Сенатор мактабида норозилик!

Сенатор мактабида норозилик!
26 views
25 May 2016 - 7:00

Мен Навоий вилояти Кармана туманидаги 4-сонли мактабни тамомлаганман. Биз 1-синфда ўқиб юрган кезларимизда янги мактаб қурилиши бошланиб, тугалланмай кимлардир еб ютиб ҳазм қилиб юборишиб, биз 2-сменада таъмирталаб мактабда ўқиб тугатдик.

Биздан кейин мазкур мактабда сенатор Гулчеҳра Саттиорова директорлик қила бошлаган эди. Аммо қилдекк ўзгариш содир бўлмай, менинг фарзандларим ҳам шароити йўқ биноларда ўқишни тамомлади. Букни қарангки, шу йил эски бино бузилибди, деб эшитиб қолдик. Аммо ўқитувчиларнинг айтишича, бино ҳам ундаги яроқли жиҳозлар ҳам сенатор директорнинг жиғилдонига ҳазм бўлган эмиш. Бундан эса норози ўқитувчилар бош кўтаришмоқда. Ўқитувчи Туробова Ибодатнинг айтишича, мактабнинг тикув машиналари бир кечанинг ўзидаёқ ўғирлаб кетилган. Бундан директор хабардор қилинганда эса, сенатор хоним Гулчеҳра Сатторова “Фолбинга мурожаат қилинг” деган ҳайратомуз жавоб олганлигини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга
Нусхаси:       Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаевга
Нусхаси:        Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис сенати раисига
Нусхаси:        Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири номига
Нусхаси: Навоий вилояти ҳокими Э.О.Турдимовга
Кармана тумани ХТМФМТТЭБҚга қарашли 4-сонли
мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари томонидан
Тел: (+998913320705)

ЖАМОА АРИЗАСИ

Муҳтарам Президент! Биз юқоридаги мактабда узоқ йиллардан буён меҳнат қиламиз.Мактабимизда 2008 йилда 630 ўринли янги мактаб биноси қурилиб фойдаланишга топширилган эди. Ўқувчилар сони кўп бўлганлиги боис 2015 йил январь ойида вилоят ҳокимининг ташаббуси билан қўшимча равишда биз фойдаланиб келаётган 1972 йилда қурилган эски мактаб биноси ўрнига янги 210 ўринли ўқув синфларидан иборат мактаб биноси қурилиши режага киритилди. Мазкур бино лойиҳасига фаоллар зали, мусиқа хонаси ва ошхона қурилиши киритилмаган.

Муҳтарам Президент! Мазкур мактабимизда 1050 нафар фарзандларимиз 2 смена режимида таълим олишади. 107нафар педагог ва ишчи-хизматчилар мавжуд бўлиб, ошхона ва фаоллар залига бўлган эҳтиёж жуда катта , чунки мактабимизда доимий равишда вилоят ва туман халқ таълими тизимидаги тадбирлар ўтказилиб келинади. 2001 йилда мактабимизда ҳашар йўли билан давлат стандарти талабига мос келмайдиган тартибда бўлса-да, вақтинчалик пахса девордан қурилган 10х30 метр ўлчамли клуб қурилган бўлиб, айни дамда бу бино яроқсиз ҳолатида. Мутлақо шароитсиз, ҳеч бир жиҳозга эга эмас. Шунга қарамай 2016 йилнинг бошиданоқ 1972 йилда қурилган яроқсиз бино бузилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2016 йил Инвестиция дастури тўғрисидаги” 2015 йил 25 декабрдаги ПК-2458-сонли қарорига кўра 210 ўринли мактаб биноси учун 684,8 млн сўм маблағ ажратилганлигидан 2016 йил 9 февралдаги вилоят ҳокими номига ёзган шикоятимизга берилган жавоб яъни “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясининг “Вилоят ҳокимининг 2016 йил 17 февралдаги ЖАМ-107 сонли жавобан” йўлланган № 05-04/330 сонли 22.02.2016 йил хатидан хабар топдик. Аммо нега мазкур қурилиш биносига ошхона ва фаоллар зали киритилмаганлигини тушунмаяпмиз. Бу энг зарур ва эҳтиёж шарт бинолар-ку!

Муҳтарам Президент! Сизнинг мамлакатимизда юритаётган оқилона сиёсатингиз замирида асосий эътибор ёш авлоднинг комил инсон бўлиб камол топтириш ётади.Айниқса, қишлоқ мактабларида шароитни яхшилаш сизнинг эътиборингиздан четда қолмай келаётир. Мурожаатимизга йўлланган жавоб хатига кўра, фаоллар зали ва ошхона қурилиши учун яна 500 млн.сўм маблағ зарур бўлар экан. Мактабимизнинг бузилган эски биносидаги даромаднинг ўзи 50 млн.га етмоқда. Шу сумма ҳам мазкур қурилишга жалб этилгани ҳолда, наҳот яна ҳомийлик кўмаги топилмаса?

Муҳтарам Президент! Сиздан юқоридаги ҳолатлар юзасидан қонуний ўрганишлар олиб борилиб, мактабимизда фаоллар зали ва ошхона биноси қурилишида амалий ёрдам беришингизни 30 нафардан ортиқ ўқиьтувчилар номидан сўраймиз.

Аризада 2та жавоб хати ва 2016 йил 09 февраль ойида ёзилган жамоа аризаси шаклидаги мурожаатимизни илова қилмоқдамиз.

ЎХҲ таҳририятига келган мактуб