Мен Ўзбекистоннинг асириманми?

Мен Ўзбекистоннинг асириманми?
113 views
16 May 2016 - 13:55

Негадир менга чет элга чиқиш визаси (ОВИР) бериш таъқиқлаб қўйилган.

2014 йилда ОВИР олиш мақсадида доимий рўйхатдан ўтган манзилим бўйича – Самарқнад вилоят ХЧК ва ФРБга мурожаат этгандим.

Ҳеч бир асоссиз равишда рад жавобини олгандим.

2016 йилга келиб бу ҳол яна такрорланмоқда.

Ҳорижга чиқиш визасини олиш учун 2016 йилнинг 14  март куни Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБга ҳужжат топширишга боргандим. Ҳужжатларимни қабул қилишмади. Ҳужжат топшириш осон бўлган эмас. ОВИРга ҳужжат топшириш учун 35 ёшгача бўлган ёшлар албатта суҳбатдан ўтишлари лозим бўларкан. Аввалига суҳбатдан ўтишимни талаб қилишди. Қизиғи, суҳбатга турмуш ўртоғим билан киришим шарт экан. Тошкентдан умр йўлдошимни чақиришимга тўғри келди. Улар етиб келгач, ниҳоят суҳбатга ҳам кирдик. “Қайси мамлакатга бормоқчисан?”, “Нимага бормоқчисан?”, “Қачон бормоқчисан?”, “Номоз ўқийсанми?”, “Ичасанми?”, “Чекасанми?”, “Бирорта таъқиқланган ташкилотга аъзосанми, йўқми?”…. деган  каби адоғсиз саволлар беришди.

Суҳбатдан “муваффақиятли” ўтганимиздан кейингина 2016 йилнинг 15 март куни давлат божи (Қўлимда ОВИР олиш учун тўлов квитанциясининг нусхаси  мавжуд) тўлаш учун қўлимга ҳисоб рақамларини ёзиб беришди. Банкга бож тўлаган квитанцияни илова қилган ҳолда Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБга ҳужжатларимни топшириб, Тошкентга қайтдим.

Хоричга чиқиш рухсатномаси олиш учун анкета ХЧК ва ФРБга чет элга чиыиш рухсатномаси стикер олиш учун тщланган давлат божи квитанцияси -

25 кундан кейин хабар олишимни айтишди.

Тошкентдан Самарқандга қатнаш менинг ҳолатимда осон эмас.

Орадан 25 кун эмас, 45 кун ўтгач, яъни 30 апрел куни паспортимни олиш мақсадида Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ бордим. У ердаги мутасаддилар ҳали менинг ҳужжатларим кўриб чиқилмаганлигини, тайёр бўлган ҳужжатлар орасида паспортим йўқлигини, ҳали чиқмаганлигини айтишди. 30 апрел шанба бўлганлиги сабабли ҳам бунингдек қонунсизликнинг сабабини сўраш мақсадида бошлиққа кира олмадим.

2 май, душанба кунигина Самарқанд вилоят ОВИР бошлиғининг қабулига кирдим. Олим ака деган одам бошлиқ экан. Мени хушмуомалалик билан қарши олди.

– Оғир оёқ ҳолингизда ходимларимиз сизни қийнаб қўйишибди-ку. Бунинг учун сиздан узр сўраймиз.  Ҳозир хатоимизни тўғрилаймиз, – деди-да тугмачани босиб, котибаси орқали масъул ходимларидан бирини чақирди.

Эшикдан кирган ходими:

– Алимбекова Зарнигор Авазовнанинг ҳужжатларида ҳеч қандай камчилик йўқ. “ЧП”си ҳам йўқ. Ҳаммаси жойида. Лекин ҳалигача паспортига ҳорижга чиқиш учун рухсатнома ёзуви стикери урилмаган, – дея ахборот берди.

– Нега урилмайди? – ажабланди вилоят ОВИР бошлиғи ва ўрнидан қўзғалиб, хонасидан чиқди. Ва бироз фурстадан кейин мутлақо бошқа одам бўлиб қайтиб келди. Энди Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ бошлиғининг аввалги хушмуомилалигидан асар ҳам қолмаган эди.

– Ўзбекистонда нима қиласиз? – кутилмаганда совуқ оҳангда  ғайритабиий савол берди Олим ака.

– Ўзбекистонда нима қиласан деганингиз нимаси? Мен чет эл фуқароси эмасман. Мен Ўзбекистон фуқаросиман. Ўзбекистонда нима қилардим, яшайман Ўзбекистонда, – дедим дона-дона қилиб.

–  Илгари нима ишлар билан шуғуллангандингиз?

– Боғчага борганман, мактабда, кейин лицейда ўқиганман. Ҳозир эса Тошкентга турмушга чиққанман. Ҳеч қаерда ишламайман…

– Турмуш ўртоғингиз номоз ўқийдими?

– Йўқ.

– Ичадими?

– Йўқ.

– Чекадими?

– Йўқ?

– Бирорта бир ноқонуний ташкилотларга аъзо бўлганмисиз?

– Йўқ….

“Началник”нинг таҳқирли овозида кибр ва менсимаслик оҳанглари қоришиқ эди. Бундай муомала, албатта, менга қаттиқ тегди.

… Адоғсиз савол-жавоблардан сўнг вилоят ОВИР бошлиғи менга:

– Яна икки ҳафтадан кейин хабар олинг, мабодо паспортингиз керак бўлаётган бўлса уни ҳозироқ олиб кетаверишингиз мумкин, ОВИРга бошқа сафар топширарсиз, – деди.

– Мен ҳорижга чиқишга рухсатнома олиш учун давлат божи  тўлаганман. Яна қайта ҳужжатбозлик қилишимни, яна такрор давлат божи тўлашимни истайсизми? Нега энди шунчаки олиб кетарканман? Йўқ. Токи кўриб чиқилмас экан, олиб кетаолмайман. Аммо мен яна 10 кундан кейин шу ҳолимда узоқ йўлга кела олмайман. Дадамга ишонч қоғози бермоқчи эдим. Нотариуслар паспорт нусхаси билан ишонч қоғози беришмас экан. Икки ҳафтадан сўнг паспортимни дадам олиб кетишларига рухсат олиш учун нима қилишм керак, тилхат ёзиб бериб кетсам бўладими?, – деб сўрадим “началник”дан.

– Йўқ, шусиз ҳам хомиладорлигингиз маълум. Тушунамиз. Ўзингизнинг келишингиз шарт эмас. Сизга ишонамиз. Икки ҳафтадан сўнг паспортингизни дадангиз олиб кетиши мумкин, – деди бошлиқ.

Тошкентга қайтгач, Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ бошлиғининг қўпол таҳқирли овози таъсирда, ҳам  узоқ йўл азобида тобим қочиб, шифохонага тушиб қолдим.  Бир неча кун даъволанишимга тўғри келди.

Касаллик тарихидан кўчирма

ОВИР бошлиғи айтган муддат ўтишини кутдим. Айтилган муддат ўтгач, 14 май куни дадам Самарқанд вилоят ОВИРига бориб, паспортимни сўрасалар, яна “Ҳали тайёр эмас” деган жавобни беришибди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ТАРТИБИ” тўғрисидаги қарорида шундай дея белгилаб қўйилган:

“2. Кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари фуқаронинг мурожаатини 15 иш куни мобайнида кўриб чиқади ва чет элга чиқиш ҳуқуқига чекловлар учун асос бўлмаган тақдирда унинг паспортига стикер ёпиштиради.

Зарур тарзда расмийлаштирилган ҳужжатлар кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига берилган кун мурожаат қилинган сана деб ҳисобланади.”

Менинг Самарқнад вилоят ОВИРига ҳужжат топширганимга 15 кун эмас, куни кеча икки ой тўлди, роппа-роса 60 кун бўлди.

Нима учун Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ТАРТИБИ” тўғрисидаги қарори талабларини қўпол варишда бузмоқда.

2015 йилда Самарқнад вилоят ХЧК ва ФРБ мутасаддилари мамлакат Конституцияси ва қонун талабларига зид равшида менинг чет элга чиқиш ҳуқуқимни чеклаб қўйшган эди.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ТАРТИБИ” тўғрисидаги қарорнинг “III. Чет элга бориш ҳуқуқидаги чеклашлар” деб номланувчи бобида чет элга бориш ҳуқуқини чеклашга асос бўладиган ҳолатларни аниқ-тиниқ кўрсатиб ўтилган. Мен ушбу бандларни бирма-бир санаб ўтмоқчи эмасман. Бироқ, қонуну қарорлардан шу нарсани аниқ биламанки, менинг чет элга бориш ҳуқуқимни челашга ҳеч қандай бир асос йўқ, бўлмаган ҳам. Шундай бўлса-да, 2014 йилда менинг чет элга чиқиш ҳуқуқим паймол этилган эди.

Тўғри, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ТАРТИБИ” тўғрисидаги қарорининг “IV”- бобида “Чет элга бориш ҳуқуқи рад этилганлиги устидан шикоят қилиш тартиби” белгилаб қўйилган бўлса-да, менинг чет элга бориш ҳуқуқим асоссиз тарзда топталганлиги хусусида 2014 йилда  юқори идораларга ва ёки судга мурожаат қилишдан тийилган эдим.

Аммо, бу гал Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ нинг масъулларини аяб ўтирмоқчи эмасман. Улар ўзларининг ғайриқонуний ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беришлари шарт. Негаки, мен Ўзбекистоннинг асираси эмасман. Менинг Конституция билан қўриқланадиган ҳуқуқларимни оёқ ости қилишга ҳеч кимнинг, Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ бошлиғи-ю ММХ ходимларининг ҳам ҳаққи йўқ. Ўзбекистон деб аталган мамлакатда амалдорлар эмас, Конституция ва қонун талаблари устивор бўлса, менинг ҳуқуқларимга чеклов қўйишга ҳеч бир валломатнинг ҳадди сиғмаслиги лозим. Шубоис ҳам, Вазирлармаҳкамасининг қарорида “IV. Чет элга бориш ҳуқуқи рад этилганлиги устидан шикоят қилиш тартиби: Ушбу Тартибнинг III бўлимида назарда тутилган асослар бўйича чет элга боришга рухсат беришнинг рад этилиши, жавоб беришнинг белгиланган муддатдан ортиқча кечиктирилиши устидан фуқаро юқори органга шикоят қилиши мумкин, бу орган бир ойдан кўп бўлмаган муддатда жавоб бериши керак, фуқаро унинг қароридан норози бўлганда судга шикоят қилиши мумкин” дея уқтирилганидек,  мен Самарқанд вилоят ХЧК ва ФРБ бошлиғининг устидан юқори ташкилотларга, судга мурожаат қилишга мажбурман.

Нега?! Нега менинг ҳорижга чиқиш ҳуқуқим чеклаб қўйилмоқда? ҲЧК ва ФРБсига тақдим этган ҳужжатларимни кўриб чиқиш ва  менга чиқиш визаси бериш  нима учун 60 кундирки пайсалга солинмоқда?

Бунингдек бедодликнинг бирдан-бир сабаби мустақил журналист ва ҳуқуқбон Малоҳат Эшонқулованинг қизи эканлигим эмасми мабодо? Эшонқулова онам бўлганлиги сабабли ҳам мени саргардон қилишмоқдами, менинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларимни топташ орқали онамдан қасд олишмоқдами? Бунингдек қонунсизликларга ҳукумтадан изоҳ талаб қиламан!

Зарнигор  АЛИМБЕКОВА