«Давлатим бошимда бўлгач, ёр жўраларим қошимда»

«Давлатим бошимда бўлгач, ёр жўраларим қошимда»
87 views
14 May 2016 - 5:00

658261_originalАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 39

(давоми)

ДАҲШАТЛИ КУНЛАР

Яна ўз сўзимизга келайлик. Қизил сеҳрчилар қўли билан ёндирилган фитна ўтлари яна шуларнинг қурол кучлари орқали сўндирилиб, 1934 йили ўзлари тилаганларича Шинг Дубан ҳукумати қурилди.

Или вилоятига волий қилиб Шинг Дубан ўз қайнотаси Чусилинг деган бир қари хитойни Ғулжага юборди. Тўқмоқдан борган бойлардан, асли Кошғарлик Олмосбек ўғли Турдохунбекни унга ўринбосар қилди. Лекин, Шинг Дубан ҳукумати ҳар томондан совет сиёсатига боғланганлиқдан бутун ишлари совет консули маслаҳати билангина юргазилмоқда эди. Чунки, японлар Манчжурияни босиб олгач, Шарқий Туркистон томонга кўз солиш хавфи туғилди. Шунга кўра, Шарқий Туркистон ўлкасига япон аскарларини ўтказмаслик учун, Шин Шишо қисмоғига совет томонидан 20 минг чамали аскар қўйилмиш эди.

Бутун Шарқий Туркистон, Ғарбий Туркистонга ўхшаб ҳар ёқлама совет сиёсатига ўралган ҳолда иқтисодий ишларини ўз қўлларига олган бўлса ҳам, хитой ҳукуматига японга қарши иттифоқдош бўлганлигидан қоғоз устида бу ўлка Жунггунинг айрилмас бир қисми ҳисобланар эди.

Шундай қилиб, Шарқий Туркистон Уйғуристон тупроғи Чанқайши хитой ҳукуматига қараган бўлса ҳам, остиртдан совет Русияси ҳар томонлама ўз таъсири остига олиш учун қаттиқ кириша бошлади. Айниқса, бу ўлканинг иқтисодий ишлари бутунлай Советга боғлиқ бўлгани учун, тижорат ишлари тўсқинликка учраб, бу соҳада кўпчилик кишилар касбдан ажраб, ишсиз қолишга тўғри келди.

Маълумдирки, қанчалик халқаро иқтисодий қисмчилик кўпаяр экан, шунчалик булар ҳалокат тузоғига яқинлашадилар. Эшитар қулоққа ёқимлик олти шиорни олдига отиб, советнинг найранги билан бутун халқни турлик ўйинға ўйнатқали турди. Бунинг устига японларга қарши орқа сафимизни мустаҳкамлаб хитой Чанқайши ҳукуматига ёрдам берамиз деган баҳона билан бойлардан кўплаб солиқ ола бошладилар.

Шундай қилиб халқни турлик йўллар билан ўйнатиб, 1937 йилга етгач, ўз режасига мувофиқ бирданига иш ўзгариб, қиш совуғи январ ойида Ғулжа шаҳридан биринчи навбатда Турдохунбой бошлиқ 30 дан ортиқ киши ҳеч қандай сабабсиз қамоққа олинди. Шундоқки, олдинроқ совет консули тузган режа орқалик керакли кишилар Ғулжа волийси Чусилинг томонидан мажлисга чақирилдилар. Кечаси соат 12 ларда мажлисдан қайтиб келаётганда тайёрлаб қўйилган тўрт нафар қуроллик хитой аскари уларнинг олдидан чиқа келиб, Турдохунбойнинг машинасини тўхтатади. Унинг қишлик кийимини ечинтириб, бир қават кўйлаги билан ўзини ёлғиз қоронғи подвалга қамаб қўяди. Бошқа қўлга олинганларнинг аҳволи бу ишдан очиқ маълумдир.

Ярим тунда ҳеч нарсадан хабарсиз ётган оиласи устига бостириб кириб, йирқичларча даҳшат солиб, хотин, қиз, келинларининг бўйн бошларидаги бутун зийнат асбобларини талаб олиб, ўзларини эски кийгиз тўшаклари билан қаршисидаги қақшаб, музлаб ётган Ахтамбойнинг қуруқ қўросига шу қаҳратон қишда ҳайдаб чиқаришади. Энг ачинарлиси шу эдики, Турдoхунбойнинг 20 ёшдан ўтган Нуртой ва 20 га ҳали етмаган Аҳмадбек деган икки гуноҳсиз ўспирин ўғлини, ётган ерларидан шундай совуқда кўйлакчан ҳайдаб олиб бориб подвалга қамаганлар. Шу қамалганидан сўнг бир неча ой вақт ўтган бўлса ҳам, булар ҳақида ҳеч қандай хабар топиш имконияти йўқ эди. Ўзларидан хабар олиш буёқда турсин, ноз неъмат вақтида бирга бўлган, энг яқин кўрган ошно оғайниларининг ҳеч қайсилари, уларнинг оч яланғоч қолган оилалари ҳолидан хабар олишга ҳам журъат қилолмадилар.

Биринчи навбатда қамалган кишиларнинг қўра жой, мол-мулк, уй-рўзғор, жонлиқ жонсиз барча нарсалари олиниб, бола чақалари кўчага ҳайдаб чиқарилди. Турдохунбой иниси Қурбонтой қори, қулоғи йўқ ҳисобидан гаранг бўлгани учун, давлат шериги бўлса ҳам, қўра жой ўз олдига бўлиб бошқа ўлтирғанлиги учун унга тегмаган эдилар. Вақтида селдек келган, қайтарида юз ўгириб қуюндек кетаётқан давлатни қўли билан тўсмоқчи бўлиб, қўй десак унамай, чет ёқада қолган мол дунёларидан қисиб қимтиб ёширинча олиб қолмоқчи бўлиб эди, Хитой бирдан ушлаб, қўра жой билан борлиқ нарсаларини ёғу қилиб, ўзини қамаб қўйди. Бечора синглиси Тошхон хитой амалдорларининг бўсағасига бош уриб қатнайвериши натижасида 70 кун деганда Қурбонтой қори бўшаниб чиқди.

Байт:

Давлат бошдан кетарда кенг кийиминг тор бўлур,
Қўй деганға кўнмаган орачиға зор бўлур.

Аллоҳнинг амрини қилиб, наҳийдан қайтмаган кишиларни балодан ким қутқара олғусидир. Халол касб билан мусулмон молини дунёлик, охиратлик офатларидан омон сақлаш учун Аллоҳ таоло закотини темир қўрғонни қурмиш керак эди. Дунёга кўнгли билан қаттиқ берилганликдан, Қуръон ҳукмига, пайғамбар сўзига гумон келтириб, закотсиз, хайр эҳсонсиз йиғган, қўрғон ташқарисида қолган қора мол дунёларининг ит қушларга ем бўлишидан ким сақлай олади?

Қуръоннинг айтишича, ҳеч вақт Аллоҳ таоло мўмин қулларига ато қилган ҳалол ризқларини ҳаромхўр кофирларга едириши мумкун эмасдур.

Яна ўз сўзимизга келайлик. «Давлатим бошимда бўлгач, ёр жўраларим қошимда» дегандек, қуввати ўчган, давлати қочган кунларда ҳар кимнинг ўз оиласи, айниқса, ота онаси ёки ғаразсиз дўсти бўлмаса, булардан бошқалари душман томонига ўтиб кетадилар. Шунга кўра, Турдохунбой оиласидан хабар олишга шунча кўп ёр дўстлари бўла туриб, бирортаси ҳам ярамади. Буни кўргач, ўзим ҳар қанча ташвиш ичида турган бўлсам ҳам чидаб туролмай, ярим қўй эти, бир тандир кулча ёптириб, марҳум аёлимизни киргизиб эдим, эшикдан кириши ҳамон катта кичик бола чақалари: «Ҳай, бу дунёда бизни ҳам йўқловчи кишимиз бор экан», деб, йиғи сиғи билан энг ачинарлик оғир бир ҳолда, қарши олибдилар.

Биринчи навбатда қўлга олинган бу кишиларнинг мол мулки, қўра-жойлари бутунлай ёрғу бўлиб, оилалари учун бошпана бўлғудек жой қолмагач, уларни Ғулжа шаҳри атрофига тарқатиб юбормиш эди.

Булар билан энг сўнгги алоқамиз шу бўлиб, кейинги кунларда эса, бизга ўхшаш кишиларнинг барчаси ўз ташвиши билан бўлиб, бошқани унутмиш эдилар. Чунки бу жаллодлар қайси йўл билан бўлса ҳам, икки кишининг бирини исковичлик хизматига боғлаб, халқ ичига кўп бузуқлик солди. «Пўчоқ пулга иймонларини сотадурлар», деган Қулхўжа Аҳмад султоним сўзлари шу кунлари амалда кўрилмиш эди.

Жаннат мисоллик, уруғ аймоғлик, суюкли она Ватанимиздан ажраган ҳолда омон олғудек жой излаб келмиш эдик. Қизил сеҳрчилар шум қадамлари етиши биланоқ бу ерлардан ҳам хайр баракат йўқолиб, тинчлик, омонлик бутунлай кўтарилди. Бу воқеа бўлмасдан илгари шарқий ички Хитой, жанубий Ҳиндистон йўллари очиқ турган бўлса ҳам, иш бошланиши билан орт атроф йўллар бутунлай тўсилмиш эди. Бизга ўхшаш сиёсий қочоқлар учун олам қоронғу бўлди.

Бой ўғли қушининг шум кўзи кечаси очилгандек, 6у қонхўр жаллодларнинг кўзлари ҳам кечада, айниқса ярим тундан ўтганда очилур эди. Кўп кишилар ўз уйида ётолмай, агар ётса кўнгли тинчиб ухлаёлмай, бола-чақалари билан юрак ўйноқи бўлган ҳолда кун ўтказмоқда эдилар. Яна бу инсон ваҳшийлари ноҳақ, ҳеч қандай гуноҳсиз кишиларни зулм остида даҳшат ваҳшат билан кечалаб босқонларига қаноат қилмай, ушлаган кишиларининг қўл оёқларига оғир занжир кишанлар солиш, буларнинг суйган одатлари эди.

Мана қаранг, XX асрда инсонлар ҳуқуқининг оёқ ости қилинишини! Биринчи навбатда ушланган кишилар сўнггида зулм ҳаддан ташқари ошди. Оғир кунлар, қўрқинчли тунлар билан уч тўрт ойлик қиш ўтиб, кўклам кунлари еткач, яна янгидан янги қўрқинчли ишлар, совуқ хабарлар эшитилгали турди.

Шундоқки, иккинчи навбатда қамоққа олинадиган кишилар тизими ичида менинг ҳам борлиғим маълум бўлмиш эди. Шунга кўра ҳар бир кечаси биз учун тонг отмайдиган узундан узун, ғам қайғу тунлари бўлиб, неча хил қўрқинчли хаёл уйқуси остида ағанаб ётиб тонг оттирмоқда эдик. Чунки ҳар кеча эрталаб турганимизда палони палонилар бу босқинчилар томонидан ҳибсга олинган хабари эшитилмоқда эди.

Шу ҳол билан 6-10 кунлар ўтган сўнггида, бир кеча ярим тун вақтида, кўча эшиги тақиллағали турди. Ўғлимни чақириб: «Асилхон, оч эшикни!», деган ўзбеклар оқсоқоли Шароп шангюнинг (раис, маҳалла раиси) довуши эшитилди. «Ҳозир, очқични топай», деган баҳона билан ўғлим югурганича келиб, менга хабар берди. Ўзим ҳам тайёрланиб турган эдим.Ташқарига чиқсам ҳаво ўзгариб, қаттиқбўрон ёмғири бўлиб турган экан. Душманга таслим бўлиш учун таваккал қилиб олдига чиқай деб бир икки қадам босган эдим, ўғлим Асилхон: «Жон дада, золим жаллодлар олдига чиқиш ақлдан эмас, қўлларида занжир кишанлари шалдираб турибди» дегач, қочиш ҳам пайғамбаримиздан қолган эмасму хаёли билан, тун қоронғуси, қаттиқ бўрон ёмғиридан фойдаланиб, ўғлим Асилхон оёғимдан даст кўтаргач, эгиз том оша қўшни қўрасига ўзимни ташладим.

(давоми бор)