“Ҳурлик” қўшиғи

“Ҳурлик” қўшиғи
28 views
14 May 2016 - 7:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpg

Эргаш Сулаймон

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

(13)

…Бойқушалининг кўзлари олдидан, Ошкоралик туфайли Мустақиллик рўй берганидан кейин биринчи марта президентликка муқобил сайловлар ўтказилган йиллардаги олис воқеа-ҳодисалар ўта бошлайди.

Ўшанда, унинг ашаддий сиёсий рақиби Муҳаммад Солиҳ Қорақалпоқ, Хоразм ва Бухорода тўқсон фоиздан кўп овоз тўплади. Бу ўз-ўзидан Бойқушалининг руҳиятига ёмон таъсир кўрсатди. У кўрсатгичларни кўнглидагидек қилиб қайта тўғирлаш учун атрофидагиларга заҳрини сочди, атрофидагилар хавфсизлик ташкилотлари орқали республика бўйлаб маҳаллий ҳукуматларни исканжага ола бошладилар. Кўрсатгичлар кўзланганидек натижа бермаса, уларга бола-чақасини йўқотишни айтиб, дўқ-пўписа ўтдилар.

Қўрққанидан дами ичига тушган маҳаллий раҳбарлар ўша кун Хоразмда сайловчиларни уч марта овоз беришга чақирдилар. Каримовга овоз беришга тарғиб қилиб, жон бериб-жон олдилар. Уч мартасида ҳам сайлов натижалари ўзгармади.

Аммо, маҳаллий ҳукумат Муҳаммад Солиҳга берилган овоз кўрсатгичларини ҳар сафар суъний равишда пасайтираверди.

Биричиси тақрибан 90га 10 бўлган бўлса, иккинчиси 55га 45 қилиб туширилди. Шунда ҳам улар каримовчиларнинг кўнглидагини топа олмадилар. Учинчисини 65га 35 қилганларида ҳам Каримов ғазаб отидан тушмади. Шунда, марказий сайлов учаскаси бутун қонун-қоидаларга тупуриб, унинг ҳисобига қарийиб 90 фоиз овозни ёзиб қўйди.

Кўра-била, юзсизларча ўринлар алмаштирилди. Мағлублик мустабидни ғолиблик курсисига кўтарди.

Бухорда эса, бу жараён бошқачароқ кечди. Маҳаллий ҳукуматдагилар, Каримовнинг кўнглидагини сўзсиз англаб етдилар. Улар халққа, у сизларга нима ёмонлик қилди, қабилида дағдаға қила бошладилар. Ва бир вақтнинг ўзида, сайлов қутиларини териб олиб, натижани ўзгартирдилар.

Ўша йиғиб олинган қутилар бугунгача ҳам гоҳ у-гоҳ бу жойдан ер кавланганда чиқиб туради. Ҳалигача ҳам шу тақлид халқ Муҳаммад Солиҳга берган овоз ўз кучини йўқотишни истамайди.

Самарқандда овоз бериш жараёнлари, янаям ўзгачароқ кечган эди.

Ҳали овоз бериш бошланмасдан бир кун аввал, сўрғичланган қутилар пойтахт Тошкентда турарди. Шу учун ҳам жойлардаги берилган овозларни ҳали йиғиб улгурмасдан, натижалар эълон қилиб юборилганди.

Қашқадарё ва Сурхандарёда Олий ўқув юртларида ўқиётган қашқадарёлик ва сурхандарёлик ҳар бир талаба “Бирлик” ёхуд “Эрк”нинг фаол аъзоси бўлгани учун кўрсатгичлар жуда ҳам юқори эди. Жиззах билан Сирдарёни ҳам улардан орқада деб бўлмасди.

Водийликлар ва Тошкент хусусида гапирмаса ҳам бўлади. Каримовнинг кимлигини жуда яхши илғаган зукко водийликлар эса, у замонларда аллақачонлар ундан қўлини ювиб қўлтиғига урган эдилар. Улар, ҳали сайловлар бошлангунча ҳам унинг зуғуми ва ношудлиги боис, қанчадан-қанча ўн гулидан бир гули очилмаган фарзандларини қурбон берган эдилар.

 Халқ нима учун бошидан бошлабоқ Каримовдан юз ўгирганди?

Ёхуд Муҳаммад Солиҳни халқ Муҳаммад Солиҳ бўлгани учун қўллаб-қувватлаган эдими?

Ёхуд бу жойда бошқа бир сир бор эдими, деган саволларнинг бугун ҳар биримизни ўйлантириши табиий, албатта. Бу каби саволларнинг жавоби жуда оддий. Бу учун яқин ўтмишни яхши билиш лозим.

Нафсиламбирини айтганда, ошкоралик миллатни кутмаганда тўрт юз йиллик ғафлат уйқусидан уйғотиб юборганди. У уйқудан уйғониб, борлиққа термулиб сукунатга қулоқ тута бошлаганида, Муҳаммад Солиҳ унга тўрт юз йилдан буён қидираётган “Ҳурлик” қўшиғини ўша пайтдаги “Ёш ленинчи” газетаси саҳифаларида публисистика услубида куйлаб юборди. У ҳам миллати каби юрагидан бу қадар соҳир ва озодбахш қўшиқ тошиб чиққанига балки, ўшанда ишонмагандир. Балки, миллатнинг уйғоқ хотираси ўзининг қалбида яшаётганидан, у ҳам ҳайратлангандир. Бу, Аллоҳга аён.

Унга ҳам аслида бу қўшиқни уйқудаги шу халқнинг тирик ёди ўргатганди. У ҳам бор илҳомни, ғайрат ва шижоатни шу халқнинг ўзидан олганди.

Халқ бир лаҳза ҳам ўйлаб ўтирмасдан унга эргашди. Унга тақдирини икки қўллаб топшириб, ўзининг келажагини яратиш иштиёқи билан ёнди.

Халқ ғафлат уйқусига қониб бўлганди, хиёнатлардан безганди. Ланжлик ва ёлғон яшриқлар уни ортиқ қизиқтирмасди. У шу учун ҳам Каримов ва унга ўхшаганларга ортиқ ишонмасди.

Аммо, у ёмғирдан қочиб қорга тутинди…

Муҳаммад Солиҳ халқнинг ичига кириб бормади. Халқнинг ўзи излаб, унинг ёнига келди. Халқ унинг овозига ишонгани каби тўғри йўлдан бошлашига ҳам ишонди.

Халқнинг кимнинг кимлигини таниши учун у замонда матбуот – минбар бор эди, Ошкоралик инъом этган сўз эркинлиги бор эди.

Ўша кунлар, миллатнинг тўрт юз йиллик ҳаётидаги энг гўзал, қалби он қадар кўз очган кунлар эди.

У Муҳаммад Солиҳни Муҳаммад Солиҳ бўлгани учун эмас, орзу-армонлари куйчиси, ҳурлиги сари дадил йўл бошлагани учун севиб қолган эди.

Каримовни эса, у бугун қонхўр бўлгани учун севишга мажбур. Яна у ноқонуний президентини яхшиликлари учун эмас, етказган жабр-зулмлари, мустабидлиги учун ҳурматини жойига қўйишга “руҳлантирилмоқда”…

(давоми бор)