Тарих сиздан ўчини ола бошлади

Тарих сиздан ўчини ола бошлади
25 views
19 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(12-қисм)

Тўртинчи кўчат
Адабиёт миллатнинг виждони…

Икки замондош буюк шоиримизга ёзилган хат

1. Ўзбекистон қаҳрамони, шоир Абдулла Ориповга

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?

Ҳурматли Абдулла ака, ушбу хатимда сизнинг бир вақтлар шов-шув билан ўқилган “Оломонга” деган шеърингиз ҳақида бугунги мулоҳазаларимни  билдирмоқчиман.

Шеър совет даврида ёзилди. Онгларимизда бўмба каби портлаш ҳосил қилди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир сатри орқасида буюк шоир ва буюк шахсни кўриб кўксларимиз тоғдек юксалди. Халқ шеърни ҳам, муаллифини ҳам бошига кўтарди.

Мана, орадан йиллар ўтди. Энди совет йўқ. Мамлакат мустақил бўлди. Бугун бу шеърингизни қайта ўқиб, ҳар бир сўзи, ҳар бир сатри орқасидан яна унинг муаллифини ‒ Абдулла Ориповни ахтариб кўрдим.

“Мустақиллик” шароитида мамлакатда кечган ва кечаётган, ўтган аср 37-йилларига ўхшаб кетадиган ҳолатларда шоир ўзини қандай тутди экан, сўзига ўзи содиқ қолдими, деб шахсингизга боққим келди. Ва мен нималарни кўрмадим!

Лекин мавзуга киришдан олдин бошимдан ўтган бир ҳодисани эсласам. 1999 йил эрта баҳори эди. Қўқонга Яйпан томондан кириб келишда темирйўл оша кўприк бор. Шу кўприкдан тушибоқ мени Давлат автомобил назорати (ДАН) ходими тўхтатди. Ҳужжатларимни сўради. Бердим. Айбимни айтди – кўприк устида бир мошинани қувиб ўтибман, мумкин эмаскан.

Мошинам рақамини кўриб: “Меҳмонмисиз?” деб сўради. Жаримадан қутулиб қолишга бир илинж туғилди, лекин мен тўғрисини айтдим: “Ўзим асли шу ерликман, аммо ҳозир меҳмонман”, дедим. “Тошкентда қаерда ишлайсиз?” деб сўради худди йўл қўйган хатомга иш жойим ҳам шерикдай. “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятида ишлардим, айтишимга тўғри келди. Биларкан. “Ҳалиям чиқяптими бу журнал?” деб сўраб қолди. “Ҳа”, дедим. Ҳужжатимни кўрсатдим. Гувоҳномада “Шарқ юлдузи” ёзуви тепасига “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси” ёзуви битилган эди. Ўшани ўқиб туриб, бирдан: “Менга қаранг, раисларинг Абдулла Ориповми?!” деди қизиқишдан кўра кўпроқ дўққа ўхшаган оҳангда. “Ҳа. Нимайди?” дейишим баробарида худди айблини ушлаганнамо қиёфада тирсагим тепароғидан тутиб, бир четга тортди. “Элнинг катта шоири… Бир пайтлар, Абдулла Орипов деса, томдан ташлардим-а… Кеча телевизорда аҳволини кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Нима, ўзбек халқи молподамиди, минбарга чиқволиб, хў-ўшш, хў-ўшш, дейди?! Ўзиям роса ичиб олгани билиниб турибди. Алкаш бўпқолмаганми раисларинг?!” деди астойдил қайғуриб. “Узр, кечқурун телевизор кўрмаганидим”, дедим хижолатомуз. “Ҳа, майли, мана ҳужжатларингиз, қоидани бузмай юринг энди, – дея мени қўйиб юборди ва орқамдан: – Тошкентга борганингизда бир қизиқиб кўринг-а, халқни қириб юборишга фатво берворди-ку бу раисларинг!” деб қолди.

Тошкентга кела-келгунимча ДАНчи мелисанинг гаплари ҳеч хаёлимдан кетмади. Нима бўлдийкан, дейман. Келасолиб суриштирдим.

Ҳаммаси ойдинлашди: ДАН ходими айтган воқеа Ўзбекистон мамлакати саҳнасида машҳур “16 феврал” томошаси ўйналган кунлардан кейин “Санъат саройи”да уюштирилган бир тадбир чоғи юз берган экан.

Бу ёғи эсингизда бордир, Абдулла ака, тафсилотини айтиб ўтиришимга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Яна, ким билади дейсиз, халқининг бошига катта кулфат тушиб турган бир кунда(!), бу кулфатнинг сабаб-оқибатларини муҳокама эттириш учун тўплатилган ўта жиддий бир йиғинга(!) маст ҳолда келган сиздай бир ҳожи шоир у кунларни эслайсизми, йўқми… Яхшиси, қисқагина эслатиб қўяқолай.

Хуллас, 1999 йил февралининг 16-куни Тошкентнинг у ер-бу ерида беш-олтита бўмба пақ-пуқ этди. Ва бу пақ-пуқлар мамлакатда анчадан бери етилиб келаётган бўлғуси қақшатқич қирғин (репрессия)лардан дарак берди, тўғрироғи, ўша қирғинларнинг бошланғич нуқтаси (адабиётча айтилса, прологи) бўлди.

“16 феврал” алоҳида таҳлилга лойиқ бўлганидан унга алоҳида мавзу ажратдим ва тафсилоти бундан олдинги бобда кечди. Бу хатимда ҳаммасини такрорлаб бошингизни қотириб ўтирмайман ва асосий масалага – “Санъат саройи”даги машҳур йиғинга ва сизнинг “оташин” нутқингизга ўта қоламан.

Айтишларича, сиз бу йиғинда, саллани опке деса каллани опкеладиган ташкилот бошлиғига қараб: “Хўш-ш, Зокиржон ака, булар нима истайди ўзи?! Энди улар билан муроса қилиб бўладими?! Уларни тарбия қилиб бўлмаса, Зокиржон ака, ҳаммасини отиб ташлаш керак! Нимага қараб ўтирибсиз, Зокиржон ака, отамизга қўл кўтарганларни аяб ўтирманг, ушланг, қаманг, отиб ташланг ҳаммасини!!!” деган маънода мастона жўшиб сўзлабсиз. Минбарга қўл билан бўлмаса-да, оғир-оғир сўзлар билан “мушт”лабсиз. Саройга ва теле теварагига тўпланганлар худди мол подасидай уларга роса “хўш-ш, хўш-ш”лаб бутун халқимиз юзига аччиқ-аччиқ маломат тошларини отибсиз… Бу ҳолингиз билан сиз бошқа кимсалардан (ўзингизнинг иборангиз билан айтганда, “оломон”дан) нима фарқингиз қолди?!

16 феврал воқеалари моҳиятини “оломон” ўйламаса, сиз ўйлашингиз, “оломон”нинг ақли етмаса, сизнинг ақлингиз етиши, “оломон” билишга қизиқмаса, сиз билишга қизиқишингиз лозим эмасмиди?!

Сиз каби бир шоирни туғиб, эҳтиётлаб катта қилган, илм бериб мана шу даражаларга етиштирган, “16 феврал” томошасидан кейин эса минг бир хавотирда “Энди нима бўларкин?” дея титраб-қақшаб турган муштипар эл сиздай зиёли боласи оғзидан бошқача – ўзингизга, номингизга, шаънингизга ярашиқли бир СЎЗни кутган эди!

Ахир сиз ўзингизга хос ижодингиз билан халқ номидан гапиришга ҳақ қозонгансиз, миллатнинг виждони бўлмиш адабиётнинг энг кўзга кўринган вакилларидан бирисиз!

Сиз эса миллатнинг виждони даражасидан “оломон” даражасигача тубанлашиб, Ҳақнинг ва халқнинг ёнини эмас, катта ёлғоннинг ёнини олиб ўтирибсиз!

Албатта, одам камчиликдан холи эмас, ҳамма ҳам хато қилиши мумкин – 16 феврал пақ-пуқлари ортида нима ишлар борлигини кўп қатори сиз ҳам бирданига ажрата олмагандирсиз. Чунки ҳали пақ-пуқлар шовқини сўнмай, чанг-тўзонлари тўла босилмай туриб унинг тагидаги ва орқасидаги ишларга, яъни, илдизига бирдан етиб бориш қийин, албатта.

Лекин худди шу билмаслик одамни сергак торттириши, хавотирга солиши ва ҳе йўқ-бе йўқ “хўш-ш, хўш-ш”лаб халқ устига ташланиб қолишдан тийиши лозим эди. Бунинг ўрнига, сал ўзингизни босиб, номингиз ва шаънингизга яраша мақомда туриб сўзлашингиз керак эди. Яъни, масалан: “Рустам ака Иноятов, Зокир ака Алматов, тўғри, жуда ёмон иш бўлди, ичимизда қандайдир қора кучлар борга ўхшайди, улар мустақил ватанимиз тинчини бузиш мақсадида жирканч бир иш қилишди, буни асло кечириб бўлмайди, бу қора ишларнинг чинакам айбдорларини топиш, муносиб жазосини бериш керак! Бу қадар шафқатсизлик халқимизга хос эмас, бизнинг халқимиз бунақа ифлосликка бормайди, бу ерда бошқа гап борга ўхшаяпти, шунинг учун сизлардан айбдорни ахтаришда ниҳоятда эҳтиёт бўлишни, гуноҳсизлар жабр кўриб қолмаслиги учун воқеани  чуқур ўрганиб чиқишни илтимос қиламан. Бундай оғир кунда биз Президентимиз ёнидамиз, биз сизларнинг ёнларингиздамиз!” десангиз ҳам бўларди, бизнингча.

Ҳарҳолда, қўқонлик ДАН ходими каби оддий-содда кишилардан таркиб топган, сизни туғиб, парваришлаб, катта шоир қилиб етиштирган ва бошига тож қилиб кўтарган халқ (оломон эмас!) миллат виждони бўлмиш адабиётнинг сиздай бир вакилидан кам деганда мана шунақа муносабатни кутган эди ва буни кутишга ҳақлидир ҳам!

Қолаверса, сиз у минбарга шоир Абдулла Орипов бўлиб эмас, Ўзбекистондай катта бир мамлакат ёзувчи ва шоирларининг, зиёлиларининг дарғаси ‒ Ёзувчилар уюшмасининг раиси ўлароқ чақирилган эдингиз. Сиз бунинг масъулиятини теран ҳис этган ва орқангиздаги юзлаб зиёлининг обрўйини ҳам сақлаган ҳолда… оғзингизга қараб гапиришингиз керак эди!

Бунақа кир ишлар қай тариқа уюштирилишини ва оқибати нималарга олиб келишини яқин тарихдан жуда яхши биласиз. Чунки “халқлар отаси, улуғ ва меҳрибон” Исталин (Сталин) ўтган аср биринчи ярмида тарих саҳифаларига ўзининг “37-йиллар” фожиа асарини битар экан, ундан олдин “Кировга суиқасд”, “Дўхтирлар иши” каби “Иш”ларни катта режали қирғинларига бошланғич нуқта (пролог) қилиб олганини ўқигансиз, биласиз. Ана ўша Исталин ҳар бир қатлиоми олдидан ё кетидан зовутларда, фабрикаларда, колхоз-совхозларда халқни (оломонни!) тўплашни яхши кўрар, ҳар бир қора ишига шу “халқи”дан фатво олар эди.

“Халқ вакиллари” минбарларга чиқиб Ежов, Ягода, Берия, Вишинский (ўзимизда Апресян, Агабек(ян)ов) каби жаллодларга хитобан: “Меҳрибон Отамизга, жонажон партиямизга қарши чиққанлар халқ душманларидир! Қаманг! Сургун қилинг! Отинг! Қириб ташланг!” дея кўзлари қонга тўлиб шовқин-сурон кўтаришар, шу дамда у “халқ душманлари” қўлига тушса еб ташлагудай ваҳшат билан ҳайқиришар эди. Ҳолбуки, эртага ўзларини ҳам бошқалар “халқ душмани” деб аташи мумкин эди!

Айтганча, “Оломонга” деб номланган шеърингизда халққа қарата “Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан? Нечун томошага бунчалар ўчсан?” деб таъна-маломат қилганингизда сиз айни мана шу ҳолатни ‒ одам боласидаги сотқинлик деб аталмиш тубан бир хислатни назарда тутган бўлсангиз керак, шундай эмасми?!

Абдулла ака, сизнинг кўп шеърларингиз ёш авлодга ўз вақтида энг керакли руҳий озиқ бўлган. Совет даврида сатрларингиз орасидан дардларимизга малҳам топгандай бўлардик. Шеърларингизни ўқиб йиғлардик, юпанардик, қувонардик, теварагимизга бошқачароқ кўз билан қарашга уринардик.

Халқимизнинг буюк шоирлари Эркин Воҳидов, Рауф Парфи ва сиз бутун ижодларингиз билан, айниқса совет даврида – халқимиз мустамлака ҳолатида маддоҳ адабиётнинг, маддоҳ шеъриятнинг советча ялтироқ деворини тешиб, янгича фикрлашга гўё туйнук очиб бердиларингиз. Кейинги авлод туйнукдан бу ёғида ҳам ҳаёт борлигини билиб, бу ҳаётда қувонч билан дард ҳамиша ёнма-ён яшашини кўриб вояга етди, эркинлик исташ руҳида тарбия топди, сизлар очган туйнукни янада кенгайтирди, очган йўлларингизни маромига етказди – буни халқимиз миннатдорлик ила эслайди.

Гарчи Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Шавкат Раҳмон каби мустаҳкам эътиқодли шоирлардан фарқли ўлароқ, сиз совет давридаги анча-мунча шеърингизда коммунистик даврни ҳам тўлиб-тошиб куйлаган, “доҳий” Лелин шаънига чин юракдан мадҳиялар ўқиган бўлсангиз-да, миллий адабиётимиз чўққиси ҳисобланган айрим шеърларингиз миллат уйғонишига сабабчи бўлган деб бемалол айтса бўлади. Яъни, адабиётимиз қизил шиорлар йиғиндисидан иборат қуруқ шеъриятдан юрак қонига йўғрилган дардли шеъриятга айланишида сиз қўшган ҳиссани кўп қатори мен ҳам юксак қадрлайман ва лойиқ ўрнига қўйишга ҳаракат қиламан, жуда кўп шеърларингиз қаршисида доим икки қўлим кўксимдадир. Аммо…

Аммо, афсус, шеър бошқа, шоир бошқа экан! Адабиёт бошқа, ҳаёт бошқа экан!

Сизнинг ижтимоий фаолиятингиз, шахс сифатида жамиятда ўзингизни тутишингиз шеърий ва адабий қозончларингизнинг тескариси бўлиб чиқди! Адолат тарозисига солиб, Ҳақиқат ўлчовларида ўлчаганда, шоирлик билан топган шарафли номингизни арбоб сифатида анча-мунча қорага бўяб қўйдингиз!

Аслида-ку, “Санъат саройи”даги у нутқингиз сизнинг аслингиздир. Сизни ёшликдан то шу кунгача таниганлар у нутқ оҳангига заррача ажабланмайди. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас дейди-қўяди. 60 ёшга тўлганингизда сизнинг мақтовингизда баландпарвоз қасида битган бир шоир укангиз ҳар нақаротда “Замонлар ўзгарди, сиз ўзгармадингиз!” деб қайта-қайта таъкидлаганида шу маънода тўғри эди. Яъни, 16 феврал воқеаларидан кейин “Санъат саройи”да сўзланган у нутқ йиллар давомида шаклланган ва ўзгармай келаётган феъл-ҳўйнинг мантиқий ҳосиласи эди, холос.

Албатта, халқ дардини кўриб туриш, доим ҳис этиб яшаш ва халққа қўшилиб куйиш жуда-жуда оғирдир. Балки шу оғир юкдан қочиш учун ҳам айрим туппа-тузук кишилар совет даврида ичкиликка берилиб кетгандир. Ҳушёрлик берадиган азобдан мастлик берадиган аллаловчи роҳат яхши-да! Лекин майхона ҳалол бошпана эмас, қўрқоқ ва кучсиз виждонлар қочиб бориб бекинадиган ҳаром бир овлоқдир. Бу овлоққа кириб кетган одам ўзини теварагида юз бераётган адолатсизликларни, зулмни, ёлғончиликларни кўрмаётган-илғамаётганга солса ҳам, то виждони тўла ўлмаган экан, азобидан қочиб қутула олмайди. Ўзини алдагани қолади, холос.

Мастлик жуда нари борса вақтинча “ором” беради. Ундан кўра аччиқ ҳақиқатга очиқ кўз билан қараганга нима етсин! Ҳам шараф, ҳам чинакам зиёлига муносиб! Қайтанга ҳаром овлоқларга биқиниб олган маст кишининг аҳволи халқ дардига қўшилиб куйган ҳушёр кишининг аҳволидан оғир ва ачинарлидир.

Абдулла ака, сиз адабиётда шеъри билан шараф қозонган озчиликнинг биттасисиз! Улуғ шоирсиз! Шахсий ўрнагингиз ҳам шу шарафингизга муносиб бўлса эди деган укаларча орзуда ушбуларни ёзмоқдаман.

Биласиз, ижодкор нафақат ижоди, балки ҳаётда тутган ўрни билан ҳам халқ орасида адабиётнинг обрўйини юксалтириши, миллатнинг виждони бўлишдек шарафга эриштириши мумкин. Аммо, айни чоқда, юксак обрўни кетказиб қўйиши ва миллатнинг виждони бўлишдек юксакликдан ўткинчи ва ёлғон сиёсатнинг малайи бўлишдек тубанга тушириб қўйиши ҳам мумкин. Шунисидан Оллоҳ сақласин.

Энди асосий гапга келдик. Ўзи аслида “Оломонга” шеърингиз ҳақида гапирмоқчи эдим. Кириш қисми бир оз чўзилиб кетди, узр. 1992 йили Ғафур Ғулом нашриётида чоп эттирган “Муножот” сайланмангизда бу шеър мана бундай келган:

Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?

Суриштирганмидинг Қодирийни ё,
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,
Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан? 

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан, эй, сен – оломон?!

(1980)

Бу шеърингиз ошкоралик йиллари кўплар қатори менга ҳам жуда ёққан эди. Советнинг диққинафас ҳаётида ижтимоий адолатни қўмсаган, миллат озодлигини соғинган кўнгилларимизга ўзига хос бир эпкин бўлиб кирди бу шеър.

Одамлар орасига ёйдик, майдонларда овозимизни баралла қўйиб ўқидик – “оломон”дан халқ ясамоқчи бўлдик ўзимизча.

Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. Орзиқиб кутганимиз мустақиллик… ўрнига келган “музтар қуллик”нинг мазасини ҳам озми-кўпми татиган бўлдик.

Шу қисқа вақт ичида етмиш йил совет даврида кўрган ва кўрмаган кўргиликларни ҳам кўриб улгурдик.

Феъл-ҳўйларнинг товланишларини, ижодкорларнинг эврилишларини кўрдик.

Ҳаётга, мустақилликка муносабатларимиз ўзгарди.

Бугун энди сизнинг ушбу “Оломонга” шеърингиз ҳам бошқа қирралари билан ўртага чиқди. Ўқисак, бошқача таъсир оладиган бўлдик. Роса ўйлаб, роса синчиклаб қулоқ солинса, айниқса, сизнинг шахсиятингиз ва ижтимоий фаолиятингиз ‒ кейинги йигирма йил ичида ўзингизни қандай тутганингиз қиррасидан боқилса, сиртдан ижтимоий адолатни куйлаган бўлиб кўринувчи бу шеър сатрлари остидан кўнгилларни ғаш қиладиган оҳанглар туйила бошлади…

Ҳа, шеърда шўрлик оддий халққа жуда оғир айб қўйилган, таъна-маломатда чегарадан чиқиб кетилган экан, натижада сатрлар сўнгидаги ҳар бир сўроқ аломати орадан ҳеч қанча ўтмай ўз бошингизга камида ўнтадан тўқмоқ бўлиб қайтяпти. Тарих сиздан ўчини ола бошлади.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com