Нега уйингда йиғламайсан?!

Нега уйингда йиғламайсан?!
35 views
13 May 2016 - 5:00

bukharaАбдурауф ФИТРАТ

НАЖОТ ЙЎЛИ

(36-қисм)

Одамларга кўрсатиб ва эшиттириб тоат-ибодат қилиш риёдир. Риё шундай бир муҳим масъалаки, уни тушуниш шайхларнинг ҳақиқий ҳолини бизга очиб беради. Бизнинг миллат одамлари шайхларни гўё худодек эъзозлашади. Шунинг учун бизнинг бу гапларимизни улар қабул ҳам қилмайдилар. Шу сабаб мен ўзимдан гапирмай, сўзни фазлу камол соҳиби бир муҳтарам зотга ҳавола этаман. Бу шахс барчага маълум Имом Ғаззолийдир. У ўзининг «Иҳёул-улум» (ад-дин) китобида риё ҳақида узун бир баҳс юритган. Шунинг бир қисмини қисқартириб таржима қилдик: «Билгинки, риё ҳаромдир, риёкорлар эса Аллоҳнинг душманидирлар. Бу матлаб ояту хабарларда собит келган. Оят ушбуки: «Диққатсизлик қилиб намозини хато ўқиганлар ва риё қилганлар ҳалок бўлгувчилардир». Яъни Аллоҳнинг дийдорини сўраган киши солиҳ амаллар қилади ва илоҳий ибодатга шерик қилмайди, яъни риё қилмайди.

Шундай бир хабар келган. Бир одам Расулуллоҳдан сўради: «Расулуллоҳ, қай бир нарсадан нажот бор?» Пайғамбар жавоб берди: «Нажот банданинг ҳар бир тоатни одамлар кўришлиги учун эмас, балки Аллоҳ кўришлиги учунгина қилган ибодатдадир». Ва яна дедилар: «Мен бир гуноҳга гирифтор бўлишингиздан қўрқаманки, у кичик ширкка киради». Одамлар сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?» Улар жавоб бердилар: «Риё».

Ҳазрати Умардан нақл қилдиларки, Ҳазрат бошини хам қилиб ўтирган, яъни муроқаба қилаётган кишини кўриб, унга дедилар: «Эй мард, бошингни кўтар, хушуъ ва хузуъ (хоксорлик) бошни эгишликда эмас, балки дилда бўлур. Абу Имом ал-Боҳилийдан ривоят қиладиларки, у бир куни масжидга бориб, бошини саждага қўйиб йиғлаётган бир кишини кўриб: «Агар бу йиғи Аллоҳ учун бўлса, нега уйингда йиғламайсан?!» — деб сўраган экан.

Билгинки, риё икки хил бўлади:

1) дунёвий ишлардаги риё;

2) диний амаллардаги риё.

Буларнинг иккиси ҳам ҳаром, лекин диний амаллардаги риё ниҳоятда ёмондир.

Диний амаллардаги риёни беш қисмга ажратиш мумкин:

1) бадан риёси;

2) шаклу ҳайъатдаги риё;

3) тилдаги риё;

4) амалдаги риё;

5) зиёрат ва суҳбатдаги риё.

Бадан риёси шуки, одам ўзини оздириб-тўздириб, лаблари қуриб, соч-соқолларини тарамай ўстириб, тирноқларини олмай юради, токи одамлар бу одам Аллоҳ йўлида мудом рўза тутар экан, Аллоҳдан қўрқиб доимо ғамгин ва маҳзун юрар экан, бечора шу қадар Аллоҳ хаёлида бўлиб ўзига қарамас экан, деб ўйлашлари учун қилади. Шакл ва ҳайъатда риё қилаётган одам шайхларга ўхшаб сурф жома кийиб, фанога етишган деб ўйлашлари учун йиртиқ чиркин либослар кияди, сервиқор десинлар, дея бошини кўксига эгиб юради.

Бу хил риёга гирифтор бўлганлар икки тоифага бўлинадилар. Биринчи тоифадагилар дарвишу солиҳларга мақбул кўриниб, улар уқубатларидан бу аҳли дунё экан, деб четлатмасинлар, деган фикрда йиртиқ-ямоқ ва ифлос кийимларда юрадилар. Иккинчи тоифадагилар эса ҳам дарвиш солиҳларга, ҳам ҳукмдору бойларга ёқишни, уларнинг олдида эътиборли бўлишни хоҳлайдилар. Шунинг учун эски жулдур кийим киймай турли хил, ранго-ранг оқ ва яшил қимматбаҳо кийимлар киядилар.

Тилида риёси бўлган одам ҳар бир мажлисда илмдан сўзлаб, ибодат қилади. Олим деб ўйлашлари учун шунга мувофиқ сўзлайди, бозор ва расталарда, кўча-кўйларда юрганларида Аллоҳнинг зикрини ўйлаётганимни кўрсинлар, деб лабларини қимирлатиб юради, ҳар бир ерда кундузи тутган рўзаю кечаси ўқиган истихора намозларини244 гапиради. Амалида риёси бўлган одам одамлар олдида узун намоз ўқиб, нафл намозларини ҳам масжидда ўқийди.

Зиёратдаги риё шуки, одам вақти бевақт улуғ одамларнинг зиёратига бориб туради, токи одамлар бу киши яхши экан, доимо фалончининг олдига бориб туради, дейишлари учундир. Бу каби одамлар ўзларини зиёрат қилдиришни ва ифтихор сабаб бўлишни ҳам хоҳдайдилар». Шу ерда Имом Ғаззолийнинг сўзларини тугатамиз. Шу баҳсни ўқимоқчи бўлган одам «Иҳёул-улум»нинг учинчи жилдига мурожаат қилсин.

Шу ергача тўртга ахлоқий фазилатларнинг учта асосийсини муҳим қисмларга бўлиб зикр қилдик. Тўртинчи фазилат эса адлдир. Адл бу — биз баён қилган жамики ахлоқий фазилатлар орасидан ифроту тафритни тарк қилиб, доимо мўьтадил чегарани сақлаб ўтиришдир. Бинобарин, айтиш мумкинки, шу учта фазилатлар замирида адл мавжуддир ва буни хотирадан чиқармаслик лозим.

Аммо, шу орада бир муҳим жиҳат борки, у ҳам эса ҳукуматнинг одиллигидир. Бу масъала жуда кенг бўлиб, ушбу рисоламиздан ўрин ололмайди. Агар фурсат бўлса, иншооллоҳ, ҳукумат адолати хусусида ҳам бир рисола ёзамиз.

Мутаммима (қўшимча) фазилатлар. Аммо шу учта фазилатлар баркамол бўлиши учун учта бошқа фазилатларга эга бўлиш керакки, улар мутаммима фазилатлар деб номланади.

Булар:

1) сиҳат-саломатлик;

2) сарват;

3) аҳли аёлдан иборат.

(давоми бор)

244.Истихора намозлари — тунги намозлар.