ўқиш тугул, ўқимаслик фарз. Бу фарзни бузганларни давлат маъмурий жазога тортишга ҳақли.

Отасига эргашиб ёки яшириниб ва ё бошқа бирон йўлини қилиб жума ёки ҳайит намозларига борган ўқувчиларни тутишга мактаб ва коллеж ўқитувчилари ҳамда мелиса ходимлари ялпи сафарбар этилади. Бу тадбир “бўтқа дини” фиқҳига уйғун бўлиши учун талаб этиладиган тартиб бундай: битта ўқитувчи аёлга иккита мелиса тиркалиб, улар мачит йўлларига, мачитнинг эшиги ё дарвозаси тагларига, ҳайит намозларида эса, узоқроқ жойларга ҳам қўйилади. Аёл ўқитувчининг қўлида дафтар-қалам бўлади, кўзлари олазарак, ҳушёр туриши лозим.

Ҳар бир ўқитувчи мачитга оқиб келаётган оломон орасидан ўзининг ўқувчисини кўз қири билан ҳам таниб олиши ва мелиса ходимига ишора этиб кўрсатиши керак бўлади. Қолганини динга риоя этмаслик тўғрисида тилхат ёзиб бериб ишга кирган мелиса болалар ўзлари ўхшатишади.

“Бўтқа дини”нинг бу ҳукми бошқа ҳукмлари каби мажбурийдир, эътирозларга қаралмайди. Аксинча, ҳар қандай норозиликка қарши зудлик билан чора кўрилади. Кутилмаган норозиликларнинг олдини олиш мақсадида имомларга тезис кўринишида қатъий топшириқлар берилади. Ташқарида ўқитувчи ва мелисалар намозга келаётган ёшларни овлаш билан овора экан, ичкарида – хонақоларда, Оллоҳнинг уйларида муҳтарам имом-домлалар улуғ-улуғ минбарларга турғизиб қўйилиб: “Халқимизга эминликда-эркинликда ибодат қилиш имконини берган Муҳтарам Мустақилликка ҳамду санолар бўлсин!” деб хутбалар ўқиттирилади.

6. Асл фиқҳда: Балоғат ёшига етган қизлардан тортиб барча аёл-қизларга ҳижоб (уят ерларини ёпиш) фарздир. Баданнинг кафт, бармоқлар, юз, оёқ (шилликдан пастки қисми)дан ташқари ерлари уят ерлардир. Ҳижоб тана аъзоларини бўрттириб кўрсатмайдиган даражада кенг-мўлгина бўлади.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Динда “ҳижоб” деган тушунча йўқ. У арабларнинг миллий кийими бўлиб, қумли шамоллардан асраниш воситасидир. Ўзбек аёлларига ўз миллий кийимларинигина кийишга рухсат. Аммо миллий кийим ҳам ихтиёрийдир.

Аёл-қизлар баданининг озгина қисмигина – кўкрак атрофлари ва чот ораларигина (йигитларда фақат чот оралари) уятли (аврат) ерлар бўлиб, тананинг қолган қисмини бемалол очиб, яланғоч юрилса бўлаверади. Яъни, қизлар, аёллар қоринларидан бир қарич баданни айланасига очиб юришлари жоиз, ҳатто маданият белгисидир.

7. Асл фиқҳда: Илм олиш ҳар бир мўмин ва мўминага фарздир.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Илм олиш оғир ва нозик масала бўлиб, ҳаммага ҳам мумкин эмас. Жумладан:

а) ҳижобли аёл-қизларнинг илм (айниқса, дунёвий илм) олиши қатъиян тақиқланади; бошини ва баданининг кўп қисмини очсагина рухсат берилади; ўқиш даврида ҳижобга кирган бўлса, ўша заҳоти ҳайдалади;

б) Ислом дини йўл-йўриқларига қатъий амал қиладиган ёшларнинг университетларга ўқишга кириб қолиши келажак учун ҳижоблилардан ҳам хавфлидир, шу боис илм олиш уларга фарз эмас. Эътиқодини яшириб ўқишга кириб олганларни аниқлаб-топиб ўқишдан ҳайдаш мутасаддиларга фарздир;

в) исломий таълим ниҳоятда озчиликка, фақат белгиланган жойларда – расмий мадрасаларда давлат сиёсатига уйғун ҳолга келтирилиб ўқитилади; талабаларга кўпроқ президент асарлари ғояси сингдирилади;

г) хусусий диний таълим ‒ ҳужра тизими “бўтқа дини” фиқҳига кўра катта гуноҳдир. Ҳатто ота-она ўз боласига исломий таълим беришга ҳаққи йўқ!

Мамлакатда ҳамма бола “президент боласи” ҳукмидадир. Бировнинг боласига ҳар ким ўзича диний тарбия бериши жоизми?! Жоиз эмас. Ҳатто оғир жиноятдир!

Аммо мактаб, коллеж, олий ўқув юртларида, давлат ва нодавлат ташкилотларда, шаҳару қишлоқларда, ҳар бир хонадонда, ҳатто мачит ва мадрасаларда “бўтқа дини” таълимотлари ёйилади, тарғиб-ташвиқ этилади, ўқитилади. Оммавий ахборот воситалари, радио, телевидение, китоблар, дарсликлар ҳаммаси бир оғиз, бир тил бўлиб ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқада “бўтқа дини” ғояларини қулоқларга, мияларга қуяди. Бундан бошқа ҳамма фикр ва ғоя ботилдир.

8. Асл фиқҳда: Динга, намозга, яхшиликка чақириқ (амри маъруф) бирламчи фарзлардан – қирқ фарздан биридир. Яъни, бу ишлар билан ҳар бир мусулмон шуғулланиши шарт.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Динга, намозга чақириқ қатъий тақиқланади. Чақирганлар зиндонларга ташланади, тавбасига таянтирилади. Одоб-ахлоққа чақиришга эса қисман рухсат. Ўшанда ҳам олдиндан тасдиқдан ўтказилган мавзуларда, белгилаб қўйилган жойларда ва фақат саноқли дақиқалардагина рухсат.

9. Асл фиқҳда: Фоиз, судхўрлик ҳаром.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Иқтисоднинг таянчи фоиз ва судхўрликдир. Буларни ҳаром деганлар давлат сиёсатига қарши деб баҳоланади.

10. Асл фиқҳда: Чўчқа эти, териси, суяги ‒ тамоми ҳаром. Ошланса ҳатто ит терисини ишлатса бўлади, аммо чўчқа териси ошланса ҳам ҳаром. Эти ҳалол қилинган ҳайвонлар Оллоҳ номи билан сўйилмаса ёки Оллоҳдан
бошқага атаб сўйилса, эти ҳаром, бу этдан тайёрланган барча маҳсулот турлари ҳаром.

Маст қилувчи ичкилик ҳаром.

Оллоҳ ҳаром қилганларни ҳалол дейиш куфрдир.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Ҳалол-ҳаром деган масала йўқ, бирламчи масала жамиятнинг тинчлиги ва барқарорлигини сақлашдир. Қимирлаган ҳамма нарсани еса, жилдираган ҳамма нарсани ичса бўлади. Одамлар ичиб роҳатланса, испиртли ичимлик тугул, шайтоннинг сийдиги ҳам ҳалол!

Чўчқа этини емаганлар, майли, емасин, лекин давлат сиёсатида чўчқага алоҳида аҳамият берилади. Масалан, ҳарбий қўшинлар ошхоналарида ёки зобитлар тайёрлайдиган ўқув юртларида чўчқа эти ҳам бошқа этлар қаторида тенг ҳуқуқли таомлардан бири қилиб олинган ва шундай бўлиб қолади!

Озиқ-овқат маҳсулотлари ёрлиғига “ҳалол” сўзини ёзиш мумкин эмас! Шунингдек, ҳалол овқатлар тайёрланадиган ошхоналар очиш тақиқланади! Эскидан очилиб қолганлари ёпилади. Пештахталарига маст қилувчи ичкилик қўйиб сотмагунларича қайта очишларига рухсат берилмайди.

11. Асл фиқҳда: Бир-бирига маҳрам бўлмаган эркак-аёл аралашиб ўйин-кулги қилиши шариатда тақиқланган. Аёллар алоҳида айрилиб хурсандчилик қилишларига шариат қарши эмас.

“Бўтқа дини” фиқҳида: Маҳрам-номаҳрамлик ҳукми бекор этилади. Эркак билан аёлни бир-биридан ажратиш инсон ҳуқуқлари тамойилларига терсдир. Аксинча, уларни бир-бирига аралаштириш болаликдан тарғиб-ташвиқ этилади.

Болалар боқчаларида битта қиз, битта ўғил бола қилиб, ечинтириб, ёнма-ён ётқизилади, мактабларда битта партага ўтқазилади ва ҳоказо. Тўй-маъракаларни исломий талабга кўра (эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида, отарчисиз, ичкиликсиз) ўтказилишига йўл қўйган тўйхоналар ёпилади, эгаларига жарималар солинади. Ва ҳоказо…

* * *

Савол туғилади: Ислом ақидаси ва фиқҳи шу қадар ҳақсиз ва кучсизми ёки “бўтқа дини” ақидаси шу қадар ҳақли ва кучлими, кечагина пайдо бўлгани ва ҳали тўла шаклланиб улгурмаганига қарамай, минг йиллар нарисидан бери амалда бўлиб келган ва ер юзи аҳолисининг бешдан биридан кўпроғи эътиқод қиладиган дин устидан бир мамлакат чегарасида осонликча ва тўла ҳукмронлик ўрнатган бўлса?!

Йўқ, бу ерда гап ҳақлилик ва кучлилик ҳақида эмас, гап “бўтқа дини” туғилишиданоқ ҳокимият дини бўлиб, ҳукмдор ғоя ўлароқ дунёга келганидадир. Ўтмишда бунга ўхшаш ҳодисалар бўлган: мўътазила оқими ҳам бир пайтлар халифалик ҳокимиятини таъсир остига олиб, бузуқ ақидасини эл орасига ҳокимиятга суянган ҳолда сингдиришга ҳаракат қилган. Ҳозир ҳам алоҳида олинган бир мамлакатда (Ўзбекистонда) ўшанга ўхшаш ишлар бўляпти. Тарих такрорланяпти…

Айрим эскартмалар: 1) биз бу ерда ўзимиз кўриб турган ва муҳим санаган билгиларимизга суяниб ақидаю фиқҳга тегишли айрим “янгилик”ларни киноя оҳангида келтирдик, бошқалар биздан кўра кўпроқ билса, камчилигимизни тўлдирар, хатоларимизни ўнглар;
2) бошда янги йўлни “мазҳаб” деб атаган эдик,аммо бир олим укамиз эътироз билдирди: “Мазҳаб деб ақидаси соғлом, фақат фиқҳий масалаларда бошқача ҳукм чиқарганларга айтилади, булар ўзини мусулмон атаса-да, ақидаси ҳам, шариати ҳам Исломдан эмас!” деди. Мулоҳаза тўғри эди .“Мазҳаб” дейилса, бу ишларни Исломдан деб тан олган бўлардик. Аммо уларнинг хато йўлини росмана дин деб ҳам бўлмайди. Қўштирноқ ичига олганимиз шундан. Муқаддас динимизнинг асл ақидаси ва асл фиқҳига ўзларининг хато сиёсатлари ва дунёқарашларини аралаштириб-қориштириб юборганлари боис унга “Бўтқа дини” деб от қўйдик. Ёқмаса, ўзлари ўзларига бошқа чиройлироқ от қўйиб олар.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com