МХХ ҳам, давлат бошлиғи ҳам Тошкентда портлаш бўлишидан хабар топган эди

МХХ ҳам, давлат бошлиғи ҳам Тошкентда портлаш бўлишидан хабар топган эди
133 views
15 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(8-қисм)

“Муқаддима ўрнида

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим.

Тақвим-китобимизнинг ушбу чораги нашрга қизғин тайёрланаётган кунлардан бирида мамлакат бўйлаб хунук бир хабар тарқалди: пойтахтимизнинг беш-олти ерида  даҳшатли портлашлар рўй берибди! Шубҳасиз, дастлаб кишининг хаёлига “Ким?” деган савол келади. Сўнгра “Нега?” деган саволга жавоб ахтарамиз.

Албатта, вақти келиб бу икки мушкул, аммо ниҳоятда зарур саволга аниқ жавоб чиқади, иншаоллоҳ. Ҳозирча суриштирув-тергов ишлари кетаётган экан, олдиндан ҳар хил башоратлар ё гумонлар қилиб, бу нозик ишнинг тадқиқига халақит бермайлик, деган ўйда гапни шу  ерда қисқа қиламиз.

Аммо бегуноҳ қонлар тўкилди. Неча хонадонга кутилмаган мусибатлар ёғилди. Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳдан бу портлашлар оқибатида оламдан кўз юмган барча мўмин-мўминалар ҳаққига мағфират ва жаннат тилаймиз.

Анъанага мувофиқ китобимизга мухтасар бир кириш сўз ёзишим керак эди. Бу мудҳиш портлашлар ва унинг оқибатида юзага келган ғалати бир ҳолатлар бутун ўй-фикрларимни ҳам тўзғитиб юборгандек, руҳимни мувозанатдан чиқаргандек эди.

Ҳадеганда ёзилавермади. Қарийб сўнгги куни қўлимга бир мақолача келиб қолди. Унда Жаноби Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бир ҳадислари қисқача шарҳланган эди:

“Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар, чунки у Оллоҳнинг нури билан қарайди”, деган эканлар Сарваримиз (с.а.в.).

Фаросат… Шунчаки фаросат эмас, мўминнинг фаросати… Мўминнинг шунчаки фаросати эмас, Оллоҳнинг нури ила йўғрилган, нурлантирилган фаросати… Бундай фаросат соҳибини ўткинчи ҳеч бир нарса чалғитолмайди, ҳатто кечаги портлашлар ҳам уни мувозанатидан чиқаролмайди, фикр-ўйларидан тиниқликни кетказолмайди. Мўмин гумонга берилмайди, фол очмайди, аммо мўминлик фаросати билан қараса, ҳаммасини тушунади.

Бугун юртимизнинг, мусулмон халқимизнинг бошига тушган ташвишдан, мусибатдан довдираб қолмайди. Оллоҳнинг буюк ҳикматига кўра имони яна бир бор синалаётганини мўминлик фаросати ила англайди, унинг имон қалъасига қандай ёвуз кучлар таҳдид этаётганини билади, шунга қараб тадоригини кўради.

Модам Оллоҳнинг расули (с.а.в.) хабарини берибдиларми, мўмин Оллоҳнинг нури билан қараши рост, уни алдаб, қўрқитиб, тўғри йўлдан оғдириб бўлмайди. Фақат, бундай улуғ мартабага эришишнинг битта шарти бор. Яъни, сиз ва биз энг олдин мўмин бўлишимиз керак. Қалбларимизга имон тўлиғича кирган бўлиши керак. Зеро, ушбу тақвим-китобларимиздан кўзланган мурод ҳам шу. Шояд кимнингдир имонга келишига, кимнингдир имони кучайишига сабабчи бўлиб қолсак, деган умиддамиз.

Келинглар, биродарлар, ҳақиқий маъноси-ла мўмин бўлайлик, бепарво бўлмайлик, атрофимизга, кечаётган ҳодисаларга имон кўзи ила, Оллоҳнинг нури ила боқишга ўрганайлик.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон”

Иссиғида қўлимдан келгани бу қадар бўлган. Билганга ишора етарли услубида ўзимча нималардир демоқчи бўлдим (матнда у ўринлар ажратилиб ётиқ ҳарфларда ҳамда тагига чизиқ тортиб кўрсатилди). Ҳарҳолда, бу ишоралардан кўзланган мақсадни фаросат аҳли ўзи сезиб олади…

Одатда, инсофини ютган тузумлар рақиб томонни узил-кесил қулатиш учун кўз кўриб қулоқ эшитмаган ифлос ишларга ҳам қўл ура олади. Одамлар ўладими, бинолар бузиладими ‒ қараб ўтирмайди. Фикри-ёди кўзлаган ниятида бўлади:

‒ жамият фикрини чалғитиш;
‒ рақибга қарши тузилган ифлос режани амалга оширишга йўл очиш;
‒ келгусида бошланажак оммавий зулмни олдиндан оқлаб олиш.

Сўнгра бемалол: “Мана, кўриб қўйинглар, бу ишларни «фалончи»лар қилди!” деб шовқин-сурон кўтараверади.

16 феврал фитнасини ё давлат ўзи уюштирди, ё бошқанинг режасига суқилиб кириб шерик бўлди деб даъво этарканмиз, бунга бирон далил-ҳужжатимиз борми?

Бор, албатта. Биттагина бўлса ҳам бор. Ўрни билан уни келтирамиз. Ундан ташқари ҳам, бу даъвомизга шама қиладиган кўплаб тахминлар бор. Нега тахмин?

Биринчидан, Ўзбекистон шароитида бу каби нозик ишларни бугун ҳартомонлама, ҳужжатли ўрганишнинг сира иложи йўқ. Чунки:

а) ҳужжатлар мустақил ўрганувчилар қўлига берилмайди;
б) ягона тушунтиришни давлатнинг ўзи ўзининг манфаатига мослаб қилади, муқобил изоҳларга йўл қўйилмайди;
в) у воқеаларга тегишли ҳужжат ва ашёвий далиллар аллақачон йўқ қилинади ёки, ҳеч бўлмаганда, давлат сири ўлароқ устига етти тамға уриб ёпиб ташланади.

Иккинчидан, 16 феврал портлашлари қўполларча ва тажрибасизларча уюштирилгани кўрга ҳам очиқ кўриниб турибди, ундан кейинги тушунтиришлар ҳам лақмаларгина ишонадиган даражада нўноқдир.

Аммо одамни иккилантириб турган, ҳозирча аниқ бир нарса дейиш қийин бўлган бир нуқта бор: бу жирканч режани ишлаб чиқишда шахсан Президент иштирок этганми ё тор бир доира Бош қўмондонсиз, ички сиёсатни ўзлари хоҳлаган ўзанга солиб олиш учун орқадан тузганми?

Диққат қилинган бўлса, воқеалардан кейин ҳам давлат бу ишларни жиноят қонунларига кўра жиддий текширмади, бошланишидан то охиригача жараённи синчиклаб ўрганмади, ҳар бир далил-ҳужжатни жой-жойига қўйиб хулоса ясамади, энг ажабланарлиси – мамлакатимиз ва халқимиз бошини туганмас ғавғога тиққан бу ҳодисалар тергови якунини шу мамлакат ва шу халққа етказмади.

Текширувни ҳалол охирига олиб борса, бу ишлар орқасида ўзининг қулоғи кўриниб қолиши аниқ эди. Шунинг учун биринчи кун биринчи дақиқалардан бошлаб улкан жиноий ишни ими-жимида сиёсий йўналишга буриб юборди ва пала-партиш, ўз билганича “айбли”ларни санай бошлади. Оламга ғавғо солиб сиёсий рақибларни қамашга киришиб кетди. Бирваракайига турли тоифа мухолифни гумон остига олиш билан халқ кўнглига қўрқув ва ғулғула солди.

Одамларни бир-бирига ҳадиксираб қарайдиган қилиб қўйди. Давлат ва президентнинг асосий мақсади жиноят изини топиш эмас, сиёсий манфаат экани шундан билинди. Бундай шароитда ҳақиқатнинг тагига етиш оғир, аммо қўлимиздаги озгина манба-далиллар ёрдамида бирон хулосага келишга ҳаракат қиламиз.

16 феврал воқеаларининг орқа томонини кўрсатадиган энг қимматли ҳужжат шу воқеаларнинг қоқ гирдобида юрган Зайниддин Асқаров исмли йигитнинг “Би-би-си” радиоси ташаббуси билан юзага чиқиб қолган кўргазмасидир. Яъни, унинг қамоқда ўтирган ҳолида “Би-би-си”, “Озодлик”, “Америка овози” радиолари мухбирларига сўзлаб берган, исмлар, ҳужжат ва далиллар билан асосланган ҳикоясидир.

Бу кўргазмани балки юз фоиз ҳақиқат дея олмасмиз, лекин ҳақиқатга энг яқини деса бўлади. Чунки бунда Зайниддин Асқаровнинг ёлғон гапиришдан манфаати қолмаган, йўқотадиган нарсаси ҳам йўқ эди ва у Оллоҳга қасам ичиб, бошини кундага қўйиб гапирган.

Чиндан ҳам ўшанда боши кундада турган экан ‒ қамоқ муддати тугаб озодликка чиқиш вақти келиб қолганида у ердан унинг тириги эмас, ўлиги чиқди.

Биз ушбу китобимизда бу қимматли гувоҳнинг яқин икки соат давом этган суҳбати матнини тўлиқ бера олмаймиз. Мавзуга тегишли мағзинигина баён қиламиз. Аслига ва тафсилотига қизиққан ўқувчиларимиз интернетдан “ютуб” (youtube)га кириб, “Зайниддин Асқаров” деб ёзсалар, суҳбатнинг тўлиғини кетма-кет чиқариб беради, 16 феврал олдидан ва ортидан кечган ҳодисаларни билиб олаверадилар.

Ўша пайтлар диний мухолифат орасида ҳам, демократик мухолифат орасида ҳам ўзига яраша нуфузга эга бўлгани, четдаги ва ичкаридаги мухолиф ҳаракатларнинг ўртароғида юргани Зайниддин Асқаровни 16 феврал борасида давлат учун ҳам, холис ўрганувчилар учун ҳам нодир гувоҳга айлантирган эди.

Хўш, бу қимматли гувоҳимиз ўзининг энг қимматли нарсасини ‒ жонини гаровга тикиб туриб нималарни айтиб берди?

Унинг кўргазмалари умумлаштирилса, қисқача ушбу манзара чиқади:

”Давлат” Андижон шаҳар жоме мачити имоми Абдували қори Мирзаевни у Масковга бир диний анжуманга бораётганида 1993 йили 29 август куни Тошкент қўналғасида ўғирлаб “яшириб қўяди”. Имомнинг содиқ шогирдлари митинг уюштириб давлатдан талаб этайлик деса, қўлловчилар чиқмайди. Бошқа ҳеч бир чора топмагач, Ўрусия лашкарига қарши урушаётган чечен йўлбошчиларидан Хаттобнинг маслаҳати билан Ўзбекистон президентини жисман йўқ қилишни режалаштиришади. Чеченистонда жиддий ҳарбий тайёргарлик кўришади. Сўнгра Хаттоб уларни Афғонистонда қўним топган Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракатига қўшилишни тавсия этади. “Бирлашмасаларинг, бир-бирларингнинг ишларингга ҳалақит қилиб қўясизлар”, дейди.

Лекин Козимов Муродилла (Чеченистондаги лақаби “Иззат”) бошлиқ Абдували қори шогирдлари Тоҳир Йўлдошни орқаворатдан суриштириб унга ниятларини айтмай туришга қарор қилишади. Мустақил тайёргарлик бошлашади. Маблағ тўплаб ўзларига “ёрдамчи”лар ёллашади. Шу тарз ёлланган, воқелардан кейин номи кўп тилга олинган Улуғбек Бобожоновнинг вазифаси президент қачон, қаерда бўлиши ҳақида маълумот етказиб бериб туриш эди.

Зайниддин Асқаров айтишича, Ўзбекистон исломий ҳаракати мамлакат ичида жиҳодий ҳаракат амири этиб Баҳром Абдуллаев исмли қори йигитни тайинлаган. Бу йигит ҳар бир вилоятга масъул тайинлаётган пайти Хаттоб унга:

“Ўзбекистонда профессионал тайёргарликдан ўтган йигитлар бор, Иззат бошчилигида, уларни ҳам сафларингга қўшиб олинглар”, деган бўлади.

Ўшангача улар бир-бирларини танимаган-билмаган. Хаттоб тавсиясидан кейин топишишгач, Баҳром Абдуллаев “Иззат”га: “Бундан буён бирга ҳаракат қиламиз, битта шарти ‒ сен менга бўйин сунасан, мен Тоҳир Йўлдошга итоат этаман”, дейди.

“Иззат” бошлиқ тўққиз кишилик гуруҳнинг ниятини Баҳром Абдуллаев Дубайга бориб Тоҳир Йўлдошга етказади. Тоҳир Йўлдош яқин одамлари билан машварат қилиб, Баҳром Абдуллаевга нима қилиб бўлмасин у гуруҳни Туркманистон орқали Афғонистонга ‒ унинг ҳузурига келтиришни буюради.

“Уларни суиқасд ва портлатиш ниятидан қайтарасан, кўнмаса, отиб ташлайсан!” деб топшириқ беради. Баҳром Абдуллаев “Иззат”га тилпон қилиб: “Тўй (жиҳод) сизлар ўйлагандан ҳам чиройли бўладиган бўлди, лекин бунинг учун сизлар озгина шошмай туришларинг керак”, деб кўндиради. Ўзи бу тўққиз кишини чегарадан ўтказиш масаласини гаплашиш учун Зоҳид Деҳқонов билан бирга Туркманистонга боради. Ишлар ҳал бўлиб қайтаётганида аэропортда Туркманистон махсус хизмати уларни сохта (Қирғизистон) паспортлари туфайли ушлайди. Асл ҳолдан хабарсиз иккаласи “Бизни сотишибди” деб ўйлайди ва қўйиб юборишларига катта пул ваъда қила бошлайди. Шундан кейин ишлари жиддий текширувга тушиб, иккаласи ҳам Ўзбекистонда қидирувдаги одамлар экани билинади ва туркманлар уларни Ўзбекистонга топшириб юборишади. Бу воқеа 1998 йил кузида юз беради.

Нима сабабдан ушланганини билмаган ва ҳали ҳам “Кимдир бизни сотган” деб ўйлаган Баҳром Абдуллаев терговда суиқасд сирини очиб юборади. “Тошкентда қўпорувчилик бўлади, мен шунинг олдини олишга келаётган эдим, қўлга тушиб қолдим. Ким қаерда нима тайёргарлик кўраётганини айтаман, нима қилсаларинг қилинглар, шу иш бўлмасин. Хоҳласаларинг, уларни отиб ташланглар!” дейди Баҳром Абдуллаев (Зайниддин Асқаров айтишича, буни ва кейинги гапларни 16 феврал воқеаларидан сўнг юзлаштирилганида Баҳром Абдуллаев арабчалаб тез Зайниддинга айтиб берган). Унинг мақсади ‒ ўзи бу ишни тўхтата олмади, энди ҳеч йўқ давлат тўхтатсин!

МХХ олдинига ишонқирамайди, кейин қараса, иш жиддий. Баҳром Абдуллаевдан ҳамма гапни ‒ қўпорувчиларнинг кимлигию улар бу ишни Абдували қори учун қилаётганларигача пухта ўрганиб бўлганидан кейин то портлашлар амалга ошгунича унинг терговини тақа-тақ тўхтатиб, алоҳида хонага жойлаштиришади. Қорнигаю ибодатига ҳамма шароитни яратиб, ҳатто ёнига дўхтир бириктириб асрай бошлашади.

Ўзлари бу пайтда бошқа хоналарда бошқа “ишлар”нинг режаси билан қизғин банд эди. Яъни, қўпорувчилар гуруҳининг мақсадини билиб қолганидан кейин (чиндан энди билиб қолдими ё олдиндан билармиди?!) Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходими бу ҳақда… тўғри топдингиз… ўз бошлиғига етказади. У эса… яна тўғри топдингиз… президентга. Унгача кимлар ким билан маслаҳатлашган, ким нима деган, қўпорувчи гуруҳ режасига шерик бўлиш ғояси биринчи бўлиб кимдан чиққан, бу келишувда президентнинг иштирок даражаси нечоғлик – бу томони бизга бугунча қоронғи…

У ёқда Баҳром Абдуллаев қўлга тушиб қолганидан хабар топган Тоҳир Йўлдош Ўзбекистонга янги вакил этиб Алоуддин Болтаевни тайинлайди ва унга ҳам Баҳром Абдуллаевга юклаган топшириқни юклайди: “Қандай йўл билан бўлмасин “Иззат”ни ва шерикларини менинг ҳузуримга келтирасан! Кўнмаса, отиб ташлайсан!”

Албатта, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг қайғуси президентнинг соғ қолиши эмасди, балки ўзлари бошламоқчи бўлиб турган жиҳодга бу суиқасд режаси халақит қилиб қолишининг олдини олиш эди. Лекин нияти нима бўлганида ҳам Тошкентдаги қўпорувчиликни тўхтатиб қолишга сўнгги дақиқагача урингани бор гап.

Диққат қилинг: “Иззат” бошлиқ гуруҳни қўпорувчиликдан қайтариш учун Тоҳир Йўлдош юборган одамни давлат 1999 йил 16 февралдан уч ойлар бурун қўлга туширди! Ўзбекистон исломий ҳаракати бу ишга кескин қарши бўлганини ҳам билди! Энди гуруҳнинг қолган аъзоларини қўлга олса, олам гулистон: президент жонига суиқасдни фош этиб, мамлакатни улкан фожиадан қутқариб қолиши мумкин эди. Қандай яхши! Буюк шараф ҳам!

detail_a128c1bb6155c120397e60ac57b52abdЙўқ, МХХга бу “яхши”лик ва бу “шараф” нимагадир кам кўринди. Можаро шу билан тинчиб қолиши унга етарли туюлмади. Бу ишни қандайдир катта театрга айлантириб юборилса-чи?! Баҳонада ўлда-жўлда ётган жуда кўп ишларни, айбларни буларнинг ва бошқаларнинг бўйнига илиб ташлашса-чи?!

Шундай қилиб, давлат қўпорувчилар нияти устидан тезлик билан ўзи ҳам бир қабиҳ режа тузди. Баҳром Абдуллаевнинг кўргазмасидан кейин Козимов Муродилла (“Иззат”) бошлиқ гуруҳни тез қўлга олиш ўрнига улар бемалол ниятларини амалга оширишларига орқадан туриб шароит “яратиб бера бошлади”. Биринчи шароит ‒ ҳамма гапдан хабардор бўлгани ҳолда уларни гўё пайқамай турди!

Гуруҳнинг девондаги “одамлари” Вазирлар Маҳкамасининг йиллик (1998) ҳисоботи шу йил декабр ойида бўлишини, президент унда қатнашиб нутқ сўзлашини айтишган эди. Кейин мажлис “нимагадир” келгуси йил январига кўчирилади ‒ бунинг ҳам хабарини беришди. Сўнгра йиғилиш яна “нимагадир” 25 февралга ўзгаради.

Ўзбекистон исломий ҳаракатининг янги вакили Алоуддин Болтаев Тоҳир Йўлдошдан суиқасдни тўхтатиш топшириғини олиб Дубайдан Олмаотага 15 феврал куни учиб келади ва ўша заҳоти “Иззат”га тилпон қилиб уларни: “Иш сизлар ўйлагандан ҳам зўр бўлади, фақат шошилмай туринглар, мен эртага Тошкентга етиб бораман, маслаҳат бор”, деб огоҳлантиради. Булар ҳам рози бўлади. Лекин икки соатдан сал кейин бу ёқда Улуғбек Бобожонов “Иззат”га тилпон очиб, йиғилиш 16 февралга кўчирилганини айтиб қолади.

Зайниддин Асқаров айтишича, тўққиз кишилик гуруҳ ичида МХХнинг одами йўқ. Лекин қачондан бери МХХ учун “ишлашаётганини” ўзлари билмайди. Улар президентни ўлдирса, Абдували қорини озод қилса (ёки ўчини олса) бўлди, бошқа нарса кўзларига кўринмайди. (Ҳолбуки, ҳамма ишлари хамирдан қил суғургандек силлиқ ва осон кетаётганидан жиллақурса сергак тортишлари керак эди! Ахир, Тошкентнинг қоқ марказида, Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги бир уйда анча вақт ҳеч кимга сездирмасдан 2 (икки) тўнна бўмба тайёрлаш ҳазилакам ишми!)

16 феврал куни нималар бўлишини давлат олдиндан билгани учун ҳам бўмба юкланган олтита эски-туски, лағар мошина, Зайниддин Асқаров таъбири билан айтганда, “худди олдиндан кутилган меҳмондай” шаҳарнинг турли ерига (ҳатто президент келиши кутилаётган бош майдондаги Вазирлар Маҳкамаси биноси
тагига ҳам!) бемалол кириб келади. Ҳеч ким уларнинг йўлини тўсмайди. Биров бировнинг мушугини пишт демайди. Ва белгиланган нуқталарда, белгиланган вақтларда бирин-кетин…

Бу ёғини ҳамма билади. Бутун халқ кўрди, эшитди ва лол бўлиб қолди.

Аммо биз ҳануз билмаган, сира кутмаган ва ҳеч ишонолмаётган томонимиз бор: сиз билан биз ишониб юрган мана шу севимли давлатимиз бўлғуси портлашларда қанчадан-қанча тинч аҳоли ўлишини, бинолар бузилишини, мамлакат тўс-тўполон бўлишини, жамият парчаланиб кетишини, одамлар бир-биридан гумонсирайдиган-хавфсирайдиган бўлиб қолишини… олдиндан ҳисобга олган, шунга рози бўлганидир!

“Давлат манфаати” шуми?! “Давлат манфаати” агар шунақа бўлса, унда бу ҳокимият тепасидагиларни давлат деб бўлмайди, жиноятчилар тўдаси улар!

Сиёсати ёлғонга асосланганми, демак, ёлғончидир! Ёлғон сиёсатини жирканч йўллар билан юритгани учун эса миллат, ватан, халқ ва давлат душманидир!

“Манфаати” йўлида анча-мунча одамнинг ўлиб кетишига ҳам рози бўлса, кўп гуноҳсиз-айбсиз кишиларнинг қамалишию ҳақсиз азоблар чекиши унга чўт бўлмаса, демак, бундай иқтидор (“давлат”) ўта хавфли қотил сифатида инсонлик душманидир!

Асл давлат халқ хизматчиси бўлади, тўрт-беш кишининг хусусий мулки эмас!

Хуллас, 16 феврал режасини тузганлар ва уни қўполларча ижро этганлар ким ва ниятлари қандай бўлганидан қатъи назар, у давлатга қўл келди ва зудлик билан орага шерик бўлиб суқилиб кирди. У воқеалардан кейин кўтарилган ғавғолар, бошлатилган қама-қамаю шов-шувлар бу қабиҳ режа “давлат манфаати”га нақадар мос тушиб қолганини кўрсатди.

Портлашлардан кейин, яна Зайниддин Асқаров гувоҳлигича, давлат Баҳром Абдуллаевдан ижрочиларни билиб, “Изланяпти!” деб суратларини ҳамма ёққа осиб ташлади, лекин бу пайтда улар мамлакатдан чиқиб кетиб бўлган эди.

Нимага? Уларни ушлашдан давлат манфаатдор эмасди. Ушласа, улар давлат “16 феврал” учун айблашни мўлжаллаб турган демократлар лидери Муҳаммад Солиҳга ҳам, “исломчи”лар лидери Тоҳир Йўлдошга ҳам алоқаси йўқлиги ўртага чиқар ва давлат олдиндан кўзлаган ниятига ета олмай қолар эди.

Ҳа, иқтидор чинакам жиноятчиларни “ғафлатда” қочириб юборди ва… демократу диндорларга қарши қақшатқич уруш эълон этди. Енг шимариб орқа-олдини сиёсий рақибларидан тозалашга; йиллар давомида йўл қўйиб келаётган хатоларини бу “жиноят” билан ёпишга; халқини мамлакат аҳволидан чалғитишга киришди.

Савол туғилиши мумкин: бир кишининг кўргазмаси билан давлатга бунча оғир айбларни юклаш қанчалик тўғри?

Биринчидан, бир киши бўлса ҳам унинг кўргазмаси ҳақиқатга қанчалар яқин келишини, шу маънода у ниҳоятда қимматли эканини сал тепароқда айтдик, қизиққанлар ўзлари эшитиб бунга ишонч ҳосил қила оладилар.

Иккинчидан, бордию ўртада Зайниддин Асқаров кўргазма-гувоҳлиги бўлмаганида ҳам айрим мантиқий далиллар давлат бошлиғи ёки ҳеч йўқ МХХнинг ўзи бу иш ичида борлигини, ҳатто бошқариб турганини билиб олиш қийин эмас. Зайниддин Асқаров кўргазмаси бу хулосани инкор этиб бўлмайдиган қилиб тасдиқлаяпти, холос.

Яна такрорлаймиз: МХХ ҳам, давлат бошлиғи ҳам Тошкентда портлаш бўлишидан уч ой ёки икки ой илгариёқ хабар топган эди. Нафақат билди, балки сўнгра ўзи фаол иштирокчига айланди!

Акс ҳолда, президент ўз жонига қилинган суиқасднинг айбдорларини зудлик билан топиб-аниқлаши, президент сифатидаги обрўйини, мустақиллигини сақлаб қолиш учун ҳам теварагидаги бузғунчиларга қақшатқич зарба бериши керак эди.

Амалда буни кўрмадик. Ҳатто тескарисини кўрдик…

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com