Қачондан бери ўзи бошқа-сўзи бошқалик ижобий баҳоланадиган бўлиб қолди?!

Қачондан бери ўзи бошқа-сўзи бошқалик ижобий баҳоланадиган бўлиб қолди?!
169 views
20 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(13-қисм)

Сиз “Машраб осилганда қаёқда эдинг?” деб халқингизни сўроққа тутар экансиз, замонлар ичра ҳар хил маломатлар эшитавериб бўйинлари эгилиб кетган бу шўрлик халқ ерга боқиб:

“Муҳаммад Солиҳ юртдан қувилганида, орқасидан бир неча марта суиқасдлар уюштирилганида, Эмин Усмон сохта айбномалар ила икки бор қамалганида ва охири қамоқдан ўлиги чиққанида, Ёдгор Обид севган Ватанидан чиқиб кетишга мажбур бўлганида, Мамадали Маҳмуд бир кишига дўстлигини очиқ айтгани ва бу дўстлигидан қайтмагани учунгина зиндонда узоқ вақт ушлаб турилганида, Гулчеҳра Нуруллаева сиёсатга сал бошқачароқ муносабатда бўлгани учун нафақат ижтимоий ҳаётдан, балки адабиёт даргоҳидан ҳам бир четга суриб қўйилганида, дин уламолари – имом Абдували қори ва Абдулла Ўта куппа-кундузи ўғирлаб кетилиб, қаерлардадир гумдон қилиб юборилганида, имом Муҳаммад Ражаб динини севгани ва бу йўлда озгина фидойи бўлгани учунгина қайтиб чиқмас қилиб қамоққа тиқилганида (ўн бир йилга ҳукм қилиниб, яқин йигирма йилдан бери ҳануз зиндонда! ‒ Н.М.Р.)… буларни сен кўриб ўзингни кўрмаганга солиб бугун қаерда турган бўлсанг, биз манглайи шўрлар ҳам машъум 37-йиллари худди шунақа ерда турган эдик, эй шоир Абдулла болам…” дер эди гўё.

Сиз: “Лорка (Чўлпон) отилганда қаёқда эдинг?” деб халққа дағдаға қилар экансиз, бунақа зуғумларни кўравериб эзилган, аммо донолигини йўқотмаган халқим аламли нигоҳлари ила яна ер чизиб: “Ўнминглаб мўмин-мусулмон ватандош сохта айбномалар ила қамоққа тиқилиб, туби кўринмас зиндонлардан юзлаби ўлиб чиққанида, йигирма йилдан бери юзминглаб мусулмон ёш-яланг таъқиб ва тазйиққа учраб омонат кун кечираётганида… сен қайси кавакка биқиниб кириб кетган бўлсанг, оддий тирикчиликдан ва сен каби улуғларни туғиб вояга етказиб беришдан бошқа ташвиши бўлмаган биз шўрликлар ҳам машъум 37-йиллари ўшанақа кавакдан пана топган эдик, эй ақли ҳамма нарсага етгувчи буюк Абдулла болам…” деяётгандай бўлади.

Сиз: “Суриштирганмидинг Қодирийни ё?” деб ўзингизни ҳақиқатни суриштирувчи қилиб кўрсатар экансиз, Абдулла Қодирийнинг асарларини кечалари жинчироқларда ўқиб, болаларига унинг руҳини етказган ва кўп ҳолларда уйидан ўша Қодирийнинг арабча имлода битилган бор-йўғи битта асари чиққани учунгина қон қусишга мажбур қилинган чорасиз халқим зулм товони тагида чирпанаркан: “Биз-ку оддий одаммиз, теварагимизда нималар бўлаётганини у замонларда суриштиришга кўп ҳам онгимиз етмагандир, аммо сен, эй дунёнинг тубига етган, ҳатто бутун бошли халқни оломонга чиқазиб ўзидан бошқага писандсиз бўлиб қолган арбоб Абдулла болам, сен нима қилдинг?

Мустамлака билан “мустақиллик”нинг фарқига бора олмаётган, янги даврнинг бутун жабр-ситамларини йигирма йилдан бери қадоқ елкасида кўтариб келаётган муштипар халқингнинг аҳволини бир марта суриштирдингми сен?

Қўлинг “мустақиллик меъмори”га қасида битишдан бўшаган дамларда миллатингнинг бугун тушиб қолган ва келажакда тушиши мумкин бўлган аҳволини ўргандингми ҳеч?!

Ахир сен сиёсатчи эмас, адабиётчисан-ку! Адабиёт миллатнинг виждони сифатида доим ва асосан ҳақ ва халқ томонида бўлиши керак эмасмиди?!” деяётгани тайин.

Яна бу муштипар, эзик халқим “оломон” деган ҳақоратга чидай олмай аламдан бундайлар дейди: “Ўзинг у шум 37-йиллардан анча олислаб олиб: “Қалқон бўлганмидинг келганда бало?” деб бошимизга оғир тўқмоқ солибсан. Сен Исталин бобо қирғинлари чоғи ҳар хонадондан камида бир кишисини йўқотган ота-боболарингни айблаяпсанми? У оғир замонларда, бало ҳамманинг бошига ёғилиб турганида биз тушунмаган бўлсак-да, тушунган сен каби зиёлилар ҳам сичқоннинг инини минг тангага сотиб олишга тайёр бўлиб қолганини наҳот билмасанг?! Ўлганнинг устига тепишинг нимаси, Абдуллажон болам?!

Шундоқ ҳам хўрланганларимиз, топталганларимиз етмасмиди?! Айбимиз у оғир йиллари яшаганимизми? Мана, сен “мустамлакачилик” деб номланмиш у замонларни ҳам, “мустақиллик” деб улуғланаётган бу замонларни ҳам кўрдинг, кўряпсан. Аммо ёзган асарларингга қаралса, ўтган замонни ҳам, бу замонни ҳам бирдай “дориломон кунлар”, “бахтиёр дамлар” деб куйлаб келяпсан. Ўтган замоннинг раҳбар ташкилотини “Нажот қалъаси” деб улуғлаган бўлсанг, бу замоннинг раҳбар шахсига “Сарбон”, “Юрт эгаси” в.ҳ. деб санолар ўқияпсан.

Қайси сўзингга ишонайлик: у даврга тўқиган мадҳияларинг рост бўлса, бу замонники ёлғон, бу замондаги мадҳиянг рост бўлса, илгариги гапларинг ёлғон.

Ўзингнинг ҳолинг бундай бўлгани ҳолда биздан адолатсизликларга қалқон бўлишимизни истайсан?! Хўп, “халқлар отаси, улуғ ва меҳрибон” Исталин бобо қатлиомига биз ношуд халқ ҳеч тўсқинлик қила олмай, “томошага ўч” бўлиб тургандирмиз. Сен-чи?! Сен бугунги Исломқул бобонинг қайси адолатсизлигига қалқон бўлдинг?

Алдамчи сайловлар ўтказилганида“Етар!” деб чиқдингми? Мухолиф ижодкорларга туҳматлар, сиёсий айблар тақалганида “Ундай эмас!” дея олдингми?

Тўртта хоинча телевизорга чиқиб олиб, элимизнинг катта бир шоирини азбаройи сиёсатга аралашгани учунгина, сиёсатчи сифатидагина эмас, шоир сифатида ҳам инкор этганида сен ёзувчи ва шоирларнинг дарғаси ўлароқ “Ҳўв ҳамкасабалар, ҳар нарса десаларинг ҳам шоирлигига тил текизманглар, бу қадар тубанлашманглар!” деб уларнинг оғзига урдингми?

Таниқли ёзувчи Эмин Усмон ҳақсиз қамалганида бу бедодликка қарши кўксингни қалқон қилиб туриб бердингми? Иккинчи бор қамалиб, қамоқдан ўлиги чиққанида-чи… ҳеч йўқ жанозасига бордингми? Аксинча, бу аянчли хабар дунёга тарқалганида чет радиолардан бирининг мухбири сенга қўнғироқ қилиб бу воқеани шарҳлашингни сўраганида нима деб жавоб берганинг ҳартугул эсингдадир: “Ҳа, энди… Эмин Усмон ўзи Ёзувчилар уюшмасига келмай қўйган… алоқасини узган эди…” деган маънода чайналган эдинг. Бир инсон, бир адиб қамоқда шубҳали тарзда ўлиб кетяпти, адибларнинг дарғаси ўлароқ сенинг муносабатингни қара! Заррача ачиниш йўқ. Аксинча, ўлганнинг устига чиқиб тепкиладинг гўё.

Ўшанда бу қўрқоқлигинг ва иккиюзламачилигингдан биз оддий қора халқ хижолатлар бўлиб кетганмиз. Ишонган тоғимиздан бу хил муносабатни кўриб, ер ёрилсаю ер остига кириб кетсак, деганмиз!

Ёки яна: халқимизнинг тўқсон фоизи мўмин-мусулмон бўлгани ҳолда йигирма йилдан бери юртимизда Ислом динига қарши уруш очилди, минглаб, ўнминглаб ватандош дини учун қамоқда ётибди, кўплари ҳатто зиндонларда ўлиб кетди, шу элнинг маънавий йўлбошчиларидан бири бўлмиш сенинг қайси бир тукинг титради? Ё намоз ўқийдиган, рўмол ўрайдиган, маст қилувчи ичкиликни ҳаром дейдиган, болаларига эгри билан тўғрини ажратиб танитишни хоҳлаган, айби эътиқоди бўлган ўғил-қизларимиз сен учун ҳақсиз қамалса ҳам, ўлдириб юборилса ҳам бўлаверадиган қадрсиз, қийматсиз борлиқларми? Наҳот ачинмайсан? Ё уларнинг ёнини олсанг, суриштирсанг, қалқон бўлсанг, обрў-мартабанг кетиб қоладими?

2005 йили 13 май куни инсонлик ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб майдонга чиққан минглаб андижонликни – эркагу аёл демасдан, ёшу қари демасдан, ҳатто мурғак гўдакларни шафқатсизларча отиб ташлашга буйруқ берилганида нимага ўртага қалқон бўлиб отилиб чиқмадинг?!

Сиёсат уларнинг барчасини ёппасига жиноятчи деб атаган бўлса, ҳамма ёппасига жиноятчи бўлиши мумкин эмас(!)лигини миллатнинг виждони бўлмиш адабиёт дарғаси сифатида сен жуда яхши билар эдинг-ку! Билмасанг, билишинг лозим эди-ку?! Бизларни “оломон” деб ҳақоратлаб тилимизни қичитиб нима қиласан, эй буюк шоир Абдуллажон болам?!

Айтганча, кучишлатар идораларни миллатига қарши олакишлаб, юксак минбардан… теле орқали… ўттиз милёнли халқ (оломон эмас!) кўзи ўнгида… “Қаманг! Отинг! Қиринг!” деб турган сендай бир шафқатсиз боламиз халқни зулмлардан қўрийди, адолатсизликларга қарши қалқон бўлади деб кутишнинг ўзи хато.

Сен мустамлака шароитида ҳам кўпроқ ўзингни ўйладинг, халққа қалқон бўлмадинг, халқни ташлаб, “Нажот қалъаси”га сиғиндинг, ҳозирги “мустақиллик” шароитида ҳам фақат ўзингни ва бола-чақангни ўйлаяпсан, қалқон бўла олмаяпсан, шу кетишинг бўлса, бундан кейин ҳам қалқон бўлмайсан, бўла олмайсан.

Қалқон бўлиш не, бугун ўзингни тутишингдан билиниб турибди: худди 37-йиллар Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор каби ёзувчилар буюк адибимиз Абдулла Қодирий гўрга киришига сабабчи бўлгани сингари, сен ҳам ҳеч иккиланмасдан уларнинг ишини такрорлайверасан. Бўлмаса, Ойбек ҳам, Ғафур Ғулом ҳам, Абдулла Қаҳҳор ҳам ҳазилакам адиблар, ҳазилакам шахслар эмасди! Сендан баланд бўлсалар баланд эдилар, асло кам эмасдилар. Аммо истеъдодлари уларни нозик паллаларда мард сифатида асраб қололмади! Начора, юксак истеъдоднинг ўзи шахсни бутун қилиб бера олмас экан.

Энди, инсофинг бўлса, ўзинг айт: томошага ўч бизлар эканмизми ёки йигирма йилдан бериги ҳамма томошани ютоқиб кўриб келаётган, адолатсизликларга қарши ғинг дейиш тугул, аксинча, зулм кучайгани сари золимнинг ҳар бир ҳаракати ва сўзини олқишлаб турган сен ўчмисан?!

Ана шунақа, болам, пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга ур. Биз сен назарда тутган маънодаги оломон эмасмиз, оддий одамлардан ташкил топган халқмиз. Ақллиларимиз, кучлиларимиз, бошлиқларимиз бизни қаёққа еталаса, кетаверамиз. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам етовга муҳтожмиз. Ҳозиргача шундай бўлиб келди, бундан кейин ҳам шунақа бўлади.

Бизни тўғри йўлларга бошласин деб Оллоҳ ичимиздан сенга ўхшаганларни етиштиради. Сен елкангдаги вазифани бажармай, аксинча, тескари томонларга еталаб кетаётган бўлсанг, бизда нима айб?! Иссиқ хоналарда, юмшоқ оромкурсиларда, халқдан ажралиб олиб, сени етиштирган ва бошига кўтарган халқни маломат қилиш, “Қаёқда эдинг?.. Нимага қалқон бўлмадинг?.. Одам эмассан, оломонсан сен!” деб ерга пийпалаш осон!..” …демайдими? Деса, ҳақ бўлмайдими?!

Албатта, халқнинг бу каби ҳақли маломатлари сизга ҳам, айрим мухлисларингизга ҳам оғир ботар, “Бунчалик эмас-да энди!” деб эътироз билдиришар. “Ўзига эмас, сўзига қаранг! Абдулла Орипов сўзи (шеъри) билан тарихда қолади!” дейишар.орипов(1)

Аммо қачондан бери ўлчовларимиз бузилди?! Қачондан бери ўзи бошқа-сўзи бошқалик ижобий баҳоланадиган бўлиб қолди?! Сиз ва мухлисларингиз Алишер Навоийни ўзи бошқа эди, сўзи бошқа эди дея оласизларми?! Ким Заҳириддин Муҳаммад Бобурни, Машрабни, Огаҳийни… ўзи бошқа, сўзи бошқа дея олади?!

Бошда пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлароқ барча саҳобалар, улардан кейингилар, буюк олимлар, адиблар, барча улуғларимиз нимага бундай мартабага эришганлар?

Албатта, сўзлари билан ўзлари бир бўлгани учун! Акс ҳолда мусулмон халқимиз уларни бунчалик қадрламас эди. Чунки ижобийликнинг ўлчови битта ва у ўзгармайди ‒ киши сўзи билан ўзи бир бўлсин! Бундай юксак ҳолат жуда озчиликка насиб этса-да, халқ шундайларни излаб топади, шундайларга эргашади ва керак бўлса бошига кўтаради!

Ҳа, Абдулла ака, сиз улкан шоирсиз. Балки шахсингиз ҳам истеъдодингиз даражасида эканми-йўқлигини синаб кўриш учун Оллоҳ 37-йиллардагига ўхшаш жабр-зулмларни “мустақиллик” замонида қайтадан халқимиз бошига атай юборгандир. Бир пайтлар ўйламай халққа қарата отган оғир маломат тошлари эвазига ўшандай кунларни бу бандам ҳам бир яшаб кўрсин-чи, ўзини қандай тутаркин деб сизни бу жабр-зулмларга гувоҳ қилгандир. Чунки Оллоҳ таоло ҳеч бир ишни ҳикматсиз қилмайди. Ва сиз кўплар қатори бу имтиҳондан ўта олмадингиз – ўзингиз маломат қилган ўша “томошага ўч” оломоннинг биттасига айланиб қолдингиз!

Сизни йигирма йилдан бери мамлакатда юз бераётган шунча салбий ишлардан хабарсиз эди, билмасди деб бўлмайди, албатта. Икки ҳолатдан бири: ё ҳамма ишни кўриб-билиб туриб ўзингизни кўрмаган-билмаганга солиб яшаяпсиз, ёки виждонни кўрпача қатига яшириб, мастона томоша қилиб ўтирибсиз!

Афсусланарли тахминимизча, бу ерда иккала “ё” ҳам тўғри. Халқимиз олдингизга ва маънавиятимизнинг сиз каби дарғалари олдига масалани шу тарз кўндаланг қўйишга, юксак талаблар билан шунақа оғир сўзларни айтишга, сиздан ва маънавиятимизнинг сиз каби дарғаларидан бу саволларга қониқарли жавоб кутишга ҳақлидир.

Бир пайтлар халқ томон ирғитган маломат тошларингиз айланиб-ўгирилиб келиб бугун бу тарзда ўзингизга қайта бошлаган бўлса, энди уни истеъдодингиз ва шоирлик мартабангиз даражасида муносиб қаршилашга, кўксингизни мардларча тутиб беришга мажбурсиз! Чунки, яна қайтараман, сиз катта шоирсиз!

Ўрни келиб қолди, ўтган асрнинг бугунгидай талотўпли даврларида СССР ёзувчилари дарғаси Максим Горкий ўзини қандай тутганини бир қур эсласак. Пролетар диктатураси қиличини яланғочлаб, тўғри билан эгрини, дўст билан душманни ажратмай ялпи қатағонга киришган паллалар. Максим Горкий бутун дунё ишчи-деҳқонлари доҳийси, “халқлар отаси” Иосиф Исталиннинг ҳам, Бош сиёсий бошқарма бўлими (ОГПУ) бошлиғи Ягоданинг ҳам содиқ дўсти, пролетарча ғоя қон-қонига сингиб кетган бир инсон ўлароқ, 30-йиллар бошларида “зараркунанда инженерлар”га қарши бошлатилган “Шахта иши” ва “Промпартия иши” номидаги ялпи қама-қамаларни жон-жон деб қўллаб-қувватлаган эди. Ҳатто “промпартиячилар”га юмшоқроқ ҳукм чиққанидан норозиланиб Ягодага атай гина хати йўллаганини ҳам биламиз. Аммо шунга қарамай, ҳарҳолда катта бир ёзувчи ва зиёли эмасми, айрим адибларни, ҳатто ўзи шахсан ёқтирмаган ижодкорларни ҳам диктатуранинг қаттиқ қаҳридан сақлаб қолган. Иккита мисол келтираман.

Мана унинг Исталинга ёзган бир хатидан парча:

“Булгаков мне «не брат, не сват», защищат его я не имею ни малейшей охоты. Но – он талантливый литератор, а таких у нас – не очень много… В данном случае я за то, чтоб перевоспитать. Это – легко”. (Яъни, қамаманг, ўлдирманг, қайта тарбиялаган яхши, деяпти.)

Шунингдек, ўзи шаънига танқидий фикр билдирганларга давлат тазйиқ ўтказаётганини эшитиб, Италиянинг Соренто шаҳридан Исталинга ёзган хатида ашаддий танқидчиларини ҳам ҳимоя қилади:

“Но «брань на вороту не виснет», мне она жить не мешает, а в работе – поощряет. Человек я, как Вы знаете, беспартийный, значит: все, что по моему адресу, – партию и руководящих членов ее не задевает. Пускай ругаются… Так что не наказывайте ругателей, Иосиф Виссарионович, очень прошу Вас,” дейди.

Ночорлик билан бўлса-да, қўлидан келганини қилганига эътибор беринг! Ҳолбуки, у қип-қизил пролетар ёзувчиси эди! Бу икки мисол сизга кичкинагина эскартишдир…

Узр, халқимиз ҳар замон улуғ-улуғ шоирларни туғиб-етиштириб бериб тургани билан ўзи тўпори, жайдари, содда бир халқдир. Ёппасига шоир бўлмаса-да, ёппасига оғзаки ижод билан шуғулланиб туради. “Оломонга” шеърингизга ҳам оғзаки ўхшатма тўқибди. Ўзи сингари тўпори, жайдари, содда. Эркаклар қудуқлар бошида, аёллар бешиклар устида минғирлаб айтиб юрганмиш. Қофияси йўқ ҳисоби, туроғи тумтароқ, ичкию ташқи оҳанглари ҳам шунга яраша. Яъни, бадиияти сизникидай даражага ета олмайди, албатта. Лекин ўқиб, нималарнидир англаса бўлади:

“Муҳаммад Солиҳ қувилганида қаёқда эдинг?
Мамадали Маҳмуд қамалганида қаёқда эдинг?

Зиндондан ўлиги чиқди, ачиндингми Эмин Усмонга?
Қалқон бўлолдингми диндорларга келганда бало?

“Нималар бўляпти ўзи?!” деб сўрадингми ҳеч?
Ё ватан ва миллат тақдири сенга ҳечми, ҳеч?!

Андижон қонга ботди… ғинг демайсан?
Айт, нечун томошага бунчалар ўчсан?

Ҳукмлар ўқилур фатвоинг ила, парвоинг йўқ!
Тарихлар битилур мадҳиянг каби, савдоинг йўқ!

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман ҳориб:
Қачон одам бўласан, эй Абдулла Ориф?!”

Ҳурмат ила
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com