МАХДУМҚУЛИ
Биринчи китоб
Мубтало қилди
Аё, дўстлар, фалак жабри
Бошимни мубтало қилди.
Айирди суяр боламдан,
Юрагимни яро қилди.
Ўтди хушвақт, хуррам вақтим,
Бузилди тиллодан тахтим,
Янги битган бир дарахтим,
Хазон боди фано қилди.
Шум ажалга бўлмас чора,
Жабр айлади, қолдим зора,
Юрагимга солди яра,
Ғариб жисмим адо қилди.
Энди бир дам қарорим йўқ,
Бу манзилда турарим йўқ,
Бу сўздан ҳеч хабарим йўқ,
Хабарсиз бенаво қилди.
Ёниб парвонадек ҳар дам,
Юрагим тўлдириб юз ғам,
Қаддим хам, кўзларим пурнам,
Бу жонимга жафо қилди.
Ғамидан ўртаниб ҳайрон,
Чекарман нолаю, афғон,
Фироқида кўзим гирён,
Нетай, нетай, гадо қилди.
Махдумқули қилди фарёд,
Менинг аҳволимга, ҳайҳот!
Фалакнинг жабридан минг “дод!”,
Менинг бахтим қора қилди.
*****
Кўзламайин бўларми
Бир каклик олдирса полапонини,
Сайрай-сайрай, кўзламайин бўларми?
Бир булбул йитирса ол лоласини,
Ҳасратидан жаврамайин бўларми?
Эшак қамровидан чиқса хўтиги,
Термулиб тўрт ёнга солар кўзини,
Оқмоя олдирса бўталоғини,
Бағрин бузиб, бўзламайин бўларми?
Бир жайроннинг қурдга тушса улоғи,
Сасидан ер тепар, тикдир қулоғи,
Кўзидан оқади қонли булоғи,
Марай-марай, изламайин бўларми?
Оқсоқнинг қўлидан олсанг ҳассасин,
Ёмон дардга тушар, топмас оёғин,
Кучли бир душманга тушса ғунажин,
Бузоғини яширмайин бўларми?
Айрилиққа одам ўғли найласин?
Ким қолар тотмаган ажал оғусин,
Махдумқули, ҳайвон билса боласин,
Инсон бағрин тузламайин бўларми?
*****
Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди