Шарпа газарманни доғда қолдирган Бош вазир

Шарпа газарманни доғда қолдирган Бош вазир
75 views
19 May 2016 - 6:00

chinor-Karimov-e1455969443564.jpg

Эргаш Сулаймон

Ҳаволарга совурилган йигирма уч йил…

(14)

Ўша халқ бугун ҳам уйғоқ, ялтоқликни умр мазмунига айлантириб олган зиёлилар ухлаяпти, холос.

Халқ чорак асрдан буён ғафлатга ботиш учун эмас, ғафлатдан буткул воз кечиш учун қурбонлар беряпти. У ошкоролик инъом этган ўша овозни соғиниб, озодлик ишқида ёнмоқда. Ўша овоз эгаси Муҳаммад Солиҳ бўладими ёки бошқа биров у учун аҳамиятсиз.

Ўша овоз зоҳир бўлган кун, у овоз эгасини топади. Унга эргашиб, Каримов режимини кунпаякун этади.

Кўр ҳам ҳассасини бир марта олдиради, деганлари каби, у энди алданиб қолмайди. Қўлга киритган ҳақ-ҳуқуқини Каримов сингари қаердаги қаланғи-қасанғиларга бериб қўймайди.

Минглаган жасур ўғлонлар 25 йилдан буён шу овозни қўмсар экан, Ошкоралик йилларидаги сингари халқнинг хизматига шай бўлиб турипдилар. Тараққиёт кўчаларини деб ёнмоқдалар, ўзгаришлар истамоқдалар. Етакчи бўлса, халқнинг ўзи уни йўлга солади, бошига кўтаради, қўлига тақдирини топширади.

Етакчилар ҳам йўқ эмас. Улар ҳам фурсат кўзлаяптилар. Ёруғ кунларни деб, миллатнинг арслонлари наъра тортадиган кунлар яқин қолди. Буни бутун миллат сезиб тургани каби бахтиқора Каримов ҳукуматидагилар ҳам кўриб билиб, чексиз бир қўрқув ичида яшамоқдалар…

Жиноий ва ғирром усуллар билан тахтни ноқонуний эгаллаган Каримов, ўшанда ўзига ўхшаган бир гуруҳ эътиқодсизлар ва миллатнинг ҳақ-ҳуқуларига хиёнат қилган пасткашлар билан ғалабасини нишонламоқчи бўлади.

…У зиёфат бошида қоққан қозиқдай қотиб, ғўддаяди. Бир-икки қадаҳ ароқ ичганидан сўнгра, дорбознинг қўлларидаги лангар каби лапанглай бошлайди.

У ўшанда президент бўлиб қолганига ишонмас, халқни қандай қилиб осонгина чув туширганига ўзи ҳам лолу ҳайрон эди.

У дунёда энг ёмон кўрадиган халқининг тақдири-аъмоли жиловини қўлларига ўраб олганидан чексиз ғурур тутяётган бир пайтда, Муҳаммад Солиҳнинг қиёфаси кўзлари олдига келиб, таъбини тириқ қилади.

У ўзининг риёларини Солиҳ дунёйи оламга ошкор этишидан, халқни ҳушёр торттиришидан қўрқарди. Шу учун ҳам у ўша лаҳзалардан халқни аросатда ушлаш йўлларини қидира бошлаган эди. Халқни тўлиқ муте қилиш учун Муҳаммад Солиҳни ўртадан кўтаришга бел боғлаганди. Мухолифат ва соғлом рақобат бор экан, у ҳеч қачон президентлик курсисини узоқ ушлаб тура олмаслигини ҳам тўғри хомчўт қилган эди.

У мудҳиш хаёлларга ғарқ бўлиб, кўп ичиб қўйди. У уйқудан уйғонган айиқдек тажанг бир аҳволда ҳожатхона томон тентираб, борар экан, етиб олгунича бир неча марта қалқиб кетиб, ағдарилишига оз қолди. Ҳар сафар қўлтиғи остидан кирган қўриқчисини силтаб ташлаб, бир нималар, дея тушунарсиз, бидирлаб қўйди.

У ҳожатхонадан қайтиб чиққанида сийрак сочлари тўзғиб, кўзларининг ости салқиб қолганди. Чўтир юзи баттар буришиб, бақаникига ўхшаш оғзидан оқ кўпик сачратарди. У қусганида қаттиқ зўриққан шекилли, тош босиб қолган балиқникидек бўртиб турган кўзлари хонасидан отилиб, чиқай, отилиб чиқай дерди.

– Президент бўлиш, бу ҳаммага ҳам эмас! – деди у ҳеч ким кутмаганда, қўлига ароқ тўла қадаҳни олар экан. – Мен бу ўйинда ютиб чиқдим. Бу учун бошни ишлатиш керак. Демократия, адолат, миллат, ўтмиш ва келажак деган тушунчалар, мақсадга эришиш учун ўйлаб топилган пиллапоялар, холос. Бу унсурлардан тўғри фойдаланган кимса, ҳеч қачон қоқилмайди…

У маст эди. Мастлик, унга ростликни бахшида этганди. У умрида биринчи ва сўнгги марта рост ва самимий сўзлаётган эди. Фикрлари тумтарақай, талаффузи чучмал бўлса ҳам сўзлари тўғри эди.

Афсуски, унга шими панд берди. У ҳожатга чиққанда тугмасини охиригача илиб, камарини тортиб қўйишни эсидан чиқарганди. Шунинг учун ҳам шими турсисини сидириб оёқларининг юзига тушди. У қўлида қадаҳ, ғознинг тухумини ютган бақадек нима қиларини билмай, турган жойида қаққайиб қолди.

Ҳамма, унинг шимини кўтариб қўйишга, кўзига яхши кўринишга шошарди. Бунақа имконият юз йилда бир туғулиши мумкинлигини ўйлаб, юраклар гупирлаб уриб кетганидан эгалари кўксига сиғмасди.

Кимдир чаққонлик қилиб, унинг шимини кўтарди. Кимдир чиқиб қолган бир нимасининг қумбулагини тиқиб, тугмасини солди. Кимдир камарини сиқиб, кимдир шимига базўр қўл тиқиб буралиб орқасига кирган турсисини тўғирлади.

Бу унга хуш ёқиб кетди. Ҳалигача тотиб кўрмаган бошқача бир ҳузр туяр экан, у хушомаднинг нақадар роҳатбахшлигини англади. На ароқ, на қорадори ва на бошқа бир восита кимсани хушомадчалик элита олмаслигини билиб, у чойга тушган қанд сингари эриди. Бир замонлар Хоразмга борганида қорадори еб, уч кун ўрнидан туролмасдан ётган кунларини эслаб, “ҳаммаси ҳам хушомаднинг олдида бир тийин экан”, деб ўйлади.

…У план қўмитасида ишлаб юрган кезларида, вилоятдаги иқтисодий кўрсатгичларни текшириш учун тузилган ҳайъатга бош бўлиб Хоразмга борган эди. Ҳайъатнинг мақсади, давлат бюжедидан олинган пулларни талон-тарож этган хоразмлик раҳбарларни топиб, уларни муносиб жазога маҳкум этиш учун далиллар йиғишдан иборат эди.

Ўшанда, айни саратоннинг қоқ чилласи, одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган бир палла эди.

Қовоғини уйиб олган бадбахт Каримов, бошини кўтармасдан қоғоз титар, босиб-босиб Тошкент суви ичиб кеч оқшомгача зўр бериб ишларди. Кечки соат ўнларда ҳайъат билан обкомнинг дачасида оддийгина тузалган дастурхон теварагида овқатланиб, соат ўн бирга занг урмасдан тўшакка чўзиларди.

Меҳмоннавозлик билан муаммони бартараф этмоқчи бўлган хоразмликларнинг уни эгиб олишга қўли калталик қилар, кўнглига қандай қилиб бўлса ҳам йўл топиш учун атрофида парти-гирён бўлардилар.

Қурулиш трести ҳисобчисининг мияси ишлаб, бошлиғига муаммонинг чорасини топганини айтади.

Бошлиққа ҳисобчи ўйлаб топган найранг маъқул тушади.

Ҳисобчи Тошкент сувининг қопқоғини очиб, ҳар биттаси ичига тариқдек келадиган қорадори ташлаб, яна бутилкани зичлаб ёпиб қўяверди. Кунида, ўнтагача Тошкент сувини бўшатадиган Каримов уч кундан сўнгра ўзгариб қолади. Ундаги одамовилик ва қўрслик бирдан йўқолиб, ўрнини одамохунлик хислатлари эгаллайди. Бир қоп ёнғоқ бўлиб очилиб-сочилиб кулишни, ҳисобчининг думбасидан чимчилаб, ҳазил-ҳузул қилиб бўларга-бўлмасга хиргойи қилишни бошлайди. Бутун ҳайъат билан хилватда қуриладиган қуюқдан-қуюқ зиёфатларга бориб, бўкиб еб, чиғилиб-чиғилиб ..б, кучаниб-кучаниб қусишга ўтади. Бир ҳафтага етмасдан очиқчасига коса тўла чойга қорадори эзиб, даврадагилар билан айлантириб ичадиган бўлади.

Хоразмликлар бу масалада, унга шогирд бўлиб қолдилар.

Бир куни нима худо урадию, азбаройи чанқаб келганидан сабри чидамай ёнғоқдек келадиган қорадори эзилган бир катта коса чойни битта ўзи сипқориб, беш дақиқа ўтмасдан боши шилқ этиб тушиб, у ҳушидан кетиб қолади. Ўзига келавермагач обкомнинг дачасига олиб келиб, ваннани тўлғазиб уни муздек сувга пишадилар, фойдаси бўлмайди. Акси, юрак уриши бутунлай сусайиб, қўл-оёғи музлаб шалвираб қолади. Бу ҳолда шифохонага олиб бориб бўлмаслигини тушунгач, шифокорлар гуруҳини дачага чақиришди.

Шифокорларнинг барчаси бир овоздан: кўрмаганнинг кўргани қурсин, қорадорини ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиб қўйган, кўтаролмаяти. Манглайқора, энди бу дарддан ўлиб қутулади, деган сўз билан кифоялангач, муаммога бошқа чора қидирадилар.

Обком Ҳожи калта деган югурдагини, Ҳожихону Шерозидан, Комилжону Отажонгача ўтган атоқлиларнинг танобини тортган Шарпа газарманнинг ҳузурига югуртиради.

От қариса гадога қолади, деганларидек ёши ўтган Шарпа газарман обкомга қолиб кетганди…

Орадан ярим соат ўтиб, ҳали кўзларидан уйқуси ўчмаган Шарпа газарман калишини пойма-пой кийгани етмагандек, сақични чаппа чайнаб дачага кириб келади.

Ҳайъат аъзолари ҳам, хоразмликлар ҳам умид кўзларини унга тиккан эдилар.

У кела-сола, ваннада қип-яланғоч ётган текширувчилар бошлиғини муздек сувдан чиқартириб олиб, кўрпага ўратади. Кейин ўзи ҳам бутун кийимларини чиқариб ташлайдида, унинг кўрпасига кириб, оғзига кўкрагинининг учини тиқади.

Беморнинг мурдадан фарқи қолмаганди. Унинг танасидан ўликхонадаги музлатгичда ётган мурданинг танаси илиқроқ эди.

Шарпа газарман унинг бошини кўксига босиб, икки курагининг ўртасини зарб билан тез-тез ишқар экан, янги туққан хотиннинг сутидан топиб уч-тўрт коса олиб келишларини айтишни ҳам унутмаганди.

Югурдаклар сувараклар сингари бир лаҳзада ҳар тарафга сочилиб, туғруқхоналарга тарқаб кетгандилар.

Тонг отгунча Шарпа газарман унинг оғзидан тўрт коса янги туққан хотиннинг дўламасини қуяди.

Қуёш тиккага келганда, танасига иссиқ инган бечоранинг ҳам оғзидан, ҳам кетидан ичган сутлари келиб, у уч кун қусуғига булғашиб, сасиб-бижғиб бир ўзига келса, бир ҳушудан кетиб, тилини чайнаб гунгу лол бўлиб ётади.

Шарпа газарман ҳар икки-уч соатда, унинг оғзидан дўлама қуйиб тураверади.

Бутун Хоразмдаги туғруқхоналар обкомнинг топшириғи билан ўша кунларда давлатга янги туққан аёлнинг сутини топшириш билан шуғулланадилар.

Икки ўртада, туғруқхоналарнинг бош шифокорлари бойиб, кўпилари бўшаган чўнтагини қаппайтириб олади.

Текширувчилар бошлиғини муқаррар ўлим чангалидан олиб қолган Шарпа газарманнинг эса, обкомнинг олдида обрўйи яна беш поғона кўтарилиб, анчадан буён тўхтаб турган ишлари юришиб кетади.

Бемори бангги – ҳаррик ҳангги каби ўзига келиб-келмай ётар экан, хоразмликлар қўлига нима туттирсалар барчасига қарамасдан туриб имзо чекиб бераверади. Қоғоз тугул, у полга, деворларга, оппоқ дастурхонларгача исми-шарифини ёзиб, тўғри келган нимаики бор бежаб ташлайверади. Қўлидан ручкасини олсалар, онасини кўкрагини соғинган чақолоқдек хархаша қилиб, уввос солиб йиғлашга тушади.

Шундай қилиб хоразмликлар силлиқлик билан бало-қазолардан қутуладилар. Каримовнинг кетини ёпаман, дея бир неча йил Владимир Иосифович Брожштйн ва Вячеслав Аркадевич Голищевларнинг она сутлари оғзидан келгани қолади.

Текширувчилар бошлиғи, ўшанда янги туққан хотиннинг сути қанд касаллигига ҳам бирга-бир даво эканини билиб олганди. Шунинг учун ҳам обком топшириғи билан Шарпа газарман ўлган кунигача унга дўлама ташишни канда қилмади. Унинг номига самолётда бир ўрин ҳамиша брон қилинган бўлиб, у хоҳлаган кунида Тошкентга учиб келиб, хоҳлаган кунида орқасига қайтиб кета оларди.

Эвазига Каримов Хоразмга бюжеддан кўпроқ пул ундириб беришга ҳаракат қилар, янги қурулажак биноларнинг проектларини ҳайъатдан ўтказиб бериш учун елиб-югурарди.

Шарпа газарман ўлганидан кейин ҳам, у узоқ вақт қаровсиз қолиб кетмади. Унинг дўлама ичиб жон сақлашини Зелимхондан билиб олган Шавкат Мирзиёев, бу жабҳада Шарпа газармандан бир неча ҳисса ўтиб тушди.

Нони яримта бўлган хоразмликлар, унинг ишбилармонлиги олдида ип эшолмай қолдилар…

(давоми бор)