Ўзбекистонда ШҲТ саммити олдидан “қора бозор”даги доллар курси сунъий равишда тушириляпти

Ўзбекистонда ШҲТ саммити олдидан “қора бозор”даги доллар курси сунъий равишда тушириляпти
163 views
16 May 2016 - 15:51

sum-dollarЎзбекистон валюта “қора бозор”ида доллар курси кескин тушиб кетди. Бир хафта аввал 1 АҚШ доллари 6500 сўмга сотилаётган эди, бугун эса 1 доллар 5400 сўм дея баҳоланмоқда. АҚШ валютаси бир хафта ичида 17 фоизга арзонлашган.

“Қора бозор”даги валюта айирбошловчилар фикрига кўра, нархнинг кескин тушиб кетиши ШҲТ саммитига юқори нуфузли меҳмонларнинг келиши билан боғлиқ ва шу сабабдан “норасмий валюта бозорига босим кўрсатилмоқда”.

“Аслида доллар ҳозирда Россияда ҳам арзонлашмоқда, аммо биздагидек кескин эмас, -дейди қора бозорда валюта айирбошлаш билан шуғулланувчи суҳбатдош. –Бизда барибир курсга босим ўтказиш учун бир механизм мавжуд ва натижада биз “белгиланган нуқтадан” силжишга мажбур бўламиз”.

Валюта айирбошловчиларнинг сўзларига кўра, курснинг пасайишига қарамай доллар олиш ёки сотишга ҳамма ҳам шошилмаяпти. “Чунки ҳудди шундай тескари тарафга нархнинг ошиб кетишидан қўрқишади”,-“Ўйин сабабли” доллар нархи бир неча соат ичида кескин кўтарилиб кетиши ҳам мумкин”,-дея таъкидлайди улар.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ доллари нархининг тушиши ўтган, 2015 йилнинг май ойида ҳам кузатилган эди. Ўшанда оммавий ахборот воситалари “қора бозор” ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан кучли назоратга олинди дея хабар тарқатган эди. Валюта айирбошловчилар эса бозорга чиқмай қўйишган, курс эса тушиб борган эди. Аммо ҳукумат томонидан “қора бозорга” ўтказилаётган босим бироз юмшатилгач, валюта курси яна ошиб кетган эди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда чет эл валютасини айирбошлашнинг бир неча курслари мавжуд. Ҳозирда Ўзбекистон марказий банкининг 1 АҚШ доллари учун белгиланган курси 2909,25 сўмни ташкил қилади. Шунингдек биржа курси ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра 1 доллар 7 минг сўм атрофида баҳоланади. Бу курсдан маҳсулот импорти билан шуғулланувчилар фойдаланадилар. Мамлакат аҳолиси ва хусусий тадбиркорлар учун эса “қора бозор” курси кўзда тутилган.

ЎХҲ хабарлар бўлими