Ҳақ Сўзни айтиш фурсати келмадими?!

Ҳақ Сўзни айтиш фурсати келмадими?!
49 views
22 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(15-қисм)

Ўшанда, эсингизда бўлса, “16 феврал” воқеаларини чуқур таҳлил қилмай, ҳукумат тушунтиришини шошма-шошарлик билан мутлақ ҳақиқат деб олганингиз давлатга жуда қўл келди ва шеърингизни давлат 16 февралдан сўнг “хит” қилиб юборди: деярли барча нашрларда бостирди, ТВда ўзингизга қайта-қайта ўқиттирди:

“16 ФЕВРАЛЬ 1999 ЙИЛ

Бу дунёда яхши, ёмон кунлар кўрдим,
ўкинчим йўқ, майли, йиллар қаддим эгсин.
Мен ҳамон бир аскарингман, она юртим,
Сен томонга отилган ўқ менга тегсин.

Ҳали комил атолмасман маконимни,
Бекам одил санолмасман замонимни.
Лек киприкда сақлайман бу давронимни,
Бу давронга отилган ўқ менга тегсин.

Юртим, олис йўлга чиққан карвонинг бор,
Карвонингга посбон уйғоқ сарбонинг бор,
Эл дардида халоватсиз ўғлонинг бор,
Шу инсонга отилган ўқ менга тегсин.

Тонг нурисан, ватан, қалбим осмонида,
Эркинг азал аждодларнинг армонида,
Меҳринг абад авлодларнинг имонида,
Шу имонга отилган ўқ менга тегсин”.

Бу сатрлардан, айниқса, бу ерда бўяб кўрсатилган банддан сиз энди бундан кейин мўлжалингизни қай томонга бурганингиз англашилади. Бу ҳол нимадан далолат?

Демак, адабиёт ва ҳақиқат майдонларида ишлатсин деб берилган юксак истеъдод, назокат ва зарофатлар арзимас бир сабаб билан арзимас бир мақсадларга қурбон қилина бошланди. Шуниси алам!

Эсингиздами, мамлакатда “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони таъсис этилиб, унинг биринчисини кимга бериш масаласи Олий (?!) Мажлисда кўтарилиб, “тахтнинг абадул абад ва танҳо эгаси” ёлғондакам камтарлик ила:

“Мени тинч қўйинглар, бошқанинг номзодини кўрсатинглар”, дегандай озгина ноз қилганида сиз, Эркин ака, юмшоқ курсида жим ўтира олмай қолдингиз, ичингизда нимадир қайнаб кетди, минбарга отилиб чиқдингиз ва бутун истеъдодингиз, назокатингиз ва зарофатингизни ишга солиб:

“Биласиз, Ислом ака, мен сизни ҳурмат қиламан, ҳамма гапингизга доим хўп деб келганман, аммо… аммо бу гапингизга “Йўқ!” дейман… “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига ҳаммадан олдин Сиз лойиқсиз!” деб юбордингиз!

Давомли ва гулдурос чапаклар. Яшасин миллат виждони! Президентга, унинг сўзига бемалол қарши бора олди! Шундоқ бетига қараб туриб «Йўқ!» дея олди! У киши тахтга ўтирганидан бери ҳеч ким кўрсата олмаган жасоратни бир буюк шоири тили билан кўрсатди! Олқишлар ва яна олқишлар!..

Лекин, киноя қилмаган тақдиримизда ҳам, тан олишимиз керак: ўша кунигача… ва то бугунгача биров бунақа сўз демади, кейин ҳам бундан ошириб дея олмаса керак!

Сўз қадри бу қадар ерга уриладими! Ҳақиқат устидан бу қадар кулинадими! Эзилган, хўрланган халқни яна бу қадар хўрлаш бўладими! Андижонда тинч аҳолига қарши ўқ узишга каловланган ҳатто мелисамизда, армиямизда озгина виждон бор экан, адабиётимиз нега виждонини йўқотди?! Қаёққа кетди Имон, Инсоф, Виждон, Ҳамият, Ор, Номус?! Наҳот ишонган тоғларимиз “муҳтарам Юртбоши” тўқиган: “Андижонда кўчага чиққанлар террорист эди, оқимчи эди”, деган чўпчагига ишонса? Қайнаб кетиши лозим бўлган адабиёт виждони шу чўпчакнинг муздай суви билан совиб, ухлаб қолдими ё?

Бутун бошли СССРдай давлатнинг тугашини талаб қилиб майдонга чиққан Тифлис халқи “тинч аҳоли”-ю, оддийгина инсонлик ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, президент ҳузуримизга келсин, дардларимизни эшитсин, деган содда талаб билан кўчага чиққан ва, президентимиз келадилар, дея гўлларча умид қилиб турган шўрлик халқимиз “террорчи”, “акромчи” бўлиб қолдими?

Айтгандай, президент чиндан ҳам Андижонга борди, аммо қўналғадан ташқари чиқмай, бутун “меҳр-муҳаббати”ни ўқлар кўринишида халқининг боши узра ёғдирди!

Ҳа, ўз вақтида советнинг давлат бошлиқлари ҳам Тифлис майдонига тўпланганларни “бўлгинчилар”, “наркоманлар” деб айблаб ўққа тутган, қирғинини шундай кир мағзавалар билан оқлашга уринган, айбини шунақа ниқоблар остига яшириб хаспўшлаган эди. Аммо сиз бу чўпчакларга ишонмай, халққа ўқ узганлар билан бир партияда турмайман, дея ҳайқириб партбилетни улоқтиришингизни эълон қилдингиз!

Нега у замонки давлат бошлиқларининг чўпчагига ишонмадингиз-да, бу замонки давлат бошлиғининг чўпчагига лаққа тушиб ишониб ўтирибсиз?!

Жавоби оддий: у замонда адабиёт, қисқа муддатга бўлса-да, ундан кутилган ҳақиқий мақомга чиқиб, миллатнинг виждонига айлана бошлаган эди, бу замонда эса, яна қайтадан “битта ёғли суяк илинжида амирларнинг остонасини ялайдиган ювиндихўр” даражасига тушиб қолди. Афсус, афсус…

Тўғри тушунинг, Эркин ака, сизни ҳақ сўзнинг ва халқнинг энг олдида кўришни истаганим ўзимни ва бошқаларни бир четга олиш ва масъулиятдан қочиш эмас, балки биз каби укаларингизнинг сўзидан Сиз каби улуғларимизнинг сўзи салмоқда ҳам, таъсирда ҳам ўта кучли эканини ҳис этганимдандир.

Эркин ака, хатим услуби балки қаттиқ туюлар, балки бўёқларни ўта қуюқлаштириб юбораётгандирман. Халқимиз тилига чиқара олмай, ҳатто қудуққа ҳам айтишга қўрқанидан ич-ичида сақлаб келаётган гапларидан айримларини етказиб қўйяпман, холос. Ифодани дард миқёси белгилайди. Яъни, оғриқ қанча кучли бўлса, одам шунча қаттиқ додлар экан.

Сўзларим кўнглингизга оғир ботмасин, оғир ботаётган бўлса, менинг сизга дўстлигимдан, самимиятимдан, сизга ва ижодингизга муҳаббатим кучлилигидан деб билинг. Ҳарҳолда, ушбу аламларим сизга, ижодингизга муҳаббатимдан туғилаётгани аниқ. Бу оғриқли гапларни орқадан ёки замон ўтганидан кейин айтгандан кўра, бетингизга ва айни шу дамда айтишни афзал кўрдим. Бунда сиз учун ҳеч бўлмаганда муаллиф билан мунозара қилиш ёки жамиятнинг бугунги аҳволига ва ўтган у қайғули ишларга ўзингизнинг муносабатингизни очиқ билдириш, иложи бўлса, ҳақиқатни айтиб кетиш имкони бўлади.

Кўрганман ва ишонаман: сизда адолат туйғуси кучли. Нимадир сабаб билан устини вақтинча кул босгандир. Бор нарса йўқолиб кетмайди, албатта яна қайта кўринади ва борлигини билдиради, иншаоллоҳ.

Эркин ака, халқ сиздан, сизнинг тимсолингизда адабиётимиздан гўзал шеърлар, гўзал хотира мақолачалар қатори ижтимоий бир қўллов ҳам кутяпти. Халқимизга “бошини силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондек арзанда” бўлиб турган бу кунларда сиздай шоирларимизнинг юрак қўри билан айтган Сўзи унга албатта улкан далда бўлади!

Адабиёт халқнинг ёнида туриши, ҳақсизликларга ва зулмга муносабатини очиқ билдириши керак. Аслида, сизга ва Абдулла Ориповга очиқ хат битишдан кўзлаган ниятим ҳам шу эди. Сизларнинг бир замонлар момақалдироқ каби гулдираб халқимизнинг уйғонишига, кўзи очилишига хизмат қилган сиёсий-ижтимоий шеърларингизни бугунги кўз билан боқиб сиёсий-ижтимоий томондан таҳлил этишга ҳаракат қилдим, холос.

Таҳлил зарбини “Изтироб” ва “Оломонга” шеърларининг зарби белгилади деб ўйлайман. Яъни, сўзларим бир оз аччиқ ва кескин чиққани иккала шеърнинг зарби қаттиқлигидандир.

Тарихлар кечади, гуркираган салтанатлар сўлади, мустаҳкам ва абадий бўлиб туюлган тахтлар қулайди, подшолар келиб кетади, золимларининг номлари тарих ахлатхоналарида йўқ бўлиб кетади, аммо Ҳақ Сўз қолади!

Бу Ҳақ Сўзни айта олган шахс ҳам шон-шарафларга бурканиб, замонлар аро юракларда яшайди, яшнайди! Тайини йўқ бир ҳовуч сиёсатчи кимсага куни қолган, эгасиз, чорасиз, паришон халқимиз Сиздан ва Сиз каби улуғларидан дардига малҳамни – Ҳақ Сўзни кутади.

Миллатнинг виждони бўлмиш динимиз ва адабиётимиз ўртага тушишини, мазлумни орқасига олиб, зулмга қарши кўксини қалқон қилишини, ўзига Эга чиқишини истайди.

Кичик хулоса
ФУРСАТ КЕЛМАДИМИ?

Тўғри тушунайлик: суюкли мамлакатимизда юзага келган бугунги маънавий ва сиёсий ўпирилишлар ҳисоби битта Абдулла Орипов ёки Эркин Воҳидовдан сўралмайди.

Ўзини адиб, олим ҳисобловчи ҳар бир зиёлидан сўралади. Сизу биздан сўралади. Бу аччиқ таъналар энг олдин ўзимга, қолаверса, ҳаммамизга тегишлидир. Фақат, даражаси юксакларга талаб ҳам катта қўйилиши удумига кўра, ушбу дардларимни ўзим суйган икки буюк ижодкорга тўкиб-солгим келди.

Хоҳлаймизми-йўқми, тан оламизми-йўқми, қиёмат бор, охират бор, савол-жавоб бор. Олимларнинг савол-жавоби қаттиқ бўлади, чунки улар биладилар. Шундай экан, қиёматдан қўрқайлик, тиригимизда охиратга ҳозирлик кўрайлик, савол-жавоб диёрига шаънимиз булғанмаган, юзимиз ёруғ ҳолда борайлик.

Ушбу икки хатда билдирган фикр-мулоҳазалар билан барча адибларга, барча шоирларга, барча олимларга, барча зиёлиларга, барча маслакдош ёр-ошналарга мурожаат этаман:

Ҳақ Сўзни айтиш фурсати келмадими?!

Шу азиз ватан чиндан ҳам барчамизники бўладиган бўлса, унинг бошқарувини сурункали Бир Киши иродасига топшириб қўймасдан, ҳаммамиз қўлга олайлик! Тарихига, бугунига, келажагига барчамиз эга чиқайлик, ишларини барчамиз бирга юритайлик.

Тўғри, давлатни бошқариш катта салоҳиятни, лаёқатни талаб этади, дуч келган одам подшо бўлавермайди. Сиёсат билан сиёсатчилар шуғулланаверсин. Аммо ҳар он халқнинг кўзи ўнгида, назорати остида шуғуллансин, етти қават девор орқасига беркиниб олмасин.

Халқда бошлиқлари ишини текшириб туриш, ишониб топширилган ваколат доирасидан четга чиқиши билан уни тўғрига йўллаб қўйиш, кўнмаса, алмаштириш қобилияти ва ҳуқуқи албатта бўлиши керак.

Бир қўлга чексиз ҳокимият бериб қўйилса, ҳар қандай одамнинг нафси аста-секин фиръавнлашади. Бошқача айтсак, бир юмалаб чексиз ҳокимиятга эга бўлиб қолган одам, агар у ўн карра яхши одам бўлса ҳам, эртага нима кароматлар кўрсатишини билиб бўлмайди. Камдан-кам киши ўзини сақлай олади.

Тарихимизда оқил, одил подшоҳлар ҳам ўтган, аммо кам келган. Ҳозир ҳамма соҳа қатори давлатчилик ҳам юксак даражада ривожланди, давлат билан халқ ўртасидаги муомала-муносабат чегараларини белгиловчи хилма-хил ўлчовлар, бир-бирига таъсир кўрсатувчи омиллар ишлаб чиқилди. Бизнинг мамлакатда ҳам мана шундай ўлчов ва омилларни йўлга қўйиш керак.

Биз адабиётчилармиз, асосан адабиёт билан шуғулланамиз, сиёсат бизнинг тўғридан-тўғри ишимиз эмас, аммо бу дегани адабиётчилардан сиёсатчи чиқмайди дегани ҳам эмас, сиёсатни мутлақ ўз ҳолига ташлаб қўямиз дегани ҳам эмас. Айниқса, ўртада Ватан, Халқ, Миллат масаласи турганида! Айниқса, сиёсатчилар замон талабига жавоб бера олмай қолганида!

Бундай паллаларда шу миллатнинг виждони бўлишни елкасига олганлар доим ўз Сўзини айта олиши, давлатнинг ўткинчи бошлиқлари томонида эмас, шу давлатни бор қиладиган, мамлакатнинг асосий бойлиги бўлган, ватанни ватан қилиб турган халқ томонида туриб, сиёсатчиларни асло йўлдан тойишга қўймаслиги, шу маънода уларга ёрдамчи бўлиши керак.

Аксинчаси – халқни эзишида, ўғрилик қилишида, зулмда, ватанни сотишида уларга ёрдамчилик қилиш хиёнатдир. Ҳақиқатга хиёнат, халққа хиёнат, омонатга хиёнат, қаламга хиёнат, Ватанга хиёнатдир! Бошқа нарса эмас!

Оллоҳ таоло ақлимизга озгина фаросат берган, юракларимизга ҳассосият юқтирган, қўлларимизга қалам тутқазган бўлса, буларнинг ҳаммасини ватаннинг, миллатнинг оғирини енгил қилиш учун омонат қилиб берган ва бу омонатни ҳаққи-ла адо этишга буюрган. Акс ҳолда, миллатнинг ойдинлари елкаларидаги асосий вазифани бажармаган бўладилар.

Теварагимизга зийрак ва ҳушёр боқсак, афсус, бугун бизнинг мамлакатимизда дўст олдида ҳам, душман олдида ҳам одамни хижолатларга соладиган ҳолатлар юзага келганини кўрамиз. Матбуотимизни ўқинг, радиога қулоқ солинг, телевизорни томоша қилинг. Ахир:

Ҳамма яхши ишларнинг ташаббускори фақат Бир Киши бўлса – УЯТ ва АЙБ!

Бир Кишидан бошқа ҳеч ким ватан ва миллат учун қайғурмаса, юртининг равнақи учун ҳеч қандай ташаббус билан чиқмаса, ҳеч қандай иш қилмаса – УЯТ ва АЙБ!

Ички ва ташқи сиёсатдаги ҳамма ютуқлар Бир Кишиники, барча ютқизиқ ва камчиликлар ўттиз милён халқники бўлса – УЯТ ва АЙБ!

Йигирма йилдан бери бир хил ҳолат: вилоят ва туман ҳокимлари қачон алмаштирилса, барча хато-камчилиги биттама-битта саналади ва ҳаммаси ҳар гал уларнинг бўйнига илинади, аммо ўша вилоят ва туманлардан иборат улкан Ўзбекистон мамлакатида йўл қўйилган бу хато ва камчиликлар учун жавобгарликни шу юртнинг танҳо эгаси, ҳамма ишлар ташаббускори ва тепасида турган, ўша ҳокимларни ҳам танлаб мансаб бериб қўйган зот бирон марта ўз елкасига олмайди – УЯТ ва АЙБ!

Нимани гапириб, нимани гапирмасликни Бир Киши белгилаши, ўттиз милёнли халқни, худди қўйподадек, эркин фикрлаш ва фикрларини очиқ баён этиш даражасига етмаган деб ҳисоблаб, ундан сўз эркинлиги ҳуқуқини олиб қўйиш – УЯТ ва АЙБ!

Ўттиз милёнли катта бир халқ ичидан давлат сиёсатининг тўғри томонларини қувватлаб, хато ва камчиликларини дадил гапириб, уларни тугатиш йўлларини кўрсатиб турадиган биронта жасоратли, лаёқатли, салоҳиятли кимса топилмаса – УЯТ ва АЙБ!..

Бунақа УЯТ ва АЙБлардан яна юзлабини санаса бўлади.

Кўриб турибмиз, эшитяпмиз, ҳар куни шу уят ва айблар ичига ботиб яшаяпмиз. Синчиклаб қарасак, бу айблар фақат ўша Бир Кишиники бўлиб чиқмайди, айланиб-ўгирилиб келиб сиз билан бизнинг бўйнимизга ҳам тушади. Нега деганда, биз ҳаммасини кўра-билатуриб сас чиқармадик, қўрқдик. Оиламизга, бола-чақамизга, ишларимизга, тижоратимизга ва ҳоказо манфаатларимизга зарар етади деб қўрқдик, дардларимизни ва дамимизни ичимизга ютдик… Ва бугунги натижага келиб турибмиз.

Тарихда ва дунё тажрибасида кузатилган бир оддий ҳақиқат будир:

Ҳеч ким бир кунда золим, яккаҳоким, диктатор бўлиб қолмайди! Золимларни қўрқоқлар яратади, қўрқоқлар тарбиялайди, қўрқоқлар етиштиради! Сўнгра жабрини ҳам қўрқоқлар тортади!

Ҳазрати Мусо (у Зотга Оллоҳнинг саломи бўлсин) замонида яшаган фиръавн ҳам бошлабига оддий фиръавн (шоҳ) эди. Оғзидан чиққан маънили-маънисиз ҳар буйруғи ортиғи билан ва сўзсиз-мулоҳазасиз бажарилаётганини кўравериб, чегарадан ошди. Қавмининг қўрқоқлиги ва унга сиғингудай ерга ётиб олишидан ўзини худо деб чоғлаб қолди. Чоғлаш не, ўзини чинакам худо деб эълон қилди! “Хоҳлаганимни яшатяпман, хоҳлаганимни ўлдиряпман, демак, мен худоман!” деди!

Аммо Оллоҳ таоло суюкли пайғамбари Мусони (у Зотга Оллоҳнинг саломи бўлсин) юбориб, фиръавн аслида ким эканини кўрсатиб қўйди. “Ҳар фиръавнга бир Мусо” деган ибратли гап шундан қолган.

Ўзбекистон президенти ҳам илк паллаларида кўп бошлиқлар қатори оддий бир бошлиқ эди. Балки у кезлар келажакда бу қадар зулм қилишига тўғри келиши ўзининг ҳам етти ухлаб тушига кирмагандир. Бошда ижобий бошлиқ бўлгандир ҳам.

Ўтган аср тўқсонинчи йиллари бошида Ёзувчилар уюшмасида ўтган тор доирадаги бир йиғинда ёзувчи-шоирлар билан Ислом Каримов ўртасига тушиб орачилик қилган Шукрулло Мирсаидов (у пайтлар зиёлилар орасида обрўли шахс!) оғзидан: “Ислом Абдуғаниевични қўллайлик, у миллатпарвар, ватанпарвар одам, озгина фурсат ва имкон берсаларинг, кўп яхши ишлар қилмоқчи…” каби ижобий фикрларни эшитган эдик.

Чиндан, бошланиши унча ёмон бўлмади. Ҳозирги ҳолатига қиёсласа-ку, ҳатто бирмунча яхши ишлар бўлди! Аммо бора-бора халқ жиловни қўлдан берди, зиёлилар ва матбуот президентнинг хатоларига кўз юмди ва аста-секин суриштириб турувчилик мақомидан сўровчилик-тиланчилик мақомига инди, остонасини ялашга қатор турди.

Бир сўз билан айтганда, оммага суянчиқ бўлиш, унга далда бериб туриш ўрнига, қўрқа бошладик ва… энди, мана, неча йиллардан бери жабрини ҳаммамиз биргаликда тортиб ётибмиз.

Албатта, Оллоҳ таоло бу ҳолларга қарши ҳам яхши бир ҳолни, бу подшога қарши ҳам бир мусосини тайёрлаб қўйгандир. Ҳозирча эса, эринган одамгина бизнинг ҳолимизга кулмайди, эринган кишигина тушиб қолган аҳволимизни кўриб ажаб бўлсин демайди.

Тўғри, президент ҳозирча ўзини “худо” деб очиқ эълон қилмади, аммо шахсига сиғинишларнинг йўлини ҳам тўсаётгани йўқ. Ҳатто айрим қамоқхоналар бошлиқлари қўли остида қон қусиб ётган мўмин-мусулмонларга хонасидаги деворда осиғлиқ силлиқ юзли жонсиз бир суратни кўрсатиб: “Менинг худойим мана шу одам!” деб ҳайқирганлари ҳақида ишончли, ёзма гувоҳлар бор.

Бу ҳол қачонгача давом этади? Халқимиз, Ўзбекистонимиз бу аянчли ҳолатдан қачон қутулади? Фикрий ва маънавий тараққиётдан қачонгача орқада қолиб юрамиз? Бир куни бу саволлар жавоби албатта сўралади. Ўшанда уялиб қолмайлик десак, бугун ўзимизни тўғрилаб олайлик.

Бундан кейин мамлакатнинг қайси йўлдан боруви, қай томонга оғуви миллатнинг виждони бўлмиш дин арбоблари, адиблар ва олимлар ўзларини қандай тутишларига боғлиқ бўлиб турибди. Ё ишлар эски тос эски ҳаммомлигича қолаверади, ёки тезда ҳушимизни йиғиб, бўлаётган бу барча ишларга холис муносабатимизни билдирамиз, зулм ва адолатсизликларга кескин чек қўйишга чақирамиз ва халқимизга суянган ҳолда ўзимизда жасорат топиб, “Тўхтатилсин!!!” деймиз.

Ишкалли давлат чинакам адабиётдан, унинг тоза, саҳиҳ эътиқодли вакилларидан қўрқади. Қаттиқ қўрқмаса ҳам, доим ундан чўчиб-хавфсираб туради. Нега?

Чинакам адабиёт ҳамиша ҳақиқатни айтади. Ишкалли давлат ва ҳокимият эса айби очилишини сира истамайди. Айбимни кўрсата-кўрсата, охири ҳокимиятимни олиб қўяди деб ўйлайди. Ҳолбуки, адабиётнинг бирламчи вазифаси давлатни қўрқитиш ё уни ағдариш ва эгаллаш эмас, балки жамиятни тўғрилик ва адолат йўлида ‒ Ҳақ йўлида тарбиялашдир. Тўғрилик асосида тарбияланган жамият ўзига мос ҳокимиятини ўзи етиштириб-парваришлаб олади.

Тарбия олган, ватанини севган жамият хилма-хил вазиятларда ҳам бир маромда ва бузилмай ишлайдиган тизимни яратишга қайғуради. Тасодифий одамлар давлат тепасига келиб қолишига эҳтимол ҳам қолдирмайдиган инсонпарвар тузумни оёққа турғазади.

Дин ва адабиёт бу улкан ва эзгу вазифасини бир зум ҳам унутмай, доим иш бошида туриши миллат учун тириклик ё ўлим масаласи каби жуда аҳамиятлидир. Дин ва адабиёт тарбия билан жиддий шуғулланмай қўяркан, бугунгидай аянчли ҳолга тушишимиз муқаррар. Қолаверса, бу ишдаги заррача бўшанглик ва вазифасига хиёнатни келажак ҳам кечирмайди.

Зиёлилар – халқимизнинг ойдин кишилари ҳар бирлари деразадан тушган тола нурдагина бижир-бижирлаб кўринувчи қийматсиз чанг зарралари эмас, балки осмондаги чин юлдузлар кабидир.

Осмон бўйлаб сочилиб ётганида ҳам бу юлдузлар ҳар бири ёруғлиги даражасида теварагини ёритади албатта, аммо бир-бирига яқин келса, ҳар бири ўзининг ёруғлиги билан келиб бирикса, худди Сомонйўли туркуми ҳосил қилгани каби, муҳташам бир ёруғликни – нурли йўлни ҳосил қилади. Ва энди бу ҳақиқий нур ҳар бир уйнинг деразасидан тола-тола, тарам-тарам бўлиб кириб, у хонадонларда чинакамига живир-живир товлана бошлашини бир зум тасаввур этинг!.. Қандай яхши!

Ҳаётнинг нурли томонлари бўлганидек, сояли қисми ҳам бор. Соя борлигидан нурни, нур борлигидан сояни кўрамиз. Бошқача айтганда, нур сояни бўрттириб кўрсатади, соя нурнинг қадрини оширади. Нурни (яхшиликни) кўпайтирган сарингиз соянинг (ёмонликнинг) чегараси кичрайиб бораверади. Сомонйўли туркум юлдузлари каби бириккан зиёлилар теваракларидаги зулматни бурчак-бурчакларга қисиб ташлайди, иншаоллоҳ.

Тарбиянинг муҳим воситаларидан бири ўлароқ дунёга келган адабиётимиз аслида миллатнинг виждони эди, Оллоҳ иродаси ва ёрдами-ла бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолажак.

Виждонларимиз уйғонсин, ғафлатда ётган онг ва юракларимизга тинчлик бермасин, яъни онгларимизни кул-чанглардан тозаласин, юракларимизни адолат туйғулари билан кучлантирсин, ҳаммамиз ва ҳар биримиз ҳар доим Ҳақ Сўзимизни айтайлик! Мамлакатда кечаётган салбий ишларга зиёлилар парвосиз эмаслигини билдириб қўяйлик! 

Ҳаммамизнинг мақсадимиз бир – Ватанимиз гуллаб-яшнасин, барча қинғир ишлар тўхтасин, Ўзбекистон халқлари бир тан-бир жон бўлиб диёримизнинг ҳур, эркин, чинакам мустақил бўлиши йўлида хизмат қилсинлар.

Ушбу мурожаатнома матнига рози бўлганлар имзо чекишлари сўралади. Айрим қўшимчалар киритиб ёки айрим шартларни қайд этиб имзо қўйиш ҳам мумкин.
1.
2.
3.
4.
5.
6.
7.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com